Читать книгу: «КИТОБИМ»
1-боб. БОЛАЛИК, ЎСМИРЛИК...
«БУВИЖОН»
(Кичкинтой Санжар ҳақида ҳикоя)
Беш ёшли Санжар шеър ўқишни жуда боплайди. Ёд олишга бироз қийналади-ю, лекин ёдлаб олгач, шеърларнинг маъносини тушуниб, шунақанги чиройли ўқийди, ҳайрон қоласиз. Бўри ҳақида бўлса, худди ёвуз бўридек, қўзи ҳақида бўлса, худди бечора қўзичоқдек ўқийди. Маҳоратли актёр каби образ яратади гўё.
Айниқса, болалар боғчасидаги саҳнада шеър ўқиганда, ота-оналарнинг бири ҳавас билан, бири ҳайрон бўлиб, бири қойил қолиб узоқ вақт гулдурос қарсак чалишади. Бундай пайтларда Санжар фахр туйғуси нима эканини тушунмаса-да, ўзини осмонда учиб юргандек ҳис қилади.
Янги йил байрамида ҳам «Қорбобо» ва «Арча» шеърларини қойилмақом ўқиди, совғалар олди. Қорбобо кийимидаги йигит эса завқланиб кетганидан: «Ия... Бу бола ўзимиздан экан-ку! Ҳақиқий санъаткор!» деб Санжарни кўтариб олди. Ўртоқларининг роса ҳаваси келди, ахир Қорбобо энг яхши бола билан дўст бўлади-да.
Лекин кейинги байрамда...
Баҳор бошланган пайт, бир неча кундан кейин аёллар байрами ўтказилиши керак эди.
Боғча опа тадбирга тайёргарлик кўрар экан, кун охирида болаларга бир парча қоғозларга ёзилган шеърларни тарқата бошлади. Санжарга эса алоҳида, ҳамманикидан кўпроқ ёзувга эга қоғозни узатди ва:
– Мана бу сенга, «Бувижон» деган шеър. Эртага ярмини, индинга қолганини ёдлаб келасан, – деди.
Санжар «катта» шеър олганидан хурсанд бўлди, аммо унинг сарлавҳасини тушунмаган ҳолда ва бу сўзнинг маъносини сўраш учун ўртоғи Шокирнинг ёнига эчки боласидек ирғишлаб келди:
– Шокир! Шеърнинг номи «Бувижон» экан. «Буви» нима дегани? – деб сўради.
Одатдагидек ўзи билан ўзи бўлиб, доим бир четда ўйинчоқ ўйнаб ўтирадиган Шокир Санжарга қаради:
– Шуни ҳам билмайсанми? Буви – ота-онанинг онаси... Масалан, мани адамнинг ойиси манга бувижон бўлади, чундими? – деди.
– Сани бувинг борми?
– Ҳа, бор, – жавоб берди, Шокир, – уйимизда кўргансан-ку, кўрпа тикиб ўтирадилар...
Шокирнинг ёнида ўйнаб ўтирган Собир ҳам суҳбатга қўшилди:
– Мани иккита бувим бор: Мавжуда бувим бизаникида, Холида бувим эса тоғамларникида яшайдилар. Ойим мани тоғамникига оборганларида бувим доим шоколад берадилар, – деди мақтаниб...
Шокир пичирлаб:
– Санжар, сани бувинг йўқми? – деб сўради.
– Йўқ, – деди Санжар хомушланиб...
Санжар боғчадан қайтар экан, кўчада айланиб юрган кекса аёл ва болачага эътибор берди. Невара ҳар гал тўхтаб: «Бувижон, бу нима?..» деб сўраганда, кекса аёл меҳр билан болани эркалар, «Жоним болам, бу – дарахт ёки бу гул...» – деб йўлда кетиб боришарди.
* * *
Одатда Санжар шеър ёзилган қоғозни йўқотиб қўймаслик учун дарров онасига берарди.
Она шеърни ўқиб чиқиб, боладаги тасаввурни уйғотиш мақсадида биргаликда матндаги воқеалар ва тасвирларни расм дафтарига чизишарди. Масалан, Ватан ҳақида шеър бўлса тоғлар, далалар ва дарёларни чизиб, шу аснода мисраларни гўдакнинг онгига сингдирарди. Кейин шеърни такрор ва такрор ўқиб, боланинг хотирасига «жойларди».
Бу сафар ундай бўлмади...
Она ишдан келиб, дарров овқат пиширишни бошлади, қовуриб устига сув қуйди. Масаллиқдан бўшаган идишларни энди ювмоқчи эди, ошхонага Санжар кириб келди, салом йўқ, алик йўқ шартта:
– Ойи, нега менинг бувим йўқ? – деб сўради.
Она ўғлининг дабдурустдан берган саволига нима деб жавоб беришни билмай, ўйланиб қолди. Шариллаб оқаётган сувни ўчирди, мўлтираб турган ўғлига бироз қараб турди-да, кейин қўлини артиб, хонасига кириб кетди.
Кўп ўтмай ичкаридан кичкина, лекин қалингина қоғозга туширилган сарғиш фотосуратни олиб чиқди.
Суратда етти ёшли қизалоқ тик турар ва қизалоқнинг ёнида – стулда ўтирган, иккита қилиб ўрилган сочини бошидаги дўпписи атрофига ўраб, танғиб олган аёл акс этганди. Аёл худди онасига ўхшаб оқ-сариқдан келган, истараси иссиқ эди.
– Мана бу қизалоқ менман. Ўтирган аёл эса менинг онажоним, яъни сенинг бувинг бўлади, – деди она маҳзун оҳангда.
Санжар бувисининг суратига қараб:
– Ҳозир қани у? – деб сўради.
Она хотирида ёшлик даври уйғониб, кўзига қуйилиб келаётган қайноқ ёшларни тутиб қолишга уринаркан, «вафот этган» деса, бола дарров тушунмаслигини билиб оҳиста:
– У энди йўқ... Оламдан ўтган, – деди.
Санжар онасининг қалбида рўй бераётган оғриқларни ҳис қилгандек, бу сафар суратга анча вақт тикилиб қолди. Аммо яна савол беришдан ўзини тия олмади:
– Адажоннинг ойиси-чи, у қани?..
Она яна ҳайрон бўлиб ўғлига қаради.
Тасодифан бола қўлидаги букланган қоғозга кўзи тушди-ю, уни олиб, шеърни ўқиди:
Бувижоним, бувижон, сочларингиз бунча оқ?
Бувижоним, бувижон, бағрингиз бунча қайноқ?..
Она гап нимада эканини тушунди, боланинг бошини силаб:
– Адажоннинг оналари ҳам вафот этган. Аммо адажон уни эслолмайди, чунки у ўшанда чақалоқ бўлган. Ҳатто фотосурати ҳам сақланиб қолмаган, – деди.
Бундай «мудҳиш» хабардан, иккала бувиси йўқлигидан Санжарнинг қалби қаттиқ ўксиб кетди: «Агар бувим тирик бўлганда мени роса эркалаган бўларди, шоколад берарди», – деб ўйлади.
Кечки овқатдан кейин ва бошқа кунлари ҳам у онаси билан шеърни ёд олишга қанчалик уринмасин, на матндаги сўзлар маъноси, на асл ғояси қалбига сингди.
Байрам куни Санжар саҳнага кўтарилар экан, негадир унинг тиззалари биринчи бор қалтиради.
Шундай бўлса-да, бир амаллаб саҳна ўртасидаги сариқ чизиқ – белгигача етиб олди. Қаршисида ўзаро гаплашиб ўтиришган томошабинларга бир-бир қаради. Томошабинлар эса, яъни ота-оналар, тарбиячилар, гуруҳдаги ва гуруҳда бўлмаган болалар одатдагидек ҳозир Санжар ўз шеърини боплаб ўқишини кутиб жим бўлиб қолишди.
Худди шу пайт олдинги қаторда ўтирган Шокирнинг бувиси неварасини секингина ёнига чақириб, пешонасидан ўпиб қўйди. Бу ҳам етмагандек чўнтагидан нимадир олиб неварасининг чўнтагига солиб қўяётганига кўзи тушди.
Шунда Санжарнинг томоғига бир нарса тиқилгандек бўлди. У шеър ўқишни бошлаши кераклигини билиб турган бўлса-да, негадир «Бувижон» деган сўзни айта олмасди. Аниқроғи, ҳамманинг олдида бу сўзни айтгиси келмасди, юрагида, қалбида пайдо бўлган оғриқ ва исён алангаси унинг ақлини, вужудини қамраб олганди...
У шеърни ўқий олмагани учунми ёки Шокирникига ўхшаш бувиси йўқлигигами (буни ўзи ҳам аниқ билмасди), бирдан хўрлиги келди. Нозик қалбидаги туйғуларга, оғриқларга чидолмай йиғлаб юборди.
Санжар саҳнадан сакраб тушди-да, ташқарига отилди...
2023 йил, 3 январь
КОСТЮМ-ШИМ
(Кичкинтой Санжар ҳақида яна бир ҳикоя)
Боғча опа болалар чизган расмларни йиғиб олар экан, эълон қилди: «Болалар, эртага, албатта, костюм-шим, қизлар эса чиройли кўйлак кийиб келинглар! Фотосуратчи амаки келади! Эсдалик учун сизларни суратга олади!» – деди.
Болаларнинг кўпчилиги жонланиб, хурсанд бўлишди, «Хўп» деб жавоб беришди. Олти яшар Санжар ҳайрон бўлди: у фотосуратни яхши биларди-ю, аммо кос-тюм-шим нима эканини тушунмади.
Ёнида расм чизиб ўтирган ўртоғини туртиб:
– Шокир, костюм-шим нима? Қанақа бўлади? – деб сўради.
Шокир – Санжарнинг яқин дўсти, ақлли бола, бунинг устига ўртоғининг турли саволлари учун кулмайди, аксинча, яхшилаб тушунтиришга ҳаракат қилади.
– Костюм-шимми?!. Ҳммм... Жуда чиройли кийим. Ёнида ҳам, ичида ҳам чўнтаклари бор... Кўпинча меҳмонга борганда кияман. Кўчада ўйнаганимда кийдиришмайди. Эртага кийиб келсам, кўрасан, зўр кийим! – деди у бироз мақтаниброқ.
Санжар ўйлаб кўрса, ҳеч қачон ёнида ҳам, ичида ҳам чўнтаклари бор «зўр» кийим киймаган экан, шунинг учун:
– Менда бундай кийим йўқ, – деди хўрсиниб, – демак, фотосуратчи амаки мени суратга олмайдими?
Шокир нима дейишни билмай жим бўлиб қолди ва ниҳоят:
– Хафа бўлма, Санжар. Мен костюмимни бериб тураман, сени ҳам фотосуратга олади, – деди.
Лекин бу гаплардан Санжарнинг кўнгли тўлмади. Кийим қандай эканини тасаввур қила олмаса-да, «Шокир ва бошқа болаларнинг меҳмонга борса киядиган чиройли кийими бор экан! Нега менда йўқ? Нега?» – деб ўйларди.
У кичкинтойларга хос изтироб чекди, бироқ ўзини босди. Уйда: «Нега менда бундай кийим йўқ?!» – деб жанжал қилишни дилига тугиб қўйди.
Санжар расм чизгиси келмади. Ўрнидан туриб боғча опага расм чала чизилган қоғозни узатар экан:
– Агар чиройли кийим кийиб келмасак-чи, унда нима бўлади? – деб сўради ҳар эҳтимолга қарши.
Расмларни саралаётган ёш тарбиячи боланинг гапига жиддий эътибор бермади шекилли:
– Унда суратга ҳам тушмайди, – деб қўя қолди.
Лекин бу гап болага қаттиқ таъсир қилди. Наҳот ҳамма суратга тушсаю, фақат у четда сўппайиб ўтирса! Санжар бу ҳолатни кўз олдига келтириб, янада хомуш бўлиб қолди, ҳатто иштаҳаси бўғилиб, кечки овқатни ҳам тузуккина емади...
Одатда у мустақил боғчадан келиб, кўчада ўйнаётган болаларга қўшилиб кетарди. Аммо бу сафар Санжарнинг юрагига ҳеч қандай ўйин сиғмади, дўсти Шокир билан тез хайрлашиб, уйга кириб кетди...
* * *
Онанинг шундай одати бор эди: ишдан келса, албатта, бир-икки пиёла иссиқ чой ичиб, бироз дам оларди, кейин уй ишларини қиларди, овқат пиширарди. Бугун ҳам ишдан келибоқ чой қўйди, уст-бошини алмаштириб, чой дамлади. Лекин бир пиёла чой ичар-ичмас, эшик очилиб, ўғли Санжар кириб келди.
Санжарнинг кўзи столдаги қоғоз-тугунга тушди-ю, миясига турли хаёллар келди, лекин бир зумда умиди чил-чил синишидан чўчиб, унга эътибор бермасликка ҳаракат қилди. Онажоннинг рўпарасига келиб, индамай тураверди, ҳатто салом ҳам бермади.
Она фарзандининг авзойи бузуқ эканини дарров сезди, пиёлани столга қўйиб, у томонга эгилди:
– Болам, сенга нима бўлди? – деб сўради.
Санжар онажоннинг меҳрли овозини эшитиб, ўпкаси тўлиб кетди:
– Эртага... боғчамизга... фотосуратчи амаки келар экан... шунинг учун боғча опамиз костюм-шим кийиб келинглар, деди. Менда эса... бундай кийим йўқ, – деб йиғлаб юборди. – Ким чиройли кийиниб келмаса... фотосуратга тушмас экаан! Ааа...
Санжар ҳўнграб йиғлаганда, доим куйинадиган онанинг негадир юзлари ёришиб кетди, ҳатто хурсанд ҳолда:
– Нега йўқ экан! – деб столдаги тугунга ишора қилди: – Ана!.. Сенга яп-янги костюм-шим олиб келдим-ку!
Санжар қулоқларига ишонмади, йиғлашдан дарров тўхтаб:
– Нима? – деди ҳайрон бўлиб. Қоғозга ўроғли тугунга қаради: – Бу костюм-шимми?.. Менгами? – деб сўради.
– Ҳа, сенга! – жавоб берди она, яна чой ичишни давом эттираркан. – Нега турибсан, оч тугунни.
Санжарнинг юраги гуппиллаб кетди. «Қанақа экан бу кийим?!» – деган саволлар унинг миясида яна чарх ура бошлади. Аввал тугунни аста-секин очмоқчи эди, лекин либоснинг бир қисми кўриниши билан ҳаяжонланиб кетди, сабри чидамади, каноп ипни шартта-шартта узиб ташлади, қоғозни йиртиб-йиртиб ташлади. Тугунни очди. Қараса...
Костюм-шим деганлари у тасаввур қилган кийимдан ҳам чиройлироқ экан. Сутранг юмшоқ матога майда-майда юлдузлар сурати туширилган, ёнида ҳам, ичида ҳам чўнтаклари бор, ажойиб устки кийим экан...
Санжар шошиб-пишиб аввал шимни, кейин костюмни кийди, завқланганидан:
– Ураааа! Костюм-шим! – деб бақирди ва ўзини онасининг бағрига ташлади. Уни қучоқлаб, таниш ҳидни туйди ва онанинг қулоғига пичирлаб:
– Ойижон, қаердан билдингиз? – деб сўради.
Она кийимларнинг фарзандига ярашганидан, айниқса, ҳозиргина хомуш кириб келган ўғлининг қувончдан кўзлари порлаб кетганидан бахтиёр эди. Бу «воқеа»нинг сабаби тасодиф эканини билиб турса-да:
– Нимани? – деб сўради атайин.
– Менга шундай кийим кераклигини?
Фарзандининг меҳри товланиб-товланиб кетаётганини сезган она:
– Билдим-да, болам! – деди ва ўғлини бағрига янада маҳкамроқ босди. – Оналар боласининг хоҳишини доим сезади!
Она ўғли Санжарнинг бугунги ҳис-туйғулари ва ҳаяжонлари ҳақида мулоҳаза юритар экан, эрта-индин боғчага бориб, янги келган ёш тарбиячига маслаҳат беришни ўйлади. Йўқ... Яхшиси, воқеани борича гапириб беришни режалаштирди: «Ақлли тарбиячи бўлса, ўзи тушуниб олади», – деб ўйлади...
2022 йил, 7 ноябрь
«АДАЖОН, БУ НИМА?..»
Етти ёшимда отам «Муз спорти саройи»га олиб боргандилар.
У ерда фигурали учиш спортчилари иштирокида томоша бўлганди. Томошадаги кўп нарсалар эсимда йўғ-у, лекин бир бадиий кўриниш миямда муҳрланиб қолган...
Оқ кўйлак кийган рус қизи билан оқ яктак кийган ўзбек йигити муз устида рақс туша бошлашганда, томошабинлар жим бўлиб қолишганди...
* * *
Аввалига қиз йигитга эътибор бермасликка ҳаракат қилади. У атрофни томоша қилаётгандек оҳиста айлана бошлайди, осмонларга парвоз қилмоқчи бўлган оққуш каби.
Унинг чиройли ҳаракатларини ўғринча кузатаётган йигит эса аста қизнинг ёнига келиб қўлини узатади. Қиз бир нафас нима қилишни билмай тўхтаб қолади, кейин ҳайрон бўлиб йигитнинг кўзларига қарайди. Йигит ёқимли жилмаяди.
Қиз хаёлига келган қарама-қарши мулоҳазалардан уялиб ерга қарайди. Лекин йигитнинг қўлини жавобсиз қолдирмайди, бармоқларини унинг кафтига қўяди. Ва улар мусиқага ҳамоҳанг музда аста сузиб кетишади.
Мусиқа тезлашгани сари улар такрорланмас шаклларни намойиш қилишар экан, энг мураккаб ҳаракатларни ҳам енгилгина бажаришларига сабаб йигит чиндан ҳам қизни ёқтирарди. Қиз ҳам унга бепарво эмасди шекилли, унинг ҳар бир ҳаракатига чиройли табассум билан жавоб берарди.
Шу тобда муз устида улар ёнма-ён энг бахтли инсонлар эдилар.
Майин оҳанглар тугашига оз қолганда, қиз хайрлашишга мажбур эканига ишора қилади.
Йигит вазиятни тушунади ва улар муз майдонининг қоқ ўртасида ажралишади.
Қиз йигитга қўлини силкиганча чекинар, йигит ҳам ўзи билан ўзи курашиб, лекин бошқа чора йўқлигидан индамай ортга қайтарди. Лекин жисман узоқлашганлари сари диллар бир-бирига яқинлашаверарди.
