СЎЗ ҚИСМАТИ

Текст
0
Отзывы
Читать фрагмент
Отметить прочитанной
Как читать книгу после покупки
Шрифт:Меньше АаБольше Аа

Шундай китоб ёзилишини орзу қиламан. Унинг номи “Сўзнинг қисмати” бўлса. Она тилимиздаги сўзларнинг узоқ босиб ўтган йўллари, бошдан кечирганлари, зафар ва мағлубиятлари, гоҳ шуҳрат топиб, гоҳ унут бўлишлари, камолу заволлари тасвир этилса…

Эркин Воҳидов

Улуғ шоиримизнинг бу тилагини ўринлатиш катта, улуғ вазифа. Уни ҳеч бир муаллиф уддалай олмайди, тадқиқи эса ўнлаб китобга ҳам сиғмайди.

Шунинг учун ҳам, топган гул келтирар, топмаган бир бош пиёз, деганларидек, айрим қарашларимни Сиз азиз китобхонлар билан ўртоқлашмоққа уриндим. Бошқалар ҳам билганини ўртага ташласа, шу тарзда бўлса ҳам йиғилиб, пировардида бир нима ҳосил бўлар.

Муаллиф

КИРИШ

Эл-элатнинг қадимийлиги, яъни миллат сифатида шаклланиши тарихнинг анча ичкарисидан бошланиши бу халқнинг этник жиҳатдан бойлигининг ягона белгиси ҳам, асосий шарти ҳам эмас. Сўзни шу нарсани таъкидлашдан бошлаётганимизнинг сабаби бор. Кейинги чорак аср давомида кўпгина фидойи қаламкашлар ва қизиққон арбоблар майдонга чиқиб, ўз халқининг дунёдаги энг қадимий эл эканлигини даъво қила бошлашди. Уларнинг аксари бунинг учун ҳеч қандай тарихий исбот, мантиқий далил келтириб ўтиришмайди, албатта.

Ва миллатнинг қадимийлиги жаҳон тамаддунининг тамал тошини айнан шу эл қўйганини билдирмайди ҳам. У ёғини сўрасангиз, бугунги энг “эски” халқлар ҳам она тарихнинг куни кеча туғилган фарзандлари – ҳеч бири бундан атиги беш минг йил илгари жаҳон айвонида алоҳида халқ сифатида бўлмаган. Ва энг “кенжа” халқлар ҳам куни кеча туғилган эмас. Барча кишилар – Одам алайҳиссаломнинг фарзандлари. Энг “янги” халқларнинг ота-боболари ҳам қайсидир бир даврда бошқа эл-элатлар таркибидан муайян иқтисодий ва ижтимоий жараёнлар туфайли алоҳида эл сифатида шаклланган.

Халқ тарихининг бойлиги, серқатлам ва серқирралиги бу улуснинг тарихий жараёнлардан ўтиб келиши асносида эврилишлар кўп бўлганига, шу халқнинг таркиб топишида қай даражада кўп ва хилма-хил этнослар иштирок этганига боғлиқ.

Этнография – халқ ҳаётини ўрганиш соҳаси бўлиб, қамров кўлами чексиз фан. Унга оид барча йўналиш ва масалаларни қамраб олиш тугул, санаб тугатиш ҳам мушкул. Биз эса, ўз касб-коримиз йўриғича иш тутиб, унинг бир жабҳасини – она тилимиздаги айрим сўз ва ибораларнинг келиб чиқишини кузатишга, шунингдек, кундалик турмушимизда учрайдиган айрим урф-одат, таомиллар ҳақида фикр юритишга жазм этдик.

Она халқимизнинг урф-удумларини, рўзғор тутумларини, қадриятларини қанчалик биламиз? Миллий қадриятларимиз негизида қандай нарсалар ётади? Очиғи, шу мавзуда сўз кетса, кўпчилигимиз абдираб қолишимиз турган гап. Бу соҳадаги тушунчаларимиз юзаки, мубҳам. Бирор хорижлик келиб, мендан, миллатингизнинг қадриятларини тушунтириб беринг, у конкрет нималардан ташкил топади, деб сўраб қолса борми…

Ҳар куни ҳар биримиз ўнлаб одамлар билан сўзлашамиз. Аммо айтаётган сўзларимизнинг тарзи, тарҳи ва тарихи ҳақида деярли ўйлаб ҳам ўтирмаймиз. Она тилимиздаги сўз ва ибораларнинг келиб чиқишини аниқлашга, шу орқали маъносини теранроқ очишга кўплар интилади. Аммо аксар одамлар мутахассис эмас, “ҳаваскор”.

