Читать книгу: «ТАНЛАНГАН АСАРЛАР»
Шрифт:
ЙЎЛЛАРДАГИ ҚЎШИҚЛАР китоби 1966 йил
Кафтимдаги юлдуз
ТОНГ
Туни билан уйқуга қониб,
Зар кипригин кўтарди қуёш,
Тоғ ортидан нигоҳи ёниб,
Мўралади маъсум ва ювош.
Берилдию, нур ўйинига,
Самолардан қувди ғуборни.
Мудраб ётган борлиқ қўйнига
Кулгусини тўкиб юборди.
ШОД ИНСОННИНГ КУЛГУСИ ҲАҚИ
Чаманда недандир топгандек озор,
Гулнинг ёноғида ақиқ донаси.
Балки бу – қуёшнинг зиёсига зор
Гулнинг бағридаги мунг нишонаси.
Булбул хонишисиз ўтдими туни,
Хазон фасли дилга ҳасрат уйди ё?
Боғбони қаровсиз қолдириб уни,
Асло ардоқламай севмай қўйди ё?
Сен чаман кезасан: шўх ва бахтиёр,
Лабингни безамиш эрка табассум.
Қалбда олам-олам севинчларинг бор,
Дилбар боқишларинг бокира, маъсум.
Чаманнинг гули ҳам, моҳир гулчи ҳам,
Уни мадҳ этувчи куйчи ҳам ўзинг,
Ҳусн ва латофат нигоҳингда жам,
Ки бахт, гўзалликка ошиён – кўзинг,
Ҳар тонг боғлардаги ёноқлари ол
Гулларга шодланиб тикилганим он,
Гул янглиғ, дилрабо, нафис, баркамол
Кўзимнинг олдига келади инсон.
Бироқ, ғам-аламдан мисоли ақиқ,
Унинг кўзларида кўрмагимдир нам.
Майли, шод инсоннинг кулгуси ҳақи
Гулнинг яноғида йиғласин шабнам.
СЕНГА
Мени танимайсан, дилбарим, ҳали,
Ҳали нотанишдир менга нигоҳинг.
Гуллар ханда қилган баҳор маҳали,
Еллар билан бирга учмайди оҳинг.
Ҳали сезмаганман ёқут лабларнинг
Роҳат бахш этувчи ширин тотини.
Ҳали сезмаганман оташ қалбларнинг
Муҳаббат кучини, ҳароратини.
Аммо дайди еллар баҳорнинг яшил,
Гулдор кўйлагини сийпаб ўтганда,
Кўзни қамаштириб қуёш қараши,
Олтин лаганидан зарлар тутганда,
Гўдак бола каби кўзларим ёниб,
Гўзал табиатга боққан онимда,
Қалбим қувончларга, бахтларга қониб
Сени ҳис қиламан, эркам, ёнимда.
Севги тўғрисида куйлаганимда,
Сен ҳам куйлагандай бўласан бирга,
Сени бедор тунлар ўйлаганимда,
Яқин туюласан бутун умрга.
Гар кулсам куласан, гар чексам алам
Сенинг ҳам қайғудан эгилар бошинг.
Шеър ёзмоқ фикрида гар тутсам қалам,
Нурга тўлдирасан шеърни, қуёшим.
Мен ҳам севинаман: бахтиёр онлар
Қаршимда севиниб турар экансан.
Шеъримга киргансан аллақачонлар,
Қачон ҳаётимга кирар экансан?
БАҲОР ЕЛЛАРИ
Ялангоёқ, кўйлакчанг шамол,
Япроқларни сийпалаб кетди.
Лолаларни қолдирди-ю лол,
Соҳилдаги толларга етди.
Сулув қизнинг ўпиб юзидан
Ёр ҳиссига ўради уни.
Сўнг югурди қушлар изидан
Куйларининг бўлиб мафтуни.
Ишқда ёнган соф кўнгилларнинг
Қўшиғини элтди ёрига.
Хаёлини берди гулларнинг,
Лолаларнинг ихтиёрига.
Дарахтларнинг яшил кўйлаги
Йўлларида силкиниб қолди.
Гоҳи ошиқ бўлиб куйлади,
Гоҳ чаманлар ичра йўқолди.
Болаларнинг варрагин кўкка —
Фазоларга қувлади гоҳи,
Аламидан тушдию чўкка,
Гўдак каби увлади гоҳи
Пахтазорга қанот қоқди-ю,
Пахтакорга бахш этди ором,
Танга роҳат бўлиб оқди-ю,
Ва чиқарди эзгу деган ном.
Бирга сузиб меҳнат мавжида,
Оқшомгача далада қолди.
Мамнун бўлиб ўзидан жуда
Шундагина уйқуга толди.
* * *
Ўрик гули тўкади шан далаларда,
Пушти гулларига сеҳрини қўшиб.
Шу сеҳрли, тиниқ паллаларда
Тонгни саломлайди сўлим бир қўшиқ.
Ўрик гул тўкади боғларда бир-бир,
Гўё нуроний ва донишманд шоир
Ғазал улашади оламга татир:
Сатрма-сатр.
КУРТАКЛАР
Кўзимга суртаман илк куртакларни,
Балки бу – уларга қондошлигимдан.
Севиб ардоқлайман шу мурғакларни,
Балки бу – уларга ёндошлигимдан.
Балки бу – ҳаётнинг гулбоғларида
Ҳасрат, ғамдан йироқ турганлигимдан;
Балки бу – шу мурғак куртак бағрида
Сўлмас бир баҳорни кўрганлигимдан..
КАБУТАР
(Пикассонинг “Кабутар”и қаршисидаги ўйлар)
Парлари жилвагар, нафис ва оппоқ
Инсоннинг энг эзгу тилаги мисол.
Шу кўҳлик вужуди, борлиғига боқ:
Кумушдан қуйилган муқаддас тимсол.
Мовий тиниқликда чўмилиб учар,
Учар беозорлик, тозалик ташиб,
Офтоб зарларига кўмилиб учар,
Издан қайтаролур на ел, на яшин —
Гўё эрксеварлар, ошиқ кўнгиллар
Унга ўлмаслик ва оқ йўл тилаган,
Пикассонинг ўзи парвозга йўллаб,
Мармар қанотини силаган.
БРОНЗА
Ундан жасоратга қўйдилар ҳайкал,
Сўнгра бош эгдилар ботир олдида.
Офтоб ҳам тепада тўхтаб қолди-да,
Мардона қаддига берди зар сайқал.
У – гўё мардликка олтин қасида,
Севиб покладилар гар ғубор қўнса.
Шу жасур инсоннинг қиёфасида
Олтинга айланди илк бор… бронза.
ҲИЛОЛ
Нимага ўхшатай ҳилолни?
Гўзал қошигами, нимага?
Ё у кўклам ҳақидаги хаёлми,
Қиёс этсаммикин олтин кемага?
Ёхуд ўхшатайми кўк дилбарига —
Само зангорини ҳўпловчи,
Кумушдан тўқилган ҳарир барига
Тиниқлик ва юлдуз тўпловчи?
Оҳанрабомикин, сеҳрмикин у,
Ё сўлимлик маъбудасими?
Ё висолга ошиққан сулув —
Қиз кулгусин худди аслими?
Нени қиёс этай ой имосига
Яна қандайин ранг, жилвалар керак?..
Бироқ: Бу – мен, дейди ой сиймосида
Оламга уйқусиз боқувчи юрак.
ҚУЁШНИНГ ТУҒИЛИШИ
Юзда ҳорғинлиги билиниб қолган
Кунни ётоғига узатганмисиз?
Терак учларига илиниб қолган
Сўнгги шуълаларни кузатганмисиз?
Зебо чаманлардан кетгуси келмай,
Гулларга термулиб қарар шуълалар.
Сўлим боғларни тарк этгуси келмай,
Зумрад япроқларни тарар шуълалар.
Шу сўнгги шуълалар аримай зардан,
Тунда ҳам қолармиш сўнмай ҳар сафар.
Гўзалликка шайдо шу шуълалардан
Қуёш туғилармиш, дерлар, ҳар саҳар.
* * *
Нурсиз милтирайди само тубидан
Соқов юлдузларнинг олис титроғи.
Шунда узилди-ю бири тўдадан,
Кеча сукутига шўнғиди чоғи.
Қалбимни ҳайратга солар негадир
Олис сайёралар гунглиги.
Туманлилигича қолар негадир
Ушбу сукунатнинг сир, тугунлиги.
Инсон оташини, тинмаслигини
Лоқайд юлдузларга онглатгим келур.
Руҳига сокинлик инмаслигини
Куйлаб, тунимни ҳам тонглатгим келур.
Толе ва ошиқлик, шеър ва гулдурак
Ошиён қурмишдир кўнгил қатига.
Сукут сақламайин, беором юрак,
Қўшиқлар тўқ туннинг сукунатига.
КУЛГУ
Одам кулар, кўзларининг тубида
Баҳор тиниқлиги, шўхлиги аён.
Одам кулар, унинг табассумида
Лолаларнинг ол хандаси намоён.
Севинчини кўрар қуёш зарида,
Кулгуси туташдир келгуси билан.
Шу бахтли одамнинг ўй, назарида
Олам кулар унинг кулгуси билан.
ШОИР
Туйғулари эзгу, ўйлари тиниқ,
Қаршисида зебо, нурафшон олам.
Ранглар жилвасидан кўзлари тиниб,
Атрофга энтикар шу шайдо одам.
Самоларнинг шаффоф ложувардига
Ҳисларини чайиб, қўшиқ битади.
Ўзининг толеи, севинч – дардига
Ўзгаларникини қўшиб битади.
Қалбига гўзаллик оташи қўниб,
Ўйида – яратмоқ ташвиши.
Бу кекса оламни қўшиққа кўмиб,
Яшартмоқ унинг ҳам муқаддас иши.
* * *
Каптар суратини чизади бола,
Енгил парвозига маҳлиё.
Қушнинг қанотида шу зебо олам,
Унга келтиргандай севинч ва зиё.
Ўзга камтарлар ҳам шўх ўргилишиб,
Атрофида майин “ку-ку”лар.
Бола суратига мавзу бўлишиб,
Тиниқ ўйларига кирмоқчи улар.
АЛЛАНГНИ ТИНГЛАБ
Гоҳи гўдаклигим тушиб ёдингга,
Бошим тепасида алла айтасан.
Маҳрингга, оналик эътиқодингга
Қониб гўдакликка гўё қайтаман.
– Ухла, тинчингни ол, азизим болам, —
Дейсан, пешонамни силар қўлларинг,
Қўлларки, кафтида улғайган олам,
Унган истиқболнинг сўлмас гуллари.
Севаман, қувончдан кўзинг порласа,
Кулиб ёнгинамда алла айтсанг шод.
Аммо улуғ ишлар бизни чорласа,
Мардлик, жасоратга ундаса ҳаёт —
Бахтиёр кўзларга уйқу қўнарми?
Тан ором олишга бўларми рози?
Қалбларда чақнаган ғайрат сўнарми?
Дамларни ўлчаса олтин тарози?
Гарчи асрларнинг муаммосини
Кунлар мобайнида ечиб ақлимиз,
Арзу самоларга ўтказса ҳукмин
Хотиржам ётишга қандай ҳақлимиз?..
Ҳамон мафтуниман гўзал аллангнинг,
Ҳамон у қалбимга яқин, жонажон.
Фақат алланг билан порлоқ эртанинг
Зафар, шони учун уйғот, онажон!
ОҚ ШЕЪР
Майли, денгиз бўлмай, бўлмай океан,
Майли, дарё бўлиб, солмайин чуввос,
Майли, тўлқин бўлиб кемалар қувмай.
Майли, томчи бўлай,
Фақат чўллаган
Киши чанқоғини босувчи сувнинг
Қатра томчиси.
БАҲОРНИ СЕВИБ
Такрорламай дейман, аммо гул, баҳор,
Яшиллик ҳислари кетмас шеъримдан,
Баҳорни куйлашга такрор ва такрор,
Меҳримни бахш этиб она еримдан
Тинмай лола терай деган аҳдим бор,
Баҳор Ватанида қувонч, бахтим бор.
Яшагим келади гул ҳисси билан,
Қишда ҳам чаманда лола тергим бор.
Атр таратувчи гул иси билан,
Нафис лолаларнинг кулгиси билан
Севаман қаршимда имласа баҳор.
Гулдай очилипти дейдилар қизнинг,
Жамоли ҳақида сўз борган чоғлар;
Толлар соч ёзишиб силкинса елда,
Мафтун этганида дилбар қучоғлар,
Хаёл – ўйларимни, истакларимни
Ўрагим келади лолага, нурга,
Тутиб чечакларга этакларимни,
Баҳор ўлкасида бутун умрга
Қолмоқлик ҳақида сураман ҳаёл —
Кўклам нафасига тўйиб қонаман.
Еллар атрофимда ўйнаганда ёл
Шўхлик оловида мен ҳам ёнаман.
Ёдимда: боғимга ниҳол ўтқазиб,
Ҳар тонг унишини кутган онларим:
Илк бор дилдоримга лола тутқазиб,
Жўшгани қалбимда ҳаяжонларим.
Инсоннинг ўзи гул, баҳор эмасми?
Атр таралмасми соф нафасидан?
Чаман яратмасми зўр ҳамласидан?
Гул ҳам кишиларни эгам демасми?
Чаман – боғ қолдирмоқ эзгу инсоннинг
Орзуси эмасми қадим-қадимдан.
Яшнатиш ўйида ўртанган жоннинг
Лолалар унмасми ҳар қадамидан.
Балки шунинг учун ҳамроҳим баҳор, —
Еллар, япроқларга салом айтаман.
Балки шунинг учун такрор ва такрор
Шеъримда баҳорга, гулга қайтаман.
* * *
Бахтим ўрик гулларига илашиб,
Офтобда чўмилар бедоғ, бахтиёр,
Шайдо одамларга чечак улашиб,
Тағин далаларда кезади баҳор.
Кўнгилни сеҳрига тортиб этар маст
Ҳали битилмаган бир қўшиқ ишқи.
Кўнгил шу қўшиқнинг сеҳрига пайваст,
Кўнгил ёниб қўмсар шу шан қўшиқни.
Бўй етган қизларнинг ширин тушидай,
Минг бир жилва билан имлайди кўклам,
Кўклам, бир ҳўплам тут ранглар кулишидан
Кўркинг чашмасидан тутгил бир ҳўплам.
Кўнгил, ваъда қилган ғазалинг қани?
Шеър билан сўзлагим келди одамга.
Ё севгинг изҳори бир қўшиққами —
Қўшиқ ҳам айтгум бор яшил оламга.
Қуёш йўлларида нурга қўшилиб,
Учар оқ кабутар: беозор, сулув.
Тутқич бермай учган асов қўшиғим
Бўлиб кўринади кўзларимга у…
ШЕЪРИЯТ ҲАҚИДА
Юксак-юксакларда булутлар дайдир,
Машъум ўкиради момагулдирак.
Омонсиз жанг борар кўкда қандайдир,
Табиат сеҳрига берилар юрак.
Эркалаб япроқлар, гуллар бетини,
Ёмғир чечаклардан бўсалар олар.
Зум ўтмай даҳшатли гулдурос тиниб,
Тиниқ бир сукутга чўмар самолар.
Маъбудадай чиқар кўк минбарига,
Зумрад далаларни кўрмоқ чамалаб,
Гулдуракни енгиб, борлиқ бағрига
Ҳаёт шарбатини сепган камалак.
Бу кўхлик юзгинаси,
Шукуҳли юзгинаси —
Муқаддас шеъриятнинг ўзгинаси…
ТУМАН
Боғларнинг рангини ўғирлаб туман,
Нурсиз чодирига яширар.
Туман қаршисида турибман,
Хаёл, ўйларимни тоширар.
Тумандан намуна кўчирма, қўшиқ,
Зинҳор олма туманнинг одатини.
Куйла тиниқликни, мадҳ этгил жўшиб
Чаманнинг тумансиз латофатини.
ГЎЗАЛЛИК
Яна ўлкамизни безади кўклам,
Бинафша кўз билан боқди чаманлар,
Чақмоқ тоғларнинг муз сувини ҳўплаб,
Нозланиб кулдилар лола – санамлар.
Бинафша терасан, азизим, боғда,
Кўзларинг ўт бўлиб ёнар ҳиссингдан.
Само ҳавас билан йироқ-йироқда
Зангор нигоҳини узмайди сендан…
Боғлар қучоғига ёстаниб оқшом,
Бинафша – юлдузлар чиқади кўкка.
Ошиқ кўнгилларни аллалар илҳом,
Севгими ё шеърми қалбларга чўккан?
Тўлин ой – малаги, гўзали кўкнинг —
Юлдуздан гул термоқ бўлар сенга хос.
Аммо бу сендаги гўзаллик, кўркнинг
Фақат совуққина тақлиди, холос.
ИНСОН ЮРАГИДА АЛАНГА ЁҚИБ…
Чўғ юлдузлар, шўх юлдузлар,
Ёнингизга олинг мени ҳам.
Буни ёниқ орзуим сўзлар:
Фазоларда чўғланмоқ кўркам!
Мен тарк этиб само пештоқин,
Ошиқларнинг кафтига қўнай.
Инсон юрагида аланга ёқиб,
Сўнг, майли, сўнай.
БИНАФША
Бу тонг мурғак бинафша боғда
Илк бор кўрди ҳаёт юзини.
Шундай улкан, сўлим қучоғда
Танҳо, етим сезди ўзини.
Ўт-ўланлар ичра йўқолиб,
Шамолларга айтди зорини,
Ёлғизликнинг ҳиссидан толиб,
Ғамга берди ихтиёрини.
Шу зангори тиниқ кўзларнинг
Мафтун бўлиб ҳуснига буткул,
Далаларда гулрўй қизларнинг
Юрганини билмас эди ул:
Билмас эди шоир шеърини
Бинафшага бахш этганини;
Билмас эди она-Ер уни
Ўз кўксига нақш этганини…
Бу тонг гўзал бинафша боғда
Илк бор кўрди ҳаёт юзини…
ШОИР ВА БАҲОР
Ҳамид Олимжонга
Фаслларнинг эрка кўҳлиги —
Баҳор қайтди йил сафаридан,
Ва елларнинг тутиб шўхлиги,
Тортқилади толлар баридан.
Шоирнинг ҳам сайргоҳига
Кўклам келиб, гиёҳ унибди.
Мисралари ўрик шохига
Оппоқ гуллар бўлиб қўнибди.
Сўзларимга ишонинг, боғда
Букун уни кўрганлигим рост.
Ўзгача бахт, кулгу дудоғда,
Кўзларида ёниқ эҳтирос.
Баҳор билан сайр этди узоқ,
Лолаларнинг ўпди бетидан.
Сарин еллар чопқиллаган чоқ
Қува кетди улар кетидан.
Фақат, кезиб чарчади жуда
Ва баҳорга кутмоқ буюриб,
Ёнбошлади гулларга шу дам,
Гўё борлиқ ётоқ туюлиб,
Ҳозир еллар уйғотар силаб,
Яна унинг лабида ханда,
Кишиларга бахт, баҳор тилаб,
Қўшиқлари учар чаманда.
ГЎЗАЛЛИК ИЗЛАБ
Кўзларингдай тиниқ самодан
Ёқут юлдуз узиб берайми?
Сўйла, сўйла эй дилбар одам,
Ёхуд сенга қуёш керакми?
Юзларингдан сочайми зиё —
Комил-комил нур шодасини.
Димоғингга уфурайми ё
Тонгнинг атр шаббодасини.
Этагингни кўмиб чечакка,
Ҳузурингда қолайми ёки.
Севги билан қолдириб якка,
Шеъргоҳга йўл олайми ёки.
Қўшиқ десанг, ой ипагидан
Достон битиб тўкай пойингга.
Денгизларнинг тубсиз тагидан
Дур излайми кўрк-чиройингга.
Нур ва жило оламига боқ:
Унда менинг тинмас изларим.
Ундан сенга рангин ва порлоқ
Гўзаллигу, қўшиқ изладим.
КЎКЛАМ СЕВГИСИ
Яна тоғ-қирларда лола бозори
Ҳуснини оширди ўлкамнинг.
Сўлим далаларнинг шу лолазори
Ишқини эслатди ошиқ кўкламнинг.
Ерни севар эмиш кўклам азалдан,
Изҳор этмоқ учун буни оламга
Замин сийнасига шу лола – лаълдан
Ҳар баҳор ёқармиш алвон аланга.
Яна тоғ-қирларда лола бозори…
ТУН ХАЁЛЛАРИ
Кеча сукутига чўмган ҳаммаёқ,
Бутун табиатда жозиба, чирой.
Митти юлдузларга бўлгандек маёқ,
Само юксагида кумушланар ой.
Ўйлайман мана шу ярим кечада
Мен тинчиб ухламоқ бўлаётган дам,
Уйқуни қувади неча-нечалар,
Тонгни қаршилайди нечалар бардам.
Бир дўстим самони кузатар тунлар,
Самолет учирар тун бўйи бири.
Уйқу капалагин қувиб бутунлай,
Бири ёзиб-чизар ўйчан ўтириб.
Шуларни ўйласам ўрнимдан туриб,
Чироқни ёқаман, оламан қоғоз,
Оташ мисраларга мия қотириб,
Ишлагим келади дўстларимга хос.
Хурсанд қилавермас илҳом доимо,
Баъзан келмаганда бўламан хуноб.
Баъзан шивирлайди, қилади имо,
Баъзан ётоғимда қолади тунаб.
Тунни меҳнат билан ўтказган дамлар,
Тонгда дўстларимга келганимда дуч,
Ўша меҳнатсевар толмас одамлар
Менинг руҳимга ҳам бағишлайди куч.
– Чарчадингиз чоғи, – дея сўрайман.
– Асло чарчамадик, – беришар жавоб.
Ҳорғин чеҳраларда мардлик кўраман,
Руҳий тетикликдан кўзларда офтоб.
Кўзим толиққандан юмилса ҳамки,
Ўзимни тутаман дўстларимга хос.