Шу пайт чироқлар хира тортиб, зулматли чегара пайдо бўлади. Ахир йигит ўзбек, қиз эса рус эди-да. Урф-одатлари турли бўлган миллатларнинг ораси қанчалик узоқ ва ўртада чегара бўлса, шунчалик яхши-да!..
Йўқ! Йигит бундай ҳолатга чидаб туролмайди. У исён қилади. Қиз томонга дадил талпинади. Чегарани босиб ўтиб қизни бағрига босади.
Замон бундай шармандали воқеани ҳазм қила олмай, шу заҳотиёқ исён қилган йигитни ҳамда удумни бузиб шарманда бўлган қизни жазолашга қарор қилади. Яъни чор-атрофдан янграётган даҳшатли мусиқа қочиб кетаётган исёнчиларни таъқиб этади.
Қандайдир куч қизни осмонга отиб юборар, йигит эса уни тутиб қолар, парча-парча бўлишидан сақларди. Лекин мусиқа қизни яна чирпирак қилиб айлантиради. Яна кўтариб ерга урмоқчи бўлади. Шунда у қўлларини йигитга узатади. Йигит чаққонлик билан қизнинг қўлларидан тутиб, яна зулматдан тортиб олади. Яна айланиш. Яна таъқиб...
Удум, урф-одат ва қонун уларни айиришга ҳаракат қилгани сари, ёшлар бир-бирига интилишдан тўхтамайдилар.
Бир маҳал қаттиқ товуш – бехато отилган ўқ – қизга тегади. Шунда қиз йигитга бир талпинади-ю, танаси заифлашиб қолади. Йигит аввалига яраланган қизнинг ойдек эгилиб қолганини билмайди. Лекин юраги бир нимани сезгандек бироз тезликни камайтиради, чиройли ҳаракатлар билан севгилисини авайлаб тиззасига олади ва тикилиб қарайди. Қиз йигитга сўнгги бор қарайди-ю, бутунлай жонсизланиб қолади.
Йигит кўзларига ишонмайди, қизнинг юзини, сочини силаб кўради, аммо жавоб бўлмагач, худди севгилисини уйғотиб юборишдан қўрққандек оҳиста музга қўяди. Шу пайт иккинчи ўқ янграйди. Йигит тик туриб бир силкинади, лекин йиқилмайди. Мамнун ҳолда тиз чўкади ва қизнинг қўлини тутганча жонсиз ҳайкалга айланади.
Мусиқа тугаганда муз майдонининг ўртасида қиз – гўзаллик, йигит эса мардлик рамзи сифатида чин севги ва муҳаббат тимсолини вужудга келтиришади...
* * *
Прожектор чироқлари ёниб атрофни ёритганда қаттиқ қарсаклардан олам ларзага келганди, ўшанда. Мен ҳам бор кучим билан қарсак чалар эканман, отамдан: «Адажон, бу нима?» деб сўрагандим. Отам менга қараб: «Буми, ўғлим... бу – санъат!» – дегандилар.
Албатта, ўша вақтлар санъат нималигини билмасдим, севги, исён, кураш ва бошқаларни ҳам тушунмасдим. Лекин қалбимда нимадир рўй берганди. Балки, ўша куни санъат ва ижодга нисбатан дастлабки меҳр ниш ура бошлаган бўлса ажаб эмас...
2013 йил, май
«ЎҒРИ»
Катта танаффусга қўнғироқ чалинди.
Учинчи синфда ўқийдиган Санжар бугун синфда навбатчи бўлгани учун ўртоқларига қўшила олмади. Синфхонада қолиб, полда, парта тагида ётган қоғозларни тез-тез йиғиб саватга солди-да, мактаб орқасида жойлашган ахлат идишга ташлаш учун ташқарига чиқди...
Қайтаётганида олдидан «УАЗ» машинаси ғиз этиб ўтди-ю, мактаб ошхонасининг орқа эшиги рўпарасида тўхтади.
Ҳайдовчи гавдали бўлишига қарамай чаққонлик билан кабинадан сакраб тушди-да, салонда «қамалиб қолган» буғларни чиқариб юбориш учун «УАЗ» эшикларини катта очиб қўйди ва ошхонага кириб кетди. Иссиқ гуммалардан чиқаётган ёқимли ҳид ҳамма ёқни тутиб кетди.
Санжар тўхтаб, идишлардаги иссиқ, чиройли пишган гуммаларга суқ билан қаради, иштаҳаси очилиб кетди: «Эҳ, бугун дадамдан пул олсам бўларкан-а, ҳозир мазза қилиб гумма ердим», – деб ўйлади.
Шу пайт қаердандир Собир пайдо бўлди. У гуммаларни кўрди-ю, ҳатто ўйланиб ҳам ўтирмасдан шартта биттасини олиб, арчалар орасига яширинди. Тиржайганча чапиллатиб гуммани ея бошлаганини кўриб, Санжарнинг иштаҳаси очилиб кетди.
Лекин бу ҳолатдан норози бўлиб: «Собир – ёмон бола, бурнимни уриб қонатган... Энди бўлса, битта гуммани ўғирлади», – ўйлади у алам билан ва ўзи билмаган ҳолда машинага яқинлашди: «Ёки... мен ҳам биттасини олсаммикин-а?» Лекин юраги дов бермади: «Шу ердан тезроқ кета қолай...» – ўйлади Санжар. Чуқур хўрсиниб энди кетмоқчи эди, Собир яна пайдо бўлди. У тез атрофга қараб олди-да, узоқ ўйлаб ўтирмай яна бир гуммани ўмарди. Бу сафар у янада узоқроққа қочиб бориб, иккинчи гуммани ҳам паққос туширди...
Негадир бу ҳолат Санжарнинг аламини келтирди: «Аблаҳ, яна битта гуммани ўғирлади-я, – ўйлади у тамшаниб, – наҳот мен бир дона ҳам ололмасам...»
Санжар ўша ҳолатда қандай қилиб битта гуммани қўлига олганини сезмай қолди, лекин шу вақт кимнингдир бақувват қўллари унинг билагидан маҳкам тутди. Бошини кўтариб қараса, унинг тепасида важоҳат билан ҳайдовчи амаки турарди.
– Гуммани жойига қўй, ўғри!
Санжар довдираб маънили гап гапиролмади, лекин ичида қандайдир оғриқ пайдо бўлди: «Собир иккита гумма ўғирлаб еди, ҳеч ким билмади. Нега мен емасимдан туриб дарров қўлга тушдим-а?»
– Замира хола, ўғрини тутдим... Замира хола!.. – ошхона томонга қараб бақирди ҳайдовчи.
Замира хола деганлари, балки, раҳмдилдир, «Ҳой, болани қўйиб юборинг, деса керак», – деб умид қилди Санжар.
Аммо ичкаридан хўппа семиз аёл ҳовлиқиб чиқди. Санжарнинг ҳолатини кўриб гап нимадалигини дарров тушунди, раҳми келиш у ёқда турсин, аксинча, бутун дунёга жар сола бошлади:
– Ана айтгандим-ку, ўғри бор деб! Ҳар доим кимдир гуммани гум қилади деб!..
Замира хола боланинг қулоғини қаттиқ бураб, ичкарига судради. Шундагина Санжар нима иш қилиб қўйганини тушуна бошлади:
– Мен... Мен ўғри эмасман, аввал ҳам ўғирламаганман. Фақат... Ай-ай, қулоғим оғрияпти, – Санжар оғриқ азобига чидолмай аёлнинг қўлига осилди. – Ай! Илтимос, қулоғимни қўйиб юборинг!..
– Гуличка, Тамара, буёққа келинглар, ўғрини ушладик, – шанғиллади семиз аёл нолишларга эътибор бермай.
Ичкаридан ваҳима билан янада семизроқ аёллар югуриб чиқишди. Санжарни кўриб, ошпазларнинг турмушини барбод қилган одамни учратишгандек улар ҳам қарғашни бошлашди:
– Ҳа ер юткур, паразит! Сан экансан-да ўғри!
– Нечинчи синфда ўқийсан, балога йўлиққур?! Ўғирлаб еганларинг тешиб чиқсин!
Ҳайдовчи ичкарида боланинг қўлларини қўйиб юборди. Гуммаларни ташиш учун чиқиб кетди. Лекин хотинлар Санжарни силташдан тўхташмасди.
– Қани, қизлар, кетдик, буни директорга олиб борамиз, ўғрини жазолашни талаб қиламиз.
Директорнинг номини эшитиб Санжарнинг юраги орқага тортиб кетди:
– Холажонлар, қўйиб юборинглар. Мен ўғри эмасман, гумма еганим йўқ! – деб бақирарди у. Аммо аёллар Санжарнинг додлашига қулоқ солмай директор хонаси томон судрай бошлашди. Мактаб йўлагида ўқувчилар бир шовқин солиб келаётган ошпаз аёлларга, бир кўзларида ёш билан қаршилик қилаётган Санжарга ҳайрон бўлиб қарашарди. Улар орасида ҳатто Собир ҳам тиржайиб тургандек туюлди унга.
Директор хонага шовқин солиб кирганларни норози қиёфада қарши олди, «нима гап» дегандек чимирилди.
– Ирода Рашидовна, ўғрини ушладик, учинчи синф-да ўқиркан, – дарров изоҳ берди Замира хола, – сизга аввал ҳам айтгандик, ошхонадан у-бу нарсаларни ўғирлашади деб...
Ирода Рашидовна унинг гапини бўлди:
– Сиздан илтимос, бақирманг! Энди ўқувчининг қўлини қўйиб юборинг!
Кейин Санжарга афсуслангандек қаради, аммо индамади, эшик ёнида нима қилишини билмай турган котибага:
– Ўқитувчисини чақиринг... Тўхтанг! Ота-онасини ҳам, – деди.
Санжарнинг ўқитувчиси бирпасда етиб келди. У директорнинг жиддий қиёфасидан хижолат бўлиб, бир Санжарга, бир ошпазларга ҳайрон бўлиб қаради. Ошпаз аёл яна «учига чиққан ўғрини» қандай ушлашганини, бир неча ойдан бери ўғрилик содир бўлаётганини так-рор ҳикоя қилди. Ёш муаллима гуноҳ иш қилиб қўйган одамдек нима дейишни билмасди, ора-сира журъатсизгина «Бу унақа бола эмасди», – деб қўярди холос.
Кўп ўтмай Санжарнинг онаси ҳам етиб келди. Директор онани кўриб ишларини йиғиштирди, ўрнидан туриб, уч-тўрт оғиз гапиришга улгурмай ошпаз хола Санжарнинг онасига яна шикоятини бошлади.
У ҳар гал «болангиз ўғри» деганида она титраб кетарди.
– Мен ўғри эмасман, ойижон, ўғри эмасман! – деди Санжар. – Фақат битта гумма егим келди холос...
У гапини тугатмасидан она йиғлаб юборди, фарзандининг юзи-кўзи демай бошига ура бошлади:
– Нонга зор қолганмидинг, ўлгур... Нега ўғирлик қилдинг?
Яхшиямки ёш муаллима онани ушлаб қолди. Бўлмаса, аччиқ устида Санжарни ҳолдан тойгунча урган бўларди. Лекин шунда ҳам Санжарнинг қулоқлари шанғиллаб, ҳеч нарсани тушунмай қолди, онасининг йиғиси ҳам, муаллиманинг овози ҳам узоқ-узоқлардан эшитиларди...
«Қизиқ, – ўйларди у, – юзим билан ерга йиқилдим, нега ҳеч қаерим оғримаяпти? Нега бурним қонаяпти? Ёки Собир яна урдими?..»
Кейин бирдан ҳамма нарса қоронғиликка сингиб кетди.
Санжар очликдан, уч-тўрт соатлик силташлардан, шовқин ва бақириқ-чақириқлардан чарчаб, беҳуш йиқилган эди.
2007 йил
ОҚИБАТ
Ёз. Жазирама иссиқ. Пешиндан сўнг «Сузишга, машғулотга кетдим!» – деб уйдан чиқиб кетган Қаҳҳор одатдагидек «Сув спорти саройи» бекатида эмас, негадир кейинги бекатлардан бирида автобусдан тушди.
Қаватли уйларни айланиб ўтиб, ўзи ўқийдиган мактаб орқасига етиб келди. Офтоб тиғида юриб келгани учунми ёки ўта ҳаяжонланганиданми, жуда терлаб-пишиб кетганди.
У керакли жойга етиб келгач, атрофга диққат билан разм солди. Ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, «Лаънати ойна!» – деб шивирлади-да, ердан тош олди. Иккинчи қаватдаги деразаларга қаради, чил-чил қилиш мақсадида айнан энг катта ойнани мўлжалга олди. «Мана ҳозир ичимдаги ҳамма азоблардан қутиламан!» – ўйлади у...
Шу пайт «Ўғлим!» деган қаттиқ хитобдан чўчиб кетди. Ўгирилиб қараса, ортида соч-соқоли оппоқ чол турарди, уни кўриб Қаҳҳор ажабланди: «Ахир ҳозиргина ҳеч ким йўқ эди-ку! Қаердан пайдо бўлди бу одам?..» – ўйлади у.
Саришта кийинган, ҳикояларда кўпинча нуроний деб тасвирланадиган отахон аста келиб, Қаҳҳорнинг қўлидан тошни олди ва нарироққа ирғитиб юборди:
– Тушунмадим, болам, нима қилмоқчисан? Тошни деразага отиб, ойнани синдирмоқчимисан? – деб сўради. Сўради-ю, ўсмирнинг ўта жиддий қиёфада турганини кўриб, ҳайрон қолди. Одатда шўх болалар бундай ҳолатларда тирақайлаб қочган бўларди. Бу эса қимирламай жойида турарди.
Ота қаттиқроқ гапириб қўйганидан бироз хижолат чекди шекилли, энди юмшоқроқ муомала қилди:
– Юр, болам, анави саданинг соясига ўтайлик: ўша ерда сўри бор, ўтириб гаплашиб оламиз, – деди. Бу таклифни у шундай оҳангда айтдики, бола монелик кўрсатишга сабаб тополмади, беихтиёр кекса кишининг ортидан юрди.
«Ҳа, билдим... Бу одам ана шу дарахтлар орасида ўтирган экан-да, мен эса уни пайқамаганман», – деб ўйлади Қаҳҳор.
Ота чойнакдан чой қуйиб болага узатди:
– Чанқагандирсан?.. Мана, илиқ чой. Ич.
Қаҳҳор енгил шабада эсиб турган, соя-салқин жойдаги сўрига ўтирди. Кўк чойни ичди-да, «Раҳмат» деб, пиёлани дастурхон устига қўйди. Ариқда шилдираб оқаётган сувга қараб, бироз хаёлга берилди.
Кўз-қошлари қоп-қора ўсмир боланинг хотиржам ўтириши, баъзида эса хўрсиниб қўйиши чолни янада қизиқтириб қўйди:
– Нимага ойнани синдирмоқчи бўлдинг? Бирон-бир сабаби борми?
– Ҳа, бор! – дадил жавоб берди Қаҳҳор. Аммо отанинг маъноли кўзларига қараб сўради: – Сизга рост гапирайми ёки ёлғон?
– Албатта, рост гапир, болам.
– Рост айтсам ишонмайсиз-да, ёлғон гапирсам дарров ишонасиз...
– Ия, буёғи қизиқ бўлди-ку... – ҳайрон бўлди ота. – Сен аввал рост гапир, кейин ўйлаб кўраман ишониш-ишонмасликни.
Қаҳҳор бироз ўйланиб қолди, воқеани эслади шекилли, қовоқлари уюлди.
– Бундан бир ой аввал, ўқув йили тугай деб қолганда ишкал бўлганди... Иккинчи қаватда, йўлак охирида катта дераза бор. – Мактаб томонга ишора қилди у. – Ана! Ана шу нақшли бетон орқасидаги дераза! Кўряпсизми, бу дераза бошқаларига қараганда каттароқ, деярли полдан шифтгача келади. Шу деразанинг ёнида синфхонамиз бор.
Ўша куни, учинчи дарсдан кейин катта танаффус бўлгани учун ўқувчилар синфдан чиқишиб, одатдагидек кимдир ошхонага, кимдир ҳовлига, кимдир дам олиш хонасига, хуллас, ҳамма ҳар ёққа тарқаб кетди.
Мен, Санжар, Собир, Шокир биргаликда нималардир ҳақида гаплашиб-кулишиб синфдан охирги бўлиб чиқдик. Кайфиятимиз жуда яхши эди. Шу пайт Санжар ўзича ҳазиллашиб: «Урааа! Яқинда таътил! Йўқолсин иккичилар!» – деб мени итариб юборди ва ўзи нарироққа қочди. Одатда мен бундай ҳазилга дарров жавоб қайтарардим – қувиб етиб, таъзирини берган бўлардим. Лекин яқинда жанжал бўлиб ўтгани, ота-онам директордан яхшигина дашном эшитишгани учун ўзимни босдим: «Ҳали мендан кўрасан!» – деб қўя қолдим холос.
Собир ҳам Шокирга шундай ҳазил қилмоқчи бўлди. Лекин Шокир буни сезиб қолди ва шартта чап берди. Собир ўзини ўнглай олмай «Аълочилар ҳам йўқолсин!..» – деганча деразага урилди.
Дераза дириллаб силкинди. Биз қалин ойна синмайди деб ўйлагандек. Лекин силкиниш камайиш ўрнига борган сари қаттиқроқ тебраниб-тебраниб, охири қарсиллаб синиб кетди.
Яхшиямки Шокир Собирни дераза тагидан ўз вақтида тортиб олди, бўлмаса, ойна бўлаклари унинг устига тушарди. Лекин шунда ҳам бир парча шиша Собирнинг оёғини кесиб юборди, у «Аҳ» деди-ю, лекин қўрқиб кетгани учун оёғига ҳам эътибор бермай ура қочди. Санжар билан Шокир ҳам унинг ортидан «қуён» бўлишди.
Бурилишда уларнинг қораси ўчиши билан қарама-қарши синфдан Гуля опа чиқиб келди. Қарасаки, катта ойна синган, «жиноят юз берган жойда» ёлғиз мен турибман... Аксига олиб Гуля опа каминани ёмон кўради, сабаби яқинда бўлган ишкалда унинг ўғли Орифни ургандим. Жуда аламзада эди, шунинг учун.
– Безори! Синдирмаганинг шу ойна қолганди! – деб бор овози билан қичқира бошлади.
– Бақирманг! Мен синдирганим йўқ! – дедим.