Сўз – инсон топган энг бебаҳо кашфиёт. Унинг сирини излаб, тагига етиб бўлмайди. Зеро, француз файласуфи Мишель Фуко айтганидек, «воқелик дегани аслида йўқ нарса, нимаики бор бўладиган бўлса, бу – сўз, ҳатто сўз ҳақида гапирганда ҳам сўзнинг ўзидан фойдаланишга мажбур бўламиз». Постмодернчилар эса янада ғулуга кетиб, “реаллик – моддий мавжудлик эмас, балки сўздан иборат”, деб айтишади. Сўз шундай нарса.

Ҳар бир сўз учун бутун бошли китоб ёзса арзийди, дейишади. Диққатингизга ҳавола этилаётган ушбу нашрда ўзбек халқининг баъзи тарихий сўз ва иборалари, шунингдек, миллий турмушимизга дахлдор айрим удум ва тутумларимиз ҳақида мулоҳаза билдиришга уриндик. Хулосалар, балки китобий теранликдан йироқдир, аммо Сизда муносабат ўйғота олса, бизга шуниси кифоя бўлар эди.

Китобга киритилган мақолаларнинг айримлари даврий матбуотда турли йилларда эълон қилинган ҳам. Биз илмий пухталикка риоя этиш йўсинида, қолаверса, баъзи мулоҳазалар бошқаларнинг фикри билан уйқаш келиб қолган ҳолларда уларнинг фикрини такрор баён этишда айбланмаслик учун мақолалари чоп этилган манба ва санани ҳам келтириб ўтишни лозим топдик.

Ўзбекнинг биринчи каломи

Сўз боши – ассалом, дейдилар. Одамлар орасидаги барча лафзу калом шундан бошланади. Лафзимизни тозалашга киришар эканмиз, буни шу илиқ каломдан, саломлашиш одобидан бошласак, тўғри бўлади, албатта. Чунки тилимиздаги барча сўзларнинг онабошиси саломдир.

“Ассалому алайкум” калимаси, гарчи араб тилидан кириб келган бўлса-да, ҳозир арабларнинг ўзида ҳам у биздагидай кўп ва кенг қўлланмайди. Шунингдек, исломий бошқа кўп халқлар ҳам “эрталабки салом”, “хайрли оқшом” сингари калималарни кўпроқ истифода этадилар. Бу тарзда омонлашиш бир қанча туркий халқларда ҳам етакчилик қилишини назарда тутсак, “Ассалому алайкум”ни кундалик ҳаётда энг кўп қўллайдиган – биз ўзбеклар бўлиб чиқамиз. Ўзбек ким билан, қандай шароитда учрашмасин, оғиз очиб айтадиган илк сўзи “Ассалому алайкум!” бўлади.

Бизда салом – меҳр-оқибат, кўнгил яқинлик белгиси. Шунинг учун ҳам бир-биримизга ёзган мактубларимиз асосан салом айтиш ва ҳол сўрашдан иборат. Аскар болаларнинг уйга ёзган хатлари ҳам “Саломнома”, “Салом мактуби” деб номланади, бу ҳам ўзбек халқига хос меҳроқибатнинг, жигаржонликнинг гўзал бир тажассуми.

Аммо шундай йиллар бўлдики, “Ассалому алайкум” диний калима деб баҳоланиб, бир тоқа сўз – “Салом!”га келтирилди (русларнинг “Привет”, “Здравствуйте” деб саломлашишидан улги олдик). Мактабда дарсга кирган ўқитувчи “Салом, болалар!” деб дарсини бошларди. Тинимсиз тарғибот натижасида одамлар кундалик турмушда ҳам, кинода ҳам, китобда ҳам фақат “Салом!” деб кўришишлари шарт бўлиб қолган эди. “Ассалому алайкум” ёлғизлатилиб, “салом” билан кифояланилган даврда умуман ўзбек тилининг бошқа сўз ва ифода бойликлари ҳам ҳам шунга мос даражада ғариблашди. Ана шу жиҳатдан “Ассалому алайкум”ни тилимизнинг бир кўзгуси деса ҳам бўлади – ўзбек тилининг қадри, мавқеи бу азиз калиманинг мақоми билан баравар тикланиб борди.

Хўш, ҳаммага яхши маълум бу гапларни нега эслаяпмиз? Гап шундаки, кейинги беш-ўн йил ичида баъзи ўзга халқ вакиллари ҳақида гап кетганда, “шу юртда йигирма-ўттиз йиллаб яшадилар, аммо ўзбек тилида лоақал бир оғиз саломлашишни ҳам ўрганмадилар” қабилида дашномлар, таъналар кўп айтилди. Бу-ку, ҳақ, аммо ўзларимиз ана шу салом-алик қоидасини қанчалик эгаллаганмиз? Гап шу ҳақда.