Улар “достон” битса меҳнат бобига,
Мен шеър заррасини қўшолдим, холос…
ЁЗИЛАЖАК ҚЎШИҒИМГА
Мендан фақат севинч тилама,
Юрагимдан жой олмиш дард ҳам.
Сени унга ошно қиламан
Ва сен билан кўраман баҳам.
Бу шундайин муқаддас дардки,
Севинчимга сирдош тутинган.
Шаффофлиги илҳом қадарки,
Маъносига умидлар инган.
Бу – ўтли севгидан қўшиқ битиб,
Эзгуликларимни шеърга солмоқ дарди.
Ошиқлигимни-да қўшиб битиб,
Бир умр ошиқ бўлиб қолмоқ дарди.
Бу – олтин тонгларнинг тиниқлигини
Мисра қатларига кўчирмоқ дарди,
Бу – инсон ҳиссининг илиқлигини
Санъат юксагига кўтармоқ дарди.
Вужудини ўртамиш мана шундай дард,
Бусиз қўшиқ яралиши маҳол.
Инсон юрагига кирмоқ бўлсанг гар
Севинчимга қўшиб дардимни-да ол.
* * *
Қўшиқ бир овунчоқ эмас шунчаки,
Эмасдир кўнгилнинг эрмаги.
Унинг илиқлиги, нури кунчаки,
Эзгу туйғуларга умр бермаги,
Дилни ошиқликка чорламоғи лозим,
Рангин жилва бўлиб порламоғи лозим.
Қизлар қўшиқ билан чиқар висолга,
Йигит изҳорига қўшиқ бир йўриқ.
Шоир юрагига аланга солган,
Инсон нигоҳида маъюслик кўриб,
Қанотида севинч келтирган – ўша,
Унинг ҳисларини тиниқлаган ҳам.
Гўё оҳанрабо, сеҳрга ўхшаб,
Шайдолар дилини қитиқлаган ҳам.
Балки шундамикан шоир ташвиши,
Қўшиқ битказади ваъда, ахдига:
Ки ҳаёт ишқида ўртанган киши
Кечикмасин дея висол, бахтига.
МОНОЛОГ
Осмон, нега бунча ўйчансан, осмон,
Уйғоқ юлдузларинг толмиш хаёлга,
Юлдузларки чақноқ, ўт – олмоссимон,
Ёнмоқликними ё олмиш хаёлга?
Ерда инсоннинг ҳам кўзлари бедор
Нурли ўйларининг сендадур учи.
Ёниб яшар инсон сийнангни бирор
Янги юлдуз билан безамоқ учун.
ГУЛХАН
Ғуборни қувалаб тунги ҳаводан,
Ёнар гулхан, ловиллар гулхан.
Сўник юлдузларга жавобан
Ёнмоқ тилар бу чоқ кўнгил ҳам.
Ёндиргудек бўлиб юлдузларни нақ,
Фазо сари сўқмоқ кўзлайди гулхан.
Менинг қалбим бўлиб уларга ёнмоқ,
Ёнмоқ борасида сўзлайди гулхан.
ҚУЁШ
Дейларки, инсоннинг табассумини
Зарралаб йиғармиш ўзида қуёш.
Шод ўтказиб ҳар бир нафас, зумини,
Кулиб ётоғига қўяр эмиш бош,
Инсон лабидаги олтин хандани
Оташ юрагига кўчирар эмиш.
Нур ва бахтиёрлик бўлиб ҳамдами,
Асрий зулматларни ўчирар эмиш.
Инсон қувончининг бўлиб зўр акси
Кўкда одимлайди улкан бир кулгу.
Йўлида нур рақси ва биллур рақси, —
Кокили кулгудан таралган кун бу,
Севиниб қуёшга тушар қарашим:
Менинг ҳам шодлигим уни безади.
Мамнунман, менинг ҳам кулгумни ташиб
У зўр сўқмоқ бўйлаб олам кезади.
ЁМҒИР
Гулдирак от солди кўк сукутига,
Яшин булутларнинг кўксини тилди,
Ва сўлим далалар, боғлар устига
Гўёки ададсиз юлдуз тўкилди.
Қовушмаган каби бу олам билан,
Биллур мунчоқ янглиғ толлар барида,
Шу митти юлдузлар кўзда нам билан
Титрар чаманларнинг барқут бағрида.
ТОҒДАГИ ЙЎЛ
Инсонни кутади энтикиб
Тоғлардаги ёлғиз бир сўқмоқ.
Кўзларини нигорон тикиб,
Инсонга йўл бўлмоқчи бу чоқ.
Инсон эса ўтар наридан,
Янги довон, қир ошар инсон.
Ўзгалар юрмаган тоғ йўлларидан
Қояларга тирмашар инсон.
Қалбини тарк этмайин умид,
Кутмоқликдан сўқмоқ толмайди.
Ўйларидан кетмайин умид,
Изларидан шўхлик қолмайди.
Вужудини яйратган балки
Инсон келар деган далдалармиди?
Девона бўлмаса севинчдан қалқиб,
Сохта умид билан алданармиди?..
МЕНИ ИЗЛАБ
Оппоқ қор остида мудрайди борлиқ,
Дала йўли билан қайтаман уйга.
Шу дилбар тиниқлик, шу беғуборлик
Юракни ундайди қўшиққа, куйга.
Кимлардир ўтибди мендан олдинроқ,
Қишлоқ қизчалари, болалари ё?
Ўнгу сўлларга қор сингари оппоқ
Тиниқ хисларини сочишиб гўё.
Кўксига кулгудан қўнғироқ илиб,
Кумуш жаранг бериб борлиқ устида,
Ёшлигим гўё мен сари интилиб
Боғларни уйғотмиш қиш уйқусидан.
Кулиб борарканман, шу излар бўйлаб,
Кўзимга ёшариб кўринди олам.
Кўкаламзор анҳор бўйларин ўйлаб,
Ўша соҳилларда кездим хаёлан.
Чангини кўтариб ўша йўлларнинг
Асов болалигим елни қуволган.
Ўчмас муҳри бўлиб олов йилларнинг
Шу боғ кўчаларда изларим қолган.
Нега у чоғларни унутмоқ қийин,
Нега шўхлик бу дам юрак ҳамроҳи?
Турли хаёлларга бордиму, кейин
Бунинг боисини англадим охир:
Менинг шўхлигимни, кулгимни излаб,
Эслаб жўшқинлигим – шалолалигим,
Кумуш сўқмоқ бўйлаб қолдириб излаб
Йўқлаб келган экан ўт болалигим.
ЛОЛА
Кишиларга элтмоқ учун ёриб ер тагин,
Нурга олиб чиқди ол кулгусини.
Бу тонг ёлғиз ўзи, билар эртага
Чаманнинг кулгуга кўмилгусини.
Шу умид қизиллик қўшар рангига,
Олов вужудидан қирмиз қўр томар.
Майин тебранади ел оҳангига,
Шу эзгу ўй билан ширин ўртанар.
* * *
Юлдуз билан юлдуз имлашди кўкда,
Балки сени кўрди ва мени.
Юлдуз юрагига шўхликлар тўкди
Одамларнинг гавжум замини.
Заминда ошиқдир одамга одам,
Одам умид билан боқар оламга.
Балки шунинг учун юлдуз дамодам
Ўхшагуси келар одамга.
ОРЗУ ҲАҚИДА
Қуёш, сени кўкнинг орзуси дерлар,
Ёруғ юзлигингнинг шуми боиси:
Сендан зиё олмиш нурга зор ерлар,
Орзудай зарингнинг йўқ ниҳояси.
Ошиқ инсоннинг ҳам орузлари мўл,
Демакки ҳар жойда қуёш яширин.
Билиб қўй, азизим қуёш, билиб қўй
Орзуманд кўнгилнинг қуёш таширин.
Қанот боғлаб инсон орзулари гар
Учгудай бўлса-ю, кўкларга осон
Сонсиз қуёшларни улкан бағрига
Сиғдиролмас эди, эҳтимол, осмон.
* * *
Майли, нуқта бўлай, майлига.
Нуқта санасинлар мени оламда.
Йўқ, берилиб ҳасрат майлига,
Асло дод солмагум аламдан.
Фақат нуқта бўлай маънога эга.
Кулувчи нуқта бўлай,
Умид ва ишқ достонининг сўнгига
Қўйилувчи нуқта бўлай.
МЕНИНГ КЕМАМ
Фазо кемасини эмас, нада бир содда
Самолёт бошқарганман.
Кўнгил парвоз тилар ушбу соатда
Юксак-юксакларга ошиқарканман.
Кема ясайдилар, қайдадир мени
Одамлар бу ҳақда қилмайин огоҳ,
Қачондир шу улкан кемага миниб
Кўкларни этсин деб қароргоҳ.
Кема ясайдилар қайдадир менга…
ТОНГГИ ТОҒ
Мағрур чўккаламиш нур кўрпачада,
Гўё юксакларга зар қалаб келган.
Гўё одамларга зўр ўркачида
Олтинрўй қуёшни орқалаб келган.
* * *
Нур излади одам, олов излади,
Юлдузлар сеҳрига толди хаёли.
Тинмади изламоқ хислати,
Меҳнат, машаққатда гул очди толе.
Илк бор ерга чирой берди одамзод —
Гўзаллик қадрини эътиборлади.
Илк бор чироқ ёқди ерда одамзод;
Акси қуёш бўлиб кўкда порлади.
ЙЎЛДА
Йўлдаман, ҳў, ўша юлдуздан сўраб,
Сен сари ошиқар юрак бу айём.
Қўнғир рўмолини бўйнига ўраб,
Мен билан ёнма-ён ўрмалар оқшом.
Сенинг дийдорингга тўймоқчи бўлиб,
Ой ҳам кўтарилди: бир олтин анор.
Йўқ, йўқ, ой эмас, бу – қоронғи йўлим
Ёритмоқ ўйида сен илган фанор…
Йўлдаман, ҳў, ўша юлдуздан сўраб
Сен сари ошиқар юрак бу айём.
* * *
Нурли қиёс изла,
қиёс изла, юрак,
Ҳаёт ишқи билан созингни созла,
Шеърга жило изла,
зиё изла, юрак,
Сўзнинг қимматини зарга қиёсла.
Тонглар тиниқлигин кўриб ҳисларда,
Умрингни баҳорга қиёс кўр, юрак,
Асло тинма, тинма қиёс изларда
Олмос қарашларда қуёш кўр, юрак.
Қўшиққа қўш неки нурли қиёс бор,
Фақат фарқла бедардлигу дардликни, юрак,
Қиёс этакўрма зинҳор-базинҳор
Номардликка мардликни юрак.
* * *
Кузак япроқларга зарҳал югуртиб,
Олтинларга кўмди борлиқ боғини.
Сўнгги яшилликни кўзимга суртиб,
Ўйчан кузатаман гул титроғини.
Хазон тўкса ҳамки шамоллар изғиб,
Юракда яшариш, гўзаллик кучи.
Куз пинакка кетар қиш бўйи мизғиб,
Зумрад кўклам бўлиб уйғонмоқ учун.
БИР ШОДА НУР
Ҳали тоғ ортида қуёш қайдадир,
Қоялар яширмиш уни букулиб.
Бироқ бир шода нур тортинмай дадил
Юксак-юксаклардан мўралар кулиб.
Балки кўҳлик тонгнинг чопари,
Қарашида шўхлик, жилвагар имо.
Гўё тиниқликдан яралган пари,
Қўшиқдан яралган, эҳтимол.
Теграсида олтин кунгура,
Балки фазо қасрига соқчи.
Зум ўтмай қуёшни ипакка ўраб
Кўк тўрига бошлаб чиқмоқчи.
Шу – зардан тўқилган самолар байти,
Қуёш китобидан очилган варақ,
Қутлуғ тонг ҳақида ҳикоя айтиб,
Ёруғ кунимиздан келтирди дарак…
КАФТИМДАГИ ЮЛДУЗ
Кафтларимда юлдуз чирпанар,
Кўзларимда юлдуз шўхлиги.
Йўлларимда юлдуздан фонар,
Бу – теграмда зулмат йўқлиги.
Ҳар юлдуздан кўкда ҳаттоки
Сўнмас қуёш ёққум бор улкан,
Қуёшлардан сийнангга токи
Олтин маржон таққунча, ўлкам.
Кафтларимда юлдуз чирпанар…
ОЛТИН ЎТЛОҚ ҲАҚИДА БАЛЛАДА
Қуёш чодир тикиб само тагига,
Зангор уфқларга зар юргизармиш.
Илҳом янглиғ бедоғ кўк юксагига
Олтин ўтлоқ тасвирини чизармиш.
Оқшомда қўлидан тушиб қалами,
Ётоғига ҳорғин қўяр эмиш бош.
Чизиб битиролмай жаннат далани,
Буюк армон билан сўнармиш қуёш.
Қўшиққа кўчириб нур таъсирини,
Содиқ қолиб қуёшнинг ғоясига
Зумрад чаманларнинг шўх тасвирини
Шоир етказармиш ниҳоясига.
Гар кўкка боқсангу, олтин мовийлик
Қаршингда юз очса зар ўтлоқ бўлиб,
Тозалик уфурса шу самовийлик,
Бунда – қуёш эмас, шоирнинг қўли.
САҲАРДА УЙҒОТИНГ МЕНИ, ОДАМЛАР
Ўша қиш эртаси ёдимда ҳамон:
Ажиб тиниқликдан кўз қамашгулик.
Эзгу туйғуларни етаклаб бу он,
Кумуш қорлиқ бўйлаб йўллар ошгулик.
Кимдир тонг саҳарда туриб атайин,
Йўл очиб кетмишдир қорнинг бетида,
Табассум улашиб – тиниқ ва майин
Қизлар боришади излар кетидан…
Шу-шу туни бўйи ёққанида қор,
Эрта турмоқ бўлмиш кўнгилнинг иши.
Хаёлимга келар бу чоғлар ҳар бор
Ўша из қолдирган йўловчи киши.
Бу тун ҳам бедорман, нурли дарчадан
Қорга тикиламан, шу гўзал дамлар
Ягона сўровим шуки барчадан:
Саҳарда уйғотинг мени, одамлар!
ҚЎШИҒИМГА МУШТОҚ ОЛАМ
Қалбимга илҳому, қўлимга
Қалам тутмиш бу бахтиёрлик.
Шундай туюларки кўнглимга
Қўшиғимга муштоқдек борлиқ.
Гўё чаманларда гуллар зорманда,
Қўшиғимни кутган каби —
Юлдузларнинг иши бор манда
Самони ҳам унутган каби.
Мендан қўшиқ тилаб парвона янглиғ
Атрофимда айланар еллар,
Бир қўшиқки, алвон оҳанглиғ,
Тингламоққа шайланар еллар.
Қўшиғимни кутган каби ошиқлар,
Дунё кулмагандек куйимсиз,
Юрак янги ҳислар сари ошиқар,
Янги ўйлар сари шошилар тинсиз.
Қўшиқ ёз десаю, коинот мандай
Шоирликка даъвоси йўқ одамга,
Лоқайд боқмоқликка ҳаққим бор қандай
Қўшиғимга муштоқ оламга?
* * *
Юрак, севмакликдан чўчима,
Ғулғула солмасин ҳижрон ташвиши.
Севиб яша, юрак, севмаклик нима —
Севмаклик – юракнинг мардона иши.
Иккиланиб севма, чўчиб севма, юрак,
Бир ёниб – бир ўчиб севма, юрак.
Шундайин севгилки ва шундайин ён —
Биттага камайсин оламда ҳижрон.
Юрак, севмакликдан чўчима.
* * *
Кимдир яралади бағримни,
Васл ўрнига қолдириб фироқ.
Кимдир оралади бағримни,
Балки шундан сочларимда оқ.
Ёки менинг ўзим кимгадир
Васл ўрнига қолдирдим фироқ.
Алам бўлиб ботди сўзим кимгадир,
Балки шундан сочларимда оқ.
ЮРАГИМГА
Уйқусизликданми шеър хаёлида
Ва ё чарчоқданми билмайман бироқ,
Гоҳ ожиз қоламан илҳом олдида,
Ҳорғин кўзларимни босганда мудроқ.
Янги гўзалликка боқмоқ олдидан
Балки кўзим ҳордиқ олмоғи керак,
Қалбларни куй билан ёқмоқ олдидан
Фақат сен мудрама, мудрама, юрак!
ҒАЗАЛХОН ЁШЛИГИМ
ҚЎШИҒИМ
Гул водийлар бўйлаб учгил, шўх жарангдор қўшиғим,
Қанотингда макон топсин гулу баҳор, қўшиғим,
Оҳанг билан эркалаб ўт лолалар яноғини,
Дилга яқин, элга яқин, эрка дилдор қўшиғим.
Йўлларимга кўз тутган ёр чаманига бўл меҳмон,
Ёрга бўлган муҳаббатим этиб изҳор, қўшиғим.
Япроқлару шаббодалар бўлиб сенга жўр овоз,
Завқу илҳом нашъасида чалсин дутор, қўшиғим.
Янги-янги оҳанг билан тебранадур дил тори,
Дилда ҳали айтилмаган қўшиғим бор, қўшиғим.
Гул ҳаётнинг ўзи дилбар, жўшқин қўшиқ мисоли,
Қўшиқларга кондир асли бу гул диёр, қўшиғим.
ГУЛ МУДДАОСИ
Тонгда атр келтирди гулшанларнинг сабоси,
Сен салом йўлладингми зеболарнинг зебоси?
Ғунчани соғинтирдинг гулгун табассумингга,
Васфинг билан жаранглар эрка қушлар навоси.
Гулки гул чиройингга зор эрмиш чаманларда,
На қилсин гўзал гулда гўзалликнинг даъвоси.
Мадҳингни солиб куйга, ғазал битмак чоғласам,
Ишқ бобида бўлмагай илҳомимнинг адоси.
Сайр одатинг тарк этмай, йўл тутгил гулзоримга,
Кўксингга чирой бўлмоқ, гулнингдур муддаоси.
ОШНОМАН ХАЁЛИНГГА
Гулзор ҳавоси ширин,
Булбул навоси ширин,
Қаролмайман кўзингга,
Дилда ишқим яширин.
Қирда қизил лоладир,
Кўзгинамни оладир.
Гулимни оласанму —
Кўнглингга ҳаволадир.
Ташнаман висолингга,
Ошноман хаёлингга.
Бунча оро берибсан
Боғи бемисолингга.
СЎЛИМ БАҲОР
Сўлим баҳор, сўлим баҳор,
Нурда кулган йўлим баҳор.
Шул баҳорга, гул баҳорга
Ярашиғлик диёрим бор.
Ел парвона гул қошида
Ел куйида шўх нашида.
Гўзаллик бор, нафислик бор
Гулларнинг ол қарашида.
Гул боғларда ёр висоли,
Ёр висоли гул мисоли.
Чаманларда кўрк ошади,
Боғларга ёр ярашади.
Сўлим баҳор, сўлим баҳор,
Нурда кулган йўлим баҳор.
ЛОЛАЛАРДАН КУЛДИ БАҲОРИМ
Лолалардан кулди баҳорим,
Севгисидан гул тутди ёрим,
Ёрга вафо аҳду қарорим,
Шод, бахтиёрман,
Аҳдимда борман.
Ёшлигимга ўхшар дарёлар,
Ёшлигимдай жўшар дарёлар,
Дилга шўхлик қўшар дарёлар,
Шод, бахтиёрман,
Аҳдимда борман.
Куйламоққа, чорлар оқшомлар,
Нурда ёниб порлар оқшомлар,
Ишқни куйлаб гўзал айёмлар,
Шод бахтиёрман,
Аҳдимда борман.
СОҒИНИБ КЕЛИБСАН
Дилимнинг соҳиби султони,
Шу ошно дилингдан ўргулай.
Висолга элтувчи йўлингдан,
Соз чертган қўлингдан ўргулай.
Созингдан сочилган садолар
Сеҳрли, дилрабо бунчалар.
Куйингга маҳлиё саболар,
Тебраниб тинглайди ғунчалар.
Куйингдан ўргулай, назмингдан,
Вафодор аслингдан ўргулай.
Соғиниб келибсан, соғиниб,
Шу барно васлингдан ўргулай.
ЁР ЖАМОЛИ
Гулданми боғ жамоли, гулрў жамолиданму?
Гулданми боғ камоли, гулрў камолиданму?
Достон ўқиб парининг ҳусни баркамолига,
Маҳлиёлик кўнгилнинг паришон ҳолиданму?
Наводан дил тебранур, дилижон экан бунча,
Ширинлиги навонинг ошиқ мақолиданму?
Эгилмиш лола қадди, қизармишдур уятдан,
Лола юз, гулгун қизнинг нозик саволиданму?
Назокатда ниҳолдай нозланди боғда дилбар,
Дилбарликда ўтибдур шу боғ ниҳолиданму?
Анваро, кез чаманни, гулга тўқиб ашула,
Тинглаб десин шайдолар: севги зилолиданму?
СЕВДИМ ДИЛДАН
Баҳор бўлиб кирдинг дилга,
Шодлик, илҳом бердинг дилга,
Ишқ маржонин тердинг дилга,
Мадҳинг билан юрак, тил банд.
Кўзларингда хаёл ўйнар,
Вафо ўйнар, ҳаё ўйнар,
Куйларингдан ҳаво ўйнар,
Севдим сени, севдим дилдан.
Сени юрак ўйлар бедор,
Жамолингни куйлар баҳор,
Шайдо қалбда қўшиғим бор,
Қўшиғимни тингла, дилбанд.
ЁР БЎЙИДАН ЎРГУЛАЙ
Гулбоғимда гул бўйи бор,
Ўргулайин гул бўйидан.
Дил тўрида ёр ўйи бор.
Ўргулайин ёр ўйидан.
Гул бўйидан, гул бўйидан
Ёр йўлига сочай дейман.
Дил куйидан, дил куйидан
Ёр кўнглини очай дейман.