– Бақирманг, дейди-я. Башаранг қурсин! Безбет! Сендан бошқа бу ерда ҳеч ким йўқ-ку! Нима, ойна ўзидан ўзи синиб кетдими? – деб ўсмоқчилади.
«Ойна ўзи сингани йўқ, лекин мен айбдор эмасман!» – деб кетмоқчи эдим, у қўлимдан маҳкам ушлаб олди. «Ҳозир директорга борамиз, қилган ишингга жавоб берасан!» – деди.
Шу пайт йўлакда яна икки-уч муаллим пайдо бўлди, шовқинни эшитиб атрофда ўқувчилар ҳам тўплана бошлашди. Гуля опа уларга қараб:
– Айтгандим-а, бу безорини мактабдан ҳайдаш керак, ёмон ҳунари кўп деб... Мана, ойнани синдириб, «Мен синдирганим йўқ!» – деб турибди, – деди.
Кейин келган муаллимлар ойна синиқларини кўриб, дарров ваҳимага тушиб кетишди. Нима бўлганини суриштирмай, мени койий бошлашди.
Уларга ҳам, «Ойнани мен синдирганим йўқ...» деб таъкидласам ҳам ишонишмади...
– Сен бўлмасанг, ким синдирди, кўрдингми ким синдирганини? – деб сўрашганди,
– Ҳа, кўрдим. Лекин кимлигини айтмайман, – дедим.
Гуля опа эса:
– Ёлғон гапиряпти... Шовқинни эшитиб, шу заҳоти чиқдим, бир ўзи турганди... Эйй!.. Оддий бир мардикорнинг боласи рост гапирармиди? – деди.
Дадамни ёмонлагани учун ич-ичимдан Гуля опани ёмон кўриб кетдим, ҳатто уни сўкким келди, лекин... ота-онамга «Энди сизларга ҳеч гап теккизмайман!» – деб сўз берганим учун юрагим ёнса-да, ҳақоратларни ичимга ютдим.
Кейин директорнинг хонасига мажбурлаб олиб боришди. У ерда Гуля опа директорга:
– Эсингизда бўлса, мана шу бола ўғлим Орифжонни урганди. Сиз унинг ота-онасини чақиртиргандингиз... Ҳозиргина у синфимиз ёнидаги катта ойнани синдирди, – деди.
Директор унинг гапларини эшитди-ю, лекин менинг эътирозларимга қулоқ солмади: «Жим тур! Сенга ҳали сўз берганим йўқ!» – деб дўқ қилди ва шартта ота-онамга телефон қила бошлади. Шунда ўзимни ушлаб тура олмадим, қилмаган ишимга айбдор қилиб, бунинг устига ота-онамни мактабга чақиришаётгани ёмон таъсир қилди.
– Агар ота-онамни чақирсангиз, мактабдаги ҳамма ойналарни синдираман! – деб юбордим.
Ҳамма жим бўлиб қолди. Директоримиз менга хўмрайиб қаради, урмоқчи бўлган одамдек бир-икки қадам олдинга ташлади-ю, лекин нима қилишни билмай тўхтаб қолди. Гуля опага бу ҳолат жуда қўл келди ва биринчи бўлиб: «Дилдора Шуҳратовна, бу безорини мактабдан ҳайдаш керак!» – деди.
Шундан кейин иш янада пачава бўлиб кетди, қолган устозлар ҳам ўқув йили тугашидан олдин «асабларини ёзиш» учун мавсум бўйи қилинган гуноҳларимни санаб, аламларини менга сочишди. Ҳайдаш ҳақидаги мавзуни муҳокама қилишаркан, ҳатто «Милиция чақириш керак!» – дейишди...
Агар дадам бу хабарни эшитса, қанчалик эзилишини, унинг яна мактабимизга келиб, директорга ялинишини ўйлаб, қандай ҳолатга тушганимни тасаввур қила оласизми?
Яхшиямки, шу пайт синф раҳбаримиз Лайло опа келиб қолдилар. У бироз менга қараб турди-да, гап нима ҳақида кетаётганини англаб директорга:
– Дилдора Шуҳратовна, Қаҳҳор менинг ўқувчим. Менимча, у ойнани синдирмаган, – деди.
Директор синф раҳбаримга қараб:
– Сиз қаердан биласиз? – деб сўраганди.
– Ўқувчим Собирнинг оёғини шиша кесиб юборибди... Қонни кўриб, нима бўлди деб сўрасам, бўлган воқеани гапириб берди. У Шокирга ҳазил қиламан деб ойнага урилиб кетибди. Ойна синган. Кейин улар қочишган. Қаҳҳор эса қочмаган. Чунки... унинг феъл-атвори шунақа. Бор гап – шу.
– Ҳозир қаерда улар?
– Икковини «Тиббиёт хонаси»га юбордим...
Гуля опа ҳам, қолган ўқитувчилар ҳам бирпасда мени унутишиб, директор билан биргаликда «Тиббиёт хонаси»га югуришди...
* * *
Сўридаги қизил кўрпачада бошини сарак-сарак қилиб ўтирган ота:
– Кейин нима бўлди? – деб сўради.
– Нима бўларди, Собир билан Шокирнинг оталарини чақиртиришди. Улар дарров уста ҳам, ойна ҳам топиб беришди. Усталар келиб ўрнатиб кетишди...
– Айбдорларни аниқлашибди. Деразани қайта тиклашибди. Яна нима керак сенга? Шартми уни синдириш?
– Бобо! Мен эшитган ҳақоратларни Собир билан Шокир эшитгани йўқ. Тушундингизми?.. Уларнинг ота-онасини чақириб деразани тиклаб қўя қолишди холос. Гуля опа билан бошқа устозлар бўҳтон учун нега мендан узр сўрашмади? Ахир Собир синган ойна учун узр сўради-ку!
– Сен-чи, сен? Сендан калтак еган Орифдан кечирим сўраганмидинг?
– Йўқ. Чунки Ориф ҳамманинг олдида ўзи айбдор эканини, жанжални биринчи ўзи бошлаганини тан олган. Шунинг учун ундан узр сўрашим шарт эмасди. Лекин шунда ҳам дадам мактабга келиб, унинг ота-онасидан узр сўраган...
Ўсмир боланинг ҳар бир саволга кескин-кескин, аниқ-аниқ жавоб бераётгани учун ота нима дейишни билмай, ўйланиб қолди.
– Ҳа... Сенга осон бўлмабди, – деди ниҳоят. – Гапларингга ишондим! Демак, сен ойнани синдирмагансан!..
Шу пайт Қаҳҳор ўрнидан турди:
– Лекин... ҳозир синдираман! Мен бу ерга бекорга келганим йўқ. Асоссиз ҳақоратлар учун қасос оламан!..
Ота бу сўзларни эшитиб тутақиб кетди, лекин амаллаб ўзини босди. Сўнг худди ўзига ўзи гапираётган одамдек сўз бошлади:
– Биламан, ўзига ишонган ўғил болалар шўх бўлади. Айниқса, мана шу даврда ўсмирларнинг ғурури ўта баланд бўлади. Уларнинг шаънига айтилган ноўрин сўз дилини вайрон, тарбиясини расво қилади... Айтишади-ку... «Кулол хато қилса, бир ҳовуч лой исроф бўлади, нари борса, битта кўза йўққа чиқади. Шифокор хато қилса, бир одамнинг соғлиғига зомин бўлади. Аммо ўқитувчи хато қилса, жамият инқирозга юз тутади!.. Жамият!»
Ота ўсмирнинг кўзларига тик боқиб деди:
– Майли, бор тошни ол! Ойнани синдир! Ахир сени ҳақорат қилишган-ку! Рост гапларингга ишонишмаган! Узр сўрашмаган! Шунинг учун мактаб деразасини синдир!.. Аҳмоқ ўртоқларинг синдирганди, энди сен синдир! Бор!
Қаҳҳор куюниб гапираётган отага ҳайрон бўлиб қаради.
– Муаллимларинг хато қилди, энди сен уларнинг ноўрин ишини давом эттир! Чунки сен уларнинг тарбиясини олгансан! Оқибатсан! Яъни сен инқирозга учраган жамиятсан!.. Бор! Боравер! Сенларга фақат шу йўл ярашади: яратиш эмас, бузиш! Тузатиш эмас, синдириш! Вазифаларинг онгли шахсни, етук, комил инсонни эмас, балки фақат ўзини ўйлайдиган худбин одамларни вужудга келтиришдан иборат!..
Ота «Гапим тамом, энди кетавер» дегандек ўгирилиб олди.
Қаҳҳор мактаб томонга юрди...
* * *
Соя-салқинда эсиб турган майин шабада бирдан тиниб, кун яна тандирдек қизий бошлади...
Қаҳҳор бояги тошни қўлига олиб, яна мактаб деразасига яқин келди. Мўлжалга олди. Лекин...
Шу пайт ич-ичидан нимадир тошиб келаётганини ҳис қилди. Йиғламасликка ҳаракат қилса-да, томоғига бир нарса тиқилгандек бўлди. Кўкрагида ёқимсиз оғриқ пайдо бўлди ва кўзларига аччиқ ёш келди.
У тошни ерга ташлаб сўри томонга югурди. Юрагидан қуйилиб келаётган оғриқли гапларини, дардларини, изтиробларини отага айтгиси келди... Аммо...
Аммо сўрида на қизил кўрпача ва на чойнак-пиёла, на ота бор эди. Сада соясини ўзгартиргани учун, сўридаги тахталарга офтоб тушиб турарди холос.
2023 йил, июнь
ҚАНДАЙ ҚИЛИБ АЪЛОЧИ БЎЛГАНИМ ҲАҚИДА
Мен аввал «Академиклар шаҳарчаси»даги мактабда ўқирдим. Рост гап: ўша мактабдаги ўқитувчиларим ҳақиқий педагог бўлишгани учунми ёки назорат кучли бўлганми, ҳамма баҳоларим аъло эди. Интизомли ўқувчи эдим.
«Қора сув» мавзесига кўчиб ўтганимиздан кейин шундоқ уйимиз ёнидаги мактабда ўқий бошладим. Билмадим, спорт билан шуғуллана бошлаганим учунми, ё... қизлар билан юрганимгами, хуллас, янги мактабда хулқим ва баҳоларим кескин ёмонлашди.
Бир куни ҳатто ўқитувчиларим мендан норози бўлишиб, онамни мактабга чақиртиришди.
Онам мени одоб-ахлоқли, аълочи ўқувчи деб биларди, шунинг учун бу хабарни эшитиб ҳайрон бўлди, юзида таажжуб ва бироз хавотир кўринди:
– Нимага чақиришди, тинчликми? – деб сўради.
– Тинчлик... Яқинда шамоллаб, уйда ётгандим-ку, ўшанда ота-оналар мажлиси бўлган экан, мен бехабар қолибман, мана энди сизни алоҳида чақиришяпти холос, – дедим ёлғон гапириб.
Онам менга бироз қараб турди-да, кейин:
– Майли, кетдик мактабингга. Билайлик-чи, нима гап экан, – деди.
Эҳ! Онамнинг юмуши кўп, мактабга бормайди деб ўйлагандим. Аммо расво бўлдим. Энди уни ўқитувчиларим олдига бошлаб боришим шарт. «У ерда бор гапдан хабар топиши ва мендан қаттиқ хафа бўлиши тайин», – деб сиқила бошладим.
Лекин мактабда кутилмаган воқеа рўй берди...
* * *
Ўқитувчиларим қарашсаки, онам ўша вақтда машҳур бўлган «Саодат» журналининг мухбири, таниқли адиба Санъат Маҳмудова экан.
Шоира Зулфия опанинг севимли шогирди ва муовини мактабимизга ташриф буюрса-ю, ўқитувчилар хонасида, ўртадаги катта столда дастурхон тузалмаган бўлса, бу қандай гап?!
У пайтлар ўзбегим ҳозиргидан минг карра кўпроқ меҳмондўст, сахий эди. Директоримиз «бир йўталганди», ана шунда югур-югурни кўрсангиз эди, мактабимиз ёнидаги чойхонадан иссиқ нон ҳам олиб келишди, ҳинд чойи ҳам дамланди, шкафда беркитилган новвот ҳам олинди, чет элдан келтирилган чиройли банкалардаги мураббо ҳам очилди, ҳатто ёнғоқ-майизгача дастурхонга уюб ташланди. Хуллас, муаллимлар онамни жуда ҳурмат қилишаркан, бироз ташвиш, лекин жуда катта хурсандчилик билан самимий кутиб олишди.
Онам одамларнинг дил калитини топишга уста аёл эди, давраларни гуллатарди. Яхши гапириб, мақтаб, бирпасда ҳамма билан чиқишиб кетарди. Бу учрашувда ҳам шундай бўлди, ҳамма ўқитувчиларим байрамда ўтиргандек маза қилиб ўтиришди. Айниқса, тил ва адабиёт ўқитувчиларим онам билан ширин суҳбат қуришиб, шеърхонлик қилишиб, роса мириқишди.
Менинг хулқим ва ёмон баҳоларим ҳақидаги масала эса бутунлай унутилди.
Ана шу воқеадан кейин ҳамма баҳоларим яна аълога айланди. Йўқ, йўқ, нотўғри фикрга борманг: онам-нинг обрўси туфайли ўқитувчилар менга аъло баҳо қўйишган эмас. Рост гап: ўзим интилдим. Мен ҳам онамни ўқитувчиларимдек ҳурмат қила бошлаганим учун, биронта дарсни қолдирмай астойдил ўқишга ҳаракат қилганим учун аълочи бўлдим.
Ўша кунги сир эса, сирлигича қолиб кетди.
2022 йил
ХИЁНАТ
(бўлган воқеа)
Бир куни танишим савол бериб қолди:
– Сиз хиёнат қилганмисиз?
– Ҳа, жуда кўп марта, – жавоб бердим мен.
– Кўп марта?! Кўринишингиздан бундай одамга ўхшамайсиз-ку.
– Ўхшайман, жуда ўхшайман... Хоҳласангиз, хиёнатларимдан бирини ҳикоя қилиб бераман, – деб ўсмирлигимда бўлган воқеани гапириб бердим.
* * *
Ўшанда мен 14 ёшда эдим. Ёзги таътилда дам олиш учун болалар оромгоҳига боргандим. Оромгоҳда Ира исмли қиз билан дўстлашгандим.
Ира жуда чиройли бўлмаса ҳам истараси иссиқ, ёқимли қиз эди. Озғин, тенгдошларига кўра бўйи баландроқ, қадди-қомати келишган эди. (Балки, пошнали туфли кийгани учун менга баландроқ кўрингандир.)
У камгап эди, лекин доим кулиб турарди. Чиройли, ақлли кўзлари маъноли, ҳар қандай мушкул вазиятда ҳам ўзини вазмин тута биларди. Ира расм чизишни ёқтирарди, унинг ижодини кўриб завқ олардим. Менимча, Ира ҳам мен чизган расмларга бефарқ эмасди. Керакли маслаҳатларни берарди, унинг айтганларини бажарсам гўё суратларимга жон киргандек маъно пайдо бўларди. Лекин мен аҳмоқ кўпинча қайсарлик қилардим. Расмларимдаги ҳар бир чизиқ фақат «меники» бўлишини хоҳлардим. Унинг тавсиялари ўринли бўлса ҳам фойдаланмасликка ҳаракат қилардим.
Ижодий меҳнатларимиз зое кетмади, чизган расмларимиз билан оромгоҳ кўргазмасида қатнашгандик, ғолиб бўлдик, мукофотлар олдик. Биринчи ўринни олганимиздан кейин эса дўстлигимиз янада мустаҳкамланди. Ёнма-ён ўтириб расм чизадиган бўлдик, ана шу дамларда нуқул баҳслашардик, бир фикрга келишимиз жуда қийин эди, аммо атрофдагилар билан баҳс-мунозара бўлса, Ира доим мени ҳимоя қиларди. Чизган расмларимни яхши тушунарди, мақтаса, руҳланиб кетардим ва янада кўпроқ чизишга ҳаракат қилардим...
* * *
– Узр, «Кириш сўзи»ни чўзиб юбордим...
– Ҳа. Айниқса, рус қизни жуда кўп мақтаб юбордингиз.
– Рашк қиляпсизми?.. Унда ҳикояни давом эттираман.
* * *
Ҳозир билмадим-у, аммо авваллари оромгоҳларда ёшлар учун дискотекалар уюштириларди (биз у вақтларда бу тадбирни «массовка» деб атардик). «Массовка»да Ира билан рақс тушиш менга ёқарди.
Кўпинча Ира дугонаси Наташа билан рақс тушарди, яъни бизни «кутишарди». Наташа чиройли, яхши қиз эди-ю, аммо жуда кўп гапирарди. «Биз» деганим эса мен ва ўртоғим Тўлқин – жуда шўх, безори, лекин юраги тоза, самимий бола эди. Иккимиз қийшайиб, тиржайишиб уларнинг ёнига борардик. «Сизлар билан рақс тушсак майлими?» – деб сўрасак, Наташа одатдагидек: «Уфф, опять вы, надоели оба!» – деб вайсарди. У Тўлқинни ёқтирса ҳам, таннозлик қилишни қўймасди.
Ира эса унинг акси эди, бир оғиз сўз айтмасди. Вальс бошланиши билан индамай қўлини елкамга қўярди, розилигини изҳор қиларди. Иккимиз мусиқа оҳангига мос аста рақс тушардик. Ўша пайтда вужудим осмонларга учиб кетаётгандек бўларди. Пастда эса денгиз чайқаларди. Биз осмонда учармидик ёки ана шу бепоён денгизда сузармидик, ҳозир аниқ хотирамда йўғ-у, лекин Наташа билан Тўлқин жинниларга қарашгандек бизни томоша қилишгани аниқ эсимда.
Авваллари жуфтлашиб рақсга тушишдан мақсад шунчаки қизларнинг белини ушлаш деб ўйлардим. Аммо Ира билан рақсга тушганимдан кейин билдим: мусиқа оҳанглари сирли ва сеҳрли эканини ҳамда қиз бола билан рақсга тушиш ўсмирга жуда катта завқ беришини... Хуллас, рақсдаги бундай тоза, ёқимли туйғуни ҳеч қачон, ҳеч қаерда ҳис қилмагандим.
* * *
– Афсус, бадиий асарларда бурилиш, яъни «перипетия» бўлганидек, бир куни буларнинг ҳаммасига чек қўйилди.
– Нимадир рўй бердими?
– Ҳа, мен унга хиёнат қилдим.
– Ишонгим келмаяпти: наҳот гўзал расмлар чизишдан завқ оладиган, мусиқа ва рақсдан баҳра ола биладиган одам ўз дўстига хиёнат қилса...