Ўзбекларда саломлашиш ва кўришиш бир лаҳзада ўтиб кетадиган шунчаки мулоқотолди бир нарса эмас. Унда кишиларнинг ўзаро муносабатлари, муомала одоби, ёши, ҳаттоки мавқеи акс этади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур кимнинг ким билан қандай тарзда кўришганига синчиклаб эътибор бериб (отдан тушиб ё тушмасдан, неча марта юкуниб ё юкунмай, ер ўпиб, неча бор таъзим қилиб,…), “Бобурнома”да буларни таъкидлаб кўрсатган. Албатта, ҳозирги ҳурлик, тенг ҳуқуқлилик замонида ер ўпиб ё юкуниб кўришишга эҳтиёж йўқ, аммо лозим ўринларда таъзим билан, ўзи ва ўзганинг иззатини жойига қўйиб кўришиш ҳамиша қадрланади.

“Ўткан кунлар”да Кумушнинг Юсуфбек ҳожи хонадонига келганидаги кўришув маросимини эсланг. Кумуш қайин онаси Ўзбек ойим билан кўришганида паранжисини ерга ташлаб, югуриб бориб ўзини Ўзбек ойимнинг қучоғига ташлайди, қайин отаси Юсуфбек ҳожига эса уялибгина салом беради (Юсуфбек ҳожи эса унинг манглайига текизиб олган ўз қўлини ўпади), Зайнаб икковлари озорсизгина кўришадилар… Бу кўришишларнинг ҳар бири алоҳида ва ўзига хос, уларнинг ҳар бирида Шарқимизнинг бир дунё маъно англатишга қодир этикети мужассамлашган.

Ҳозир баъзи бир келинларнинг қайнотасига ҳам ҳеч ийманмай қўл бериб кўришишларини, ҳатто риоя-андиша издан чиққан баъзи “замонавий” оилаларда бўлса, кўришганлари шарафига қадаҳ чўқиштириб шампан ичишларини эсласак, орадаги тафовут ер билан осмонча бўлиб кетганини кўрамиз. Эллик йилда эл янгиланади, деганларидай, бизнинг яқин ўтмишдаги байналмилаллашув тарихимиз ана шунга олиб келди. Аммо Кумуш– ўзбек қизлари учун бир идеал, гўзал хулқу ҳаёнинг намунаси бўлар экан, ойим қизларимиз ҳар бир хатти-ҳаракатда “шу ўринда Кумуш нима қилган бўлар эди”, деган андишадан келиб чиқиб иш тутсалар, айни муддао бўлар эди.

Неча юз йиллар мобайнида синалиб, урфга айланган расму қоидаларимиз, маънавий қадриятларимиз бор, уларга сўнгги бир аср давомида йўл берилмай келган бўлса-да, тамом унутилиб ҳам кетмаган. Ана шулардан бири тавоф қилиб кўришишдир. Бунда аёл киши ўзидан ёши катта эркак қариндоши билан узоқ вақтдан сўнг кўришган чоғида унинг бир елкасини икки кафти билан силаб тушиб, қўлларини юзига суртади.

Балким, бу айримларга ҳозир эриш туйилар, бироқ мушфиқ оналаримизнинг ёш гўдакни суйиб, юзидан ўпиб қўйишлари, бола улғайгач, унинг пешонасидан ўпиб, ё бўлмаса елкасига қоқиб сўрашишлари нечоғлиқ ёқимли бўлса, рўзғор тутган қизларимиз улуғ ёшли эркак қариндоши ёки қайин ота ва қайин оғалари билан кўришган чоғида эҳтиром билдириб, тавоф қилишлари шунчалар табиий ва тўғри бўлади.

Албатта, ҳар бир одамнинг қўлидан ушлаб, бошига муштлаб, “саломни бундай беришинг шарт”, дейиш мумкин эмас, ҳожати ҳам йўқ – ҳар кимнинг ихтиёри. Аммо бутун эл-юртнинг кўзида турадиган, ўз маънавияти билан унга ибрат бўладиган биродарларимизга баъзи эътирозларни мулоҳаза тариқасида айтиб ўтсак.

“Ассалому алайкум”нинг ўзи, аввало, камтарлик нишонаси – такаббур киши бировга салом бермайди. Шундай экан, ҳар тонгда хонадонимизни алвон нурга тўлдирадиган “Ассалом, Ўзбекистон!” кўрсатувидаги баъзи сухандон аёлларнинг оёқ чалмаштириб ўтиришлари, ҳатто шу алпозда ўз ҳамсуҳбати билан саволжавоб қилишлари, менимча, бир оз эриш. Чунки биров сизга салом бераётган бўлса-ю, ўзи оёғини чалмаштириб ўтирган бўлса… Бошқа халқларда қанақа бўлса, ўзига сийлов, аммо бизларда бу беписандликни билдиради, шу ҳолда тилга олинган “Ассалому алайкум”нинг маъноси ҳам йўқ.