Гул япроғи тоза – тоза,
Булбулдайин йўқ ғазалхон,
Гулга ғазал ёза – ёза
Булбул бўлмиш шўх ғазалхон.
ЮЛДУЗЛИ КЕЧАЛАР
Юлдузли кечалар, нурли кечалар,
Юлдуз кўзларингни солар ёдимга.
Шу нурли кечалар, сирли кечалар
Юлдуз бўлиб келгил, дилбар, ёнимга.
Ойнинг жилвасига маҳлиё кўнгил
Зумрад чаманлардан излар висолинг.
Дилбарим, кафтимга нур бўлиб қўнгил,
Нурга қиёс бўлсин сенинг мисолинг.
ЁР СОҒИНЧИ
Ипакчи қиз қўшиғи
Ипагимдай узундир, ёр, хаёлим,
Толеимдай соф, беғубор хаёлим.
Йўлларингга нигорондир кўзларим,
Севгим мисол авжи баҳор хаёлим.
Ипагим зар, мисли дилбар мулойим,
Ипагимдан висолга йўл улойин.
Қўшиқ айтиб чаманимга келсанг, ёр,
Муҳаббатинг чинлигини билойин.
Ипак пайванд юрагимнинг торига,
Бахтим монанд ипагимнинг зарига.
Сенга бўлган соғинчимни, шунқорим,
Ипак билан ёздим дил дафтарига.
ВИСОЛ ГУЛШАНИ
Қўлда пиёлам чинни,
Қўшиқ сўзимнинг чини.
Қўшиққа қўшиб айтдим
Қалбимнинг соғинчини.
Тоғ бошида қормикин,
Излаб келган ёрмикин.
Қарчиғай кўз ёргинам
Ишқига иқрормикин.
Шошаман ёр ёнига,
Ул висол гулшанига.
Дилдан қўшиқ айтаман
Дилдоримнинг шаънига
Ишда толмас билагим,
Ишқда толмас юрагим.
Ёр кўксига бош кўймоқ
Менинг орзу – тилагим.
ЗЕБО ЎЛКАМ
Зебо ўлкам, зеболикда танҳо беандоз,
Йўлларингга нур ва чечак ёзмиш поёндоз.
Гулшанингга минг боқдиму бир бор тўймадим,
Меҳнат – кўрку жамолингга сайқалу пардоз.
Йигитларнинг – лочин мижоз, шерюрак, ўктам,
Шўх қизларинг – вафодору, серишва, серноз,
Садоқатли шунқорларинг мардлик кўргазиб,
Кўк сирини очмоқ учун айлади парвоз.
Боғларингни тарк этгуси келмайди кўклам,
Бахт ҳавоси жаранглаган ҳаволаринг соз.
Гул ҳаётдан жило олиб, шайдо юрагим,
Дилбар Ватан васфин куйла боз устина боз.
СОЙ СОҲИЛИ СЎЛИМ-СЎЛИМ
Сой соҳили сўлим-сўлим,
Сой бўйига тушса йўлим,
Суйганимнинг висолини
Сўлим сойдан сўрар кўнглим.
Суйганимнинг сайроқ созин
Яйраб тинглай дил овозин.
Фақат унга очганим йўқ,
Очганим йўқ юрак розин.
Сулувгинам деган куйи
Менга айтган куйимикин,
Соҳил бўйлаб кўринган у
Севганимнинг бўйимикин.
Сой соҳили сўлим-сўлим,
Сой бўйига тушса йўлим,
Суйганимнинг висолини
Сўлим сойдан сўрар кўнглим.
ҚЎШИҒИМ – ҚЎШБУЛОҒИМ
Қўшиғимсан, Қўшбулоғим,
Қўшиғимдай жўш, булоғим.
Чечакларга кон бу боғим,
Қўшбулоғим – гул қишлоғим.
Сунбулини тарар қизлар
Ойина кўз булоғингда.
Ёр йўлига қарар қизлар
Чаманингда, гулбоғингда.
Гул саватсан тоғ тўшида,
Булоғимсан сен зилолим.
Қўшиғимсан дил тўрида,
Баҳоримсан – безаволим.
ДИЛРАБОДАН БУ ЧИРОЙ
Бу гулистон тўлди кўркка, гул, зиёдан бу чирой,
Тупроғи зар – кўзимизга тўтиёдан бу чирой.
Пойидан гул кулди боғда кулганида дилрабо,
Пойи сунбул, завқи булбул дилрабодан бу чирой.
Қўлда сози, гул ҳаётни мадҳ этарда хуш нафас,
Гул ҳавода ўйнаб учган шўх ҳаводан бу чирой.
Боғимизнинг гул жамоли бахтимиздай сержило,
Шод кўнгил бағридаги соф муддаодан бу чирой.
ҚАНОТЛИ ЁШЛИК
Мусаффо осмонинг, боғинг қуёшлик,
Порвоз қил, парвоз қил, қанотли ёшлик.
Олис сайёралар, юлдузлар билан
Фазоларда туздинг қутлуғ қардошлик.
Нақарот:
Мусаффо осмонинг, боғинг қуёшлик,
Парвоз қил, парвоз қил, қанотли ёшлик.
Саҳролар бағрига элтасан баҳор,
Толеинг оламга баҳордай боқар.
Куйла саодатни шўх, ошиқона,
Ашуланг ёйилсин жумла жаҳона.
Нақарот:
Ер юзи ёшлари бериб қўлга қўл
Жўровоз куйласин, куйга – ойдин йўл.
Куйласин жўр бўлиб сенга кенг жаҳон,
Куй билан яйрасин бу тиниқ осмон.
Нақарот:
ЮЛДУЗЛАР ҒАЗАЛИ китоби 1974 йил
* * *
Кимгадир боғлиқмиз, кимгадир интиқ,
Кимдандир оқибат кутиб яшаймиз.
Бу куннинг ҳуснига волалар бўлиб,
Ёруғ эртага кўз тутиб яшаймиз.
Бу кунимиз билан эртамиз аро
Ришталар мавжудки, илғанмас кўзга.
Худди шундай узоқ кўкда ўзаро
Юлдуздан йўл кетмиш олис юлдузга.
Ошиқ ёр васлига етишгани он
Шу ёғду юракда ўт бўлиб ёнган.
Орада офтоб бор, замину осмон
Нурнинг олтин ипларида уланган.
Сен ва мен… дилларни севги ўртади,
Қисматимга кирдинг фаришта бўлиб,
Муқаддас муҳаббат икки ўртада
Туйғуларни қўшди бир ришта бўлиб.
Сирли ришталарни офтоб тўқиган,
Узилмасин улар, бузилмасин асти.
Шу кўзга кўринмас иплар йўқ экан,
Дунё пароканда, дунё бўлмасди.
Умидларга пайваст ҳаёт яшарар,
Нафис ришталардан қисматлар бунёд.
Дунё меҳваридан ўтар ришталар,
Бири узилса ҳам зил кетар дунё.
* * *
Бир зумга уйғониб қоқ саратонда
Бағирни елпиган шаббода мисол.
Шу интизор лаҳза, соғинган онда
Эркалади кўнгил бағрини хаёл.
Бу – сенинг хаёлинг меним тўғримда,
Ва сенинг ҳақингда мен ўйлаган ўй.
Ўйимда фаришта юзинг кўрдим-да,
Дедим: Ҳумо бунча бўлмаса хушрўй!
Ошиқликнинг доно ҳикматидир бу:
Хаёл оғушида тиниқар кўплар.
Шоирда тилакдир, шоирда орзу,
Ишқий хаёлларга толинг, маҳбублар.
То севги орзуси ўйнасин қонда,
Хаёл парвоз қилсин учқур, зар қанот.
Бир зумга бўлса ҳам қоқ саратонда
Баҳор насимига тўлсин коинот.
* * *
Шам ёнгандай шоир ижодгоҳида
Оқшом осмонида порлади юлдуз.
Ажаб, шундай бўлар гоҳи-гоҳида:
Олис шу юлдуздан узолмайсан кўз.
У билан ободдир осмон воҳаси,
Ўзгалари ичра кўримсиз, митти.
Гўё шу юлдузча кўк илоҳаси,
Энг порлоқ умиддай ёниб турипти.
Кимдир уни номсиз юлдуз атади,
Кимгадир абадий у шамъи ҳаёт.
Қайсидир кўнгилда ишқ уйғотади,
Сўнган севгисини кимдир қилур ёд.
Кимдир сарлавҳасиз шеър аввалига
Унинг тасвирини чизди дард билан.
Кимдир қиёс этди заррин шу нурни
Борлиқ тўзонида олтин гард билан.
Висол рамзи, деди соғинган кўнгил,
У билан ёриди ҳижрони туни…
Кимдир ғафлат ичра пайқамади-ю,
Кимдир ташвиш аро кўрмади уни.
* * *
Йўллар кўп оламда яқин ва олис,
Манзиллар чароғи чақирар имлаб.
Қайларда қолмаган пойимизда из,
Сўқмоқлар кезганда одим-одимлаб.
Боғлар япроқ ёзган соҳил ёнидан
Сўқмоқлар кетмишдир шўх ва югирик.
Кўплар қайтгани йўқ ўт майдонидан,
Йўл бошида қолган оналар тирик.
Умр висолданмас фақат иборат,
Баъзида жудолик сари солар йўл.
Достоннинг илк йўли – дардли ибора
Ойдин сатрларни бошлаб келар йўл.
Сатрларим менинг – ўтган йўлларим,
Йўллар гарди пинҳон сатрлар аро.
Ким манзилга етмай, қолди йўл ярим,
Кимлар кўринмайди ботирлар аро?
Оқ-оппоқ уфқлар жамол кўргизиб,
Омад сўқмоқлари имлайди дилдор.
Кўнглимизда сафар тилагин сезиб,
Эшикда дамба-дам кишнайди тулпор.
Қутлуғ юрт тупроғин олиб кафтига,
Мени ҳам йўлларга узатган онам.
Шундай: оқ йўл тилаб космонавтига,
Маъюс термулади ортидан олам.
* * *
Офтоб тарк этади само баҳрини,
Ёруғ қисматидан армони йўқ ҳеч.
Жим бир шарпа силар боғлар бағрини,
Барглар бахмалидан ўрмалайди кеч.
Чироғини ёқиб кўк бекаси ой,
Ажиб туйғу билан ерга тикилар.
Наздида, ерда ҳам шу тоб, ҳойнаҳой,
Уйлар чироғини ёқди бекалар.
Хоҳи бахтли бўлсин, хоҳи ҳасратли,
Юракларда ҳоким ёруғ бир ҳавас.
Бир малак кезади муҳаббат отли,
Жонлар пардасида ўйнаб шу нафас.
Не турфа савдолар осмон остида,
Толе ва бахтсизлик, висол ва фироқ…
Қайгадир нур кирди оқшом остида,
Қайдадир ойдин кеч ёнмади чироқ…
** *
Ой нурида осмон туби зар,
Жон зотининг ухлар маҳали,
Менга яшаш назмин ўргатар
Юлдузларнинг ёруғ ғазали.
Бемаврид ғам, қаро бахт учун
Берганидай таскин, тасалли.
Куйланади қалбларга кўчиб
Юлдузларнинг ёруғ ғазали.
Кўп кўҳнадир осмон ва тупроқ,
Коинотда севги азалий.
Шундан сўйлаб турипти порлоқ
Юлдузларнинг ёруғ ғазали.
КЎКЛАМ
Яралгандан бугунгача то
Қанча баҳор кутмаган хилқат.
Қанча кўклам кўрмаган дунё,
Барқ урмаган қанча гул, кўкат.
Кўкламнинг ҳам табиати шўх,
Беғам қизга ўхшар кўклам ҳам.
Рухсорида зарра қайғу йўқ —
Дард нимадир билмайди кўклам.
Ерда хазон асоратин ҳам
Ва бунгача оққанини қон,
Билолмайди, билмайди кўклам,
Назарида дунё бехазон.
У шоирни сўроқлаб келар,
Мусаввирга – ранг хазинаси.
Лаҳза кўзи билан тикилар,
Мангуликка ўхшар сийнаси.
У бахтдайин ташриф буюрар,
Борлиғингга кирар ногаҳон.
У жаҳонни илк бора кўрар,
Уни илк бор кўрмоқда жаҳон.
БОЙЧЕЧАГИМ
Сен, эй навбаҳорнинг мовий кўз қизи,
Борлиқни уйғотган суюк чечагим.
Сен, эй сабзазорнинг ёниқ юлдузи,
Сени тиламади, соғинмади ким?!
Кўкламними кўрдинг олтин тушингда,
Эҳтимол, кўркинг йўқ битта ғунчалик.
Буюк ҳикмат кўрдим термулишингда,
Йўқса, шошармидинг бизга шунчалик?!
Ким етишди сенга, ким етолмади,
Етишганлар бу кун айтур шукрона.
Ким сенсиз оламни тарк этолмади,
Сени куйламади ким шоирона.
Ҳаёт ғилдираги айланар тинмай,
Тебратар камолот беланчагини.
Қай деҳқон ва шоир яшар соғинмай
Ерни уйғотгувчи бойчечагини.
Қуёш теграсида парвона борлиқ,
Борлиқ теграсида парвона қуёш.
Гўё сенга қанча умрлар боғлиқ,
Сен ҳар наврўз ердан кўтарсан бош.
* * *
Куз кўкининг бағри зангори, тиниқ,
Шоҳ сатр тилаган саҳифа каби.
Нечук турналарнинг қўшиғи синиқ,
Беватан қушларнинг недир матлаби?
Сизники ягона ва баланд само,
Бироқ, сизни кўриб бағрим тирналар.
Қалби биргинаю юрти бесаноқ.
Жонҳалак қушларим, хайр, турналар.
О, ғалати қушлар, офтоб фаслида
Қайтарсиз боғимни қўмсаб, ҳойнаҳой.
Билсангиз, диёрим менинг аслида
Ризвони жаҳондир йил – ўн икки ой.
Илиқ диёрларга учмоқ тилайдир
Турналар тизими – мовийлик ичра.
Оппоқ қоғозимга кўчмоқ тилайдир
Турналар тизими – шу ўтли мисра.
МАНГУ ОЛОВ ЁНАДИ
Замин истиқболига
Олтин офтоб шошади.
Зулфининг тол-толига
Гул атри илашади.
Коинот кўҳлик жуда:
Янги тонг уйғонади.
Нақ заминнинг кўксида
Мангу олов ёнади.
Ўчоқда ўт ловуллар,
Қутлуғ рўзғор яшнайдир,
Азим шаҳар, овуллар
Фароғатга ташнадир.
Кўзгу олдида қизлар
Висолга таранади.
Оташ севгидан сўзлаб
Мангу олов ёнади.
Илҳом лаҳзаси шоир
Олам билан юзма-юз —
Бағридан излайди дур
Беором кеча-кундуз.
Сўз байтлар ҳалқасида
Ғазалга боғланади.
Жасоратга қасида —
Мангу олов ёнади.
Шаҳид аскар онаси
Ўғлин кутади ҳамон,
Ҳис қилиб Ер нафасин
Ухлайди ул қаҳрамон.
Она фарзанд доғида
Бир умр ўртанади,
Ҳаётнинг гулбоғида
Мангу олов ёнади.
Бахтини ўйлаб одам
Кўкдан келтирган олов,
Шу бахтига дамо-дам
Тахдид солар беаёв.
Ўша олов ногаҳон
Ёнғинга айланади,
Ёнмасин, дея жаҳон
Мангу олов ёнади.
МУСИЧА
Мусича кукулаб март эртасида
Борлиқни уйқудан уйғотди хушҳол.
Нимдошгина қушнинг оддий сасида
Башорат қилинган кўклам ва иқбол.
Қирқ бешинчи йилнинг нақ наврўзида
Зафарни башорат қилган оналар —
Мунислигини ва улар кўзида
Ёнган меҳр ўтин у ёдга солар.
Гоҳида битта сўз шеърга ранг берар,
Шу биргина сўзсиз шеър маъноси ҳеч
Баъзан оддий чечак боғда гуркирар,
Шу чечаксиз чаман, гул-раъноси ҳеч.
Олам кезамизу толмай, баъзида
Бир қадам босишга журъат етмайди.
Ўша бир қадамсиз, билсанг аслида,
Ҳаётинг карвони олдга кетмайди.
Мени маъзур тутинг о саркардалар, —
Билгувчисиз жанг ва зафар сирини;
Баъзан оддий аскар, бешуҳрат, камтар
Ҳал этади катта жанг тақдирини…
Орзу-армонидан тортиб одамнинг,
Тирикликнинг порлоқ юлдузигача,
Тўкис-тугаллиги учун оламнинг
Етишмайди баъзан… битта мусича.
ШАБНАМ
У тирик қарайди, шу тиниқ кўзи
Борлиқни кўради соғлом ва тўкис.
Унда акс этмоқчи офтобнинг ўзи,
У билан тупроққа тиз чўкмоқчи, тиз.
Шу қатра гулларга омонат инди,
Қанчалик омонат бўлмасин шу нам,
Алланечук рангин, ёрқин кўринди
Шабнам кўзгусида ярқ этган одам.
ФАРИШТА ВА АЛВАСТИ
Бу кун тонг саҳардан гўзал, олтинсоч
Офтоб зулфи кўкка сиғмай тошади.
Сен ҳам эрта туриб дарбозангни оч:
“Тонгда фаришталар ризқ улашади”.
Ёлғиз эртакдамас фаришта насли,
Афсонада эмас алвастилар ҳам.
Алвасти қалблардир ёвуз, ғаразли,
Фаришта юзлардан хуррамдир олам.
Покиза йигитнинг дилбар санами,
Қалбини ёндириб ишқи беғубор.
Сани тиласа ул, истаса сани,
Фариштаси бўлиб эшигига бор.
Одамхўр алвасти қонли қўл билан
Фаришта пайида юрар беомон.
Орзуга шошсангу эзгу йўл билан
Фариштанг бўлмаса ёмондур, ёмон.
Фақат елкадамас: санаб ўлтирган
Бири савоб, бири гуноҳимизни.
Бу кун елкаларни зил босиб турган
Фаришталар эмас, дунёлар вазни…
Бир вақт кўзим очиб мен палатада
Бош узра кўрганман халоскоримни.
Фаришта эди ул оқ халатида,
Бахш этгудай эдим унга боримни.
Бир вақт юрт кўкида кезганда машъум
Ўлим қузғунлари кетмайин нари,
Лочинларни жангга узатган маъсум
Сиз эдингиз ҳаёт фаришталари.
Олам оворадир бахт ахтаришда,
Ўзлигин излашда овора одам.
Ёлғиз эркакларда эмас фаришта,
Афсонада эмас алвастилар ҳам.
ШЕЪР ЛАҲЗАСИ
Дўстим Эркин Воҳидовга
Қайта яшаб бўлмас оташ лаҳзани,
Қанча қўмсамагил, қайтмайди онлар.
Қалбингни ўртаган олтин зум қани,
Қани васл эртаси, зар тола тонглар.
Дунёга кўз очдинг ёруғ юз билан,
Шундай мунаввар юз толеи асил.
Шеърим, севгувчи қалб ишқда ёниб шан
Тиламаганмиди сени муттасил.
Энг ёруғ тушлар ҳам ўтади зумда,
Яхшиликка йўйдим тушларимни ҳам.
Шу оний тушлардай ёниб кўзимда,
Кўксимни тўлдирдинг, ишқи ягонам.
Ўшал қайтмас лаҳза банд этиб мани,
Ёдим кўзгусига инди беғубор.
Қайта яшасам ҳам ўшал лаҳзани,
Сени тополмасман, шеърим, қайта бор.
ҲОФИЗ
Ҳофиз Маъмуржон Узоқовнинг
Марғилон боғида куйлаб туриб
жон берганлигини ҳикоя қиладилар.
Шундай узилади энг таранг тор ҳам,
Севги талқинининг авж пардасида.
Қўшиқ – васияти бўлди сўнгги дам
Даврон ҳофизлари қутлуғ баҳсида.
Байтлар ҳикматидан давра лол эди,
Ҳофизни элитган илҳом лаҳзаси —
Ажал шарпасимас, бир хаёл эди,
Қазо ели эмас, Масиҳ нафаси.
Фарёд титратмади ногоҳ тўлқиндай,
Фақат зоҳир эди сўлим бир жимлик.
Қўшиқ олдидаги сукунат, шундай —
Қўшиқ олдидаги жим бир сўлимлик…
Бу бир ҳикоятдир, ривоят эмас,
Бунга гувоҳ ўша Марғилон боғи.
Афсонавор бўлиб қолди ўт нафас,
Афсоналар шундай туғилар, чоғи.
* * *
Инсон хаёл сурар: толедир тилак,
Орзуманд инсонга буюклик – армон.
Қасри, юлдузлари, уммони билан
Дунё беҳад буюк, заррадир инсон.
Инсон хаёл сурар: бахтини тилаб,
Ўйга чулғонади минг, милён карра.
Хаёли, армони, имони билан
У буюк дунёдир, дунё – бир зарра.
РОССИЯНИНГ ТАБАССУМИ
Юрий Гагаринга
Ҳорғин кипригида фазолар гарди,
Кўкдан қайтди Ернинг хушвақт ўғлони.
Бир кафт юрт тупроғин кўкка кўтарди
Аллома асрнинг хушбахт ўғлони.
У билан лаҳзада олам улғайди,
Яшаб камолининг олтин зумини.
Шунчаки… у мағрур оламга ейди
Россиянинг камтар табассумини.
* * *
Биз лаҳзалар каби шошамиз ҳар вақт,
Гоҳ ҳушёр, гоҳида ғафлатдамиз, оҳ.
Гоҳ тўй-томошага келамиз барвақт.
Дўстнинг кулфатига кечикамиз гоҳ.
БИР АВГУСТ ОҚШОМИ
Бир август оқшоми, кеч шамолида
Қизиган далалар елпинар чоғи.
Буғдойзор тебранар нон хаёлида,
Кўкда юлдуз ёнар – ноннинг увоғи.