* * *
– Авваллари ҳайрон бўлардим: нега Ира билан ҳамма жойда биргамиз-у, лекин айнан кўлга борсак, у ғойиб бўлади деб. Ўзимча «Мендан уялса керак, ахир қизлар билан чўмилиб юрибди-ку», – деб ўйлардим ва кейинчалик бунга аҳамият бермай қўйгандим. Бунинг устига биз – ўғил болалар шўхроқ эмасмизми, сувга ҳаммадан аввал шўнғирдик, чўмилиш вақти тугамагунча ким ўзарга мусобақалашиб, кўлдан чиқмасдик. Шунинг учун Ирага аҳамият бермагандирман.
Лекин бир куни нега уни қирғоқда учратмаслигимни тушуниб қолдим...
Ўша куни мураббий интизомни бузганимиз учун бир неча дақиқа отрядимизни кўлга туширмади, қирғоқда, қуёш тиғида ҳаммамизни сафга турғазиб қўйиб, роса вайсади. Эски гапларни ковлади: «Қоидага риоя қилмаганларни жазолайман, кўлга, массовкага, кино ва бошқаларга рухсат бермайман». Мен бунақа гаплардан тез зерикаман. Қуёшдан кўзимни пана қилиб, атрофга аланг-жаланг назар ташлай бошладим. Шунда қизлар орасида турган Ирани биринчи марта яқиндан, чўмилиш кийимида кўрдим. Назаримда, Ира ўзини панага олиш учун Наташанинг орқасига ўтиб олгандек эди. «Нега уяляпти», – деб ҳайрон бўлдим. Сафдан олдинроққа чиқсам, у орқароққа, орқага тисарилсам, олдинроққа туриб оларди...
– Муҳаммадиев! Намунча чайқаласан, тўғри тур!
Мураббий менга танбеҳ бериб, кейин: «Яна бир бор огоҳлантираман: тартибни бузганларни жазолайман. Энди ҳамма сувга, чўмилишга», – деб буйруқ берди. Болалар сув ҳавзасига югуришди. Мен эса биринчи марта кўлга шўнғишга эмас, Ира тарафга юрдим. Унинг ёнидан шошиб ўтаётган болалар Ирани туртиб ўтишаркан, у бироз мувозанатини йўқотди ва ўзини тутиб олиш учун олдинга бир қадам ташлади. Шунда мен унинг ўнг оёғи панжасида иккита бармоғи йўқ эканини кўриб қолдим ва жойимда тақа-тақ тўхтаб қолдим.
Ира бу ҳолатни сезди, бир муддат менга қараб турди. (Ўшанда биринчи бор унинг юзини жиддий ҳолатда кўрдим.) Лекин гапирмади, ёнига келишимни бироз кутди. Кейин аста-секин юриб, кўлга тушди-да, сузиб кетди. Унинг вазмин хатти-ҳаракатини кузатиб, Ира бундай ҳолатни биринчи бор бошидан кечирмаётганини тушундим. Ва бир лаҳзада унинг нега ёзда ҳам туфли кийиб юришини, кўлга келганимизда эса нега ёнимда ҳечам пойабзалини ечмаслигини ёки мендан узоқроқ юришини тушуниб етдим.
Мураббий ҳайрон бўлиб менга қараб деди: «Муҳаммадиев, нима бўлди? Ўзингни ёмон ҳис қиляпсанми?» Шунда ўзимга келдим. «Ҳа, кўнглим беҳузур бўляпти», – дедим-да, сояроқ жойга бориб ўтирдим.
Ана шу ҳолатда унга хиёнат қилдим: мен аҳмоқ нега тўхтаб қолдим, нега ёнига бормадим, нега ҳеч нарса кўрмагандек гапириб кетавермадим, ҳайронман. Ҳозир ўша ҳолатимни эсласам, ўзимни ёмон кўриб кетаман...
* * *
– Бунинг нимаси хиёнат, ахир сиз ўсмир бола эдингиз, кўп нарсани тушунмасдингиз...
– Йўқ. Мен ўшанда қўрқоқлик қилдим. Кўл бўйида тўрсайиб, уни хижолат қилганим етмаганидек (майли, бу кутилмаган ҳолат эди), массовкада ҳам у билан рақсга тушмадим. У билан расм чизмай қўйдим. Умуман ҳамма жойда ундан ўзимни олиб қочадиган бўлиб қолдим.
Лекин нимадан қўрқдим, аниқ билмайман. Балки, болаларнинг «Сен билан юрган қизнинг оёғида иккита бармоғи йўқ», – деб калака қилишларидан чўчидимми? Ёки... ёки ногирон эканидан ҳазар қилдимми? (Эй Худо, шунчалик аҳмоқ эканман ўшанда...)
Аксинча, унга янада яқинлашиш, яхши гапириб дўслигимизни мустаҳкамлаш ўрнига, ундан қочдим. Унга кўринмасликка ҳаракат қилдим. Расм ҳам чизмай қўйдим, чизганларим ўзимга ёқмасди: на маъно, на завқ бор эди.
Бир-икки кундан кейин рақс майдонида унинг кўзларига фақат бир бор боқдим (сўнгги марта – буни кейинчалик билдим). Кузатаётганини сезиб, узоқроқдан унга қарадим, доим кулиб турадиган кўзлари қайғули эди, «Дўстлигимиз тугадими» дегандек қаради. Шартта бурилиб кетдим: менимча, бу «Ҳа» деганим эди... Шундан кейин шўх болаларга қўшилиб атайин тартиб-интизомни буза бошладим. Зора, мураббий массовкага чиқишимга рухсат бермай қўйса, жазоласа, дердим. Шундай бўлди ҳам, кино ва массовкага чиқишни ман этишди...
Бир куни оромгоҳ маъмурияти менга ўхшаб ёзда туғилган болаларга байрам ўтказишди. Тантанали безатилган ошхонада олмали пирог ва лимонад билан меҳмон қилишди, мусиқали томошалар кўрсатишди, раҳбарларимиз табриклашди.
Барча билан кайфим чоғдек, саллоланиб ўтирган бўлсам-да, лекин негадир ўша куни ўзимни ёлғиз ҳис қилдим. Ёнимда Ира бўлишини, туғилган куним билан табриклашини жуда-жуда истадим.
Балким шунинг учундир тадбирдан чиқдим-у, ата-йин қизлар яшайдиган уйчалар ёнидан ўтдим ва Наташа билан учрашиб қолдим:
– Уни уйига олиб кетишди, – деди у.
– Кимни? Нега? – сўрадим мен.
– Ирани. У бетоб бўлиб қолди. Якшанба куни эса ота-онаси келганди, аҳволини кўриб олиб кетишди.
Негадир баданимдан муздек тер чиқиб кетди:
– Ира сенга манзилини бердими?
– Йўқ. Ҳеч кимга бермади. Ҳатто менга ҳам...
Оромгоҳда ўзига хос удум бор эди: яқин дўстлар хат ёзишиб туриш учун бир-бирига уй манзилини беришарди, Ира эса ҳатто Наташага ҳам манзилини бермагани мени ҳайрон қолдирди.
Ира нега бундай қилганини ўйлаб, оромгоҳнинг энг юқорисида жойлашган, иккимиз ўтириб, соатлаб орзуларимиз ва режаларимиз ҳақида суҳбатлашган, атрофдаги табиатни томоша қилган узун тахта ўриндиғимиз ёнига бордим. Унга ўтириб, ботаётган қуёшга қарадим. Гўё кун ҳам тўхтаб, бироз менга қараб турди-да, кейин чуқур хўрсиниб, шоша-пиша баланд тоғлар ортига яширинди. Аммо унинг қиличдек ўткир нурлари кўм-кўк осмондаги паға-паға оппоқ булутлар бағрини ҳамон тиғлаб турарди...
Скамейкада қанча вақт ўтирганимни билмайман, аммо Ира нега манзилини қолдирмаганини тушуниб етдим ва катта хато қилганимни ҳис қилдим. Ва бу хато бир умр дилимда доғ бўлиб қолди.
* * *
– Кўп сиқилманг, энг муҳими хато эканини тушунибсиз-ку. Демак, бошқа хиёнат қилмайсиз?
– Юқорида айтдим-ку, кўп хиёнат қилганман деб... Улар учун ҳам жазо олганман. Ҳатто ҳозир ҳам қўрқаман, навбатдаги хатолар кутиб турмаганмикан деб.
Ожизлик қилиб, хиёнат қилишдан ҳамон қўрқаман...
2010 йил
«СОТҚИН»
Уйга келсам ҳеч ким йўқ, фақат опам китоб ўқиб ўтирибди. Сўппайиб хонасига кирдим:
– Опа, ишкал қилиб қўйдим, – дедим дардимни тўкиб-сочгим келиб.
Опам эса китобдан кўзини узмай савол берди:
– Яна нима бўлди?
– Нима бўларди... Сиз «Ёлғон гапирма, доим рост сўзла», – дердингиз. Ана оқибати!.. Бугун рост гапириб сотқинга айландим!..
– Кимни сотдинг?
– «Кимни сотдинг?» Ана, сиз ҳам нима бўлганини билмай туриб, «сотдинг» деяпсиз... – дедим астойдил хафа бўлиб.
Роса чарчаган эканман, ўзимни беҳол юмшоқ ўриндиққа ташладим.
Опам китобини столга қўйиб, мен томонга ўгирилди. У мени камдан-кам эшитарди. Лекин китобини четга суриб қарадими, демак, бўлган воқеани гапириб беришим керак.
* * *
Бугун адабиёт ўқитувчимиз келмади, касал экан.
Синфимизда иккита барзанги бор: Қаҳҳор билан Фахриддин (шуларга Худо бўйдан берган-у, лекин ақлдан зиғирча бермаган), Лайло опани «Лалапа» деб чақиришади. Келмаган ўқитувчини эса «иккичи» деб олқишлашади. Хуллас, шу иккови дарс бўлмаслигини эшитиб, «Лалапа – иккичи, Лалапа – иккичи», – деб шовқин солишганди, Дилфузанинг жаҳли чиқиб, ҳаммамизни мактаб ҳовлисига ҳайдади...
Дилфузами?.. Ким бўларди, синфимиз сардори-да, Қодирова. Сизнинг синфингизда ўқиган Зоҳид аканинг синглиси. Калласи зўр, алгебрани «синдириб» қўяди-ю, лекин жуда қайсар қиз...
Хуллас, ҳовлига чиқдик.
Ҳовлида катта ўрик бор-у, ўша роса гуллаган экан. Дарахтнинг соясида гурунглашиб тургандик, келиб-келиб шу пайтда Собир олифта тўп тепа бошласа бўладими. Ахир тўп тепади-да, ҳаммани ўзига қаратиши, адаси Германиядан олиб келган спорт кийимларини, айниқса, «Адидас» кроссовкаси билан мақтаниши керак-ку қизлар ёнида...
Бир маҳал у тўпни шунақанги қаттиқ тепдики, тўп кимнингдир бошидан «рикошет» бўлиб, учиб бориб деразага урилди. Ойна даранг-дурунг синиб, ерда чил-чил бўлди. Яхшиямки, дераза тагида ҳеч ким йўқ экан, бўлмаса, фалокат рўй бериши мумкин эди.
Синфдошларим жим бўлиб қолишди. Бир маҳал ойна синган деразадан кимнинг боши кўринди, биласизми?.. Топдингиз! Директоримиз ўринбосари – Фарида опанинг боши! У «Ҳамма жойида турсин!..» – деди-ю, икки дақиқада ёнимизда пайдо бўлди.
Яхши биласиз, Фарида опа савол бераётганда худди гестапочига ўхшаб кетади:
– Нечанчи синф?..
Дилфуза эса гўё «SS» маҳкамасида ғоз туриб жавоб бераётган Йоган Вайсга ўхшаб жавоб бера бошлади:
– 9-«Б», группенфюрер!
– Нимага дарс пайтида ҳовлида юрибсизлар?
– Адабиёт ўқитувчимиз келмади, группенфюрер.
– Адабиёт ўқитувчиси нега келмади?..
– Касал экан, группенфюрер.
– Ойнани ким синдирди?..
Афсуски, асосий савол берилганда Йоган Вайснинг, э-э, кечирасиз, Дилфузанинг овози ўчди-қолди.
«Группенфюрер» унга чимирилиб қаради:
– Ойнани ким синдирди?
Дилфуза эса жим, гўё партизан. Шунда синфдошларим ҳам негадир Дилфузага ўхшаб ерга қараб олишди.
Уларнинг бундай ҳолатда жим туришлиги ғашимга тегди: «Нега индашмаяпти, рост гапириб қўя қолишса бўлмайдими?» – деб ўйладим.
Фарида опанинг эса зардаси қайнади:
– Талқон ютганмисанлар? Гапирларинг, ким ойнани синдирди?
«Биз йигитлар-ку майли, Собирдан қўрқамиз, – ўйладим мен. – Лекин қизлар нега жим? Пашшадек воқеаларни филдек ишириб доим устозларга чақадиган қизлардан товуш чиқмаса?.. Дилфуза Собирни яхши кўради, шунинг учун уни тушунса бўлади. Лекин қолган қизлар-чи?.. Наҳотки улар ҳам Собирни ёқтиришса...»
Фарида опа Дилфузадан жавоб ололмагач, синфимиз фаоли – Гулбаҳорни «тергов» қила бошлади:
– Хўш, Қосимова, балки, сен айтарсан нима бўлганини?..
Гулбаҳор – Дилфузанинг яқин дугонаси. Бир нима дейишдан аввал, албатта, Дилфузага қараб оларди. Бу сафар ҳам шундай бўлди – у Дилфузага бир қараб олди-да, ўйланиб қолди. Кейин намойишкорона юриб бориб дугонасининг ёнига туриб олди, гўё «Дилфуза – дугонам! Шунинг учун ҳеч нарса айтмайман!» дегандек.
«Оббо, шу етишмай турганди, – энсам қотди менинг, – келиб-келиб шу пайтда садоқатли дўст эканини изҳор қилиши шарт бўлмай ўлсин...»
– Синф фаоли бўла туриб, жавоб беришни истамайсанми?.. Майли, сен билан кейин гаплашаман... Хўш, Қодирова, ўйлаб кўрдингми, балки, айтарсан?
Дилфуза бу сафар ерга қарамади, осмонга қараб булутларни томоша қила бошлади.
«Тамом, – ўйладим мен, – Дилфуза билан Гулбаҳор айтмадими, демак, бошқалар ҳам чурқ этишмайди, «зомби»лар».
Шу пайт ичимдаги овоз: «Ўзинг-чи? Ўзинг нега жим турибсан? Мард бўлсанг, «Ойнани Собир синдирди!» – деб баралла айт...» – дерди.
Собирга қарадим, у қизлар орасида қийшанғлаб турарди. Айбини тан олиб, қизларни хижолатдан қутқариш ўрнига, тиржайиб турибди, ярамас!..
Фарида опа бурилиб энди кетмоқчи эди, мен:
– Ойнани Собир синдирди! – деб юбордим.
Ҳаяжонланганимдан овозим бироз титраб чиқди-ю, лекин дарров ўзимни қўлга олдим: «Коптокни зарб билан тепганди, ойнага тегди. Бор гап – шу!..»
Дилфуза ялт этиб менга қаради.
Фарида опа ўгирилиб бир менга, бир синфдошларимга, кейин қизлар орасида бошини эгиб турган Собирга қаради:
– Қани, Ваҳобов, ўғри мушукка ўхшаб яширинмай, олдинга чиқ. Қилғилиқни қилиб, қизлар орасида яшириниб туришга уялмайсанми?
– Уяламан, Фарида опа, – деди Собир қўлидаги тўпни шеригига бериб, олдинга чиқаркан (менга мушт ўқталишга ҳам улгурди). – Шунчаки ўртоқларимни синаб кўрмоқчи эдим, ким сотаркан деб...
– Унда директорнинг хонасига кетдик, ўша ерда сенга қандай жазо беришни ҳам ўйлаб кўрамиз...
– Ота-онамни ҳам чақирасизми?
– Албатта, уларсиз чора кўриб бўладими...
«Эҳ, Қанийди Собирни мактабдан ҳайдашса, зўр бўларди-да!» – деб ўйладим ўзимча.
– Хўш, кейин нима бўлди?
Опамнинг овоз оҳангидан сездимки, масала анча жиддий. Наҳотки у ҳам мени қораласа. Ахир мен унинг қўллаб-қувватлашини кутгандим-ку...
– Нима бўларди... Фарида опа билан Собир мактабга кириб кетишди.
Улар кетиши билан Дилфуза шартта менга қараб:
– Сотқин экансан! – деди-да, жаҳл қилиб бурилиб кетди.
У «Сотқин экансан!» – деганда худди юзимга кимдир шапалоқ тортиб юборгандек ғалати бўлиб кетдим. Қолганлар ҳам бирин-кетин худди жиноятчига қарашгандек менга ўқрайиб боқиб, тарқала бошлашди.
Қарасам Шокир ҳам кетяпти. У дарахт шохига осиб қўйган портфелини ола туриб, «Яхши иш қилмадинг, Санжар» – деса бўладими. Жаҳлим чиқиб кеди:
– Нима?! Сен ҳам мени айблаяпсанми? Мактаб ойнасини синдирган одам яхши-ю, рост гапирган одам ёмонми?
– Собирни ҳимоя қилаётганим йўқ. Лекин сен ҳам тўғри иш қилмадинг... 9 йил бирга ўқидик. Қийин вазиятларда бир-биримизга ишонишимиз, ёрдам беришимиз керак. Сен бўлсанг ҳамма сир сақлаб турган пайтда жамоа аъзосини сотдинг.
– Нима?! Сотдинг?! Ҳозир тумшуғингга бир тушираман, жамоа ботаник аъзосидан айрилади!.. Жинни-пиннимисан, Шокир? Мен сотганим йўқ, рост гапирдим холос. Ҳамма Собирдан қўрқиб айтолмаган ҳақиқатни айтдим.
– Йўқ, Санжар, сен унга ҳасад қиласан, шунинг учун вазиятдан фойдаландинг. Собирнинг жазоланишини хоҳладинг.
Шокирнинг гапидан ҳангу манг бўлиб қолдим. Асабларим шу қадар таранглашдики, ўзимни босиб туришга кучим қолмади:
– Тўғри, жазоланишини хоҳладим, – деб бақириб юбордим ва Шокирни уриб юборишимга сал қолди. Агар ёнимда Гулбаҳор бўлмаганда, балки, уриб юборардим ҳам.