 

Яна бир гап. Ҳозир кўча-кўйдами, ишхона йўлагидами, ишқилиб бирон танишингиз билан саломлашсангиз ёки нотаниш бировга салом берсангиз, эвазига “Ваалайкум ассалом!” ўрнига худди ўзингизникини қайтариб бергандай, “Ассалом алайкум!” ёки “Саломалайкум!” деб жавоб қайтарадиганлар кўпайган. Алик ўрнига саломнинг ўзи қайтиб келса, ўрганмаган одамга худди саломи қабул бўлмагандай туйилади. Аслида, бу бизда ўрисчага тақлидан пайдо бўлган: улар “Здравствуйте!”га жавобан “Здравствуйте!” деб, “Доброе утро!”га “Доброе утро!”, деб алик қайтаришади. Шу тариқа, “Добрий день!”га “Добрий день!”, “Добрий вечер!”га “Добрий вечер!”, “Привет!”га эса “Привет!” дегани алик ўрнига ўтади. Русча мактабни битирган, русча ўйлаб, ўзбекча сўйлайдиган аксар ёшлар саломнинг алиги ҳам ўшанақа тартибда бўлса керак, деб фикрлаб, алик олади. Таажжубки, янглиш тасаввур асосида юзага келган бу ҳолат оммалашиб, ғалати машҳурга айланаяпти, тили сиз билан биздан бурро одамлар ҳам бу ҳурмат белгиси бўлса керак, деган мулоҳаза билан шунақа “алик” оладиган бўлишган. Саломнинг жавоби аликдир, алик олмоқ эса такаббурликдан эмас, одобдан нишона.

Саломлашиш ва кўришиш миллий тийнат (менталитет)нинг муҳим белгиси бўлар экан, аслан бир бутун ва истиқлол туфайли алоҳида давлатга эга бўлиб, янада жипслашаётган ўзбек элининг бу борадаги энг гўзал удумларини жамлашимиз, оммалаштиришимиз айни муддао бўлар эди.

Масалан, саломлашиш асносида қўл бериб кўришишни олиб қарайлик. Бу масалада баъзи олимлар, қадим замонларда ибтидоий одам рўпарасидан келган кишига нисбатан ёмон ниятда эмаслигини англатиш учун кафтини очиб кўрсатиб, унда тош ёки тиғ йўқлигини билдирган, сўнг улар кафтларини бирлаштиришган, саломлашганда қўл бериш одати шундан қолган, деб талқин этадилар. Бу гап рост бўлса, бу одат аллақачон қолиб кетган бўларди, албатта. Бизнингча, қўл бериб кўришиш одатининг бошқа асослироқ сабаби бор – шифокорлар айтадики, одамнинг қўл кафтида ҳам худди оёқ кафтида бўлгани каби, бир талай асаб нуқталари жойлашган, қўл қисиб кўришганда биз ўша нуқталарни қўзғатиб, биродаримизнинг кайфиятини кўтарамиз, ўзимизга мойил этамиз.

Шундай экан, қўл бериб саломлашиш фақат иккала киши истаганидагина жоиз, йўқса, ҳурмат билан берилган салом ва унинг алиги кифоя. Замонавий психологлар ҳам қўл ушлаб кўришиш ўзга бир одамнинг аурасига ёриб киришдир, у киши кайфиятини нафақат кўтариши, балки тушириши ҳам мумкин, деб ҳисоблайдилар. Хусусан, уй тўла меҳмонлар ҳузурига хонадон соҳибининг тирмизак ўғли кириб, бирма-бир қўл беришиб кўришиб чиқиши кабилар жилла ўринли эмас. Бу меҳмонларга ҳурматдан бўлмайди.

Теранроқ мулоҳаза қилиб кўрсак, халқимизда болага адаб-одобни, муомалани ўргатишнинг бутун бир тизими шаклланганига шоҳид бўламиз. Ёлғиз кишининг кўпчиликка, кичикнинг каттага, юриб борувчининг ўтирган кишига, отлиқнинг пиёдага салом бериши, икки киши ўзаро кўришганида эса сарбаст юриб бориб, ё бир қўллаб (иккинчи қўл – кўкракда) ёки қўшқўллаб кўришиш, бунда орада камида бир киши сиққулик масофа қолдирган ҳолда ўзаро самимий табассум билан боқиб омонлашиш бизларга хос.