Янги юлдуз излар бедор мунажжим,
Яхши тушлар кўриб тин олар деҳқон.
Тепада бир юлдуз милтирайди жим,
Олтин далаларда етилмоқда дон.
Порлоқ ниятлардан нурлидир мангу,
Толе манзилининг сўқмоқлари оқ.
Мангу пойидордир, сирлидир мангу
Милтираган юлдуз, тебранган бошоқ.
* * *
Янги кўйлак кийган синглим мисоли
Кўклам кўйлагида суюнар олам.
Қушлар қанотида келтирар толе,
Барчага етгулик: сенга, менга ҳам.
Вақт қуши учадир, учар беармон,
Бир онга тўхтатмай ўз парвозини.
Бизлармиз, дўстгинам, мутриби даврон,
Қўллардан қўймовчи ҳаёт созини.
Ёруғ тонг туғилар лаҳза ўтмайин,
Кечмиш бўлиб қолур ажиб шу он ҳам.
Умрдан лаҳзалар кечгани сайин
Тобора кексаяр кекса жаҳон ҳам.
Кечмиш давронлардан ўчмас хотирот
Бу кун отаётган оппоқ тонгимиз.
Олам ўзи кўҳна, кўп эски равот,
Уни янгиловчи бизлар янгимиз.
ЮКЛАР
Р.Қ.Исломбековга
Вазнига нисбатан неча бор вазмин
Юкни уясига судрар чумоли.
Шумикин ризқ-рўзи, яшашдан мазмун,
Чумоличасига шумикин толе?
Заҳматкаш қумурсқа, Инсон умри ҳам
Юклар ташимоқдан иборат, асли,
Бизда ўзга мезон ва ўзга кўлам;
Ахир, биз инсонмиз, одамзод насли.
Чумоли, сен учун англамоқ мушкул
Бизлар ташийдиган юклар кўламин,
Муқаддас юкимиз – кураш, ҳижрон, гул,
Тепадаги юлдуз, бахши ўлани…
Шоир ҳам маънолар ташиб юради,
Икки елкасида сўз тўла хуржун.
Бўшатади, яна сўзлар теради,
Қайта бошдан уни тўлдирмак учун.
Ризқ билан тўлсин деб, бўлсин деб пойдор, —
Инсоният отли буюк хонадон,
Вазнига нисбатан вазмин неча бор
Юк ташиб йўл босар тинмагур Инсон.
ЖАСОРАТ
Жасорат нимадан бошланур асли,
Мен ҳаётга қандай мардликка шайман.
Қандай мактаб ўтган Гастелло насли,
Гўдак чоғларимдан шуни ўйлайман.
Ўққа қалқон бўлган ёш Матросов
Умри афсонадир бу кун, афсона.
Бу кун менинг наслим шонга муносиб,
Истиқболи сари борар мардона…
Қаллоб бир қилмишга ким қадам қўяр —
Қийнайдир аввали гумонли хаёл.
У буни шунчаки гумонга йўяр,
Қўрқоқлик бошланур шундан, эҳтимол.
Бедардлик дардидан қолган асорат —
Бир лоқайд сатр бор, бироқ чиройлик,
Шоирга қўлингни бергил, жасорат.
Шу лоқайд сатрни кел, ўчирайлик.
* * *
Не тилайсан, сўйла, жаҳонгашта қалб,
Қайга учгунг хаёл арғумоғида?
Гуллар изладингми сайлаб-саралаб
Бехазон, безавол кўнгил боғида.
Майлига, йўллар бос билмай ҳорғинлик,
Дунёлар ораси сенга бир қадам.
Сен зарралаб топган шеърий ёрқинлик
Толе хизматида бўлсин дамба-дам.
Авжи гўзалликни куйламоқ даминг,
Бағрингда нашъа ва завқ бениҳоя.
Ғариб гўшаларга етсин қадаминг,
Эрталардан айтгил ёруғ ҳикоя.
Ҳажрингдан қай ошиқ кўзда қалқди нам
Ҳижрон изтироби бўлсин-да унут,
Абжир чавандозим, менинг қалбгинам,
Вақт тулпорининг жиловидан тут.
Сени олис йўллар, йўллар чорлайди,
Шеър сўқмоғи бўйлаб сўнгсиз чақирим.
Бир дам бағримга қайт, ўйлар чорлайди,
Бу чоқ сени ўзим, ўзим чақирдим.
Кўриб-ку, ҳис қилиб турибман ўзим
Сен ўтган сўқмоғу масофалар мўл…
Нега оғир бўлар, айт, нега узун
Бағрингдан то оппоқ қоғозгача йўл?
ВАҚТ
Йигирма тўрт сулув зулфини тараб,
Сарҳисоб сўрайди мендан кеч-кундуз.
Бири салом билан келса эрталаб,
Бошқаси пешинда кўргизади юз.
Шеър хаёли мени банд этган дами
Йўқлаб келар яна битта париваш.
Тунда остонамга етиб қадами,
Бошқа бири ёниб сўйлайди яккаш.
Умрлар кечади соатма-соат,
Шиддаткор асримда дамлар югурдик.
Жўралар омонми, борми саломат,
Ўзга кулфатига бўлдимми шерик…
Ножўя айтилган битта сўзимдан,
Чил-чил синмадим дўст кўнгли ногоҳ:
Совуқлик ёғдими баъзан кўзимдан —
Баридан одамлар огоҳдир, огоҳ…
Қизлар сиймосида кўринган менга
Йигирма тўрт сулув – кеча-кундузим.
Сарҳисоб бераман соатларимга,
Вақт қаршисида якка мен ўзим.
Вақт ғазнасида онларнинг зари
Ганжлар уммонининг қатра мисқоли.
Ҳар кичик ишимга тушиб назари
Вақт мендан ҳол сўрар дўстим мисоли.
Шундай улғаямиз бизлар кунма-кун
Умр дарёсида оқади сувлар.
Кечган ҳар соатнинг лаҳзаси учун
Ҳисоб сўрар ҳали қанча сулувлар…
Шу ярим кеча ҳам ишқий қасида,
Ғазалим байтига мавзу бўлган он,
Доно бир фаришта қиёфасида
Эшик қоқаётган вақтдир, бегумон.
* * *
Чиройсиз борлиқлар маъниси надир,
Чиройини кутар саҳролар сувсиз.
Кўнгил сайри – орзу диёригадир,
Ҳоли не кечарди унинг орзусиз.
Субҳи содиқ они гуллар энтикиб,
Офтобни кутадир нур илинжида.
Бир кун уйғонгали, камолни кутиб
Кўкламлар ухлайдир куртак ичида.
Ишқий куй туғилар, севгувчи мутриб
Соҳибидир унинг ёлғиз – ягона.
Шу оҳанг эмасми бир умр тирик
Чолғунинг бағрида ухлаган ёна.
Фазо кутар жасур фазогирини,
Қўрқмас ғаввосини – дурри-дурдона.
Ечмоқ истамайин азал сирини,
Бахтимга ошиқдим шўх, ошиқона.
Порлоқликлар – сўзда, сўзда ҳарорат,
Достон тилар сўзнинг энг яхшисини.
Ботирини кутар қанча жасорат
Ва қанча афсона – ўз бахшисини.
УЙЛАР
Оламга чиқамиз ҳатлаб остона,
Уйларимиз ўйчан кузатиб қолар.
Яна шу муборак гўшаи хона
Мунис онадайин бағрига олар.
Уйлар бор бир умр ҳувиллаб ётар,
Остонаси меҳмон пойини билмас.
Баҳорми, ёзми, қиш, тунми, тонгоатр —
Гўшалар бор бир дам меҳмон узилмас.
Биргина остона энг қутлуғ баён
Эгасининг феъли – табиатидан.
Мезбон саховати аёндир-аён
Дарвозага битук ташриф хатидан.
Уйлар дер: Бағримда Инсон яйрасин,
Фақат яхшиларни кутар улар ҳам.
Шу катта жаҳоннинг бир ҳужайраси —
Бахтдан – бунёд, ғамдан – барбод уйлар ҳам.
Сўйла қалбим, сўйла, қани ул меҳмон,
Севгинг фариштаси кўрсатдими бўй?
Қалбим, сенмасмисан, айт тутмай пинҳон,
Азиз қўноғини кутаётган уй?
* * *
Кўклам китобини варақлайди ел,
Маст бўлгиси келиб жонбахш атирга.
Мунисгинам, сокин соҳилларга кел,
Борлиқ ҳикматини ўқийлик бирга.
Йилимиз тўрт фасл ичра айланар.
Йиллар – шу давранинг сўнгсиз такрори.
Даврийдир ёз ҳусни, куз боғида зар,
Кўклам чечаклари, қишларнинг қори.
Зумрад тепаларнинг дўпписи зардўз,
Бу гал ҳам ўзгача, ўзгача баҳор.
Ерни гулга қанча кўммасин наврўз,
Ернинг кўмиб бўлмас яралари бор.
Оламни куйлаймиз шан қўшиқларда,
Олам ўзгачароқ биз куйлагандан.
Оламни ўйлаймиз, у – бизнинг дардда,
Олам мураккаброқ биз ўйлагандан.
Булбул саси келар бахт боғларидан,
Бедоғ осмонимда адашган булут —
Булутми ё жаҳон жанггоҳларидан
Осмону заминга кўтарилган дуд?
Бу чоғ мен созламоқ бўлаётган тор
Замон мутрибларин созига пайваст.
Бу чоғ мен соғиниб кутганим баҳор
Қайғу бодасидан кимни этар маст.
Ҳаёт асосида ажаб фалсафа:
Рўбарўдир ёшлик ва оқ соч башар,
Шу гул эртасида биринчи дафъа
Йигирма ёшлилар висолга шошар.
Боқий бўлсин севги – энг ноёб туйғу,
Яшаш замирида севгидир фақат —
Толе дийдорига ошиққан гулрў,
Насиб бўлсин сенга бахтли муҳаббат.
Замон мутрибининг сози олтиндан,
Умрбоқий куйлар излайди ёниб.
Ҳали қанча-қанча кўклам олдинда
Оламни кутадир гулга чулғониб…
Кўклам китобини варақлайди ел,
Маст бўлгиси келиб жонбахш атирга.
Мунисгинам, сокин соҳилларга кел,
Борлиқ ҳикматини ўқийлик бирга.
ТУНГИ ҚЎШИҚ
Юлдузли кечанинг жим оғушида
Туғилар шоирнинг назм лавҳаси.
Ишққа майл уйғотар маҳзун кишида
Буюк коинотнинг сирли лаҳзаси.
Шу ёруғ лаҳзанинг тирик қўшиғи
Мазмунлар яратар боқий, умрзоқ.
Қин тубида мудрар ханжарнинг тиғи,
Шоирнинг дастида қаламдир уйғоқ.
* * *
Тантана авжида, одам тумонат,
О, суюкли чирой ва таниш чеҳра,
Қидираман сени, елкамда қанот,
Қидираман таниш, нотаниш ичра.
Ишим кўп заҳматли, машаққатли иш,
Мен ҳам тинмас ғаввосларнинг бириман.
О, Сен биргина сўз: ноёб, нотаниш,
Таниш сўзлар ичра сени қидираман.
* * *
Бемавруд ўкиниш, бемаҳал асаб
Эрта пасайтирар ҳаёт забтини.
Кўпдан қарамабман кўзгуга, ажаб,
Сочимга бевақт оқ оралаптими…
Бевақт толаларга афсусим йўқдир,
Оқ-қорани кўрмоқ – яшаш қонуни.
Қонимда муҳаббат жавлони шўхдир,
Бевақт деб бўлурми ишқ жавлонини.
Умид алдамади мурғак сезгимни,
Маҳбубим йўлига мен кўз тутганман.
Ўшал афсонавор “бевақт” севгимни
Мен, ахир, бир умр ёниб кутганман.
О, шеърий калима, кўргузиб рухсор,
Дилни энтиктирдинг кутилмаганда.
Бахтимни мен қандай этардим изҳор
Тилимнинг учига сен келмаганда.
Фақат сен…
Ўзим билмай туриб, ҳа, билмай туриб,
Бағримда авайлаб юрганим ғазал,
Тафаккур боғида етилмай туриб
Фақат сен дунёга келма бемаҳал.
* * *
Иккимизга учрашув – армон,
Уни тилаб йўллар ошамиз.
Шафтолилар гули напармон —
Ажиб бир тонг биз учрашамиз.
Ошиққанга айланур даврон,
Ихтиёрсиз биз ҳам шошамиз.
Шафтолилар гули напармон —
Ажиб бир тонг хайрлашамиз.
* * *
Кутаман мен севинч фариштасини,
Ташриф буюради ғам қуши ногоҳ.
Гулларни сийпалаб тонглар насими
Кимнингдир додини олиб келар гоҳ.
Орзу чаманининг о кўрки – севинч,
Кутмаганми эдим мен сени ёлғиз.
Сен билгил: қалбимда ягона ўтинч,
Ҳасрат қаршисида тиз чўкмагил, тиз.
Ғамгин кўринади чеҳранг, ўткинчи,
Бошингда айланар не фикру хаёл?
Бу чоғ тошаётир қалбим севинчи,
Ҳасратингни бериб, шодлигимни ол.
* * *
Қўшним муюшдаги пивохонада
Ичиб ўтказмоқда ҳордиқ кечини.
Пиво ҳўпламоқда, шу баҳонада
Ичмоқда ўғлининг пок севинчини:
Бағритош отанинг ишга кетар чоқ
“Эриб кетганини” кўрувдим ногоҳ.
Ўғлининг бошини силаб, ўйинчоқ —
Ваъда этганини кўрувдим ногоҳ.
* * *
Кимгадир илҳақман эшик олдида,
Кимнинг пойқадамин кутар остонам.
Рўбарўмда бир зум ўйлаб қолди-да,
Кирмоққа ижозат сўради санам.
Ногоҳ мўралаган шодлик – кутганим,
Севги мулкиданми келтирдинг хабар?
Дилни ёруғ қилган фариштам маним,
Кўзларга суртгулик пойинг мўътабар.
Йўқотганларнинг ҳам бағрига қайтгил,
Умрига кир сендан умид узганнинг.
Остонамда турган шодлик, сен айтгил,
Насибаси эмасмисан ўзганинг?
* * *
Қанот етмас олис парвозларга шай
Хаёл кабутари тағин чарх урар.
Эрка қуш ортидан нетай эргашмай,
Сафар сўқмоқлари яна чақирар.
Не турфа чечаклар йўллар, боғларда,
Турфа гўзалликка ғазал айтамиз.
Ватанни соғиниб олис ёқларда,
Азиз остонага тағин қайтамиз.
Ахир, йироқларда сенсиз осонми,
Йўлим бошидаги қадрдон гужум?
Кезиб чиқарканмиз замин – осмонни
Остонани яхши англамоқ учун.
БОБО ВА НАБИРА
Сурмаранг кечанинг шўх бекалари,
Сершивир юлдузлар, бирпас жиминглар:
Дунё ғувуридан, ғамлардан нари
Эртак сўйлар бобо, набира тинглар.
Юз йил зиё тўкди бошидан қуёш,
Эртак сўйламади қанчадан-қанча.
Ушбу лаҳзада ҳам табаррук шу ёш
Гўдагини суяр эртак айтганча.
Юксак юлдузларнинг сирли тусида
Даҳо бир гўзаллик урмакда жавлон.
Ёруғ мангуликнинг рўбарўсида
Бирдай гўдак эди бу пайт иковлон.
Митти сайёралар – шу шамъи ҳаёт
Замин теппасига ким ёққан чироқ.
Шуълалар тилида ўлмас бир “Баёт”,
Қўшиқ истаб бўлмас бундан яхшироқ.
Мангуликнинг шамъи – шу юлдузларга
Кимнинг кўзи бўлиб боқиб турибмиз.
Ворисмиз шу удум мерос бизларга,
Кимнингдир чироғин ёқиб турибмиз…
* * *
Серғулув дунёнинг сурони аро
Бир қўшиқ келадир илғашга мушкул.
Бу – булбул, ҳасратдан кўкраги яро,
Ўзини борлиққа билдирган булбул.
– Ошиқларга қўшиқ куйлаганман хўб,
Уларга бир умр мен ўзим ҳамроз,
Букун яро дилда армонларим кўп,
Ер боғида булбул қолмадими оз?
Наҳот, қўшиқ қадри, ишқ қадри шунча,
Сизга бахшида-ку, бор ишқим, шавқим.
Равоми, чаманлар куйга тўлгунча
Мен севган жаннатни тўлдирса шовқин?
– Суюк булбулгинам, боғларда учиб,
Шан қўшиқлар айтгил шўх, бехавотир.
Сен учун, аслида, жаннатинг учун
Оламда омонсиз жанг бораётир.
* * *
Ўзинг бўлмаганда, муштдай юрагим,
Осмонни, жаҳонни қандай суярдим.
Ўзинг бўлмаганда муштдай юрагим,
Бир жаҳон севгимни қайга қўярдим.
БИР СУҲБАТ ХУМОРИ китобидан 1976 йил
ВАТАН
Ватансан, бағрингда боболар хоки —
Кўзларга суртгулик азиздир шунча.
Қонда жавлон урар тирикман токи,
Она-Ватан деган буюк тушунча.
Онасан, қалбимни меҳрингга тўлдир,
Содиқ фарзандингга шудир иноят.
О, муносиб куйчинг бўлмоқ мушкулдир,
Сени куйламаслик эса, жиноят.
ТАШНАЛИК
Қара, ташна қалбим, борлиқда гуллаш,
Гўё очилган гул сира сўлмайди.
Ташна кўзлар билан термулиб, хуллас,
Гуллар ёнғинига тўйиб бўлмайди.
Қара, ташна қалбим, чалғинмай асти,
Напармон гулларнинг юзига қара.
Келинчак кўкламнинг зебо бўй-басти,
Бу – бир қайтарилмас даҳо манзара.
О қалбим, гуллаш-ку такрорланади,
Фақат такрори йўқ гўзаллик ила.
Умрлар ташналик билан ёнади,
Сен шу умрларга омонлик тила.
ҲАЁТ
Терак шовиллайди ел билан пайваст,
Ажиб бир сир терак шовиллашида.
Шу сир бор, азизим, биз олган нафас
Ва биз севган офтоб ловиллашида.
Деразам ортидан дунё бошланур,
Мен энтикиб шошган давралар – унда.
Унга қалбим, унга шеър бағишланур,
Кўнгил ғалаёни ва тинчи шунда.
Сирлар қатламидан уйлар кўп қават,
Азим уйлар томи осмонга яқин.
Уйлар баландидан чўчиманг фақат,
Нақ бошингиз узра чақилса чақин.
Пойимиз пойлаган чаманлар суюк,
Унда турфа ранглар, гуллар турфадир.
Ҳаёт отлиғ бу боғ буюкдир, буюк,
Ҳаёт – борлиқ тутган ноёб туҳфадир.
Мен кўрмаган тўйлар ҳаваси – қонда,
Мен теражак гуллар ғунча боғлайди.
Туйғулар жаҳони шу муштдай жонда
Дунёларга қучоқ очмоқ чоғлайди.
Ўқилмаган шеърдир оқувчи ҳаёт,
Ширин бир энтикиш сирли шу шеърдан.
Дунёга очаман деразамни шод,
Дунё бошланади худди шу ердан.
ОЛЧА ГУЛИ
Олча қийғос гуллаб май эртасида,
Гул билан тўшалди маҳбублар изи.
Не ўйларга толдинг гул теграсида,
Ростин дегил, эй сен қўшнининг қизи?
Мен ишқий шеъримга мавзу қидириб,
Сенга кўзим тушди: мўралаб девор —
Сен гўё ғойибдан орзу қидириб,
Оппоқ шу оламга боқдинг умидвор.
Одам гулга ташна, зор табиатан,
Одам табиатан муҳаббат қули.
Эслатди, эслатди менга дафъатан
Буюк ташналикни шу олча гули.
Илк бор севиш бахти – шеър мазмунида,
Мени пок туйғулар мафтун этдилар.
Ўртоқларинг – қизлар гул мавсумида
Сени сайилларга бошлаб кетдилар.
Нуқсон йўқ қизларнинг бўйи-бастида,
Севги саодатин тилайди қизлар.
Гулнинг маст қилувчи бўйи остида
Орзу қўшиғини куйлайди қизлар.
Синглим, унутмагил, аччиқ-ширин ва
Хоҳ ёш, хоҳ кексайган кезингда бўлсин,
Ишқнинг бошланиши, менинг шеърим ва
Ўша олча гули эсингда бўлсин.
БОЛАЛИК
Гўё болаликнинг пок эртагида
Юракларга ғулув солгани атай,
Беҳи мўралаган девор тагида
Шўх излар қолдириб чопар болакай…
Умримиз йўллари гоҳ тор, гоҳи кенг,
Гоҳ ўйга толамиз биз йўл-йўлакай.
Қайга шошмоқдасан, боғ кўчаларнинг,
Чангини тўзитиб чопган болакай…
Ўз йўлидан шошар каттакон жаҳон:
Тўй-томоша, баҳслар, мушоиралар.
Қисқа ҳордиқ чоғи гуррос, ногаҳон
Эшик қоқиб келар улфат жўралар.
Келинг, жўраларим, жиддий оламнинг
Умид йўлларидан биз ҳам борайлик.
Менинг ҳамқишлоғим беғам боланинг
Тиниқ кўзи билан йўлга қарайлик.
Юракдан орзулар олами сари
Олов чизиқлардек сўқмоқ ташланган.
Оламнинг жамики катта йўллари
Шу олов сўқмоқлар билан бошланган.
Икки йўл шеър айтиб йўллар олдидан
Биз юртлар кезамиз олис ва яқин.
Бевақт ҳорғинликни биз олмаймиз тан,
Йўл гарди деб бевақт сочларнинг оқин.
Боғ кўчани қўмсаб гупурса-да қон,
Нега ахир, миниб соғинч отига,
Учмоқ-чун болалик мамлакатига
О, бизлар доим ҳам топмаймиз имкон?!