– Хўш, ўзинг-чи? Айтган сўзларингга амал қиляпсанми? Энг яқин дўстингни қўллаб-қувватлаш ўрнига, «вазиятдан фойдаланиб» юз ўгиряпсан-ку!..
Шокир авзойимни кўриб чўчиб кетди. Кўпинча баҳс-мунозараларда асабийлашсам, у ортиқча гапирмасди. Ҳозир ҳам ранги қув ўчиб, жим бўлиб қолди. Бахтига қўнғироқ чилинди-ю, жуфтакни ростлади.
Ўрик тагида Гулбаҳор иккимиз қолдик. Гулбаҳор билан муносабатимиз яхши, лекин негадир жуда кам гаплашамиз. Кўпинча деворий газета чиқариш керак бўлса, ёрдам сўрарди, йўқ деёлмасдим, ёнма-ён ўтириб расм чизиш, матн кўчириш ёқимли эди-да...
– Гулбаҳор, нега жимсан?.. Нима мен... ростдан ҳам сотқинлик қилдим-ми?
– Санжар, биласанми... Ҳмм... Мен сени танқид қилмоқчи эмасман. Мен ҳам синфдошларимнинг хатоларини доим кўриб-сезиб юраман. Лекин ўқитувчиларга бу ҳақда ҳисобот бермайман. Аксинча, уларнинг камчиликларини яшириб, ютуқларини кўрсатишга ҳаракат қиламан.
– «Ичи қалтироқ» одамни «усти ялтироқ» қилиб кўрсатишга интилар экансан-да. Ахир биласан-ку бу кўзбўямачилик, ёлғон!
Гулбаҳор кескин гапларимга хафа бўлиш ўрнига, хотиржамгина жавоб берди:
– Ҳа, бу – ёлғон. Лекин мен ана шу ёлғонлар билан уларга ёрдам бераман.
Гулбаҳор устига тўкилган оппоқ япроқларни тап-тап қоқиб:
– Қўнғироқ чалинди, юр дарсга кирамиз, – деди-да, жавоб кутмай кета бошлади. Лекин жойимда турганимни сезиб, тўхтади. Ўгирилиб, саволомуз қаради:
– Нега турибсан? Юр!
У билан бирга кетишни жуда истасам-да, лекин:
– Боравер! Мен дарсга кирмайман! – дедим.
* * *
Опам ҳикоямни эшитиб бўлиб, анча ўйланиб қолди. Кейин ҳар доимгидек ўзига хос савол берди:
– Агар дўстларинг Гулбаҳор ёки Шокир мактаб ойнасини синдиришганда, уларни сотармидинг?
Опам гапга жуда уста-да, битта савол билан ҳар қандай одамни мот қила олади. Уларни сотмаслигимни билиб туриб, атайин шу саволни берганди.
– Сотмасдинг. Гапим тўғрими?.. Шокир тўғри гапирган, сенда ҳасад бор. Собир спортчи, яхши кийинади, аълочи бўлмаса ҳам қизлар уни ёқтиради... Шунинг учун уни кўролмайсан. Демак, Собирга нисбатан ҳасадинг туфайли «рост» гапиргансан, жазоланишини истагансан...
Нима дейишни билмай жим бўлиб қолдим. Опам бу гаплардан ичим оғриганини сезди:
– Нима демоқчи эканимини тушундингми?
Базўргина «тушундим» дедим-у, «Наҳот «рост» сўзим ҳасад билан боғлиқ бўлса» – деб ҳам ўйлаб қолдим.
Туриб кетмоқчи эдим, опам яна сўз қотди:
– Лекин синфдошларингга ўхшаб жим турмаганинг учун сендан фахрланаман! Ҳақиқатни айта олдинг! Бу эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Аммо унутма: ҳақ гап азобли бўлади. Унинг ёқимсиз юкини анча вақт елкада кўтариб юришга тўғри келади, тушундингми?
– Тушундим...
– Энди бор, дарсларингни қил.
Опам яна китобини қўлига олиб, мутолаасини давом эттирди. Мен эса опамни яхши кўриб кетдим. Ақли бозорда унинг. Ҳар қалай мени тушунди, ўз навбатида хатоларимни ҳам тушунтира олди, опажоним.
2018 йил
ТОШ ВА КИТОБ
(мистик ҳикоя)
Ўсмирлигимда бирон китобга қизиқиб қолсам, ўқиб тугатмагунимча қўлдан қўймасдим. Бу билан мен ўзимни мақтамоқчи эмасман, у вақтлар кўпчилик ёшлар китобга қизиқишарди. «Ўзбек халқ эртаклари» ва «Сариқ девни миниб»дан бошлаб, кейинчалик Ўткир Ҳошимов, Пиримқул Қодиров ва Абдулла Қодирий кабиларнинг қисса ва романларини ўқиб вояга етганмиз. Ёки «Том Сойер» ва «Робинзон Крузо»дан бошлаб, Жюль Верн, Жек Лондон ва Эрнест Хемингуэй кабиларнинг классик асарларини мутолаа қилардик ва қандай қилиб ашаддий китобхон бўлиб қолганимизни билмай қолардик...
Лекин бошқа китобхонлардан фарқим шунда эдики, китоб ўқисам, бир неча ҳафтагача ана шу асар таъсирида юрардим, хаёлан китоб қаҳрамонлари билан гаплашардим. Беихтиёр уларга тақлид ҳам қилардим...
* * *
Бир куни ўтирган жойимда китоб ўқиб-ўқиб ухлаб қолибман. Ва ана шу ўқиётган китобим таъсирида туш кўрибман...
Тушимда қишлоқ кўчаларининг бирида бошига бўрк, кулоҳ, салла, эгнига хирқа, яктак, тўн кийган одамлар «Шайтон! Шайтонни ур!» – деб дала томонга чопиб кетишаётган эмиш. Мен аввалига ҳайрон бўлиб турдим, кейин «Шайтон қанақа бўларкин?» – деб уларга эргашдим...
Бир маҳал қарасам: халойиқ тўпланаётган жойда бир эмас иккита «шайтонни», аниқроғи навқирон йигит билан чиройли қизчани кўкрагигача ерга кўмиб қўйишибди, тошбўрон қилиб жазолаш учун! Йигит нари борса 18-19 ёшларда, кўз-қошлари қоп-қора, соғлом, паҳлавон эди. У номусдан қип-қизариб кетган, лекин ўзига эмас, кўпроқ ёнидаги қизга ачинаётгани сезилиб турарди. Шунинг учунми, негадир йигитни ҳеч шайтонга ўхшатолмадим...
Қиз эса йигитдан бир-икки ёш кичикроқ, кўҳликкина экан. Айтиш жоиз, сулув қиз юракларни «жиз» эттирадиган даражада жуда чиройли эди. Бечора нуқул мўлтираб, «Бир-биримизни севганимиз шунчалик оғир гуноҳми?..» дегандек йигитга қарар, лекин у ҳам ўзига эмас, кўпроқ йигитга ачиниб қараётгандек эди. Шунинг учун ожизани ҳам шайтонга ўхшата олмадим.
Балки, ҳақиқий шайтонни кўрмаётгандирман деб, ҳар эҳтимолга қарши атрофга қараб қўйдим...
Узуқ-юлуқ гаплардан билдимки қиз бир йил аввал амалдор, бой одамнинг ўғлига унаштирилган экан. Лекин «шарманда» қиз оддий бир деҳқон йигитга кўнгил қўйган экан. Деҳқон йигитнинг «қўли калта» экан, камбағал оиладан бўлгани учун қизни пинҳона севиш у ёқда турсин, ҳатто у ҳақда ўйлашга ҳам ҳаққи йўқ экан, лекин «аблаҳ йигит» ҳеч кимга билдирмай қиз билан дон олишиб юрган экан!..
Кеча эса икков ёш, йўқ, ёшлар эмас, «шайтонлар» ўзаро келишиб, ўзга юртларга қочиб кетишмоқчи бўлишган эмиш. Афсуски, э, йўқ... «Яхшиямки», амалдорнинг хуфиялари бу режадан воқиф бўлишибди ва тезда хўжайинни огоҳ этишибди. Амалдорнинг ўғли эса «бу манфур хабарни» эшитиб, ғоят ғазабланибди. Ва «Ота-боболаримиз удумини оёқости қилганларни жазолаш керак!» – деб талаб қилиб чиқибди...
Бир пайт одамлар орасидан эгнига зарбоф тўн кийган, бошига салла ўраган салобатли бир одам ўртага чиқиб қўлига тош олди ва:
– Халойиқ, Худодан қўрқмаган бу осий бандаларни, биз муслимларни шарманда қилган шайтонларни айбига яраша жазолаш керак! – деди.
Атрофдагилар, айниқса, ёнимда турган ялангоёқ савдойи одам хурсанд ҳолда:
– Ҳа! Гуноҳкорларни жазолаш керак! – деб қичқирди ва у ҳам қўлига тош олди. Савдойи одам менга тиржайиб қараганда қўрққанимдан ҳамма қатори тошлардан бирини олдим.
Шу пайт зарбоф тўндаги одам: «Халойиқ! Ражм! Шайтонларни тошбўрон қил!» – деб бақириб юборди. У ва у каби атрофдагилар «гуноҳкор» ёшларнинг бошини мўлжаллаб тош ота бошлашди...
Шундагина йигит билан қизни нега ерга кўмиб қўйишганини тушундим. Улар қўллари билан ўзларини тўса олмасликлари учун юз-кўзига зарб билан урилган тошлар ва бунинг оқибатида жароҳатлардан отилиб чиқаётган қон аниқ кўриниб туриши учун экан!
«Халойиқ»нинг, аниқроғи бу томошани уюштирганларнинг мудҳиш ниятини англаб ҳамда уларнинг манқуртларча тош отишаётганини кўриб, даҳшатга тушиб кетдим.
Йигит билан қиз юз-кўзига тарс-турс тегаётган тошлар азобидан, оғриқлардан дод солар, ялинишар, аммо уларнинг мунгли овозлари одамларнинг умумий шовқинида кўмилиб кетарди. Бироқ, шунда ҳам, севишганлар тақдирга тан бериб, йиғлаб-йиғлаб, бир-бирига «Алвидо, жоним!» – деб хайрлашганини аниқ эшитдим...
Бир маҳал савдойи одамнинг отган тоши қизнинг кўзига зарб билан тегиб, кўз олмаси оқиб тушди.
Юзи тиртиқ бир барзанги эса совуққонлик билан катта тошни боши узра кўтарди-да, қизнинг титраб турган бошига қарсиллатиб солди. Шунда қиз бежон эгилиб қолди.
Буни кўриб йигит «Дод!» – деб қичқириб юборди ва жон-жаҳди билан бақириб атрофдагиларни лаънатлади.
Яна бир ёлланган киши, ташқи кўриниш худди жиноятчига ўхшаш, кўзлари бемаъно, хунуккина одам ҳам барзангининг «ишини» такрорлади: каттароқ харсангни олиб, қарғаётган йигитнинг бошига зарб билан урганди, бўйни синиб, яна бир зарбадан кейин боши мажақланиб кетди...
Шу билан «шайтонлар»нинг овози ҳам ўчди, улардан кейин оломоннинг шовқини ҳам тинди...
Мен эса тошни ҳамон қўлимда маҳкам ушлаганча ҳайкалдек қотиб турардим, ҳатто кўзларимдан қайноқ-қайноқ ёшлар оқаётганини сезмасдим. Аламзада одамларнинг ҳайвондан фарқи қолмаслигини кўриб, ҳам уларнинг бу қадар онгсизлигига, ҳам бир-бирини чин дилдан севган ёшларнинг нобуд бўлганига ачинардим.
Ёнимда ўралашиб юрган савдойи одам «иродасизлик» қилганимни сезди, қўлимдаги тошга қараб:
– Нега уларга тош отмадинг, – деб сўради.
Асабларим таранглашиб тўлиб тургандим шекилли, тошни ерга қарс этиб ташлаб:
– Сен-чи, аблаҳ! Нега уларга тош отдинг? Шахсан сенга нима ёмонлик қилишганди? – деб қичқириб юбордим.
Савдойи одам менга шубҳаланиб қаради. Кейин югуриб бориб, зарбоф тўндаги кишининг қулоғига бир нималарни пичирлади. Зарбоф тўндаги ялт этиб менга қаради, кийимларимни кўздан кечириб, «Шайтонларнинг дўсти бўлса керак!» – деди. Ва бояги юзи чандиқ барзанги билан турқи совуқ одамни ёнига имлаб чақирди. Кейин улар қўлларига катта-катта тошлар олиб, мен томонга бостириб кела бошлашди.
Шунда мен ҳам боя ерга ташлаб юборган тошимни қайта қўлимга олдим.
Олдим-у... чўчиб уйғониб кетдим.
* * *
Уйғониб қарасам, терлаб-пишиб кетибман, кийимларим ҳўл... Худога шукр: кўрганим туш экан!.. Қўлимда эса тош... Ээ, узр, китоб!
Бир томони – бари туш эканидан, ҳатто тушимда ҳам барчага кўр-кўрона эргашиб йигит билан қизга тош отмаганимга хурсанд бўлсам, иккинчи томони – севишганларнинг бундай тарзда нобуд бўлишганига роса ачиндим.
Хуллас, бу туш юрагимга тошдек ботиб, руҳиятимга қаттиқ таъсир қилганди...
«Демак, – мулоҳаза қилдим ўзимча, – одам қанчалик оми ва содда бўлса, ўзи хоҳламаган тарзда, аниқроғи ўзи тушунмаган ҳолда шунчалик тубан ва қабиҳ ишларни қилиши мумкин экан. Саводли ва кенг дунёқарашга эга кишигина адашган одамларга эргашмайди! Ўзи танимаган, билмаган кишиларга бесабаб тош отмайди! Сабаб бўлса ҳам отмайди!..»
Ўшандан бери одамларни муҳокама қилмасликка интиламан. «Худо бор! Керак бўлса, Унинг Ўзи ҳал қилади, ўзаро вужудга келган муаммоларни», – деб мушоҳада юритадиган бўлдим. Энг муҳими мушоҳада юритиш сабабчиси, мулоҳаза асоси, фикр манбаи китоблар эканини ҳам тушундим.
2024 йил, 19 май
НАФАҚА ПУЛИ
Кўп ўйлаб ўтирмай шартта савол бердим:
– Тамара опа, Лариска нега доим асабийлашади?
Тамара опа пулларни санар экан деди:
– Уни Лариска эмас, Лариса Ивановна деб ата, сендан ёши анча катта...
– Хўп. Лариса Ивановна нега доим қовоғи солиқ юради?
– Негалигини кейин гапириб бераман, ҳозир эса манави рўйхатларни тахла...
Саволимга жавоб ололмаганим учун жаҳлим чиқди ва катта столдаги бир талай қоғозларни атайин шарақлатиб манзиллар бўйича тахлай бошладим...
Тамара опа – почтамизда бўлим бошлиғи. Хунукроқ бўлса ҳам жуда яхши аёл, меҳрибон. Нотўғри иш қилиб қўйсам ҳеч уришмайди, аксинча, эринмай хатоларимни тушунтиради. Газеталарни манзил бўйича ажратиб, рақамлаётганимда бошқалардан ортда қолсам, кўпинча ёрдам беради.
Бўлимимиздаги энг тажрибали почтачи – Лариска эса (почтадаги аёллар уни шундай деб чақиришарди) Тамара опанинг бутунлай акси: қадди қомати келишган гўзал аёл-у, лекин жуда жаҳлдор, жанжалкаш, сал хато қилсам дарров танбеҳ беради. Унинг айтишича, мен газеталарни вақтида тарқатмас эмишман, одамлар кутиб қолишармиш.
Кимдир газетасини 15–20 дақиқа кечроқ олган бўлса, олгандир. Шунга шунча ғалвами, ҳайронман. Арзимаган нарса учун доим тўполон қилиш шартми?..
Яхшиямки Тамара опа бор, бўлмаса Лариска деганлари аллақачон мени ишдан ҳайдатиб юборган бўларди...
* * *
Бугун ойнинг биринчи шанбаси – нафақа тарқатиладиган кун.
Тамара опа ходимларга бирма-бир рўйхат билан пул бериб чиқди-да, ниҳоят, одам етишмаслигига кўзи етди шекилли, охирида менга ҳам иккита рўйхат билан нафақа пулларини берди. Ва қайта-қайта таъкидлади:
– Билиб қўй, Санжар, хонадонларда ичкарига кириш мумкин эмас. Йўлакда туриб аввал имзо чекдирасан, кейин пул берасан, тушундингми? Нафақа олувчидан пулни санаб олишини қатъий талаб қиласан. Агар сенга «хизмат ҳақи» берса, олиш мумкин эмас! Тушундингми?.. Санжар, сенга гапиряпман!
– Ҳамма гапингизни тушундим, Тамара опа. Пора беришса олмайман!
Тамара опа нафақа пулларини чарм халтамга яхшилаб жойлаб, елкамга осди: «Пулга эҳтиёт бўл! Энди жўна!» дегандек кўча томонга ишора қилди. Шунда бояги саволимни яна такрорладим:
– Тамара опа, айта қолинг, Лариска нега доим хафа бўлиб юради?
– Уфф... Санжар, яхши йигитсан-у, лекин жуда кўп савол берасан-да. Айтдим-ку, кейин тушунтириб бераман деб... Бор ишингни қил... Агар тушгача нафақани тарқатиб улгурмасанг, ўзингдан кўр, жазолайман!..
* * *
Йўлда ўйладим: «Жазолармиш. Тамара опа почтамиздаги энг кўнгли юмшоқ одам, барибир жазоламайди».
Қани топинг-чи, почтачилар учун энг зўр вазифа нима? Тополмадингизми? Унда ўзим айтаман: нафақа пулини тарқатиш!
Чунки хонадон эгалари «нафақа» деган сўзни эшитса, дарров ўзгариб қолади, хурсанд ҳолда, очиқ чеҳра билан кутиб олишади, раҳматлар айтишади, ҳатто мурабболи чой билан меҳмон қилишади. Иккинчидан, кексалар «хизмат ҳақи» – бир сўм пул беришади. «Олмайман» деб қўлини қайтарсангиз хафа бўлишади. Шунинг учун олишга «мажбурман».
Бугун «хизмат ҳақи» янада баракали бўлади шекилли, чунки Лариска бугун ишга келмади. Қозоғистонга, касал отасини кўргани кетибди. Шунинг учун унга тегишли нафақаларни ҳам Тамара опа менга топширди. Демак, кечгача 10 сўм тўплашим аниқ. Пенсионерлар билан эса бир неча марта мурабболи чой ичиб, ширинликлар ейишимни гапирмасам ҳам бўлади...