Бизда саломлашиш, одатда, сўрашиш билан бирга кечади, одамлар ўзаро кўришган чоғларида бир-биридан аввало сиҳати, аҳволруҳияси, қолаверса яқинлари (ота-онаси, болачақаси ва ҳоказо)нинг тинч-омонлигини ҳам бафуржа сўраб омонлашади.

Аммо кейинги даврларда йигитлар орасида ҳам, қизлар орасида ҳам ғалати-ғалати кўришишлар расм бўлиб келаётибди. Эркакларнинг қўл бериб кўришиш чоғида баъзи шарқ халқлари вакили сингари юзларини ҳам юзларига тегизиб қўйишлари ёки қучоқлашиб ўпишишлари, ё бўлмаса кечагина кўришган қизжувонларнинг бугун ҳам “мода” мажбуриятига кўра маълум саноқлар билан тағин чўлпиллатиб ўпишиши – булар бачкана, бегона, ортиқча… Бу борада қулоғингизга бир гап: ҳар жувоннинг юзида ўз эрининг – бошқаларга номаҳрам бир эркакнинг нафаси бўлади дейдилар, бу нафасни бошқа аёлларнинг туйиши дуруст эмас.

Айрим гўшаларда бу таомил шу қадар шаклланганки, салом – кичикдан ва алик – каттадан, аммо сўрашиш каттадан бошланади ва катта сўрашиб бўлганидан кейин, ўша кичик одам камтарлик ва ҳурмат юзасидан каттадан бир қатла орттириброқ ҳол-аҳвол сўраб чиқади. Шунинг учун нотаниш тенгқурлар қўл бериб кўришиб бўлишгач, бири иккинчисидан “Сўранг” (яъни, Сиз улуғроқсиз), униси эса “Йўқ, сиздан бўлсин” (Сиздан аввал сўрашсам, беҳурматлик қилган бўламан) деб камтарлик қиладилар. Нега шунақа? Боиси шуки, катта ёшли одамнинг сўрашишга ўша топда вақти ёки ҳафсаласи бўлмаслиги ҳам мумкин, ким билади, балки каттанинг сўрашиш учун оғиз очмаслиги ўзи ҳам кичикнинг қайсидир бир қилмиши учун танбеҳ ўрнига ўтар… Ҳар ҳолда, кичик ёшли одамнинг сўрашишни бошлаши унинг маҳмадоналигини ёки ўзини катта тутишини кўрсатади.

Аммо саломлашиш борасида ҳам ислоҳталаб жиҳатлар бордай. Чунончи, мактаб ё институтда ўқитувчи синфхонага кириб келса, гуруҳ раҳбари ҳаммани огоҳлантириб, “Ҳурмат!” деб бақиради. Ана шундан сўнг ҳамма хор тарзида “Ассалому алайкум!” деб садо чиқаради, муаллим алик олади. Бундай олганда, кичиклар каттага салом бераётгандай. Шундайку-я, аммо аслида ўқитувчи (бир киши) болаларга (кўпчиликка) салом бериши унга қараганда муҳимроқ. Бу масалада аввалги тартибга қайтиш тўғри бўлади.

Энди, айрим опахонларимизнинг кўчакўйда, бирон йиғинда ёки автобусда кўришиб қолган чоғларидаги азбаройи “ким ўзарга” сўрашишларини қаранг. Бунда кўпинча сўралаётган кимсанинг аҳволига сўраётган одам мутлақо қизиқмайди, айтайлик, “Абдували эсон-омон юриптими?” деб сўраса-ю, сиз Абдувалининг чет элга ўқишга кетганини айтмоқчи бўлсангиз, овора бўласиз – кеннойи бу орада Муҳаммадалининг, Моҳира опанинг, Лола қизу қайнотангизни пайдар-пай сўраётган бўлади.