ҚЎШИҚНИНГ ТУҒИЛИШИ
Инсон инонади: порлоқ нафасда
Қўлига бахт қуши келиб қўнади.
Орзу измин тутиб, ёниб ҳавасда,
Яхши ният билан ёғоч йўнади.
Кечмайди муқаддас бу эҳтиёждан,
Ёғоч йўна-йўна толмайди инсон.
Чарчаш билмас, токи дағал ёғочдан
Соз яратиб ато этмагунча жон.
Гўё шу заҳматда – яхшилик сири,
Тинмагур одамзод ёғоч йўнар жим.
Гўё соз биландир – бахшилик сири,
Сознинг қоқ қалбидан сим тортади, сим.
Сўнг чертиб кўради куйлаб бенуқсон,
Забт этгач сеҳрли садолар мулкин,
Қўлини кўксига қўйиб гоҳ инсон
Ўз қалбини шундай тинглаши мумкин.
Шунда ҳайратларга солиб ҳар жонни,
Соқов симлар қўшиқ айта бошлайди.
Ҳорғин инсон эса шу жараённи
Қайтадан бошлайди, қайта бошлайди.
БУЛБУЛ
Сафоли боғимда дил ўртар чаҳ-чаҳ,
Булбулим, сен билан эртам уйғонди.
Бунча куйламасанг дардсиз, хушчақчақ,
Армонсиз руҳимда бир армон ёнди:
Ўлмас тароналар тўқиса инсон,
Оламни тўлдирса булбул чамани…
Бунча титрамасанг, увоққина жон,
Бунча титратмасанг, булбулим, мани.
Менинг чаманимга чаманлар туташ,
Булбул қўшиғидан янграмишдир шан.
Билсанг, митти қушим, булбули дилкаш,
Менинг Ватанимдир энг катта чаман.
Булбуллар сайрайди тўплардан нари,
Гуллар пайҳон бўлиб сўлгани маҳал.
Дунё чаманининг шўх булбуллари,
Ахир, ҳамма боғлар сизларга маҳтал.
Фақат беғам қўшиқ бўлмас дунёда,
Кўнгил замирида бор кетмас доғлар.
Қайдадир инграйди, инграр афтода —
Жанггоҳга айланган булбулсиз боғлар.
Қайдадир этиклар топтар майсани,
Ҳаловатсиз қанча-қанча ошиён.
Кўкка тик кўтарди инсон найзани,
Ҳимоя остида: булбул, севги, нон…
Булбулим, қўшиғинг тинглаяпман жим,
Унда гулшанларнинг сафолари бор.
Сенинг қўшиғингдан сархушман ўзим,
Фақат… айтмоқ бўлган қўшиғим ҳушёр.
ЧИНОРИМ
Япроқларнинг зумрад беланчагида
Аллақандай дилбар сокинлик ухлар.
Бир чашма уйғоқдир чинор тагида,
Умрларни санаб оқади сувлар.
Куни кечамасми эди – бобом эртаги
Қулоғим остида, ҳа, ҳали-ҳануз:
“Сенинг шодликларинг ҳар бир баргдаги
Кулган шуъла”, – дерди у ҳазиломуз.
Чинор баргларини санамадим ҳеч,
Яхши кунларини борми санаган?
Чинор хаёлимда эрта, кундуз—кеч,
Донишманд қария – бахт орқалаган.
Барглар янгиланур авлодлар мисол,
Жасур авлодларга наслим бадавлат.
Чинор, офтоб, чашма қаршисида лол,
Хаёлга толади ҳар янги авлод.
Яшаш ҳикматининг ниҳоясига
Етмоқ тилайди-ю, мафтун кезади.
Қулоқ тутиб чинор ҳикоясига,
Ҳаёт чашмасига лаб тегизади.
ДУТОР
Маҳмуд Юнусовга
Ошиқлик қиссаси дутор торида,
Қалб риштаси эрур дуторнинг сими.
Созанда шу қўша тор қаторига
Чалар қўшиб сирли учинчисини.
Достонвор бу оҳанг севгига олқиш,
Ишққа бегоналар ундан нарида.
Мен сени тинглайман, севилмаган ишқ,
Дуторнинг шу маҳзун нолаларида.
Куйни тинглаётиб тин олмаганман,
Бундай дилбар куйни билмаган олам.
Ўзга бундай наво тингламаганман
Ва ўзим бунчалик севмаганман ҳам.
САНОБАР
(Асакалик чўпон қизи Санобар Раҳмоновани тинглаганда)
Санобар, Санобар, бахтли сингилжон,
Ғазалхон ўлканинг жажжи хушхони.
Сени тингладим-у, эсланди шу он
Гўзал Фарғонанинг оташ Нурхони.
Онанинг бағрига чопган боладай,
Сенинг завқларингни олиб, ҳойнаҳой,
Водий сийнасида олтин толадай
Тўлиб-талпинади шўх Шаҳрихонсой.
Дунёнинг дарди кўп ва қўшиқлари,
Бир дам қулоқ тутгил қўшиқларига.
Дунё ошиқади иқболи сари,
Шошади истиқбол уфқларига.
Порлоқ кароматга севинмай нечун,
Ҳамза тушларига киргансан бир пайт,
Санобар, сен букун Нурхонлар учун
Армон бўлиб қолган қўшиқлардан айт.
Ўшал қўшиқларга маънолар берган,
Бир пари ўлкадир барно ва лобар.
Шу ўлкадир сенга толе келтирган,
Ва сени куйлатган шу бахт, Санобар.
КОИНОТНИНГ БИР ЛАҲЗАСИ
Борлиқ сийнасига кўклам шамоли
Бинафша атрини шўх уфурмоқда.
Кўпни кўрган дунё баҳорий толе
Эрта орзусида хаёл сурмоқда.
Кўзлар бор, қалблар бор бедор шу маҳал,
Бу лаҳза кимнингдир юлдузли они.
Муҳаббат шаънига тўқилур ғазал —
Ўлмас эзгуликнинг оташ жавлони.
Кечки ибодатга эгилмиш қай бош,
Қайдадир жанг-жадал, уруш сурони,
Қайдадир онанинг кўзларида ёш:
Жангда завол топди ёлғиз ўғлони.
Шунчаки бир лаҳза… ошиқлар элин
Севги оғушида энтиктирмоқда.
“Ёр-ёр” айтилмоқда: куёв ва келин
Ёруғ тўйхонага кулиб кирмоқда.
Айни шу лаҳзада, шу сонияда
Бағрингда не ҳасрат, она коинот,
Ҳаёт отлиғ катта симфонияда
Эшитдингми фожий садолар, ҳайҳот?!
Худди шу лаҳзада, айни шу онда,
Порлоқ орзуларга талпинганда жон,
Кўкси жароҳатли кекса жаҳонда
Ёвуз режалар ҳам туғилар пинҳон.
Ғубордан фориғми эртанги осмон,
Умидлар уфқига нигоҳ солайлик.
Ёвуз режаларга бермасдан омон
Порлоқ орзуларни асраб қолайлик.
Кўклам шамоллари эсар бир майин,
Лаҳза сайин кўкка бўй чўзар майса.
Лаҳзалар кечмоқда тўхташ билмайин,
Биз ҳам улғаямиз лаҳзама-лаҳза.
Лаҳзаки, толега ташналар элин
Оний оғушида энтиктирмоқда.
“Ёр-ёр” айтилмоқда, куёв ва келин
Ёруғ тўйхонага кулиб кирмоқда.
ҚИЗ ҚЎШИҒИ
– Чашма бўйларида ўй сурган барно,
Сен суйган чаманга энтикиб кирдим.
Изингдан югурдим тоғларгача то,
Сен суйган гулларнинг атрин келтирдим.
– Чарчамас шамолим, ўйнаб кокилим,
Мени гул майидан сармаст қилган ел,
Хафа бўлма, ўзга соғинчда дилим,
Яна бир айланиб, сал туриброқ кел.
– Бу менман, гул тўла боғлар малаги,
Ипак қанотимга хаёлингни қўй.
– Атир чаманларнинг шўх капалаги,
Ҳалироқ кел, ҳозир сал холироқ қўй.
– Мени чақирдингми, ой юз париваш,
Мен якка офтобман танҳо фалакка.
– Ассалом, офтобим, кўнглим андек ғаш,
Негадир бу фурсат қолгум бор якка.
– Оҳу кўз дейишар, ўша оҳуман,
Шўх-шан барноларга орзудир кўзим.
Мен ўша оҳуманг, ўша орзуман,
Сени сўқмоқлардан бошлайин ўзим.
– Ўзганинг кўйида кўнглим бетоқат,
Тоғ сайрида сени унутганим йўқ.
О, тоғлар эркаси, оҳужон, фақат,
Фақат ҳозир сени мен кутганим йўқ…
– Сени кўргим келди, оҳу кўз малак,
Еллар бошлаб келди ёнингга шу тоб.
Менга ҳамроҳ бўлди гўзал капалак,
Сен сари бошлади оҳу ва офтоб.
– Кутганим қошимда – матлаби юрак,
Беҳад шодлигимни кўргали баҳам,
Келингиз: офтобим, ел ва капалак,
Ёнимга ошиққил, оҳужон, сен ҳам.
СЕВГИ
Шундай нақл этурлар севги ҳақида:
Эмиш у тўғрида тасаввур хато.
У бир қиздир одми кийим – кўйлакда,
Гўзал туйғулардан, ранглардан ато.
Кулиб сайр этармиш коинот бўйлаб,
Ўзини билдирмай, билдирмай фақат.
Сен шунчаки қўшни қизи деб ўйлаб
Лоқайд қараганинг балким муҳаббат.
Дуч келиш ҳеч гапмас ҳар муюлишда,
Таниш қийин уни кийимдан, сўздан,
Ташвиш аро, майда-чуйда юмушда
Қочирмоғинг мумкин сен уни кўздан…
У хумо – бошингга бир марта қўнар,
Қўнса, умр бўйи қолар ёнингда,
Тоғ нурар, тахт қулар, вулқонлар сўнар,
Муҳаббат туғёни тинмас қонингда.
Унинг хизматида эмиш асиллар,
Мангу ёшлик эмиш яқин сирдоши.
Ўтса ҳам асрлар, неча насллар,
Тарк этмасмиш уни ўн саккиз ёши.
Қайдадир, ҳаваслар салтанатида
Ҳамманинг ўн саккиз ёшлик санами.
О севги, ўз кўнглин чуқур қатида
Одамлар ё топар, ё топмас сани.
Пушаймон бўлмагил, куймагил қанча,
О ғафлат бандаси, ёлборма-ёлбор,
Бир бор ёнгинангдан шўх жилмайганча
Ўтиб кетган севги келмас қайта бор.
Кексаяр ўғлонлар, дилрабо қизлар —
Севмоқ савдоси бор ё йўқ бошида,
Севган, севилганлар – ўтамиз бизлар,
Севги ҳамон ўша қизнинг ёшида.
СУРАТ
У бир оддий қувноқ сураткаш,
У билади, яхши билади:
Бир кун чоллар – хаёли чалкаш,
Суратини сўраб келади.
Ёшлигини излаб келади
Бир вақт гўзал саналган қизлар.
У билади, яхши билади:
Қор остида қолмиш ул излар.
“Биз ёш эдик, ўт юрак, барно,
Сен суратга олган онингда.
Ҳуснимизнинг муҳри бордир, о,
Танҳо сенинг ғаладонингда.
Кулмоқдасан, ё келдикми кеч,
Нега бунча ўжарсан, саркаш?”
Ҳазиллашиб, бўй бермайди ҳеч
Ёшлик деган қувноқ сураткаш.
УМИД БЕШИГИ
(Алла)
Қўшиқлар қўшиғи – алла энг куйчан,
Алла файзи билан тўлиқ хоналар.
Хоҳ кекса, хоҳи ёш – куйлайди ўйчан,
Фарзанд боши узра уйғоқ оналар.
Она ниятлари покдир баридан,
Пок ниятга жўрдир қисмат торлари.
Эрта бир кун замин ҳовлиларидан
Дув учар кўк сари Ер шунқорлари.
Она даҳо қўшиқ тўқиган онлар
Ва порлоқ тилаклар тилаган чоқда,
Билади: қанчалаб жасур ўғлонлар —
Қабри қолиб кетган қай бир жанггоҳда.
Жаҳон ҳам онадир ёши қарига,
Унинг фарзандлари – уч миллиард жон.
Омонлик тилаб қиз-ўғлонларига
Умид бешигини тебратар жаҳон.
* * *
Оҳулар қадами етган чўққилар
Чорлайди энг порлоқ юксаклик сари.
Фақат оҳуларга маскандай улар,
Оҳуларга аён юксаклик сири.
Оҳулар изидан тушар овчилар,
Мўъжизалар кашфи – шоирга армон,
Ўзгача рангларда олам очилар,
Гўдак завқи билан шоир боққан он.
Оламни шуълага кўмиб бус-бутун,
Сирли ва тиниқ бир ҳикоя сўйлаб.
Жаннат водийларга тушиб келар кун
Шўх оҳулар очган сўқмоқлар бўйлаб.
* * *
Тошлар бор: бағрида пинҳон кўп сирлар,
Кўрган-кечиргани бўлур минг достон.
Қат-қат из қолдирмиш кўҳна асрлар,
Айтар гаплари кўп, бироқ безабон…
Шундай одамлар бор, ҳа, аҳли башар,
Кўрган-кечирганин зарра нафи йўқ.
Ажаб, шундай зотлар дунёда яшар,
Тили – забони бор, айтар гапи йўқ.
* * *
Анов уйда қувонч – тўй бўлмоқда, тўй,
Соҳиби хонадон ёзмиш дастурхон.
Остона олдида сурмагин-да ўй,
Ичкарига кириб шод бўлгил, меҳмон.
Кимдир фарёд солиб йиғлайди юм-юм,
Ўзга бир ҳовлида аза ва мотам.
Ҳамдардлик билдиргил, халқимда удум,
Бирров кириб ўтгил у ҳовлига ҳам.
ҚИЗАЛОҚ ВА ҚЎҒИРЧОҚ
“Болалар дунёсин” гавжум бурчида
Каттакон ва кўркам қўғирчоқ турар:
Қақилдоқ бир қизча ҳаприқиб жуда
Дадасин, аясин у томон судрар.
Дада билан ая йўналди лоқайд,
Ҳангоманинг зўри шунда бошланди.
Сотувчи опанинг ёнида бу пайт
Эрка қизалоқнинг кўзи ёшланди.
Бола етаклаган оналар, айтинг,
Айтинг, бир вақт бола бўлган оталар,
Йиғлаб турган гўдак худди шу пайти
Етолмаган шодлик не деб аталар?
Ахир кўҳна олам болалари ҳам —
Ўзига яраша олам-ку, олам:
Эртаклари, бахти, хаёллари ҳам,
Бувилари, қўғирчоқлари билан.
Бу шундай оламки покиза, доғсиз,
Лоқайдликка уввос солиши мумкин.
Битта қўғирчоқсиз, бир қўғирчоқсиз
Бу олам ҳувиллаб қолиши мумкин.
* * *
Ҳоким бўлиб гоҳида жаҳл,
Давраларни бузар беомон.
Гурунг давом этади аҳил
Қўшиқ кириб келгани замон.
Таронада хислат кўп, сир кўп,
Муҳаббатга удир дугона.
Қай юракда риё кўп, сир кўп —
Яхшиликка чорлаб тарона,
Тош бағирлар қаърин эритиб,
Завқи билан сел қилгани пайт,
Ҳасадлардан буткул аритиб,
Ёт дилларни эл қилгани пайт,
Ким бўлмасин – жаҳлин тарк этар,
Ким бўлмасин – ҳушёр тортади.
Дийдасида меҳр ярқ этар,
Юрагида ҳавас ортади…
Гап ўтгандир икки ўртада,
Эр ва хотин аро тунд қараш.
Гўдак сўзи: “ая” ва “дада” —
Ним табассум ва “яраш-яраш”…
Бири сўкар, бириси жимдир,
Пайтин топиб қасдин олади.
Жанжалкашлар ёнида кимдир
Навбаҳорни эсга солади.
Ҳозиргина тугилиб мушти,
Сўкишарди икков бўралаб.
“Э, дарвоқе, баҳор келмишдир” —
Жим қоларлар атрофга қараб…
“Тош отамиз” баъзан бир-бирга,
Асаб торларини узгудак.
Нега баъзан етишмас бизга
Ўша қўшиқ, баҳор ва гўдак?..
ДАРАИ БУЛБУЛОН
Ғафур Ғуломга
“Дараи булбулон – бу макон номи,
Махмур булбулларнинг обод маскани,
Бунда табиатнинг нодир инъоми
Ғаройиб қўшиқлар маст этди мани.
Умрининг энг гўзал байтин айтгали
Гўё аҳли шоир байрамга чиққан:
Иқбол қасидаси, умид ғазали,
Севги қиссасига диллар тўлиққан.
Ширин ўтсин учун наврўзнинг базми,
Чақирар энг гавжум мушоиралар,
Ғазал фариштаси чорлайди бизни,
Келинг, куйлашайлик, шоир жўралар.
Тўғри, беғам қўшиқ тўқимоқ қийин,
Булбул каби силлиқ куйламоқ душвор,
Ахир, бизлар инсон бўлгандан кейин
Булбулга тақлиднинг не кераги бор?
Паришон дунёни шод боғлаб турар
Шеър сўзи, ишқ шавқи, булбул нағмаси,
Дам-бадам, он-баон сўроғлаб турар
Шоир ва булбулни Вақт йўқламаси.
Боқийлик фарзанди – куйловчи одам,
Нияти олийдур, олийдир ғоят:
Бир кун… булбулларга камёб шу олам
“Дараи булбулон” аталса шояд!
ТУНДА ЁҚҚАН ҚОР
Ногоҳ йўқлаб келган дўстдай шарпасиз,
Борлиқ сийнасига юмшоқ, беозор,
Худди қўноқ каби – кутилган, азиз,
Тунни оқартириб қўнмоқдадир қор.
Умрнинг шунақа даври бўлади:
Бошқача яшашга этасан қарор.
Порлоқ ният билан бағринг тўлади,
Ерни тўлдиргандай шу мусаффо қор.
Соф ниятинг: бўлса кўк тўла юлдуз,
Нонга мўл заминда тўқилса ашъор.
Ҳар тонг уфқинг узра кун кўргизса юз,
Тўшалса, йўлингни ёруғ қилиб қор…
Шеърга деб танланган шан сўзларимдан
Сенга тутдим, қалбим, не армонинг бор.
Қарагил: энг баланд юлдузларимдан
Узилиб, оқ-оппоқ тўкилмоқда қор.
ШЕЪРИЯТ
Шеър шундайин бир сеҳри олий,
Олам кашфи, ишқ кашфи унда.
У – шоирнинг теран хаёли
Ва умиди эртанги кундан.
Уфқ гўё оддий бир чизиқ,
Нигоҳларни имлаб ёнадир.
Шу чизиқнинг ортидан қизиқ
Орзу юрти шаклланадир.
Бургутларнинг қаноти теккан
Бокирадир чўққилар қори.
Водийларга шошиб, энтиккан
Шеърийдир ул юртим баҳори.
Шеърият гул майинлигида,
Майинликнинг қудратида ҳам.
Осмонларни майин илгида
Даст кўтармиш сабзаи кўклам.
Ул интизор кўзлар тубида
Соғинч бўлиб ёнгувчи оташ.
Шеъриятдир ишқ мактубида
Маҳбубларнинг дардига туташ.
Алишернинг сирли қалами
Оқ қоғозга муҳр этган ҳикмат.
Асрларнинг бахти, алами,
Истиқболга узатилган хат.
Ул Мусанинг сўнг васияти,
Ҳамид айтган энг латиф калом.
Ва Расулнинг самимияти —
Нафосатдир, шеърдир унга ном.
Севинч унга дўсти бебаҳо,
Дард ҳам унга бир зарурият.
Дардли байтлар туғувчи гоҳо
Шеъриятдир, ҳамдард шеърият.
Қўшиқлари бўлмайди адоғ,
Мадҳидадир эрк ва ҳуррият.
Шоир билан жангда айни чоғ
Курашган ҳам жасур шеърият.
Шеър нимадир, шеър сеҳри нима,
Шеър офтобнинг кокилларими?
Ё ул севги баҳрида кема —
Қўшгувчи дил соҳилларини.
Шеъриятга нимадир мезон
Ва нимага мезон шеърият.
У булутсиз мусаффо осмон,
У ҳасадсиз энг ёруғ ният.
Шу юлдузлар, шу осмон йўли
Кўк тоқини сирга ўрайди.
Гулшанларда севги булбули
Суюк гулни шеърга ўрайди.
Шеърият сен, у – менинг ўзим,
Бахт пойига ёзилган гилам.
Умримизга кирар беизн
Поёни йўқ тасаввур билан.
Тасаввурнинг поёни қайда,
Изланади шуур ва ният.
Жўн тасаввур тўхтаган жойда
Бошланармиш сирли шеърият.
* * *
Уйимизнинг баланд пирамонига
Қалдирғочлар шинам қурди ошиён.
Дунёга кўз очган полопонига
Она қуш меҳрибон эди, меҳрибон.
Болалар қурмағур, эрмакни ўйлаб,
Гўдакона айёр режа туздилар.
Ожиз полопонни отдилар ўйнаб,
Қалдирғоч йўғида уйин буздилар.
Она қуш оламни бузди чирқиллаб,
Бор эди на уйи, на полопони.
Мен ҳамон ўйлайман кўп ой, кўп йиллаб
Қурмағур болалар қилган хатони…
Юракда сен қурган уя бор эди,
Биринчи муҳаббат – қалдирғоч туйғу,
Фарзандинг – шодликка дунё тор эди,
Айрилиқ еллари олиб кетди ғув.
О биринчи севги, дилни ўртайди
Ўша дил қаърида сен доғ қолдиргач,
О сенга ўхшайди, сенга ўхшайди
Уйини қидириб келган қалдирғоч.