Сакраб юришимга эътибор берманг. Кайфиятим яхшилигида шунақа: эчкига ўхшаб диконглаб юраман ва чарм халтамни силаб: «Пуллар, пуллар!» – деб қўяман, ўзимча...
Агар хоҳласангиз ўзим ўйлаб топган тажрибаларимдан бўлишаман. Унда эшитинг!
Нафақа бераётганимда камзулимнинг ташқи кўк-рак чўнтагининг тугмачасини ечиб қўяман. Кейин рўйхатни қайта ўқиётган кишидек сал эгилиброқ тураман. Шунда пенсионерлар ҳаракатимдан мақсадимни тушуниб, «хизмат ҳақи»ни ўша чўнтагимга бехижолат солиб қўйишади...
Қалай, зўр ўйлаб топганман-а?
Яна бир тажриба: кексалар майда пул қидириб қолишмасин деб, йўлда, дўконларда йирик пулларни майдалатиб оламан. Нафақа бераётганимда эса йирик пул билан майда пуллар ҳам бераман, орасида албатта бир сўмлик ҳам бўлади. Шунда кексалар қийналиб қолишмайди, ўша майда пуллардан бирини, яъни бир сўмликни ўзимга қайтариб беришади...
Қалай? Зўр-а? Буни ҳам ўзим ўйлаб топганман!
Мана навбатдаги хонадонга ҳам етиб келдим.
Иккинчи қаватга кўтарилиб, қўнғироқ тугмасини дадил босдим, лекин эшикни анча вақтгача ҳеч ким очмади. Мен ҳам тугмачани қайта-қайта босавердим. Қари кишиларнинг яхши эшитмаслигини ва секин ҳаракат қилишини билиб қолганман-да...
Авваллари фақат кексалар нафақа олишади деб ўйлардим. Йўқ, ундай эмас экан, улардан ташқари кўп болали оналар, етимлар, ногиронлар, хизматда соғлиғини йўқотганлар ҳам давлатдан моддий ёрдам олишаркан. Уларнинг жамиятга қандай фойдаси бор, билмадим-у, лекин биз почтачиларга нафи тегиб туради.
Кўп болалилар ва етимлар камдан-кам бир сўм пул беришса ҳам, ҳеч бўлмаса чой ва мураббо билан меҳмон қилишади.
Ниҳоят, 37-рақамли эшик ортидан овоз келди:
– Ким?
– Мен почтачиман! Нафақани олиб келдим, – дедим одатдагидек.
Эшик шарақ-шуруқ очилди ва остонада хонадон эгаси пайдо бўлди. У бирор темир-терсакни тузатаётган бўлса керак, қўллари қора мой эди.
Мен «Салом» деб сурбетларча ичкарига кирдим ва:
– Фамилянгиз Егоровми? – деб сўрадим дадил.
– Ҳа, – жавоб берди у.
Мен бошқа гап айтмай ботинкамнинг боғичларини еча бошладим. Уй эгаси буни кўриб, «Марҳамат, киринг», – дейишга мажбур бўлди.
Йўлакдан ўтиб, меҳмонхонага кирдим. Чарм халта ва рўйхатни столга қўйдим:
– Имзо чекинг.
Келганимдан бери менга ҳайрон қараб турган хонадон эгаси «Ҳозир», – дедию, қўлларини ювиш учун хонадан чиқиб кетди.
Рўйхатдаги «Алексей Егоров» қаршисида «60 сўм» деган ёзувга яна бир бор қараб қўйдим. Халтадан бешта ўн сўмлик, беш сўм, уч сўм ва иккита бир сўмлик пулларни олиб, столга қўйдим.
Шунда ёнимда кимдир «Иҳҳ» деганди, чўчиб кетдим. Қарасам тўрида, деразадан кўча манзарасини томоша қилиш учун қулай қўйилган катта курсида ногирон бола ўтирган экан. У мени яхшироқ кўриш учун нуқул курсини мен томонга буришга ҳаракат қилар, лекин уддасидан чиқолмасди. Асабийлашганидан «Иҳҳ» деб товуш чиқарган экан.
Ногирон билан танишиб олиш учун курсини айланиб ўтиб қаршисида тўхтадим. Унинг оёқлари яхши ривожланмай қолганми, жуда ингичка ва калта эди. Елкалари кичик бўлгани учун боши катта кўринарди. Аммо кўм-кўк кўзлари чиройли ва маъноли эди. «Нафақа оладиган ўсмир шу экан-да», – деб ўйладим.
Ўсмир хаёлимдаги гапларни сезгандек ғамгин жилмайди ва мен томонга озғин қўлини узатди.
Мен эса худди касали юқиб қоладигандек қўрқа-писа унинг қўлини ушладим. Кафти иссиққина экан, маҳкам сиқиб қўйгандим, яна жилмайди. Аммо у кулганда ҳам ҳорғин кўзларидаги маъюслик кетмасди.
Бундай катта-катта, мовий кўзларни қаердадир кўргандек бўлдим.
Ногирон ўсмир жудаям мулоқот қилгиси келди шекилли, нимжон қўлларини базўр силкиб, нималардир деб ғулдиради. Кейин «менга жавоб берармикан» дегандек умид билан қаради. Унинг гапларини тушунмасам-да, ўзимча:
– Ҳа, яхшиман! Ишлаб юрибман! – дедим. – Исмимни сўраяпсанми? Исмим – Санжар...
Кейин орага сукут чўмиб, иккимиз ҳам бир-биримизга тикилиб қолдик.
Меҳмонхонага кириб келган уй соҳибининг дабдурустдан:
– Йигитча, у ерда нима қиляпсиз? – деган саволидан яна чўчиб кетдим. Лекин дарров ўзимни ўнглаб, ростини айтиб қўя қолдим:
– Ўғлингиз мени кўрмоқчи эди... Қулайроқ бўлсин деб рўпарасига келдим, – дедим.
Мезбонга яна ёқмадим шекилли, жаҳли чиқиб, каминага ҳам, ўғлига ҳам норози қараб қўйди. Кейин «Ҳай, майли. Тезроқ ишни битирайлик» дегандек қўл силкиб, рўйхатга имзо чекди. Столдан пулларни олиб санаб кўрди. Бир сўмликларни кўриб, мен ўйлаган «режани» тушунди. Шартта биттасини ажратиб, бироз дағалроқ оҳангда:
– «Хизмат ҳақи!» – деб очиқчасига узатди.
Мен эса доим «Раҳмат», – деб пулни оладиган одам, негадир шу тобда жаҳлим чиқиб кетди:
– Керак эмас! – дедим қўрсларча.
Лекин уй эгаси бу гал анча дадилроқ ҳаракат қилди:
– Йўқ, керак! Олинг! – деб пулни камзулимнинг кўк-рак чўнтагига мажбурлаб солди. Кейин йўлакка чиқиб кўча эшикни очди-да, кетишимга ишора қилди.
Йўлакда ботинкамни киярканман, ногирон ўсмирга яна бир бор қарадим. Боёқиш курсини биз томонга қаратиш учун анча ҳаракат қилиб толиққанди. Лекин шунда ҳам ингичка, заиф қўлларини базўр кўтариб, «Хайр», – дегандек силкиди.
У жилмайиб қараганда, ичимда нимадир узилиб кетгандек бўлди.
* * *
Эшик тарақлаб ёпилганда бояги кўтаринки кайфиятимдан нишон ҳам қолмаганди. Зинапоялардан аста-секин тушарканман, камзулим чўнтагидаги бир сўмлик пул гўё кўкрагимни куйдириб тургандек эди...
Шу пайт пастда кўча эшиги очилиб ёпилди. Кимдир тепага кўтарила бошлади. Қарасам, бир қўлида чемодан, бир қўлида катта сумка, қаршимдан Лариска кўтарилиб келарди.
У мени кўриб таққа тўхтади, юкларини ерга қўйди:
– Санжар?! Бу ерда нима қилиб юрибсан? – деб сўради.
– Нафақа тарқатиб юрибман... – дедим.
«Нафақа» деган сўзни эшитиб, Ларисканинг юзи оқарди:
– Нафақа? Ҳозир 37-хонадондаги Егоровга нафақа бердингми? – деб сўради.
Унинг мовий, чиройли кўзларига қараб, миям бирдан тез ишлаб кетди. Ахир Лариса Ивановнанинг фамилияси ҳам Егорова-ку. Демак, ўша оёқ-қўли шол, кўзлари маъюс ногирон унинг ўғли экан-да? Бояги киши эса унинг эри. Шунинг учун у «Нафақа олиб келдим», – деганимда ҳайрон бўлиб қараган экан-да. Бир сўм пул бераётганда киноя билан «Хизмат ҳақи», – дегани бежиз эмас экан-да...
– Санжар, сендан сўраяпман?
– Ҳа! Алексей Егоровга нафақа олиб келдим!.. Хўш, нима бўпти? – дедим негадир қизишиб.
Лекин Лариса Ивановна асабийлашмади. Аксинча, бироз жим турди-да, маъюс ҳолатда жавоб берди:
– Кейинги сафар нафақани уйимга олиб келишинг шарт эмас. Ишхонада ўзимга берсанг ҳам бўлади...
Шундай кейин нима дейишни билмай каловланиб қолдим ва биринчи марта Лариса Ивановнанинг кўзларига тик қарадим. Унинг кўм-кўк, чиройли кўзлари ногирон ўсмирнинг кўзларига жуда-жуда ўхшарди, қайғули ва маъюс эди.
– Хўп, – дедим ерга қараб, – тушундим.
Лариса Ивановна чуқур хўрсинди. Чемодан билан катта сумкасини қўлига олиб, зинадан тепага кўтарила бошлади...
Шундагина унинг нима учун доим хафа бўлиб юришини, иш вақтида мени ва бошқаларни доим шошилтиришини, танбеҳлар беришини, ишдан кейин эса ҳеч ким билан чақчақлашиб ўтирмай, тўғри уйга чопишининг сабабини англагандек бўлдим.
Унга раҳмим келиб кетди, ортидан тасалли берувчи сўзлар айтгим келарди-ю, лекин нима дейишни билмасдим, бор-йўғи:
– Лариса опа! Узр... Мен билмагандим, – дея олдим холос.
Ўша воқеадан кейин почтада яна икки йил ишладим. Газета ва журналлар кўпайиб кетгани учун Тамара опа Олег деган йигитни ва жуда чиройли қиз – Наташани ишга олди. Уларга ҳам ўз касбини сабр-тоқат билан ўргата бошлади.
Тажрибам ортдими, ё астойдил тиришиб ишлай бошладимми, хуллас, Лариса опа менга танбеҳ бермай қўйди. Лекин янги келган ёшларни ўша-ўша, одатдагидек аямай танқид қиларди. Ёшлар довдираб, газеталарни тахлашда адашса, Тамара опа Олегга, мен эса бўлимимиздаги энг ёш ходим – Наташага ёрдам берардим.
Институтга кирганимдан кейин почтадан кетишга мажбур бўлдим. Почтадагилар билан хайрлашаётганимда Тамара опа афсусланди, аммо одатдагидек жилмайиб, «Ҳеч бўлмаса шанба-якшанба кунлари келиб тур, Наташкага ёрдам берасан», – деб ҳазиллашди.
Тамара опага қойилман, Наташани кузатиб юришимни сезган экан.
Лариса опанинг қаршисига келиб, ҳамма қатори унга ҳам «Хайр», – дегандим, унинг кўзларида ёш пайдо бўлди. Мени маҳкам қучоқлаб, секингина:
– Хайр, Санжар, бахтли бўл! – деди...
Кейинчалик институтни битирдим, касбим бўйича ўттиз йилдан ортиқ ишладим. Лекин почтада ишлаган дамларимни, у ердаги ҳалол, меҳнаткаш хизматчиларни, Тамара опанинг меҳрибончилигини ва Лариса опанинг ўғлиникига ўхшаш кўм-кўк, маъюс кўзларини унутмадим, унута олмадим.
2018 йил
2-боб. ОЛТИН ДАВРИМ
Талабалик йилларини «Олтин давр» дейишади. Ҳақиқатан ҳам мен учун талабалик йилларим олтин давр бўлди. Ўйнадим, кулдим, шўхлик қилдим. Ҳам ҳаётий, ҳам назарий сабоқлар олдим.
САБО
(ғоясиз ҳикоя)
– Ёмғирнинг ёғишини қаранг!..
– Мана шундай куз ёмғирида доим бир воқеа эсимга тушади.
– Қанақа воқеа экан?
– Ёшлигимда... мактабдош қизни учрашувга чақиргандим...
* * *
Ўша пайтда институтга энди кирган пайтларим эди. Ота-онам ўқитувчи бўлишгани учун талаба бўлганимдан жуда фахрланишарди. Айниқса, онам «Ўғлим энди катта одам бўлди» деб, «ЦУМ»дан: «тройка» костюм-шим (Made in GDR), чарм «полусапожки» (Made in Hungaria), китоб-дафтар кўтариб юриш учун кейс-дипломат (Made in Czechoslovakia) олиб бергандилар. Мен эса шу заҳотиёқ олифталарнинг олифтасига айлангандим.
Ўзимни камида Ален Делондек ҳис қилардим...
Ана шундай таралла бедод кунларнинг бирида, троллейбусда Сабоҳатни кўриб қолдим (мактабда уни Сабо деб чақирардик). Ишга кетаётган экан...
Сабоҳат мактабимиздаги энг чиройли қиз эди. Унинг камон қоши, катта-катта қора кўзлари, узун киприклари юракларни жазиллатиб-жазиллатиб ташларди ўзиям. Қадди қоматини кўрсангиз табиатнинг ижодига қойил қолмай иложингиз йўқ эди. Ой кўрса – уяларди, кун кўрса – ҳавас қиларди...
Сабо бошқа синфда ўқигани учун уни кўпинча йўлакда ёки синфхоналарни алмашаётганимизда кўриб қолардим. Лекин унга бирон сўз айтиш у ёқда турсин, ҳатто ёнига боришга қўрқардим. Нега бунчалик қўрқардим, ўзим ҳам ҳайронман. Ахир қовоғини солмасди, доим кулиб қарарди, ҳол-аҳвол сўрарди: «Қалайсан? Яхшимисан?..» Мен эса, «Яхшиман!» – дердим-у, вақти зиқ одамдек ёнидан тез ўтиб кетардим.
Бирон ўқитувчи келмай қолса ва синфимиз уларнинг синфи билан «қўшилса», мен учун катта байрам эди. Чунки дарсда Сабоҳатни кузатиб ўтириш ва хаёл суриш мароқли эди. У менга боқса дарров девордаги «Менделеев жадвали»га қараб олардим. Гўё дунёдаги барча саволларнинг жавоби ана шу жадвалда ёзилгандек.
Сабо эса майин жилмаярди-да, яна аллақандай молекуланинг атоми нечта эканини ҳисоблашга киришиб кетарди.
Ҳайрон қолганим, Сабоҳат табиий гўзал бўлса ҳам, ҳеч қачон ўзини кўрсатишга интилмасди, аълочиликка даъво қилмасди...
– Сени кўриб, мактабдаги дамлар эсимга тушиб кетди, – дедим транспорт тиқилинч бўлса ҳам, амаллаб унинг ёнига ўтиб олгач.
Сабо аввал ҳайрон бўлиб менга қаради, кейин таниб, хурсанд бўлиб кетди:
– Вой, Санжар! Қалайсан? Яхшимисан?
– Салом, Сабо!
– Салом... Вой-бўў, жуда пўрим бўб кетибсан-ку. Сочинг меникидан ҳам узун-а. Ўзгарибсан. Ё менга шундай туюляптими?..
Ўша куни анча вақт суҳбатлашдик. Мен ўқишга, Сабоҳат ишга кеч қолсак ҳам уни ишхонасигача кузатиб қўйдим. Табиийки, йўлда мактабда бўлган воқеаларни эсладик. Битирганимизга атиги беш ой ўтган бўлса ҳам мактабни жуда соғинганимизни ҳис қилдик.
Хайрлашаётганимда Сабоҳатни учрашувга таклиф қилдим:
– Пайшанба куни институтда дискотека бўлади. Бирга борайлик...
Таклифимни эшитиб, унинг кўзлари негадир ғамгин бўлиб қолди:
– Биласан-ку, Санжар... Ишларим кўп.
– Илтимос, Сабо!
– Келолмасам керак...
– Келолмасанг ҳам, келсанг ҳам... – дедим, кетишга чоғланиб. – Сени Горький ҳайкали ёнида кутаман!
* * *
Горький ҳайкали (аниқроғи М. Горький майдони) қаердалигини яхши биласиз. У ерда одамлар тиним билмайди, ҳамма қаергадир шошади. Бекатларда автобус, трамвай ва троллейбуслардан юзлаб одамлар тушиб метро станциясига кириб кетишади. Метродан чиққанлар эса ҳозиргина бўшаган транспортларни яна тўлдириб, ғиз-ғиз юриб кетишади...
Ўша ерда Сабони деярли бир соат кутдим. Сабрим тугаб бораётган бўлса ҳам «Бирон сабаб туфайли ушланиб қолгандир, ҳозир келиб қолар», – деб ўзимни юпатардим...
«Ҳозир Сабо келса, салом бериб шартта бағримга босаман!» – деб ўйлардим ўзимча. «Ахир совқотиб кетдим-да», – дейман. Хафа бўлса, «Америкалик ҳиндулар совуқда ана шундай исинишар экан» – деб кулдиришга ҳаракат қиламан. Кейин институтимиз ёнидаги кафега олиб бораман. «Шинам жой экан!» – деса, «Эсингда йўқми, 1 май намойишига чиққанимизда шу ерда музқаймоқ ердик-ку», – дейман. Табиийки у: «Мен намойиш-
ларга чиқмасдим, отам қўймасди», – деса керак...
Кейин институтга борамиз. Аввал катта-катта расмлар осилган йўлакни, театр саҳнаси каби жиҳозланган аудиторияларни кўрсатаман, мақтанаман...
* * *
Орадан яна бир соат ўтди. Сабоҳат ҳамон келмасди...
Ўша даврлар Горький ҳайкали ортида, мармар деворига тилла ҳарфлар билан «Инсон номи мағрур жаранглайди!» – деб ёзилган кутубхона бор эди. Ана шу кутубхона деразаларидан бирига қарасам кутубхоначи аёл чой ичиб ўтирган экан, каминани кузатиб.