Буям ҳолва. Бир танишимизнинг қизи келин бўлиб тушган хонадонда антиқа таомил расм экан. Телефон жиринглаб қолса, албатта уни келинпошша олиб жавоб бериши, қўнғироқ қилувчи қариндошлардан бўлса, ўша оиладаги одамларни номма-ном айтиб ҳол сўраши, пировардида ҳар бирига бирма-бир салом айтиб қўйишни тайинлаши керак экан. Бу хонадонга тушганига ҳали бир ой ҳам тўлмаган, куёв томоннинг ўнлаб оилалардаги қариндошларини ҳали кўриб-таниб олишга улгурмаган ёш келинчак гоҳо тутилиб қолса, ё янглишиб, бошқа оиладаги одамлардан биронтасининг номини тутиб сўраса, қайнонасидан эшитадиганини эшитиши нақд экан. “Ойижон, кечиринг, айб менда, билмай чалкаштириб юборибман” деса, яна балога қолади (“Нега янглиштирасиз, ахир ман сизга ҳаммалигини бир-бир этиб берувдимку!”). Келин бечора, ноилож бир “шпаргалка дафтар” тутиб, унга қуда томоннинг ҳамма вакиллари номини ёзиб олиб, то дурустроқ таниббилиб олгунича беш-олти ой телефонда ҳалиги матоҳнинг керакли саҳифасини ўқиб, ҳол сўраб юрган экан… Бундай номига сўрашиш самимий эмаслигидан ташқари, ўртадаги бор-йўқ самимиятни ҳам супуриб ташлайди.

Ўзбекларда саломга, кимнинг қачон, қандай жойда, қандай ҳолатда салом бериши кабиларга қаттиқ эътибор қилинади. Ҳатто энди тили чиқиб келаётган гўдагининг чулдираб берган беҳисоб саволларига жавоб қайтаришга эринадиган одамлар ҳам фарзандига саломлашишни ўргатишга вақтини сира аямайди. Кундалик турмушнинг ўзидагина эмас, балки болаларнинг дил тубига жо бўлиб кетган ўнлаб ўзбек эртакларида ҳам салом беришга даъват мужассам: Зумрад қизнинг саломи ёлғиз яшайдиган мунис сеҳргар онахоннинг кўнглини юмшатиб, яхшиликлар эшигини очади, ботир боланинг саломига эса ҳатто девлар ва ялмоғизлар ҳам алик олиб, “Саломинг бўлмаганида, икки ямлаб бир ютардим” дейди…

Аслимизга, ўзлигимизга қайтмоқчимиз, асл миллий анъаналаримизни тиклашни дастурий йўл деб танлаганмиз. Буни ҳозир, шу кунларда амалга оширишимиз керак. Қанча пайсалга солинса, шунча кеч бўлади.

(“Ўзбекистон овози” газетаси, 1999 йил 28 октябрь)

Оллоҳга салом бериладими?

Таниқли уламоларимиздан бири ушбу улуҳий ривоятни юзлаб кишилар жам бўлган бир издиҳомда сўзлаб ўтди: Пайғамбаримиз меърожга чиққанида, Оллоҳ таоло у кишидан: “Ҳабибим, менга инсонлардан нимани совға қилиб келтирдинг?” деб сўраган экан. Расулуллоҳ “Мен камтарликни совға қилиб олиб келдим”, деб жавоб берганида, инсон зотига хос бўлган бу олийжаноб хислатдан мамнун бўлган Тангримиз расулига қарата: “Ассалому алайкум!” дея хитоб қилибди, шу тариқа саломлашиш кейинчалик бизларга ҳам ўтган экан.

Асосий мазмуни камтарлик Оллоҳ ҳузурида нақадар марғуб фазилат эканлигини кўрсатиш бўлган бу нақлдан, менимча, айни пайтда яна бир маъно – саломнинг Оллоҳдан эканлиги, яъни Оллоҳга салом берилмаслиги ҳам аён бўлади. Дарҳақиқат, бу фикр саҳиҳ бир ҳадис орқали ҳам тасдиқланиши мумкин. Унда айтилишича, исломни қабул қилиб, намоз ўқишни бошлаган дастлабки мўминлар ибодат тугагач, тилак сифатида “Оллоҳга салом бўлсин, фалончига салом, ундан кейин фалончига салом бўлсин!” тарзида ўз билганларича дуо қилишар экан. Пайғамбаримиз уларни бундан қайтариб, “Оллоҳга салом берилмайди, чунки Оллоҳнинг ўзи Саломдир!” деб танбеҳ берган, шундан сўнг бу одат мансуҳ бўлиб, Пайғамбаримизнинг амри билан, ташаҳҳуддан кейин ўқиладиган дуода, жумладан, “Ассалому алайно ва ало ибодилиҳис-солиҳин” (“… бизга ҳамда барча солиҳ бандаларга… Оллоҳ таолонинг саломи бўлсин!”) деб тилак қилинадиган бўлган экан (“Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”, 1-китоб, Тошкент, 1991, 230–231-бетлар, 4-китоб, 1992, 143-бет). Буни ота-боболаримиз хўп яхши билишган, шу боисдан ҳам бирон вақт дуода, тилакда, шукрона ёки ниятда Оллоҳга салом бериш мотиви учрамайди.