ВАҚТ СУРАТГА ОЛАР
Фарзанд ўстирамиз, яратамиз боғ,
Ғазаллар битамиз, кутамиз меҳмон.
Хайрли ишимиз бўлмайди адоқ
Ва биз ёр севамиз дард чекиб пинҳон.
Севги офтобининг шан зиёсида
Қалбимиз ҳар бурчи кўринар аён.
Ишқ лашкари босар қалб дунёсида
Худбинлик қўшини қилса ғалаён.
Одам биздан баҳра топгани онлар
Обрўда, иззатда ва қадрдамиз,
Вақт кинога олар бизни, ёронлар,
Айни шу лаҳзада биз қадрдамиз.
Саҳнада ўйналган сохта фожиа
Зумда унутилар ёпилгач парда.
Ҳаётда бир қадам боссак ножўя,
Акс-садо беради ўзга қалбларда.
Бизга яқин бўлди юлдуз дунёси,
Ақл риштасидан уладик нарвон.
Бир лаҳза тўхтамас ҳаёт киноси,
Йўлда давом этар тинчимас карвон.
Биз уруғ сочамиз, кутиб самарин
Гоҳи шошқалоқмиз, гоҳ сабрдамиз.
Белимиздан ечмай меҳнат камарин,
Бахт излаймиз, зотан биз – қадрдамиз.
Бахтлимиз ё бахтсиз – қай ҳолатдамиз,
Кўринамиз кино камерасида.
Оқилмиз ва ёхуд жаҳолатдамиз,
Эҳтимол, шодлик ва ғам орасида.
Қайси дилда қолди биздан жароҳат,
Қайда иккиландик, қайда қалқдик биз,
Олам ҳар дақиқа қилар назорат,
Она халқимизу ва ўз қалбимиз.
Ободми уйимиз, софми эҳтирос,
Ҳалолми тузимиз, нони бурдамиз.
Биз рост яшадикми, курашдикми рост, —
Бор умримиз билан биз – қадрдамиз.
Лента айланади, ўтиб боради
Доно алломалар, жоҳил фотиҳлар.
Тинчлик китобидан сўз ахтаради
Даврон минабарида бийрон нотиқлар.
Олам байроғида эрк сўзи ёнар,
Ошиқлар тилида муҳаббат байти.
Бахтимнинг созида бир куй айланар,
Илҳом сонияси, муҳаббат пайти.
Шундай келиб кетар одамзод насли,
Ҳаёт гулшанига солиб ўчмас из.
Тарих тиним билмас сураткаш асли,
Тарих киносида биз – қадрдамиз.
БОБОЛАР ВА НАБИРАЛАР
Ўтган боболарга набира – бизлар,
Муқаррар кимгадир бўлурмиз бобо.
Дунёда йўқолиб кетмайди излар,
Бобо-набирасиз қолмайди дунё.
Боболар, сиз ҳориб етган бу манзил,
Сиздан бизга қутлуғ меросдир бу кун.
Умрингиз мазмуни вазмин, жуда зил,
Ҳар гал бир нимага бошланиш – якун.
Олис йўллар ётмиш сиздан-бизгача,
Биздан яна кетар келажакка йўл.
Уфқимизда ёнган оқ юлдузгача
Эҳтимол, бир умр йўл босармиз мўл.
Сиз сочган уруғдан тўлиб самарга,
Биздан ўз тақдирин сўрайди олам.
Биз эса шошамиз олис сафарга,
Сафар халтасида нон билан қалам.
Бобо Алишернинг сирли қалами
Битган байтлар билан мурғак зеҳним банд —
Қалам йўнмоқдаман: хаёл олами
Ҳали йўқ набирам меҳри-ла пайванд.
Авлодлар – узилмас олтин ҳалқалар,
Барқарор этурлар Вақт занжирини.
Янги боболардан зурёд тарқалар —
Қайтадан англовчи яшаш сирини.
Ажаб дунё экан, боғ мевасини
Тотганлар раҳмат дер бобо деҳқонга.
Яна мўл бўлсин деб Боғнинг ҳосили,
Дон сепиб кетарлар она маконга.
Қалбимдан сиз томон шошар нидолар,
Дунё ишларини ўйлаган сарим:
– Бу мен – набирангиз, ўтган боболар,
Бу – мен, туғилмаган набираларим.
ГУЛЛАР
Қалбим, ҳар қайда сен одил гапни айт.
Биз овлаган диллар, биз топган йўллар,
Ё зарра яхшилик, бир самимий байт —
Одамлар қалбига биз эккан гуллар.
Биз одамни хурсанд этиш йўлида
Олам-олам имконларга эгамиз.
Дўстлар орттирамиз бизлар, аслида
Одамлар қалбига гуллар экамиз.
Кел, рафиқим, созни қўлга олайлик,
Илҳом чолғувчида бир куй гувиллар.
Айтган қўшиғимиз – тиниқ, оловли —
Одамлар қалбига биз эккан гуллар.
Порлоқ бу гулларнинг жонбахшдир иси,
Боғбонмиз шу боис бизлар, эҳтимол.
Ўзимизга Ҳаёт асалариси
Бир кун шу гуллардан йиғиб келар бол.
ҚЎШНИМ
Не-не гўзал касблар бордир дунёда,
Не-не мартабаси олий зотлар ҳам.
Қўшним дер: менга бахт ёрдир дунёда,
Бахти шу: трамвай бошқарар ўктам.
Ахир, шеър ҳам – ўша ишчи трамвай,
Манзиллар сари байт, қанча бекат бор.
Мақтаниш нелигин билмай, чиранмай,
Трамвай юргизар қўшним ҳокисор.
Севги байтларини ғазал сўнгида
Ният манзилига етказсам омон.
Хушчақчақ ва ҳорғин – кўзим ўнгида
Трамвайчи қўшним бўлар намоён.
Манзилга элтгач, у шўх болалар
Ва чоллар ортидан силкиб қолар қўл.
У – йўлда, қалб шундан ҳаловат олар,
Охири йўқ каби тугамас бу йўл.
О умр йўлидан бизлар шошамиз,
Олисларни яқин этмак пайида.
Қўшним ва мен бирга бекат ошамиз
Тиним билмас Вақт трамвайида.
* * *
Соат ичра мурват бузилса бирор,
Ўрнига қўйилар эҳтиёт қисми.
Эҳтиёт ҳисларга не атама бор,
Эҳтиёт туйғунинг нимадир исми?
Қизиқдир бизларнинг табиатимиз,
Нимадир сақлаймиз эҳтиёт учун.
Дейлик, кемтик қолса ишқий байтимиз,
Юраксиз эҳтиёт сатрлар нечун?
Қинғир йўл кўрсатар олисдан баъзан
Бизни имлагувчи шараф ва омад.
Самимийлик кўнгил узганда биздан
Эҳтиёти шартдир тайёр хушомад.
Омонат жасурлик лат еса, эвоҳ,
Эҳтиёт қўрқоқлик туради тайёр.
Эҳтиёт баҳона қидирамиз гоҳ,
Айб устида лозим бўлганда иқрор.
Нима дейиш мумкин чин сўз бобида,
Ростгўйликнинг қалқиб тургани ёмон.
Ёмондир, гоҳ ногоҳ рост ниқобида
Тил учига чиқса эҳтиёт ёлғон.
Гоҳ бахтимиз кулмас, гоҳ ишимиз ўнг,
Гоҳ сохта куй чиқар биз чалган найдан.
Бадном этиб қўйиб қалбимизни сўнг,
Эҳтиёт номусни топамиз қайдан?!
СУҲБАТ
– Айт, кўҳна бағрингда нима бор, нима?
– Портламасдан қолган мина бор, мина.
Ўзинг айт, бағрингда қандай манзара?
– Бағримда кўп чуқур яра бор, яра.
Қўлимда муқаддас ҳокинг бор бир кафт,
Уни кўзга суртар сафарда ҳар жон.
Кўкка олиб кетар уни космонавт,
Бу – рамзи Ватандир бизга бегумон.
Шу жаннат Ватаннинг ёш эгалари —
Гўдаклар кўкламни қутлашар, қара.
Фароғат гимнидир, ахир, бу бари —
Қўшиқлар ичида асл ва сара.
– Қара, кўклам қизнинг дўпписи зардўз,
Ёнмиш бинафшалар – гули беғубор.
Мени қанча гулга кўммасин наврўз,
Менинг ҳам бекилмас яраларим бор.
– Кун ўтар, кеч бўлар, янги тонг отар,
Умидлар уфқини этиб яқинроқ.
Гоҳ-ногоҳ ташвишлар бонги уйғотар:
Дўстнинг хиёнати, хасталик, фироқ…
– Жанг шарпаси ўтган ҳар уй ёнидан,
Жасорат йўллари кетмиш югурик.
Кўплар қайтгани йўқ жанг майдонидан,
Йўл бошида қолган оналар тирик.
– Ҳа, қўққис бузилган ширин туш каби
Уруш тақиллатди бахт эшигини.
Оналар қотдилар шол, беҳуш каби,
Хомуш тебратганча бахт бешигини.
– Эсингдами, у чоғ фаромуш боқиб,
Мени кузатгани онам, рафиқам.
Онам, ёрим, ўғлим, нон, имон ҳақи,
Ўшанда сафларга кирганман мен ҳам.
– Ахир, бўладими буни унутиб,
Менинг ҳисобимда ҳар қизу ўғлон.
Зил кетаман ҳар гал ичдан қон ютиб,
Деҳқонми ё шоир берганида жон.
– Қўлда ўроқ деҳқон кўтарар хирмон,
Мўлдир ризқи рўзи, буғдой-арпаси.
Гоҳ бошоқлар бошин эгган елсимон,
Эсиб қолар ўша қирғин шарпаси.
– Бир вақт худди шундай кўтариб хирмон,
Паҳлавон бир йигит ўрарди ўроқ.
– Бу ўроқчи ўғлон: евқур навқирон
Ўшанинг ўғлидир, боққил яхшироқ.
Ўлим ўроғида дондай ўрилган
Уруш қурбонлари неча миллион бор,
Биз шундай яшайлик, токи урилган —
Илон бош кўтариб чиқмасин такрор.
Бир умр қалбларда доғ қолиб кетди,
Сенинг ҳам қисматинг бизга ҳавола.
Бу кун менинг жангчи ёшимга етди
Ҳув ўша бешикда сен кўрган бола.
– Ажабо, мўйсафид бобосин топган
Ширин болакайни танидим аранг:
Кўм-кўк майсаларда безавол чопган
Ўғлонинг ўғлони – сенинг набиранг.
– Жароҳатлар битар фароғат аро,
Ёдим кўзгусидан доғ кетмас бироқ.
Одамлар ва юртлар жанги ўз аро
Бу кўзгуни этар яна хирароқ.
Полкдошларим сафи тобора сийрак,
Музаффарлик куни – Тўққизинчи май,
Қуролдошлар ичра маъюсдир юрак,
Эгикдир бошимиз кимнидир топмай.
Давронлардан сўйла, армонлар барин —
Кимсан, ё нимасан, сўйлагил, Дунё?
– Йўқтиб фарзанду набираларин,
Ўзи ўлмай, тирик қолгувчи бобо.
– Сен биздан кейин ҳам қоласан бешак,
Букун баҳсимизда – қисматинг фоли.
Билмакни истайди ақл ва юрак:
“Биздан сўнг не кечар дунёмиз ҳоли?”
– Юксаклик даркордир учмоқ бўлса қуш,
Қўшиққа қалб керак, курашга – майдон.
Дунё, дунё эмас – маъносиз ва бўш
Гар тўлиб турмаса сен билан, инсон.
Ростдир: жон бир ҳасад зарбидан ҳалок,
Жангда кифоядир битта дайди ўқ.
Исёнлар, армонлар, тафаккур, идрок…
Бу бир занжирдирки, ҳеч узилиш йўқ.
Инсон зоти шундай: кимлар жангари,
Ким содиқ, ким хоин ва лоқайддир ким…
Хоҳ у жангда бўлсин, хоҳ жангдан нари
У билан давомим, бору йўқлигим.
Фарзандлар доғини ўйласам агар,
Бу доғ умр бўйи ўртайди, ишон.
На қора хат келган ва на хушхабар,
Қанча аскар кетган беному нишон.
– Нега беном аскар, номаълум нечун,
Ахир, номин айтиб куйларлар қўшиқ.
Бедор йўл пойлаган оналар учун
Беном аскар йўқдир, ўлган ўғлон йўқ.
Ўттиз йилдир жангдан қайтар чоғ сўнгги
Отилмаган ўқни сақлайман ҳамон.
Мана, соч-соқолга қиров ҳам қўнди,
У ўқ отилмасин, дейман, ҳеч қачон.
– Дайди ўқдан холи сен қайга ғойиб —
Кўздан қочирибман қай чоғ, қай замон.
Эй сен, аскар болам, мажруҳ ва ғолиб
Ҳайтовур, бағримда экансан омон.
– Бир лаҳза тин олгил бу фурсат сен ҳам,
Жангдан бошинг чиқмас, бўлдингки бино.
Бирга эслашайлик фақат беалам,
Полкдошимдай азиз, эй аскар Дунё!..
Муҳтарам ўқувчим, гувоҳ бўлдим ман,
Икки қадрдон дўст юзлашар эди:
Кўклам эртасида ҳорғин ва ўйчан
Аскар билан Дунё сўзлашар эди.
ҚАЛАМ
Муҳтарам муаллим Ҳоким Ҳошимовга
Китобли уй учун риё ёт,
Уй файзидир китобли токча,
Ҳар гўдакка муаллим ҳаёт.
Дер тутқазиб сирли таёқча:
– Мана қалам, сен дўст тутингил,
Одамийлик имлоси билан.
Олам гўзал, шодондир кўнгил
Қаламнинг бир имоси билан.
Болаларнинг сентябрь олди
Ҳаяжони бизга аёндир.
Бу – дунёда энг сара шодлик
Ва тенги йўқ пок ҳаяжондир.
Оқ қоғознинг ғуборсиз қати
Қаламгадир зор азал-абад.
Азал-абад бахтнинг сурати
Қаламдаги нур ила обод.
Бир олам бахт мурғак онгида
Энтикканча етти ёшлилар.
Сентябрнинг дастлаб тонгида
Мактаб сари чопар, шошилар.
Илҳомимга мадад бўлмоқда
Эътиқодим, ғоям, матлабим.
Қувон, бу кун бағринг тўлмоқда
Қадрдоним менинг мактабим.
Дердим шеърнинг каломи билан
Кимлигини сўрсангиз агар:
Қўлда сирли қалами билан
Ҳар биридир митти сеҳргар.
* * *
Ажаб, алланечук паришонхотир.
Қайга етаклайсан, о ёруғ ҳасрат?
Юракнинг тубида бир ёғду ётир,
Сенмисан ўша нур ва сир, Шеърият?
Осмонранг майсалар тутмиш жаҳонни,
Оҳиста қадам қўй, оҳиста қадам.
Ахир, шу осмонни, майса ва жонни
Асрай деб дунёга келмасми одам?
Чўпон қўлга олар сивизғасини,
Ҳар гал ёйилсин деб бадиҳа бир куй.
Шу ер фарзандининг пок нафасини,
Шоир, сен шеърингда яхшиликка йўй.
Қўшиқ кашфи билан яйра сўнг, қувон,
Ўзингни санагил энг бахтиёр зот.
Айтилмаган шеърдир бу севги, инон,
Ўқилмаган қизиқ китобдир ҳаёт.
Мулки муҳитларни кезмоқ-ку ният,
Гар толгудай бўлса шоирнинг тизи,
Келиб қўлларидан тутгил, шеърият, —
Толе ва севгининг бокира қизи.
КЎНГЛИМ БИЛАН СУҲБАТ
Рубоийлар
Белга боғланди-ю ғайрат камари,
Лоқайдлик шарпаси чекинди нари.
Қисқа сатрларга жо бўлди, не тонг,
Кўнглим билан узун суҳбат самари.
* * *
О кўнглим, дунёда кўҳна севги бор —
Борлиқ биносига метин пойдевор.
У-ку, хабарсиздир сен борлигингдан,
Унинг борлигидан сен бўл хабардор.
* * *
– Ишқ ҳайрати, балким, танҳо юракда,
Ҳайратомуз ишлар, балким эртакда?
– Сен қидирган ҳайрат қараб турибди,
Баҳорга ҳомила бўлган куртакда.
* * *
Гоҳ қуёшли, гоҳи булутли осмон,
Гоҳи имконлимиз, гоҳи беимкон.
Қуёш – нур, булут – дур ёмғирин туғар,
Заминимиз шундай ҳикматли макон.
* * *
Тилни тутиб турар, гапнинг сираси,
Ўттиз икки тишнинг зич панжараси.
Жаҳолат чоғида қафасдан чиқиб,
Чақса борми ногоҳ – битмас яраси.
* * *
Ҳикмат кўп яхшилар қаноатида,
Қайга елмоқдасан ҳасад отида?
Бу йўлдан манзилга етган бормикан,
Айтгил, бирор кимса – инсон зотида.
* * *
Аянчлидир бургут гар у бепарвоз,
Ғазал битилмаса – нечун оқ қоғоз?
Энг хунук манзара будир аслида:
Сукутдаги созчи, ғилофдаги соз.
* * *
Она остонадан бошланур ҳар йўл,
Покиза ниятнинг манзиллари мўл.
Мен толпинган жаҳон: қўшиқ, бахт, вафо…
Кўнглим, жаҳонгашта, жаҳонгашта бўл.
* * *
Хоҳи сурон солгил, шивирла хоҳи —
Акс-садо қайтарар тоғлар даргоҳи.
Ҳаётда хоҳ жоҳил, хоҳи оқил бўл —
Тоғда деб ҳис этгил ўзингни гоҳи.
* * *
Баҳор бутоғидан узилди япроқ,
Шу қисматни ўйлаб жон ичра титроқ.
Лоқайд қаролмайман: япроқ ва жонни
Ўз қаърига олиб лоқайддир тупроқ.
* * *
Кўп давронлар ўтди. Ер – кўҳна ёшда,
Не турли хаёллар эди ҳар бошда:
Улуғ биноларга тош қўйди Меъмор,
Сажда изи қолди баъзи бир тошда.
* * *
Гул – саҳро жаннати, о ишқий оташ, —
Кўнгилнинг гулидир, кўнгилгадир нақш.
Жаннатлардан нари – Саҳрои Кабир
Севги четлаб ўтган юракка ўхшаш.
* * *
Борлиқ иборатдир ҳикматхонадан,
Ҳар байт далолатдир ҳайратномадан:
Севги отлиғ соғлом фарзанд туғилар,
Ажаб, юрак отлиғ дардчил онадан.
* * *
Таъзим билан келса, ўнг қўлини ол,
Кўрдингки қўлида на тош, на қурол.
Ошиқмагил қўлда тоши йўқ, дея,
Бағри бошдир, бағри тошдир, эҳтимол.
* * *
Севги ногоҳ эшик қоқди, билмадим,
Ғамсиз дилда оташ ёқди, билмадим.
Не синоат сўнг Кун бўлиб фалакдан
Кулиб боқди, нега боқди, билмадим.
* * *
Минг дардга дармон бор гиёҳ бағрида,
Оқ ниятлар назми – сиёҳ бағрида.
Зинога йўл кўпдир, риёга йўл кўп,
Йўлини йўқотган гумроҳ бағрида.
* * *
Қисматинг не кечар, шеърим, билмадим,
Қўлдан учирганим содиқ кабутар.
Балки боқий умр ато қилмадим,
Бахтинг қай ҳасратли дилни овутар?
Сенсиз-ку изидан чиқмас коинот,
Сенсиз ҳам фараҳли тонглар отади.
Кимга эҳтиёжсан ва кимга нажот,
Руҳинг қай бир қалбда руҳ уйғотади.
Сенда – муҳаббатим, бор қувончу ғам,
Дилбар суҳбатларга сен бир баҳона.
Дўстга айланади бегоналар ҳам
Сен туфайли, шеърим – дўсти ягона.
Қўлга олиб ўшал нотаниш одам —
Умрида, ишқида умринг узайтсин.
Майли, авж пардада куйламаса ҳам,
Шунчаки, ёрига шивирлаб айтсин.
ЮГУРИК НУР китоби 1980 йил
МЕНИНГ ЗАМОНДОШИМ
Ўсмирлар ё бобокалондир,
Қуёш эмиб ўсган пахтакор,
Учувчидир, ё қаҳрамондир,
Ё эгнида ишчи жомакор —
Ким бўлмасин, ҳурмати учун
Кўксимда қўл, таъзимда бошим.
Хаёлим банд эрта, кундуз, тун —
Тенгдир балки ёшига ёшим,
Менинг замондошим.
Жанг қисматин бирга қилган ҳал,
У бир сафда Гастелло билан.
Бир кун унга тикланур ҳайкал,
Мармар эмас, соф тилло билан.
Бугунга у етса-да омон,
Лек бағрида қолган кўрғониш.
Жанглар ўтган йўлларда ҳамон
Ватан бўйлаб излар полкдошин,
Менинг замондошим.
Кўз ўнгимда сипо, камтарин,
Гавдаланур жасур, хушсурат.
Мен завқига айтиб офарин,
Хаёлларда қураман суҳбат.
Хатлар келса Туямўйиндан
Она пинҳон артар кўз ёшин,
Салом йўллаб Аму бўйнидан,
Дилда сақлар соғинч бардошин,
Менинг замондошим.
У бир шогирд, устод, аллома,
Ноёб кашфи дунёга доир,
Ва ё комил “Истиқболнома”
Достонини битгувчи шоир.
Ҳаёт номли тўқилур мато
Ибтидоий Вақт дастгоҳида.
Тошкесармиз бизлар бехато
Нураб битмас дунё тоғида.
Ул Фарҳоддир енгил отгувчи
Залвар-залвар тоғларнинг тошин.
Ғафлатлардан гоҳ уйғотгувчи,
Ажаб мунис, ғойиб сирдошим —
Менинг замондошим.