Шунда ичимда билинар-билинмас маҳзунлик пайдо бўлди. Ақлим хўрсиниб «У келмайди», – деса, қалбим сўнгги умидлар билан «Яна бироз кутайлик, балки, келиб қолар», – дерди... (Ҳайрон қолманг, менда шундай: ақлим ҳам, қалбим ҳам камина билан суҳбатлашаверади.)
Аксига олиб кун ботиши билан ёмғир томчилай бошлади. Умидим сўнган бўлса-да, аммо нимадир мени ушлаб турарди: завқми, орзуми, хаёлми... аниқ билмайман.
Шу пайт ортимдан таниш овоз эшитилди:
– Салом, Санжар!
Ўгирилиб қарасам, Сабоҳат!..
Оҳ, биласизми, уни кўриб шунақанги хурсанд бўлиб кетдимки, жилмайиб турган кўзларидан бошқа ҳеч нарса кўзимга кўринмасди. У шунақанги содда, лекин чиройли кийинганди, шунақанги камтарона, аммо ўзига яраша пардоз қилганди, «Қаршимда ростдан ҳам Сабоҳат турибдими ё осмондан тушган фариштами?» – дегандек унга ҳайрон бўлиб қарардим...
Ёнига бориб беихтиёр уни қучоқлаб олибман. Гўзал қиз буни кутмаганди шекилли, дув қизариб кетди:
– Санжар, одамлар қараяпти, – деса ҳаяжонланганимдан ҳиндуларни ҳам унутиб:
– Сабо, сени яхши кўраман! – деб юборибман.
Ўша пайтда Сабоҳатнинг пирпираб турган узун киприкларини, ҳайрон қолганидан пешонасигача кўтарилиб кетган қошларини, катта-катта кўзларини кўрсангиз эди...
* * *
Институтимиз яқинидаги кафеда одам кам экан, дераза қаршисига ўтириб олиб, ёмғирда чўмилаётган боғ манзарасини томоша қилганча қайноқ кофе ичдик. Сабо қанчалик содда бўлмасин, ҳар қандай шароитда ҳам ўзини қандай тутиш кераклигини яхши биларди. Ҳозир ҳам унинг бемалол ширинлик еб, самимий гаплашиб ўтирганини кўрган одам «Ўта мансабдор одамнинг эрка қизи бўлса керак», – деб ўйлаши мумкин эди...
Билгандим, сезгандим: мўъжазгина институтимиз, ўқув театри Сабога жуда ёқди:
– Шароит бўлганда, мен ҳам шу ерда ўқиган бўлардим, – деди ҳаваси келиб.
– Ҳалиям кеч эмас, кейинги йил имтиҳон топшир! Бирга ўқиймиз, – дедим.
– Ажойибсан-да, Санжар, ҳамма нарсани осон ҳал қиласан, – деди. – Айтганча, биз дискотекага келганмизми ё экскурсиягами?
– Юр!.. Мана ҳозир мазза қилиб рақсга тушамиз!
У даврлар шўх мусиқаларга рақс тушиш ҳозиргидек негатив муҳокама қилинмасди. Юрагида ўти бор ёшлар учун дискотека – оддий удум: кўнгилёзди тадбир эди холос.
Биз ҳам дискотека бўлаётган спортзалга кирибоқ машҳур гуруҳлар: «АББА», «Бони М», «Чингизхон» кабиларнинг мусиқаларига рақсга тушдик.
Сабоҳатга қойилман, атрофдагилар билан дарров чиқишиб кетди. Кайфияти кўтарилиб, шунақанги чиройли ўйнарди, санъаткорлар бизми ё уми, адаштириб юборардим. Гўё рақс уни ўзгартириб юборгандек, юрагидаги ғамларни ювиб ташлагандек эди.
Баъзи толиблар эса рақс тушиш ўрнига ҳавас билан бизни томоша қилишарди. Ўзим ҳам Сабонинг хушбичим қоматига қараб тўймасдим.
Айниқса, Жо Дассеннинг ўша пайтлар жуда машҳур бўлган («Сен бўлмаганингда...») қўшиғи янграганда ва биз жуфт рақс туша бошлаганимизда, Сабо бошини елкамга қўйиб, кўзларини юмиб олди...
* * *
Дискотекадан чиқиб, метро томонга эмас, негадир шаҳар боғи томон юриб кетдик. Боғда одам кам, сокин эди. Усти очиқ ёзги театрда тахта ўриндиқлар орасидан ўтиб, ярим айлана саҳнага кўтарилдик ва ўша ерда беихтиёр яна рақс туша бошладик. Гўё Жо Дассеннинг машҳур, бироз -амгин қўшиғи ҳамон юрагимизда янграётгандек: «Сен бўлмаганингда ҳаётнинг маъноси бўлармиди?..»
Мен аста Сабони бағримга босдим, ғунча лабидан эндигина бўса олмоқчи эдим...
Шу пайт кимдир «Ҳой, йигит, сизга нима бўлди?» – деса чўчиб кетибман. Қарасам ҳалиям Горький ҳайкали ёнида, ёмғир остида турган эканман. Кийимларим жиққа ҳўл, совуқдан дағ-дағ титрардим...
Қаршимда соябон кўтариб (боя кутубхонада чой ичиб ўтирган) аёл турарди, каминадан хавотир олган шекилли, ачиниб:
– Анчадан бери турибсиз, ахир шамоллаб қоласиз-ку, – деди.
Вужудимда қандайдир ёқимсиз, ўткир оғриқ пайдо бўлди. Атрофга аланглаб Сабоҳатни қидирдим:
– У қани?!. Ҳозиргина ёнимда турганди-ку!.. – дедим довдираб.
Аёл гўё ҳолатимни тушунгандек бироз жим турди, ниҳоят секингина:
– Уйингизга боринг, – деди.
Амаллаб ўзимни қўлга олдим, «Хўп, ҳозир кетаман...» – деганимдан сўнг аёл бошини сарак-сарак қилганча бекат томон юриб кетди.
* * *
– Тушунмай қолдим, Сабоҳат асли келмаганмиди?..
– Йўқ, келмаганди. Хаёлимда келди деб ўйлабман. Балки, унинг келишини жуда-жуда истаганим учун шу ҳолатга тушгандирман. (Бу илмий тилда аффектив иллюзия дейилади.)
– У қиздан роса хафа бўлгандирсиз?
– Йўқ, хафа бўлмаганман. Унинг онаси навбатдаги, менимча, олтинчи фарзандини туғаётганда вафот этганини, Сабо ёш укаларига якка ўзи қарашини, деярли ногирон отасига ёрдам бериш учун ишлаётганини билардим! Лекин... учрашувга келса, ҳеч бўлмаса бир кун ҳаётдан завқ олар, деб умид қилгандим.
Аммо ўзимдан хафа бўлганман: беташвиш, эрка ўғил эканимдан, болаларча эртакларга ишониб яшаганимдан, масъулиятсиз эканимдан... Қолаверса, ўша кундан кейин ўпкам шамоллаб онамни кўп ташвишга қўйганимдан хафа бўлганман.
Фақат кўп йиллар ўтиб, кейинчалик... орзу, хаёл, болаларча завқланиш асли бахт эканини англадим. Айниқса, Сабоҳатни кутган вақтимда ўзим билмаган ҳолда энг нозик, энг ширин туйғуларни ҳис қилган эканман. Ва бу ширин туйғулар бир умр эсдалик бўлиб қолди...
* * *
– Нима деб ўйлайсиз, шу воқеани ҳикоя қилиб ёзсам бўладими?
– Билмадим... Ростини айтсам, ғоя йўқ.
– Ғоя? Яна қанақа ғоя?
– Сиз ҳикоя дедингиз. Ҳикоя – бадиий асар ҳисобланади. Бадиий асарнинг эса ўзига хос талаблари бўлади: сабаб, кутилмаган воқеа, зиддият, мақсад ва бошқалар... Хўш, сизнинг ҳикоянгизда қанақа ғоя бор?
– Ҳмм... Билмадим... Ғоя йўқ шекилли.
– Ҳа, яшанг. Демак, бу ҳикоя эмас, туйғулар ҳақида хотира холос. Яна ўзингиз биласиз, ёзсангиз ёзаверинг...
– Нима ҳам дердим. Хотира бўлса, хотира бўла қолсин. Ғоясиз, лекин унутилмас хотира!..
2025 йил, 14 июль
ҚАТЪИЯТ
Буржим «Эгизаклар» бўлгани учун «ичимда» икки киши яшайди: бири – ҳалол, меҳнаткаш, қувноқ ва самимий бўлса, иккинчиси – дангаса, худбин, асабий ва одамови...
Улар доим ўзаро тортишади, баҳслашади... Иккови – икки дунё!
Қуйида уларнинг бир суҳбатини сизларга ҳавола этмоқчиман...
* * *
– Бу ўша гўзал қиз. Ёшлигимда юрагимни ёндирган... Суратига қара: жуда чиройли-а? Кўзларини чақнашини қара...
– Ээ... бу фотошоп-ку! Компьютерда ясалган.
– Йўқ! У ҳаётда ҳам чиройли эди. Жилмайишига бутун дунёни бериб юборган бўлардинг...
– Тушунмадим... У кулиб қараса, бутун дунёни бериб юбораманми?
– Ээ!.. Бу ифодалаш учун айтилган гап. Ибора...
– Ҳм... Хўш, у нима хоҳлаяпти? Телефонингда сурати қаердан пайдо бўлди?
– Фейсбукда дўст бўлиш учун менга сўров юборибди...
– Об-боо! Шу етишмай турганди!.. Тўғрисини айтсам, ўта гўзал қизларни ёқтирмайман. Ишкалнинг уяси улар...
– Наргиза билан институтда бирга ўқиганмиз. Уни шунақанги қаттиқ севардим, агар «Жонингни бер!» – деса, жонимга қўшиб, олийгоҳдаги ҳамма йигитларнинг жонини суғуриб берган бўлардим.
– Яхшиям демаган экан...
– Дарсларда унга тикилиб ўтирардим. У сезиб, ўгирилиб қарарди. Ўша пайтда шунақанги мулойим жилмаярди, эҳ... мен эса, гўё гуноҳ иш қилиб қўйган одамдек қизариб-бўзариб, ўзимни қаерга қўйишни билмай қолардим. Жудаям уятчан эдим-да... Ниҳоят, ўйлаб-ўйлаб бир қарорга келдим. Яқинроқ танишиб, унга севги изҳор қилишга аҳд қилдим.
Лекин билсам: дўстим Шоҳрух Наргизани «ўраб» бўлган экан...
– Нима қилган экан?
– Сенга фақат адабий тилда гапириш керакми? Бўлмаса тушунмайсан-а! Бир умр бирга бўлиш учун аҳду паймон қилиб бўлишган экан...
– Мана энди тушундим.
– Кейинчалик Шоҳрух Наргизага уйланди, лекин кўп ўтмай ажрашди...
– Ана сенга имконият! Эри йўқ экан, учрашувга таклиф эт! Ёшликни эслаб, маза қилиб юрасизлар...
– Илтимос, истеҳзоли оҳангда гапирма.
– Истеҳзоли оҳангда гапирганим йўқ! Доим қандай гапирсам, шундай гапиряпман!..
* * *
– Биринчи курсни битираётган пайтимиз. Май июнь ойлари ҳаво жуда иссиқ келди. Шунинг учун дўс-тим Шоҳрух билан китоб-дафтар, егулик олиб, шаҳар марказидаги энг машҳур канал, ўша вақтлар ёзда қирғоқлари жуда сўлим бўлган Анҳорга чўмилишга борардик, сувга бир-икки марта «калла» ташлаб чиқиб, толлар соясида имтиҳонга тайёрланардик...
Бир куни Шоҳрухни излаб Наргиза келди, оппоқ кўйлакда, оёқларида ҳам оқ туфли, бўйнида чиройли оқ тақинчоқ... Гўзал қиз гулдек очилиб кетганди. Айнан ўша пайтда Шоҳрух қаергадир – сувгами ёки музқаймоққами, хуллас, нимадир олиб келишга кетганди.
Қиз салом-аликдан кейин Шоҳруҳни сўради. «Ҳозир келади, дўконга кетганди», – деганимдан кейин сал нарига бориб, дўстимни кута бошлади.
Шу пайт қуёш унинг ортида бўлгани учун юпқа кийимидаги чиройли танаси яққол кўриниб кетди. Мен гўё тирик Афродитанинг қоматини кўргандек тахта бўлиб қолдим. Йўқ, тахта эмас, у пайтлар спорт билан шуғулланардим, бунинг устига «спарталиклар кийими»да бўлганим учун Қуёш маъбуди – Гелиосдан офтоб янада кўпроқ нур таратишини сўраб, ибодат қилаётган Аполлон ҳайкалига айлангандим.
Гўзал Афродита эса эс-ҳушидан айрилган «Аполлон»ни кўриб, кулиб юборди.
Оҳ!.. Бу қизнинг шаддод кулишини кўрсанг эди, чеҳраси янада чиройли бўлиб кетарди!
У толларнинг соясига ўтиб, ўтиришга қулайроқ жой излади. Мен буни сезиб, кийимларим орасидан ўша пайтда машҳур бўлган жинси шимимни олдим, ўтлар устига тахлаб, шимнинг устига ўтиришга таклиф этдим.
Узатган юшоқ, нафис қўлларини ушлаганимда, титраб турган бармоқларим жиз этиб куйди. Яқинроқ турганим боис чиройли турмакланган сочларидан уфураётган ёқимли ҳид бошимни айлантирди, юрагим эса шу қадар қаттиқ ура бошладики, ҳатто Наргиза ҳам буни сезди.
У: «Раҳмат! Жуда зийрак экансиз!» – деди. Мен эса:
– «Омадини» қўлдан бой берган одам бора-бора зийрак бўлиб қоларкан-да, – дедим.
Наргиза ялт этиб менга қаради. Ақлли бўлгани учун гапимни дарров тушунди. Жавобига Ботир Зокировнинг ўша вақтлар машҳур бўлган «Маро бибус» қўшиғини хиргойи қила бошлади.
– Қўшиқ эронча бўлса ҳам маъносини биламан, – дедим ва унинг ёнига ўтирдим.
Наргиза қизариб кетди, кейин «Нега Шоҳрухдан аввал ҳаракат қилмадинг?» – дегандек менга тикилиб қаради.
Жиддий бўлган пайтда катта-катта қора кўзлари янада гўзаллашиб кетаркан. Ёнгинамда, деярди бағримда бемалол, табиий ўтирган қизнинг ҳуснига маҳлиё бўлиб, бирдан унинг лабларидан, юзидан, томоғидан ўпгим келди. «Бошқа чидолмайман! Қизни ўпаман!» – деган фикр келди хаёлимга. Наргизага яқинроқ сурилиб, аста у томонга эгилдим, аммо юзим юзига тегар-тегмас тўхтаб қолдим...
Қиз қаршилик қилмасди, ажабланмасди ҳам. Ҳатто «Ўпмоқчимисан? Қани, ўпа қол!..» – дегандек, хотиржам ўтирарди.
Ўн саккиз ёшли йигитга хос эҳтиросларим тобора жунбишга келаётган бўлса ҳам, қандайдир куч бўса олишимга йўл қўймасди. Ҳис-туйғуларимга қарши чиқаётган ақлим: «Агар қизни ўпсанг, нафақат дўстингга, ҳатто ўзингга ҳам хиёнат қилган бўласан!» – деяётгандек эди.
Ўзим билан ўзим кураша бошладим, зид ҳислар, қарама-қарши ўй-фикрлар миямда айқаш-уйқаш бўлиб кетди. «Хиёнат қилма!» – деган ўгит қон-қонимга сингиб кетган экан, қизнинг руҳияти туйғуларим билан қоришиб кетганини сезиб турган бўлсам ҳам, ўполмадим. Ерни қаттиқ тирнадим, ҳатто бармоқларим қонади. Шундан кейингина бор иродамни тўплаб, ўрнимдан турдим...
Беихтиёр ўгирилиб, узоқдан воқеани кузатиб турган Шоҳрухга кўзим тушди... Дўстимнинг мансабдор одам қизига қандай ниятда уйланаётганини яхши билганим учунми, ё бошқа нарсагами, негадир шу тобда ундан нафратланиб кетдим...
Унинг Наргиза билан олифтагарчилик билан ўпишиб кўришишини кўрмаслик учун, аслида эса вужудимни ёндириб турган оловни ўчириш, қатъиятсизлик, ноқулайлик ва қўрқоқлик ҳиссидан тезроқ қутулиш, ичимдаги исённи босиш ва бошқа барча-барча азоблардан қутилиш мақсадида ўзимни анҳорга ташладим.
Ва бор кучим билан оқимга қарши суза бошладим. Сузавердим, сузавердим, сузавердим...
Аммо анҳор вазмин кўриниш бергани билан катта кучга эга экан, бироздан кейин бутунлай ҳолдан тойдирди, ўзига бўйсиндириб, узоқ-узоқларга оқизиб кетди.
Ўзимни тамомам оқимга қўйиб бердим. Қирғоқда қатор турган мажнунтоллар ачиниб, узун сочлари билан юзимни силай бошлашди. Шохлар орасидан баъзан лип-лип кўринаётган беғубор кўм-кўк осмонга қараб ётарканман, пок, зилол сув мени юпатишга уринаётганини ҳис қилардим... Гўё у «Сен ҳали кўп марта қарама-қаршиликларга дуч келасан, қийинчиликлар ҳам, яхши кунлар ҳам бўлади. Энг муҳими, қатъиятли бўл! Қалбинг тозалигини асра!» – дерди...
Шундан кейин Наргизани кўрмадим. Ўқишдан ҳам ҳафсалам пир бўлиб, ўз хоҳишим билан ҳарбий хизматга кетдим...
– Нега буни менга гапириб беряпсан?
– Чунки сен... эшитишни биласан, тушунасан...
– Йўқ тушунмайман!
– Илтимос, асабийлашма!
– Асабийлашаётганим йўқ! Уни ҳамон яхши кўришингни сезиб турибман. Фейсбукда у билан «дўст» бўлмоқчисан! Ва «Саҳифаларда» бир-бирингизга «лайк» ва «юракча» ҳисбелгиларини қўйишни бошлайсизлар...
– Мақсадга ўт.
– Гапимни бўлма!.. Кейин у саҳифасига, дейлик, эрон куйчиси Арашнинг «Қанотлари кесилган фаришта» қўшиғини қўяди. Сен бунга жавобан Сердар Ўртачнинг «Ёз ёмғири»ни қўясан... Гўёки унинг «кесилган қанотлари» учун «ёз ёмғиридек» кўзёш тўкасан. Ўзаро сирли суҳбатларингизни ҳеч ким билмаяпти, билса ҳам тушунмаяпти, деб ўйлайсизлар ва бундан завқланасизлар!..