Қарийб бир ярим асрлик тақиқ ва таъқиблардан яқингинада қутулиб чиққанимиздан бўлсамикин, баъзи жиҳатлардан баайни динга яқинда кирган одамларга ўхшаймиз – ўзимизни унча-мунча уламодан ўткирроқ кўрсатишга чираниб, гоҳо меъёридан ошириб юборамиз.

Чунончи, телевизор қулоғини бурасангиз, ҳар ҳафта-ўн кунда бирон ижодий мусобақа намойишини кўрасиз: ё икки тумандаги, ёки икки қишлоқдами, маҳалладами тузилган фольклор дасталари ёхуд ҳамшира қизлар ўзаро беллашаётган бўлиб чиқади. Ва бунда албатта бошига оқ рўмол ёпинган келинни таъзимга ундаётган санъаткор опахоннинг чилдирмани даранглатиб, “келинсалом” куйлашига гувоҳ бўласиз:

 
Аввал айтай ҳазрати Парвардигоримга салом!
Икки оламни яратган Бируборимга салом!..
 

Ва ҳоказо, шу тарзда ғазал давом этади.

Аммо баъзи вилоятларда бунинг жўнроқ шакли ҳам учрайди:

 
Аввало Худойимга кўп салом!
Ўтган жамики пайғамбарларга салом!
Шу ердан ўтган азиз-авлиёларга салом!
Ер эгаларига салом!
Сув эгаларига салом!
Шу хонадондан ўтган
ота-буваларнинг арвоҳига салом!..
 

Опахонлар ана шу тарзда Пайғамбаримизга, у кишининг аҳли байтларига, чорёрларга, саҳобаларга… салом айтиб тугатгач, “ҳамёнини ковлаб пул берган” қайнотага, “паст девордан қараган, тўй қачон деб сўраган” қўниқўшниларга, “Сочини силлиқ тараган, Қизлар ўтса қараган Куёв жўраларига салом” бердириб, маросимни давом эттиришади.



Сув янги очилган чоғида тошиб, қирғоқларни ўпиргани сингари, кўплар диндорлигидан масрур бўлган ҳозирги пайтда ҳар вилоятда янгидан-янги “Келинсалом”лар ижод этиляпти:

 
Гулип дурсун осмондаги ойимиз,
Тўйхонада бўлаварсин жойимиз,
Хавф-хатардан сақласин Худойимиз,
Олло-таолога таъзим билан баринг салом!
 

Яна:

 
Аввалгиларни ёд атиб,
Пайғамбарларни шод атиб,
Одам ато, Ҳаво анамга
Жуфт салом!..
 

(“Хоразм оғзаки ижод дурдоналари” китобидан)

Яқингинада бодраб пайдо бўлган бу оғзаки ижод “дурдоналари” кўп эзгу тилакларнинг тажассуми эканлигига менда ҳам шубҳа йўқ, лекин Оллоҳга салом берилмаслиги қоида бўлатуриб, бизни яратган ва бизга сиҳатсаломатлик, омонликни ато этадиган зотнинг ўзига соғлиқ-саломатлик тилаш… тўғри бўладими, деган иштибоҳдаман. Диндорлигимиз бир тутганида ота-боболаримиздан ҳам тақводор бўлишга урина бошлаймиз – бу… чаламуллалигимизнинг аломати эмасмикин? Оллоҳга салом бериш, ҳаттоки тўғри деб топилганида ҳам, бу саломнинг азбаройи кулги учун “оғзи сабзи ўрадай” деб таърифи келиштириладиган қайноғага бериладиган салом билан кетма-кет келиши-чи?

Динга алоқадор масалалар ниҳоятда нозик ва қалтис. Бунда “вой, нима қипти, Оллоҳга салом берса, бунинг нимаси ёмон экан?” қабилида жўн ўйлаш жаҳолатдан бошқа нарса эмас. Дин ва уни тарғиб этиш борасида салгина қинғайиш ҳозир деярли билинмагани билан, бора-бора талқиндаги катта, жиддий тафовутларга, улар эса фикрий ихтилофларга олиб келиши мумкин. Уламоларимиз ҳам бундай ҳолларда ўзларини тағофилга солмай, динга дахлдор ҳар бир каттакичик масалага ҳушёр ёндашиб, ҳақ сўзларини айтиб турсалар, айни муддао бўлар эди. Пайғамбаримиз ўз саҳобаларини қайтарган бир жоҳилона ишдан муҳтарам имомларимиз ҳам ўз қавмларини қайтарсалар, савоб бўлса керак?