* * *
Зиё билан риё нечоғли нари,
Ҳижрон зулмати ёв висол нурига,
Шундай тескаридир, маънан тескари
Чаман билан саҳро бири-бирига.
Шеърий тасаввурда бу сўзлар фақат
Бирга нафас олар, яшар ёнма-ён.
Ёрнинг кўзларида ёнган муҳаббат
Кул қилур дилдаги тошни, бегумон.
Энг аввал кўнгилда, тоза юракда,
Тилак чамани гул ёзмасин нечун.
Эзгу инсон меҳнат яроғин тутса
Боғи Бобилини яратмак учун.
Дўстим, пойимизда ризвоний бир боғ
Барқ уриб бизларни ўйга толдирди.
Хаёлда ногиҳон оёғимизга
Риё саҳросининг тикони кирди.
Покиза ниятдан фориғ ҳар бир жон
Кабир саҳроларнинг саҳроси, бешак.
Ишқнинг зўри билан нақ илдиздан
Риёлар тиконин қўпормоқ керак.
Ва ювмоқ керакдир ишқ чашмаси-ла
Кўнгил ва заминда ётган доғларни.
Сўнг кўчирмоқ керак ўша саҳроларга
Ўша боғларни.
СОҒИНИШ
Ногоҳ гувоҳ бўлдим: икки қадрдон
Бир-бирининг азиз васлига тўйиб
Кўришмакда эди бир хайрли он,
Кўзда ёш, бағрига бағрини қўйиб.
Оқибат ҳақида ўй сурдим яккаш,
Бу туйғу нақадар камёб ва қадим.
Олисдаги дўстлар, негадир дил ғаш,
Жуда кўргим келиб сизни ўйладим.
Ғаройиб ишлар кўп даҳр боғинда,
Айлангувчи фалак сирга тўладир.
Кимдир дард чекканда дўст фироғинда,
Кимлардир учрашиб турган бўладир.
Шеърим замирида оддийгина гап:
Келинг, бир-биримиз соғинган нафас,
Маъсум чеҳраларни биз кўрмак истаб
Ул икки кимсага қилайлик ҳавас.
ОҚ ТУРНАЛАР
Эмиш: оқ турналар асл парранда,
Нодир ва камёбдир қуш зоти аро.
Бироқ, асл қушлар кўп пароканда,
Қанотлари оппоқ, қисмати қаро.
Шарпалардан нари кетармиш улар,
Саноқли қолганмиш насл-насаби.
Жуфт-жуфт бўлиб парвоз этармиш улар,
Ғазалдаги байтнинг жуфт сатри каби.
Ҳар дилнинг ўз ноёб оқ турналари —
Интилгани севги, излагани бахт.
Излаш, интилишда дил нурланади,
Баъзилар кеч топар, баъзилар барвақт.
Овчилар тоғ ошиб кезарлар ўрмон:
Тузоқ қўйганлари гоҳ биргина қуш.
Менга оқ турнадай шоҳ байтлар армон,
Излайман то бошдан учгунича ҳуш.
Мен овчи эмасман, ниятим оқдир,
Машқ эта бошлаган қўшиғим ярим.
Сизга қаламим ва қалбим муштоқдир,
Қайдасиз, о, менинг оқ турналарим?
ЁМҒИРЛАР
Бизнинг еримизни севиб, севалаб,
Ортда қолиб олис кўкдаги овлоқ —
Майсани тортқилаб ва юлқиб-ялаб
Ўйнаб ёғмоқдасан, ёмғир ёғалоқ.
Севгим қатрасидан жон топиб шеърим,
Орзум ёмғиридан сув ичгандай ўй,
Оби ҳаётингдан сенинг, ёмғирим,
Янги майсаларинг бўй чўзмоқда, бўй.
Сўлган майсалару қуриган дарахт
Ва гуллар хазонин йўқлар ёмғири.
Букун афсонадир мен учун, бир вақт
Отам айтиб берган ўқлар ёмғири.
Замин ўша-ўша, табаррук тупроқ,
Фақат унда дўнглар кўпайган бир оз.
Ёмғирим, шу дўнглар узра гул, япроқ,
Гиёҳлар ундиргил сен беэътироз.
Комил шеър умримга тилак бўлгандай,
Одамзод тилаги – олам камоли.
Олам фароғатсиз тин олур қандай,
Башарга ҳожатдир тинчлик ва толе.
Шоир шеър айтади, гўзал бадиҳа,
Аллома ақли-ла ҳалдир тилсимлар.
Хушхон, доруломон шу кунларга то
Кимлар омон етди, етмади кимлар.
Азиз дўстим билан йўл бошида биз
Икковлон турибмиз иримчи бўлиб,
Ўтамиз ҳаммадан олдин иккимиз
Намхуш майсалардан биринчи бўлиб.
Сўнгра анчагача, балки йил бўйи
Мақтовли гапларга зеб берамиз, зеб:
Биз билан бошланди наврўзнинг тўйи,
Ёмғир ва кўкламни бошлаб бердик, деб.
Ажиб бошланиш бу – хосиятли, пок,
Ҳамиша пок бўлсин бошланишимиз.
Ёмғирим, ҳар қалай нақл этур идрок:
Кўп жиҳатдан бирдир бизнинг ишимиз.
Ёмғир, сен ўхшайсан ишқ ила масрур,
Ҳаловатдан кечган ошиқ ҳолига.
Кўкдаги уйингни тарк этиб жасур,
Ўзни фидо этдинг ер жамолига.
Сендан баҳра олган ер қандай яшноқ,
Боғ қандай чамандир, япроқ гуркирак.
Севги зилолидан сафо эмган чоқ
Шундай тозармасми инсоний юрак.
Покланур дилларнинг энг чуқур қати,
Замин кўрки ортгай жаннатлар қадар.
Не кечарди Одам ва Ер қисмати
Ишқлар ва ёмғирлар бўлмаса агар.
* * *
– Кўклам ясантирган боғлар жаннати
Ранглар ёнишида билмайди тўхташ.
Шу ёниш, шу чаман – кўклам хилқати
Севги севинтирган юракка ўхшаш.
– Гиёҳсиз биёбон нимага таъбир,
Нимага қиёсдир шу кимсасиз дашт?
– Кўкламлардан олис саҳройи Кабир
Севги четлаб ўтган юракка ўхшаш.
ШОИР
Ел боғларни кезиб келгунча,
Санай шоир тилагин барин.
Тилаклари кўп эмас унча,
Тилакда у жуда камтарин.
Бир дилбар уй, биргина қалам,
Ва тонгдайин мусаффо варақ.
Жиндай севинч, жиндай ҳасрат ҳам
Илҳом чоғи зарурлиги ҳақ.
Мовий кўкнинг тиниқ парчаси,
Нақ офтобдай битта ширмой нон.
Бир тутам ел – кўклам шарпаси,
Сайр этгали бир порлоқ бўстон.
Ер кўзларин тубида ёнган
Ишқдан унга оташ бўлса бас.
Бир парирў мумтоз жононга
Ғазал айтмоқ шоирга ҳавас.
У базмлар майинобидан
Хуш учгунча ичмоқчи эмас.
Шоир жонбахш ишқ гулобидан
Фақат битта ҳўплаш билан маст.
Сен таъбини сўрама, сўра
Шоир зотин феълидир аён.
Гоҳ минг достон сўзидан кўра
Жонга оро битта такаллум.
Санаб берай қай тилагин ман,
Тилаклари кўп эмас, хуллас.
Хуллас, унга бор ранги билан,
Биргина… шу олам бўлса бас.
ОЙНАИ ЖАҲОН
Дўстим Анвар Каримовга
Номини “зангори кўзгу” атаймиз,
Ва ҳайрат-ла деймиз “ойнаи жаҳон”.
Ҳар кеч ихтиёрсиз кўзни қадаймиз,
Сеҳрли чироғи ёқилгани он.
Замоннинг танг-таранг нервлари худди
Тасвир узатгувчи симлар ҳарёнда.
Симлар ва сирларнинг йўқдай ҳудуди,
Воқифдир не содир катта жаҳонда.
Ҳаяжонга тушиб сўйлар бемалол,
Гўё ташрифига маҳталдир уйлар.
Қўмсалган қадрдон дилкаш дўст мисол
Уйга кириб келар одамлар, куйлар.
Ингичка у симлар ўхшар эрмакка,
Паришон сочлардай ҳарёққа тўзган.
Тасвирни беёлғон қабул этмакка,
Ростлик антеннаси кўкка бўй чўзган.
ОТАЛАР ВА БОЛАЛАР
“Ҳар куни кечқурун мен осмонга қараганимда, шу митти, аслида эса шу улкан юлдузларни ўз кўзим билан яқиндан жуда-жуда кўргим келади”.
(7-синф ўқувчисининг иншосидан)
“Гагарин-гагарин” ўйнар болалар,
Оталар жилмайиб кетарлар нари,
Болалар оталар ёдига солар
“Чапаев-чапаев” ўйнаганларин.
Гагарин йигирма етти ёшида
Лол этди, лол этди жумла дунёни.
Бу кун тирик она ҳаёт қошида
Дунёнинг энг суюк дилкаш ўғлони.
Жасур космонавтлар хонадонида
Кулгувчи шу йигит топмишди қадр.
Гагарин баҳодир дўстлар ёнида
Бугун ҳам йигирма етти ёшдадир.
Юлдузлар кўк сари чорлаб ёнар шан,
Гўё терилмаган сирли лолалар.
Оталар Гагарин ёшидан чиққан,
Етмаган ҳали у ёшга болалар.
ЛЕОНАРДО ДА-ВИНЧИ
Она сиймосида бир маъсум санам,
Оқ сийнаси узра гўдагин боши.
Энтикиб пок нафас олишида ҳам
Аёндир парилар, ҳурлар қондоши.
О, сен бахтлидирсан ва боқийдирсан,
Яшашнинг шавқига, сирига асир —
Илҳом-ла йўғрилган ягона фурсат,
Лаҳзани тополган даҳо мусаввир.
Табиат яратмиш кўп доно асар.
Ўзининг умрига пойдор этгулак.
Юрак ва муҳаббат, ният ва самар,
Эрксизлик ва Исён, Она ва Гўдак…
Бўёқми сўнмас бир шуълада ёнган,
Санамнинг фаришта юзига қаранг,
Ўлмас эзгуликка, нурга айланган
Мангулик бағридан ўғирланган ранг.
* * *
Молин мақтаб сотар шўх дўкончи қиз,
Унинг мақтовига нима ҳам дейин,
– Ноёб мол, армонда қоласиз эсиз,
Харид қилмасангиз, топмайсиз кейин.
– Дарвоқе, сен айтган ноёб ашёни
Кейин тополмасман, синглим, эҳтимол.
Гар уйим эмасдир мол ошёни,
Мақтовинг-ку менга келмади малол.
Бироқ ноёб моллар кўпдир жаҳонда,
Моллар не, туйғулар, не-не улуғ зот…
Ҳар бирин биз кейин қидирган онда
Қайта тополмасмиз, топмасмиз, ҳайҳот.
Она дийдорига тўйиб боқмоқ бахт,
Оқ соч оналарнинг биз боласимиз.
О, айтгил, биз кейин топармиз қай вақт
Шу оппоқ сочларнинг бир толасини.
Танҳо таянчим деб топиндим сизга,
Сиздан айру яшаш қийин, онажон,
Ягона ўй билан толпиндим сизга,
Сизни тополмасман кейин, онажон.
Паришон хотирга бир сатр келди,
Шу сатрда кулиб кўринди жаҳон.
У ишқ қасамидек қалбга чекилди,
Йўқотиб қўярдим йўқса ногаҳон.
Даврага йиғилмиш ошно ўғлонлар,
Бир суҳбат кечади дилкаш ва дилдор.
Худди шу ғанимат дамни, ёронлар,
Топиб бўлармикин кейин қайта бор.
Олам манглайига сирли тонготар
Зарҳал билан оппоқ бир хат битади.
Ўқидингми-йўқми, сўнг қуёш ботар,
Ҳаётингдан бир сир беиз кетади.
Қадим ривоят бор: донишманд бир зот
Қатлининг олдидан ёдларди ғазал.
Ибодат ўрнида шеър айтса, наҳот,
Сўрдилар: бу ишда ҳикмат борми сал?
Ёнда ҳамроҳ эди суюк китоби,
Қўлдан қўймаганди ҳатто сўнгги он,
Шундай бўлган экан доно жавоби:
Ҳозир ёдламасам, ёдлайман қачон?
Энтикаман, умрим чорраҳасида
Илк бор севгим билан учрашув вақти.
Севги бўстонининг пок ҳавосида
Туб қўйиб, барг ёзар яшаш дарахти.
Севги – табиатнинг ноёб самари,
У йўлдош, у билан кўп довон ошув,
Бу кун севгим пешвоз чиқмиш мен сари,
Кейинга қолдириб бўлмас учрашув.
Умрнинг ёшлиги, баҳори дуркун,
Ёшлик боғларида гуллар нопармон.
Эшик қоқса хаста кексалик бир кун
У гуллар атрини қайдан топарман?
Ёшлик чаманининг атир исини
Шу лаҳза ғазалга кўчирмоқ они.
Кейин, анча кейин гул кулгусини
Ёдга солгувчидир севинч достони.
Йигирманчи аср жабҳаларида
Чеккада ва лоқайд инсон борми ҳеч,
Зафар ёнсин тарих саҳфаларида,
Зафар букун керак, эрта бўлар кеч.
Бу кун тирикликнинг кун тартибида
Кураш, эзгу ишлар, ёзилажак байт.
Мангулик қатраси қон таркибида
Туғёнлар кўтариб жавлон урар пайт.
Биз бахтга, севгига қонмаймиз ажаб,
Дўстларнинг кўзидан меҳр излаймиз.
Йиғган зар кукундан атиргул ясаб,
Тўлқин шиддатидан сеҳр излаймиз.
Ҳаётда қидирган, топган инсонлар
Байрамга чиққандай хушнуд бўлсинлар.
Синглим, дунёдаги барча дўконлар
Байрам сарупоси билан тўлсинлар.
* * *
Ф.Ҳотамовга
Соғинчларга ихтиёр бериб,
Қалбнинг сирли қулфи очилар,
Фақат яхши хабар келтириб,
Эшик қоқар шод почтачилар.
Орзулар кўп ёруғ дунёда,
Биз соғинган ошинолар мўл.
Гоҳи отлиқ, гоҳи пиёда
Почтачилар йўл босарлар, йўл.
Хуржунларда соғинч хатлари,
Муждаларга хуржунлар тўла.
Ниятлари, ҳаловатлари —
Севинтирмоқ бизни бир йўла.
Мен танийман бир почтачини,
Қишлоқда йўқ уни билмаган.
Унинг якка-ёлғиз лочини
Бир вақт жангдан қайтиб келмаган.
Шундай бўлган, шундай бўлган: ул
Хат ташиган чўнг бардош билан.
Хуржун қорахатга тўлган, ул
Эшик қоққан кўзда ёш билан.
Қалб, покликда қолма йўлингдан,
Сен шундайин ташигил хабар,
Одамлар хат олиб қўлингдан
Қувонсинлар гўдаклар қадар.
Севганини солиб эсига
Сен маҳбублар қошида ўлтир.
Дунёмизнинг адресига
Истиқболдан муждалар келтир.
Хуржунида соғинч тўла хат
Почтачилар йўл босарлар, йўл.
Қалбим, сен ҳам жасур, беминнат,
Оддийгина бир почтачи бўл.
ЯНГИ ЙИЛ
Эшик қоқиб келар сахий Қорбобо,
Ундадир ҳаммага етгулик инъом.
Ўғил-қизларимга совға бир дунё,
Менга – ёзилажак талай шеърга ном
Қизлар, ўғилларим, бу порлоқ тилак,
Буни фақат яхшиликка йўяман.
Сиз катта бўлгунча байрамлар билан
Мен ҳам у шеърларни ёзиб қўяман.
* * *
Маъзур тут, афсона қўшилди шеърга
Дерларки, ғаройиб бир қушдир Анқо.
У бирор бора ҳам қўнмаган ерга,
Ахир, у Анқодир, қуш ичра танҳо.
Анқонинг уруғи нега топилмас,
Энг баланд осмондир ул қушга макон.
Парвозда тухум очар, қўнишни билмас,
Ҳавода учирма қилар полапон.
Азизим, менда-ку не бир танҳолик
Ва на шоирликнинг йўқдир даъвоси.
Қалбинг шеърим учун осмон эрур тик,
Қалбинг менга ишқинг арши аълоси.
* * *
Бир меҳригиёдир, офтобдир тенгсиз,
Ёруғ шу жамолинг, жамолинг сенинг.
Кўзга яқин бўлса одатда офтоб,
Шу қадар узундир унинг сояси…
Шу узун соялар, узун соялар
Менинг сен билмаган ҳасратларимдир.
* * *
Ер кўксини тилиб барг ёзмоқда гул,
Қуёшли боғларнинг кунгирасида.
Не турфа достонлар жо бўлмиш буткул
Бахшиларнинг тинмас дўмбирасида.
Ёлғиз сен туфайли, она муҳаббат,
Энг сара қўшиқлар қадр топдилар.
Сенинг пок номингни шивирлаб фақат
Севганлар изидан қизлар чопдилар.
Тоҳир ва Зуҳралар қисмати узра
Ёш тўкиб тунларни ўтказган бедор,
Маъсум жононалар, дард кўрманг сира,
Севги қисматида ёруғ кунлар бор.
Ҳар лаҳза умидвор янги бир ошиқ
Бахтининг ортидан бўлур равона.
Ҳали қанча-қанча севилмаган ишқ,
Ҳали айтилмаган қанча афсона.
Қўлга соз олурман шавқларга тўлиб,
Ошиқлар, бир олам ихлосим сизга.
Янги бир афсона бахшиси бўлиб
Киргум бор, сизларнинг қаторингизга.
ИМЗОСИЗ ХАТ
Ғойибона севдим сени, о малак,
Ширин бир хаёлга чўмиб, иғвосиз.
Душвор бўлмасин, деб жавоб айламак,
Шунчаки хат ёздим сенга имзосиз.
Билармисан, дилбар, бу оддий хатдан
Умидларим катта эканлигини,
Кўз тутганим толе ушбу ҳаётдан
Шу хатда, шу хатда эканлигини.
Имзосиз хатимни олганинг замон
Не бахтки, мен сари толпинсанг, санам,
Энтикса-ю, шундай, толпинса чунон
Имзосиз хат олган маъшуқалар ҳам.
Хоҳ ишда, кўчада, боғ, мажлис аро
Одамлар кўзига сен боққил синчков.
Ҳатто дуч келганда икков ўзаро
Майли сўрамоққа қалб бермасин дов.
Товонда бўлгандай Антейнинг жони,
Хатга чекилмаган имзо— кўзимда.
Кўзимдан иқрорим сезганинг они
Сезгумдир бир олам севинч ўзимда.
Дунёда йўллар кўп— ишқ сўқмоқлари,
Баъзан бошлагувчи белгисиз ёққа.
Ягона сўқмоқ бир сену мен сари,
Кел, бирга тушайлик ўша сўқмоққа.
Васл умиди бизни тарк этган пайтлар
Ишончсиз бўлмайлик ва ҳам бетоқат.
Сатримдан таниб ол: ул ишқий байтлар
Сенга аталгандир, о, сенга фақат.
Мен ишқда каромат тилайман, рости.
Кўнглим одмиликни хушламас унча.
Сенга танитмасман ўзимни асти,
“Хатингни олдим”, – деб айтмагунингча.
* * *
Ҳаёт шаршараси солади шовқин,
Бора-бора нурар тириклик тоши.
Бу оламда яшаш фалсафаси чин:
Омонат инсонинг тошданмас боши.
Торинг узилмаса ҳисобмас, созим,
Бу кун мен чаламан ўта бешафқат.
Мен дилда боримни тўкмоғим лозим,
Сен мендан кулмагил, кулмагил фақат.
Булбулим, ўрласин куйинг кўкларга,
Ҳали ҳеч ёнмаган юлдузим кўринсин,
Майлига, шаршарам, қўпоргил умримнинг дарахтин —
Сарчашмам, асосим, илдизим кўринсин.
БИР УЧРАШУВ АРМОНИ
– Айтгил, йўлчи, қайдан келаётирсан,
Шошган манзилинг не, йўлинг қаёққа?
Келгусидан нени тилаётирсан,
Дегил, парвонасан сен қай чироққа?
– Маконим – сен ўзинг бошланган жойда,
Мен – севги юртидан, шеър ўлкасидан.
Хаёлим сен билан ўшал ҳумойда,
Етгум унга юриб қалб ўлкасидан.
Танидим, чироғим, шу топда аён,
Хушрўй ул сиймони мен кўрмоқдаман.
Ахир, сен боғимга эдинг-ку боғбон,
Сен эккан мевани мен термоқдаман.
– Йўқотганинг ранглар қай бўстон аро,
Қайда қолмиш куйлар шўх ва ўйноқи?
– Ахир, сиполикни этур тақозо
Ёшим улуғлиги, соч-соқол оқи.
– Қайда у ғаровдан созланиб гўзал
Ёшлик токчасида унутилган най?
– У менинг қўлимда ўтли бир ғазал —
Кекса қалбни сархуш айлагувчи май.
Мен тинмай изладим оромдан холи
Қўшиққа – нақарот, умрга – мезон.
Бу кун поклик рамзи, ёшлик тимсоли
Сени қайта топиб турибман, ўғлон.
– Теграмдаги хилқат турфаранг эди,
Менда-ку йўқ эди даҳовий қудрат.
Сенинг бугунги шу қиёфанг эди
Бир вақт ёш қалбимга чекилган сурат.
О, шундай: икки дўст – чол ва навқирон
Кўришгани каби порлоқ бир фурсат,
Йигирма ёшимиз етмишимиз билан
Учрашиб шу тахлит қурсинлар суҳбат.
МЎЪЖИЗА
Мўъжиза керакдир, мўъжиза керак
Суйишларга муштоқ қиз ҳавасига.