Кейинчалик «Мессенжер»да муҳаббат ҳақида шеърлар, шунингдек, эрталаб – «чашка»дан буғ чиқиб турган кофе, кечқурун эса ой ва юлдузлар жилмайиб турган «GIF» тасвирларини юбориш бошланади...
Ниҳоят, Телеграм орқали ишхонангда гердайиб тушган суратингни юборасан, у эса ресторанда киборларча ўтирган фотосини юборади... Хуллас, «АВВА» гуруҳи куйлаганидек «Қиролича рақси» бошланади: «Биз энди биргамиз! Жоним!.. You can dance. You can jive...»
– Бўлди, бас!
– Бас қилмайман! Сен оилангга хиёнат қилмоқчисан!
– Ундай эмас!
– Ҳа, шундай! Мен сени жуда яхши биламан! Мендан ақллироқ бўлсанг ҳам, машъум хатоларни доим сен қилгансан!
– Бақирма!
– Бақираман!..
– Гапимни эшит.
– Эшитмайман!
– Мен уни рад этдим!
– Нима?..
– Мен уни рад этдим. Тан оламан, аввалига жуда хурсанд бўлдим, уни «кўриб»... Ўзимча у билан учрашишни орзу қилдим. Хаёлларга берилдим, осмонларда учдим... Лекин...
– Нима, лекин?
– Ўшанда мени оқизиб кетган анҳорни, мажнунтоллар ва кўм-кўк осмонни унутганим йўқ экан!.. Анҳор – ҳаёт йўли, сабоқ! Мажнунтоллар – яқинларим! Мовий осмон эса ота-боболарим руҳи эканини тушундим! Шу боис... Мен унинг «дўстлик» ҳақидаги таклифини қабул қилмадим. Рад жавобини бердим... Оиламга хиёнат қилишни хаёлимга ҳам келтирганим йўқ!..
– Йиғлаяпсанми?
– Нима?.. Йўқ... Йиғлаганим йўқ! Шунчаки... кўзимга нимадир тушибди шекилли...
– Демак... Фикримиз бир жойдан чиқибди-да?.. Биринчи марта бир қарорга келибмиз-да!
– ...
– Раҳмат сенга! Руҳим анча енгил тортди...
– Биласанми нимага фикримиз бир жойдан чиқди, чунки биз энди қатъиятли одаммиз! Қатъиятли одам!..
– Бўлди-бўлди, энди ухлаймиз, кеч бўлди.
– Қўйсанг-чи. Шу иссиқда ухлаб бўладими? Биласанми, бугун...
– Бўлди! Мен ухлаяпман...
2023 йил, июнь, тун
3-боб. ҲАРБИЙ ХИЗМАТ ХОТИРАЛАРИ
Ҳарбий хизматга борганимда афсусланган эдим. Хатларимда отамга: «Эҳ, шу ерга келиб билдим: икки йил умрим бекор ўтаркан», – деб ёзганимда, падарим шундай жавоб бергандилар: «Кейинроқ мени айтди дейсан: армия – йигитлик давримдаги энг мазмунли йиллар бўлган экан, деб эслаб юрасан!»
БАРАБАНЧИ БЎЛГАНИМ ҲАҚИДА
Ишонасизми-йўқми, армияда қилмаган, бажармаган ишим қолмаган.
Беш ой жарима ротасида ҳам хизмат қилганман (арзимаган безорилик учун), у ерда эса қурилишда ишлаб сувоқ қилиш, бўяш, гулқоғоз ёпиштириш каби ҳунарларни ўрганганман. Ҳатто илғор қурувчи бўлганим учун, дивизия командири генерал Юдин келиб, шахсан раҳмат ҳам айтган.
АКМ қуролидан отиш бўйича зўр мерган ҳам бўлганман, махсус қисмдан келган текширувчилар қойил қолишган. Қойил қолишган-у, лекин хулқим ёқмаганми (тилим сал узунроқ эди-да) ёки миллатим мос келмаганми, хуллас, камина қолиб икки рус йигитни махсус қисмга олиб кетишган!..
«Зенитный полк»да энг яхши «наводчик», кейинроқ янги қурол – ракета қурилмаси олиб келишгандан сўнг энг тезкор оператор ҳам бўлганман...
Ошхонадаги нарядда эса энг яхши навбатчи бўлганман, чунки қовурилган балиқ билан котлетни жудаям яхши кўрардим-да. Қоровулда эса энг яхши соқчи эдим, чунки ой ёруғида Украинанинг сирли ўрмонларига қараб хаёл суришни ёқтирардим.
Ва яна... яна ким бўлганман, биласизми? Полк барабанчиси бўлганман! Ҳақиқий барабанчи бўлишим учун ҳатто мусиқа ротасига юборишган. У ерда бир ой сабоқ олиб, малакали барабанчи номига эга бўлганман...
Тасаввур қилинг, эрталаб развод бўляпти: полкимиз майдонида барча ҳарбийлар сафланган. (Развод – ҳарбийларнинг меҳнат фаолияти ёки ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ўтказиладиган тадбир.) Полк навбатчиси «Смирно!» деб бақиради ва полковникка рапорт бериш учун олдинга чиқади. Ана шу вақтда мен уларнинг ҳар бир ҳаракатига мослаб барабанни тарақлатиб тураман (тарақ-туруқ). Кейин полк командири салом беради. Саломга жавоб бўлгач, сафларни бирма-бир кўрикдан ўтказади (тарақ-туруқ). Муаммоларни тинглаб, янги вазифаларни бергандан кейин ҳамма ўз жойига туради (тарақ-туруқ)...
Бундай разводни ҳатто маршал кўрса, роса завқланган бўларди.
Барабаним жуда чиройли эди, ранги оппоқ, енгил, терини тортиб турган темирлари ялтироқ. Қарсиллатиб урганимда тагидаги симли мослама дириллаб, садо берарди.
Аввалари ҳайрон бўлардим: созчи қандай қилиб барабанни тез тарақлатар экан. Сабоқ олиб юрганимда билдим: гап чўпда экан! Қўлга мос бўлса ва уни қанчалик юмшоқ ушлаб, тўғри урсангиз, чўпнинг ўзи сакраб, шунчалик тез тарақлар экан...
Тадбир ниҳоясида бутун полк худди параддагидек саф тортиб, минбар олдидан юриб ўтади. Табиийки бундай паллада барабанни шунақанги иштиёқ билан чалардимки, қисмимиз жойлашган қишлоқ аҳолисининг қулоғи том битарди...
Минбарда турган гавдаси айиқникига ўхшаш полкимиз командири эса барабан овозидан роса завқланарди. Тадбир чиройли ўтганидан хурсанд бўлиб, кайф оларди. Кейин менинг елкамга қоқиб, командирларга хос дўриллаган овозда «Баракалла, ўғлим!» – деб мақтаб қўярди. Лекин бир куни...
* * *
Ҳарбийда энг ёмон нарса нима, биласизми?..
Ошхонада нарядга туриш ва картошка тозалаш!
Йўқ! Бу жуда осон иш... Бунинг устига кейинроқ йўлини топиб, бошқаларни ишлатиб, ўзингиз таралла бедод юришингиз мумкин.
Оч қолиш!.. Йўқ. Оч қолиш ҳам ўткинчи ҳолат, вақти келиб таомларнинг сарасини тановул қилиш даври келади...
«Дедушка»ларнинг эзиши ва калтаклаши! Йўқ, бу ҳолат атиги уч-тўрт ой давом этади, холос, кейин ўзингиз ҳам «дед» бўлиб, янги келганларнинг додини бериб юрасиз...
Тополмадингиз-а?.. Шаҳар бердингизми? Майли, ўзим айтаман, ҳарбий хизматда энг ёмони старшина сизни ёқтирмаса, ҳаёт ҳаёт эмас, дўзахнинг ўзи бўлади!
Ҳеч тинч ўтирмайдиган, доим типирчилаб юрадиган, бурнининг тагида қўнғиздек мўйлови бор старшинамиз – прапорщик Бураченко мени жуда ёмон кўрарди: осиёлик бўла туриб рус тилини ва ҳарбий уставни яхши билишим, ўқимишли, аълочи ҳамда ҳар ишда устомон эканим унинг ғашини келтирарди, чамамда. Шунинг учун «каптёрка»дан янги «ХБ» олмоқчи бўлсам, «Янги кийим йўқ!» – деб эскисини берарди. Ҳаммомдан чиққанимда «Бутун кийим тугади!» – деб тугмасию боғичи узилиб кетган, йиртиқ ички кийим берарди. Дам олиш кунлари шаҳар айланмоқчи бўлсам, шалвираб кетган «парадка» билан катта ботинка берарди. Ахир бундай кийим билан шаҳардаги қизларга гап отиб бўладими?.. Хуллас, шу одам менга ҳеч кун бермасди.
Бир куни у хийла ишлатиб, батарея командирига «Оддий аскар С. Муҳаммадиевни (яъни каминани) казармага нарядга қўйиш» ҳақидаги буйруққа имзо қўйдириб олибди, худди Мўмин Мирзонинг душманлари Ҳусайн Бойқаро ширакайфлигидан фойдаланиб, «Шаҳзодани қатл этиш ҳақидаги фармон»га имзо чекдириб олишганидек...
Кечки пайт нарядни қабул қилиб олишим билан старшина «бурнимни ерга ишқаб-ишқаб» ишлата бошлади. Унинг бақириқ-чақириғи остида аввал «каптёрка» билан йўлакнинг полини сим билан тозаладим. Кейин полни бензин билан артиб, устидан мастика суртиб чиқдим... Бу ишни бажаргунимча кеч соат ўн бўлди. Тунда ҳамма маза қилиб пишиллаб ухлаётганда тумбочка ёнида уч соат азоб чекиб тик турдим.
Эрталаб аскарлар туриб, спорт майдонига чиқиб кетиши билан старшина қонимни ичишни давом эттирди: ётоқхонани супуриб чиқишни, кейин полни артишни буюрди: «Агар бирон жойдан чанг топсам, такрор супурасан!» – деб огоҳлантирди.
Мен руҳан синишни хаёлимга ҳам келтирмасдим:
– Ўртоқ прапорщик! Мурожаат қилишга рухсат беринг! – дедим атайин ғоз туриб. – Сиз нима буйруқ берсангиз, барчасини бажаришга тайёрман! Лекин ҳали замон «развод» бошланиб, полк командири «Барабанчи қани» деб сўраб қолса, нима қиламиз? – деб сўрадим.
Старшина пинагини бузмади:
– Шу саволни қачон бераркинсан, деб кутгандим, – деди, хахолаб, – Хавотир олма: полк командири бугун келмайди, штабга кириб аниқлаб чиқдим! Агар мабодо кеп қолса ҳам, қўлимда батарея командирининг ёзма буйруғи бор... Қани, гап сотмасдан, ишингни қил!
Бу хабарни эшитиб ичим ёнса ҳам, супургини худди милтиқни ушлагандек:
– Есть! – дедим-да, аскарчасига бир юз саксон градусга бурилиб, шахдам юриб кетдим ва супуришни давом эттирдим...
Ташқарида эрталабки развод ҳам бошланди.
Полковник бўлмаса тадбирлар номигагина ўтказиларди, зобитлар бажарилиши зарур бўлган ишлар режасини навбатчидан олиб, тез-тез тарқаб кетишарди. Лекин кутилмаганда полк навбатчисининг: «Полк, смирно!» – деган буйруғи янгради, бундай буйруқ фақат полковник ёки катта раҳбар келсагина бериларди.
Дераза томонга югурдим. Қарасам, полк командири! Айиққа ўхшаб лапанглаб келяпти. Шунда ҳамма югур-югурга тушиб қолса бўладими. Бирпасда барча зобитлару аскарлар плацда бир текис саф тортди (плац – ҳарбий қисмдаги асосий майдон).
Полковник раҳбарлардан танбеҳ эшитиб келганми, кайфияти жуда чатоқ эди, қовоғи солиқ. Бундай пайтда у қаҳрли бўлиб қоларди.
Полк навбатчиси рапорт бериб, одатдаги буйруқни кутди, аммо полковник разводни давом эттириш ўрнига, қўлларини орқа қилиб, бир нимасини йўқотган одамдек у ёққа ва бу ёққа юра бошлади. Ҳамма ҳайрон. Бир маҳал полковник қарасаки, барабанчи йўқ!..
Сиз ўрмонда айиқнинг ўкирганини эшитганмисиз? Мен ҳам эшитмаганман... Лекин шу тобда полк командирини ўкираётган айиққа ўхшатдим:
– Барабанчи қаниии!!! Нега сафда барабанчи йўқ!!! – деб шунақанги бақирди-ки, мени нарядга қўйиш ҳақидаги буйруққа имзо чеккан батарея командирига сичқоннинг уйи минг танга бўлиб кетди.
Менимча, у бир дақиқада... Йўқ, бир дақиқада эмас, спортчилар юз метрга югурганда телевизор экранининг бурчагида рақамлар тизиллаб ўтиб туради-ку, ана шунга ўхшаш олтмишдан бир сонияда «Мўмин Мирзонинг қатл этилиши», э, йўқ, барабанчининг нарядга қўйилиши хато эканини тушунди:
– Мен... Мен... уни нарядга қўй-ган-дим, – деди, дудуқланиб.
Полковник ғазабланиб:
– Нима?!. Дивизия командири генерал Юдиннинг «Тадбирда барабанчи бўлиши шарт!» – деган буйруғини бекор қилдингми?! – деб шунақанги ўқрайдики, капитан довдираб:
– Йўқ, йўқ... Бекор қилмадим... Ҳозир... Ҳозир уни топиб келаман, – деганча казарма томонга югуриб кетди.
Мен эса бу воқеани деразадан кузатиб турарканман, қувончдан ёрилиб кетишимга сал қолди. Хаёлимда «Кунинг битди, старшина», – деб ўйладим-да, шоша-пиша казарманинг энг узоқ бурчагига бориб, гўё пол артаётган одамдек эгилиб олдим, аслида эса батарея командирининг кўзига кўринмасликка қарор қилгандим, вақтни чўзиш учун.
Полковник олдида титраб-қақшаган капитан казармага югуриб кириши билан йиртқич бўрига айланди. Азиз Несиннинг «Мушт кетди» ҳикоясини ўқиганмисиз, катта раҳбар ўртачароқ раҳбарга танбеҳ беради, ўртачароқ раҳбар кичикроқ раҳбарга бақиради, мана энди бизнинг «кичикроқ раҳбаримиз» энг кичик раҳбар – старшинадан бор аламини олишга бел боғлаганди. У остона ҳатлаб ўтиб прапорщикни шунақанги уят сўзлар билан сўкдики, фил эшитса, унинг қалин ғадир-будур териси шилиниб тушган бўларди. Капитанни қаршилаб чиққан старшина қўрқувдан дағ-дағ титрай бошлади.
– Барабанчи қани? – деб сўраганда, старшина довдираб атрофга қаради, лекин мени кўрмади. Кўрмасди ҳам-да, ахир мен калавотнинг тагига яшириниб олган бўлсам...
Ташқаридан «айиқ»нинг гулдурос овози янгради:
– Падарингга лаънат, Иваненкооо! Сени яна қанча кутиш керак? Барабанчини топ!!!
Капитанимиз гўё устидан муздек сув қуйилгандек қунишиб кетди. Бир зум қўзичоққа айланди-ю, старшинага қараб, бўрилигига қайтди, тишларини ғичирлатиб:
– Падарингга лаънат, Бураченко-о! Агар икки дақиқада барабанчи сафда бўлмаса, ошқовоқ каллангни узиб ташлайман! – деди-ю, ташқарига отилди.
Бўри кетгандан сўнг қуёндек титраб-қақшаб турган старшина қутурган итга айланди, яшириниб ётган каминанинг ҳидини сезиб,
– Отинг ўчгур, Муҳаммадиев! Калавотнинг тагидан чиқ! – деб бақирди.
Камина эса гўё калавот тагини тозалаб чиққан кишидек пол артишни давом эттирдим.
Старшина яна бақирди:
– Дарҳол барабанни олиб, плацга югур!..
– Ўртоқ прапорщик, сиз менга гапирдингизми? – деб сўрадим гўё ҳеч нарсадан хабари йўқ одамдек.
Старшинанинг ранги бўзариб, шу тобда «Советлар паспорти»даги жандармга ўхшаб кетди: «Нақ қўйиб берсангиз ҳузур қилиб роса калтакласа, мени ётқизиб...» Лекин у ўзини босди, тишларини ғижирлатиб, буйруқ берди:
– Полковник кутяпти, дарҳол шинелни елкангга илиб, разводга чиқ!
Деразадан ташқарига қарадим. Бутун полк саф тортиб қимирламай турибди. Полк командири эса у ёқдан бу ёққа юришда давом этарди, катта гавдасидан сабртоқати тўлиб бораётгани, тишини тишига қўйиб кутаётгани сезилиб турарди. Атроф сув қуйгандек жим-жит...
– Менми? Нега?.. Мен ахир наряддаман-ку?! Қўлингизда ёзма буйруқ бор...
– Ўйнашма! Буйруқ бекор бўлди!.. Разводга чиқ!
– Йўқ, – дедим жиддий, – ҳеч қаёққа чиқмайман, шу ерда чангларни тозалайман!
Старшина бўғила бошлади. «Оскар» фильмини кўрганмисиз: Луи де Фюнес пулни ҳам, тилла тақинчоқлар солинган жомадонни ҳам олдириб қўйгандан кейин жазавага тушади. Бураченко ҳам ана шу аҳволга туша бошлади, «каптёрка»дан барабанни олиб чиқди-да, қўлимга тутқазиш учун мени қувлай бошлади. Мен эса қўлимдаги латта билан тирақайлаб қочдим... У тўхтаса, мен ҳам тўхтаб, у ёқ-бу ёқнинг чангини артаман. Қувласа, яна қочаман, Чарли Чаплинга ўхшаб. Шундай қилиб калавотларнинг атрофида югура бошладик.
Бир маҳал старшина бу ҳолатга чидай олмади:
– Ўлдираман! Ўлдираман! – деди-ю, барабанни бор кучи билан мен томонга чунонам улоқтирдики, яхшиямки эгилиб қолдим, соз устимдан учиб ўтиб, деворга даранг этиб урилди-ю, ерга ҳам даранглаб тушди.
Бесплатный фрагмент закончился.