 

Мавзуга қайтсак. Хўш, “келинсалом”лар аслида қанақа бўлган, унда кимларга салом берилган? Халқ қўшиқларининг билимдони Музайяна Алавия тўплаб нашр эттирган “Оқ олма, қизил олма” тўпламидаги “келинсалом”ларда энг аввал куёвга, ундан кейин қайнотага, қайнонага, куёвнинг акасига, янгасига, синглисига… маҳалла аҳлига, қариндош-уруғларига, хуллас, ушбу маросимдаги т и р и к о д а м л а рга салом берилади, холос.

Шу кунларда тўйларимизда келинсаломларни санъаткор аёллар томонидан ўтказилиши “мода” бўлди. Уларнинг кўпчилиги тўй эгаларининг ҳусни таважжуҳини қозониш мақсадида ўз художўйлигини кўз-кўз этиш очиқ-ойдин билиниб турадиган “келинсалом”ларни куйлашга ружу қўйяптилар, яъники, тақводорлик бетама эмас. Келинни ҳам, куёв томонни ҳам танимайдиган, “хизматга келган” санъатчиларнинг ўрнига, қадимда бўлганидай, келиннинг бирон шаддотроқ ”ўланчи қиз” дугонаси, ё янгаси, ё бўлмаса маҳалла кайвониси ижросидаги оддий, самимий, чин ихлос ила бериладиган салом афзалроқ эмасми? Биз диндор бўлайлик, аммо маърифатли диндор бўлайлик, акс ҳолда бидъату хурофот авж олади.

Қолаверса, ўзбек элининг тўй маросимлари ҳам асрлар оша шаклланган, эндига келиб, халқимизнинг тийнатида бўлмаган бундай мотивларни унга оид деб тақдим этиш ҳам жилла ўринли эмас. Бинобарин, кайвони опахонларимиз “келинсалом” матнига диний мавзуга тааллуқли ҳар қандай байтни ўз билганича ижод қилиб қўшмасалар, савоблироқ бўларди…

“Келинсалом”лар ўзбек тўйининг гўзал бир лавҳасидир. Биз тўйларимизнинг қадимий ва дунё аҳли кўрса ҳавас қиладиган бетакрор анъаналаримиз билан тобора жилоланиб боришини истаймиз. Бугина эмас, ҳозирда қарийб унутилаёзган, куёв томоннинг келин томонга атаб айтадиган, шунингдек, келинникига куёв навкарлари билан келганларида қиз томонидан айтиладиган “Хуш келдингиз”, “Муборак” каби анъанавий тўй қўшиқлари ҳам турфа вариантларда айтилиши тарафдоримиз. Уларни ҳозир– эркимиз ўз қўлимизга кирган, бунинг шарофатида гўзал, олийжаноб миллий анъаналаримизга, урф-одатларимизга кенг йўл очилган бир даврда куйламасак, қачон куйлаймиз? Аммо истардикки, “Келинсалом”лар, бошқа тўй маросими қўшиқлари каби отарчилар қўлига ўтиб кетмаса. Ана шунда беғубор миллий анъаналаримиз тобора ривожланади, тўй ўтказиб ҳамёни юпқалашган хонадон соҳиблари ҳам яна бир чиқим даҳмазасидан қутулишади.

Қуйида фольклоршунос олима Музайяна Алавия ёзиб олиб нашрга тайёрлаган “Келинсалом”лардан бирини диққатингизга ҳавола этамиз.

 
Тўлиб оққан сойдек,
Ўн тўрт кунлик ойдек
Куёв болага салом!
 
 
Боғ орқасидан йўл берган,
Ҳамёнидан пул берган
Қуда бувамга салом!
 
 
Одам келса хуш деган,
Меҳмонхона бўш деган
Акасига салом!
 
 
Сувдан чиққан мушукдай,
Бурунлари тувакдай
Қайнсинглисига салом!
 
 
Сувдан чиққан зулукдай,
Қошу кўзи пиликдай
Келин пошшога салом!
 
 
Экканлари садойи,
Деҳқонларнинг бобойи
Аҳмадбойга бир салом!
 
 
Пиширган нон наввойи,
Келинчакларнинг мамойи
Дилором онамга бир салом!
 
 
Боқувдан чиққан отдек,
Икки бети манотдек
Ҳабибуллога бир салом!
 
 
Маъракани ушатган,
Тўққиз товоқни бўшатган
Тўлабойга бир салом!..
 
(“Миллий тикланиш” газетаси, 1999 йил 31 август)

Другие книги автора

Народное творчество
Купите 3 книги одновременно и выберите четвёртую в подарок!

Чтобы воспользоваться акцией, добавьте нужные книги в корзину. Сделать это можно на странице каждой книги, либо в общем списке:

  1. Нажмите на многоточие
    рядом с книгой
  2. Выберите пункт
    «Добавить в корзину»