Танҳо халоскордир мўъжиза, бешак,
Кенгликларга муҳтож қуш қафасига.
Мўъжиза керакдир кўҳна заминнинг
Кўкламга интизор хору хасига.
Токи ер куйласин: “Мўъжизам менинг”,
Нигоҳ ташлаб гулнинг энг сарасига.
Бир малҳам даркордир мўъжиза қадар
Аскар бевасининг қалб ярасига.
То уруш келтирган ҳасрат ва кадар
Доғ бўлиб чўкмасин дил орасига.
Мўъжиза даркордир, мўъжиза даркор,
Покиза нафасли шоир сасига.
То унинг нияти айлансин дилдор
Ўроқчининг тонггги ашуласига.
БУЛБУЛ
Махмурингман бу тонг, куйлаб бер, булбул,
Фақат куйла севган қўшиқларингдан.
Авжи баланд тоза, такрори йўқ ул —
Соф гулларга деган қўшиқларингдан.
О, баъзида шундай бўлар-ку ахир,
Тонг-саҳардан сирли бошланади кун.
Куйла, мен эргашай, ошиқлик ҳам бир,
Қўшиқ ҳам ягона, гар икки Мажнун.
Қайдадир, қай бир вақт сен топган оҳанг
Қайтарилса менинг қўшиғим аро,
Маъзур тут, сен – қушсан, мен – зоти одам,
Аниқки, ўртада бўлмас можаро.
Лозимдир бу лаҳза тан бермоқлик ҳам,
Шеъриятда булбул эмасман асло…
Ўша – сенинг кашфинг қўшиқларни ман,
Ишон: ўзимники демасман асло…
Махмурингман бу тонг, куйлаб бер, булбул…
АЛИШЕРНИНГ ДАСТХАТИ
Устоз Ойбек хотирасига
Тарих қидиради: Мир Алишернинг
Ҳақида кўп янги гаплар айтгани.
Фақат жавоби не биргина сирнинг:
Ул зоти шарифнинг дастхати қани?
Ахир музейларда бор-ку бўш ўрин
Оддий дастхатга ҳам, гапнинг сираси.
Бугун Мирга берар минбарнинг тўрин
Давронларнинг рамзий мушоираси.
Эсни танибдики, назм олами
Сеҳрли довотни қўлига тутган.
Шоирнинг ичи бўш қамиш қалами
Маъни дўконига айланиб кетган.
Не куй пинҳон бўлса шу ғаров найда
Шу куйлар тафсири эди ёзувлар.
Номаълумдир нақшин дастхати қайда,
Оқиб ўтса ҳамки, о қанча сувлар?
Шоир андишасин бор бир тарафи:
“Бу сир кечмишларнинг қатида қолсин,
Маъни бахти – менда, сурат шарафи
Соҳир хаттотларнинг хатида қолсин”.
Талай шоирларни кўрган бу жаҳон,
Кўпларга рўйи рост демиш: алвидо!
Унинг руҳи покин эслаб қутлуғ он
Дил тубидан чиқар оташин имзо:
– Ассалом, назмда сиз руҳи ғолиб,
Ҳар айтгани – ҳикмат, ҳар бир байти – сир,
Юз йиллар нарида дастхати қолиб,
Ўзи етиб келган донишманд шоир!
ЯНА СЕВИНЧ ҲАҚИДА
Чаманда етилган анвойи гуллар
Кимнингдир пок меҳри, тилаги бўлиб
Хонамиз тўрида овозсиз куйлар
Кимнингдир мусаффо юраги бўлиб.
Олис дўстлар бизга етгунга қадар
Не улуғ ерлардан келарлар ўтиб.
Даф бўлгани каби ҳижрон ва кадар,
Сўнг бахтдан йиғларлар дўст барин тутиб.
Севинч ҳам шунақа: зинада ҳорғин
Сен кимгадир илҳақ кўз тутганинг он,
Узоқ йўллар босиб, ҳеч билмасдан тин,
Йўқлаб келар бир кун сени ногиҳон.
Севинч юзини кўр, нечоғлиқ кўркам,
Дўстга кўрсатгандай кўрсатгил иззат.
Севинч даркор, ахир, бошқаларга ҳам,
Сен уни кўпайтир ва йўлга узат.
ЎТГАН КУН
Шошиб кўча бошига чиқдим,
Аламзада ва паришонҳол.
Дерсиз кимга, кимга йўлиқдим,
Бир ёш бола турар эди лол.
Ўзга ҳеч ким кўрмай олдинда,
Қаршисига чопиб борибман.
– Кимсан, нега турибсан бунда?
Жон ҳолатда деди: – Орипман.
Оёғида каттакон калиш,
(Дадасининг калишидиров)
– Хўш, нима гап, оғайничалиш,
Йўқми бошқа каттароқ биров?
– Йўқ, калака қилманг сиз мени,
Дадамларнинг калишин кийдим.
– Кўрмадингми кечаги кунни,
Шуни сендан сўрамоқчийдим.
– Буни қаранг, ўзим ҳам ҳайрон
Ўтган кунни излаб юрувдим.
Учрармикин бирор билағон —
Дея шунда пойлаб турувдим.
Муаллимга не сабаб айтай,
Мен кечаги дарсин қилмовдим.
Кечаги кун индамай-нетмай
Кетиб қолишини билмовдим.
“Ўтган куннинг макони қаер,
Бўлармикин уни қайтариб?”
Йўловчилар кула-кула дер:
– Сўр эртакда донодан бориб.
Ажаб, икков худди шу алфоз,
Чиққан каби эдик эртакдан.
Бола ва мен – биз икки шоввоз,
Содда эдик юрак-юракдан.
– Ташвишимиз бир экан-ку, бир.
Кеча шеърим ёзилмай қолди.
Вақт иши сир экан-ку, сир,
Кун ўрнини ўзга кун олди.
Бошланмоқда қара, янги кун,
Тараддудли кирмоқда саҳар.
Узоқ эмас оқшомги якун,
Доғда қолмай энди бу сафар,
Бугунги иш, бугуннинг дарсин,
Бугунги шеър ўйин сурайлик.
Тузатгали интизом дарзин,
Бир ҳаракат қилиб кўрайлик.
Йўқолган кун бир кун топилар,
Сен ҳам бола, бор, уйингга кир.
Бир гап бўлар, ҳа, бир гап бўлар,
Дафтарингда бўш варақ қолдир…
Шу-шу қайта кўча бошида
Йўлиқмади югурган бола.
Тондимикин, билгим бор жуда,
Ўтган кунни қидирган бола.
Кўп кунларни олиб кетди Вақт,
Қанча бетни тўлдирди қалам.
Ўша шеърга аталган варақ
Дафтаримда бўшдир ҳали ҳам.
* * *
Гуллар панасидан жой олиб сергак,
Саҳар қўшиғини бошланг, булбуллар.
Мангулик бағридан юлиб бир эртак,
Майли, кўзларимни ёшланг, булбуллар.
Сиз бу кез булбулни тингланг, одамлар,
Ул ахир Мангулик юборган элчи.
Ларзага келтирманг ерни, қадамлар,
Сен ҳам бир дам тўхта, ҳориган йўлчи.
Қоғоз ва қаламим қолсин бир четда,
Булбуллар, мени ҳам туғёнга солинг.
Кўксим қафасидан питирлаб учган
Қўшиққа чоғланган қалбимни олинг.
Гул билан булбулни севганлар алҳол,
Гулларнинг пойида мени кўрсинлар.
Шунда ҳайрон этиб ажабтовур ҳол?
– Айт, шоир, бу не ҳол? – дея сўрсинлар.
Токи ул одамлар сўроғи малол —
Келмасдан, сўзларни олмасдан оғир,
Мен жавоб қилайин ҳаяжонда лол:
– Қалбни булбулларга берганман, ахир!
ОМОНЁР
Турғун Алиматовга
Торга тор тегиб кетар, созчининг қўли сабаб,
Бу айни шунинг ўзи: дил дилга ялинади.
Куйга сел бўлиб дунё сукут этса не ажаб:
“Омонёр” чалинади.
Чолғу қўлга олинур, ҳайрат булбули аста
Танбурнинг торларига беҳол келиб қўнади.
Бу чоғ саргашта кўнгил севги исканжасида —
“Омонёр” чалинади.
Дилдан дилга масофа бунча бўлмаса узоқ,
Бари бир йўллар аро сўқмоқлар солинади.
Дунёда масофа не – англасин деб яхшироқ,
“Омонёр” чалинади.
Ширин лаҳзалар шошар умр боғида шошқин,
Гоҳ тотидан бебаҳра армонда қолинади.
Бу лаҳза завқ дарёси асовдир, тошқин-тошқин —
“Омонёр” чалинади.
“Омонёр” яхши сўздир, пок ният ифодаси,
Яхши ният зарбидан риё тоши синади.
Ҳушёрлик онларида хуш хаёллар бодаси —
“Омонёр” чалинади.
Бу мангу жараёндир: олов ичра унар гул,
Устанинг қўлида гоҳ сирли чолғу тинади,
Тилига олов тегиб гунг бўлиб қолган булбул
“Омонёр” чалинади.
БУ ЧАМАНЛАР
Замин гул исидан кайфли онларда
Кезмоқ ўзи бахтдир бу чаманларда.
Бу кез ҳар жон ошиқ, барча гулпараст,
Тоза орзуларга баланд осмон паст.
Ахир, бу чаманлар оғуши аро
Риё йўқ, бизлардан нари можаро.
Бу шундай боғларки, бу шундай гуллар,
Бунга элтар фақат дунёвий йўллар.
Бу шундай чаманлар – рангларни тўплаб,
Гулларнинг покиза шаробин ҳўплаб,
Гул қучиб пинакка кетган капалак,
Бунда булбул бўлиб уйғонур бешак.
СЕВИНЧ ОҲАНГИДА
Севинчга сабаб кўп бу лаҳза,
Атрофда равшанлик, хуш чирой.
Бош узра бу чоғлар, бош узра
Соясин солгандай ул Хумой.
Тераклар шивири бир ғазал,
Қўшиқлар сойларнинг оқиши.
Ёруғ дард етаклаб келар сал
Қай кўзнинг билдирмай боқиши.
Бу кезлар унутиб аламин,
Баланд бир юлдузни танлайсан.
Чарх урган шу одми оламни
Эртакка ўхшашин англайсан.
Севинчга сабаб кўп бу онлар,
Нафаслар осуда ҳамда тинч.
Замонлар, замонлар, замонлар
Интилиб етишган бир севинч.
Мунис дўст йўл босар мен сари,
Дарвозам очиқдир дўст учун.
Дилимда илтижо сингари
Бир қўшиқ ёришар мисли кун.
Севинчга сабаб кўп, сабаб кўп,
Севинчга, соғинчга маъмурлик.
Тобора, о, ҳушёр этар хўб
Йўқ эса нега бу махмурлик?!
Биламан, керакдир ҳасрат ҳам
Севинчни куйлашга мукаммал.
Ҳасратни қўяйлик ушбу дам,
Ул ҳақда шеър айтгум… бошқа гал.
* * *
Кўклам диёрида чечаклар тўйи,
Бизники, бизники шу ажиб баҳор.
Ахир, бу гулларга умримиз бўйи
Бўлмаган эдикми бизлар интизор.
Сирли гўзалликка кўзлар оина,
Қалб амри-ла қўллар тиламоқда соз.
Сен ҳам қалам шаҳзодасин пойина
Тўшагил, покиза оқ сийна қоғоз.
Будир ҳали ҳеч ким кўрмаган баҳор,
Ҳали чизилмаган даҳо бир сурат.
Севайлик, севайлик то танда жон бор,
Куйлайлик, куйлайлик имкони қудрат.
КИТОБХОН БИЛАН СУҲБАТ
Биламан, сен закий шеърхон наслидан,
Учрашганмиз ё йўқ, ким билади, ким…
Мен сени тилайман, сен-чи аслида
Менинг китобхоним эмассан, балким.
Девонаваш дилнинг муроди шу-да:
Бекадар, бекойиш, бағам, беғурбат,
Сен билан армонли ҳаёт ҳақида,
Ғойибона қургим келмоқда суҳбат.
Биламан, қалб юксак ҳисга мойил он
Шеърий рисолани қўлга олурсан.
Қўлга не – ғазални қўмсар дея жон,
Олис сафар чоғи йўлга олурсан.
Баъзан сендан йироқ кетганда омад,
Мен дилдаги шеърни битолмасман гоҳ.
Гоҳо сени сархуш этганда омад,
Менинг ижодхонам бўлур зафаргоҳ.
Сен шоир излайсан комил ва суюк,
Қалб ва шуурингни қолдиргувчи лол.
“Ўша шоир” бўлмак ҳавасдир буюк
Ҳар битта шоирга бирдай, эҳтимол.
Фикрнинг ҳалоли, омади гап-да:
Аҳли шуародан қарзинг йўқ сенинг.
Шеърнинг хизматида кичикми-катта
Шоир ҳукмдормас, арзинг йўқ сенинг.
Гоҳ шеър майдонида излатар сарсон
Бир сўз ўйинию, мезони, ҳижо.
Сен учун, азизим, ғойиб қадрдон,
Она шеъриятга қилгум илтижо.
Содиқ шоирингни сийлагил, илҳом,
Қолдирмагил уни бугун ғафлатда.
Дўсти ҳузурига порлоқ шеър билан
Пешвоз чиқсин, пешвоз чиқсин, албатта.
Шеъриятнинг арши аълоси қайда,
Бошлагил ул тараф, илҳомий туғён,
Бугун бир байроқдир вафо томида
Ишқ насими бўйлаб қанот қоққан жон.
Маънолари теран, мусиқаси ҳур
Шеърни мен ўзимдан тополмаган дам,
Гавжум мажлисларда, тутгайсан маъзур,
Ёд ўқисам Омон, Абдуллолардан.
Ўзга ёд олгулик шеърни яратмоқ
Умр армонидир, қалб ичра тугун.
Эътиқод уй қурган дил тубига боқ:
Арзийди яшасанг ўша шеър учун.
Бахтдир, энг аввало шеърга дахлдор
Ва сўнг боқийликка доир бўлмоқлик.
Дилда ўзинг билган битта армон бор:
Сен истаган “ўша шоир” бўлмоқлик.
Бу китоб – бағримнинг олов парчаси,
Қўлингга олмишсан илтифот ила,
Қўйгилу сен ўзга тилак барчасин,
Менга “ўша шоир” қисматин тила!
КАСАЛХОНАДА
Узилиб тушгандай пок орзулардан
Гуллар ял-ял ёнур боғда напармон.
Гоҳ шифо топамиз биз дорулардан,
Гоҳо муҳаббатдан излаймиз дармон.
Азизим, қадрдон қаддинг кўринди
Ногоҳ шифохона йўлакларида.
Қуёш нури ёнди, зулмат чекинди
Беморликнинг маҳзун ўлкаларида.
Не тонг, қадами хуш меҳмонлар мисол,
Бир ажиб саф чекиб келаётирлар,
Хасталикдан нари бедоғ, безавол
Оқ қоғоз бағрига соғлом сатрлар.
* * *
Дастурхон устида яхшилар аро
Қўлда қадаҳ тутиб қидираман сўз.
Тилакка ифода топмоғим даркор,
Кўз тикиб турибди, ахир, неча кўз.
– Ёр қучмаган қўллар қучсин муқаррар,
Муҳаббат чолғуси тушмасин қўлдан.
Дўст пайига тушган айғоқчилар ҳам
Манзилга етолмай адашсин йўлдан.
Эл хирмон кўтарар онида шаксиз
Мардлар шу фаҳрли сафда турсинлар.
Айни чоғда ғафлат ичра ётганлар
Ҳаёт ризқин фақат тушда кўрсинлар.
Бор бўлсин шеърият ва самимият,
Ёлғон тил айлансин нокерак тошга.
Нурни кўра олмас кўршапалак жон
Етолмасин асло она-қуёшга.
Риё режасини тузган бош узра
Бир умрга соя солмасин Ҳумой.
Беишқ юрак учун, лоқайд қалб учун
Покиза бағирда топилмасин жой.
БИЗНИНГ МУҲАББАТ
Кўз ишқаб фаришта, офтоб уйғонур
Қояларнинг юксак кошонасида.
Чечаклар оташин тож бўлиб ёнур
Асрий тоғларнинг чўнг пешонасида.
Пойимизда кулган жаннатул маъво
Чорлайди жон зотин севмакка фақат.
Бизда ҳам бу лаҳза шоҳликка даъво,
Бил: гадо эмасмиз бизлар, муҳаббат.
Негадир энг кўҳна ривоятларни
Гуллар оғушида оламиз ёдга.
Бахтдан умид этиб иноятларни
Биз етмоқ истаймиз ишқий муродга.
Шундоқ тепамизда гумбази само,
Ҳуррамликдан бошлар гир айланади,
Сен Лайлисифатсан, – Мен – Мажнуннамо,
Севги занжирига дил бойланади.
Мўйқалам тутсангу ҳавасманд дастга,
Муҳр этсанг қоғозга шоҳ сувратингни.
Сўнг шу юксакликдан қарасанг пастга,
Яширмай ишқингни ва ҳайратингни.
Кимларни кўрмадинг, сен қадим жаҳон,
Бешик бўлмагансан кимга, эй замин?
Қошингда турибмиз икки ошиқ жон
Томошалар қилиб гуллар оламин.
Севги ёлғиз икки қалбга чин йўлдош,
Ҳақростдир мўъжиза яратгувчи – ул.
Севги – қўтир дилга отилган зил тош
Одамни ўзига қаратгувчи – ул.
Истасангиз, севги – теран фалсафа,
Ҳамишалик умр дастури бўлсин,
Букун севмоқ бўлиб турган илк дафъа
Ошиқ навқиронлар қатори тўлсин…
“Танҳо муҳаббатнинг измидан боргин” —
Севги қасами-ла қалб ёлборарди.
Воажаб, аллаким одимлаб ҳорғин
Бизнинг ёнимиздан ўтиб борарди.
Севги шаробини тотмаган йўлчи,
Ё юрт кезиб юрган номаълум сайёҳ?
Бахшими – гўзаллик элидан элчи,
Бизларга дуч келган бунда баногоҳ?
Бахши бўлса агар, достоннинг боби
Масъуд онларимиз куйлагай майин.
Боқий муҳаббатнинг олтин китоби
Битта қасидага кўпаюр тайин.
Сайёҳ бўлса агар, қадами унинг
Етганда уйининг остонасига,
Сўйлагай таърифин бизнинг севгининг
Зор кутган рафиқа – ҳамхонасига.
Йўлчи бўлса агар – ҳасрат билмас эр,
Ишқ майи бегона, севги ҳисси ёт,
“Севмоқни насиб эт, ёнмоқликни бер” —
Дея қисматидан тиласин нажот.
Ҳозирча биз икков шодон, шунчаки
Севги ҳавосидан нафас оламиз.
Кўздан йўқолгунча йўловчи токи
Қўлимизни хушхол силкиб қоламиз.
Кўз ишқаб фаришта офтоб уйғонур
Қояларнинг юксак кошонасида.
Чечаклар оташин тож бўлиб ёнур
Асрий тоғларнинг чўнг пешонасида.
БУЛБУЛЛАР ВА ОДАМЛАР китоби 1981 йил
СЎЗГА ҚАСИДА
О, Сўз, ниятларим сайд этсин сени,
Бу гал сайёдингга чап бермагил, Сўз,
Руҳим қўшиғида қайд этсин сени,
Унча бунча сўзга гап бермагил, Сўз.
Маъно дури билан безайин сени,
Вафо қизи учун маржон тизайин.
Сен билан ўртаниб, сен билан севиб,
Сўзнинг ранги билан сурат чизайин.
Мутриблар юракнинг қасидасини
Созга кўчирсинлар чин ҳавас билан.
Ҳофизлар фалакка етказиб уни
Ёниб куйласинлар пок нафас билан…
О, Сўз, ниятларим сайд этсин сени…
* * *
Эрта уйғонаман қутлаб оламни,
Ғафлат шайтони-ла ҳар гал басма-бас.
Тонг атоқлик пари юзли санамни
Ўнгимда кўргум бор, тушимда эмас.
Бахт манзили чорлаб сочиб гулини,
Ва толе қўшиғи сас беради, сас.
Йўлга чиққум, зотан бахт манзилини
Ўнгимда топгум бор, тушимда эмас.
Борлиқнинг энг сирли они – тонготар,
Бир туйғу элитар жонни бу нафас.
Бу – севги, ўнгимда унга етгум бор,
Ўнгимда етгум бор, тушимда эмас.
Қалбим аро сергак тонг соқчисига
Мени жуда эрта уйғотмоқ ҳавас.
Ўзим ҳам шу жонбахш райҳон исига
Ўнгимда тўйгум бор, тушимда эмас.
Ёруғ қуёш билан яшаб ёнма-ён,
Қўшиққа топганим сарлавҳа-ку бас.
Кўнглим тилагани – шеърми ё достон
Ўнгимда айтгим бор, тушимдан эмас.
Шаббода тебратган буғдой оламин
Саҳарда кезгум бор мен бир нонпараст.
Ана шу муборак ризқимнинг таъмин
Ўнгимда тотгим бор, тушимда эмас.
* * *
Мен ҳамиша яшайман ҳайрат ичра ҳамда лол,
Теграмни қуршаган бу хилқатга ўйчан қараб
О, мени етаклашдан чарчамас сира хаёл
Ва мени чақиришдан тинмас сирли чор тараф.
Қўш ноғора чалиниб, қизиган тўйлардан то
На бир ғубор-гарди йўқ қорли чўққилар қадар,
Шан боғларнинг қўйнида очилган гули раъно
Назаримни тортганда қилгим келади сафар.
Шоир – сафар жунуни, уни йўллар кутади,
Тилсим янглиғ чорлаган ҳудуди йўқ уфқлар.
Шоир бундай кезларда оромни унутади,
Унингча бундай кезлар ғафлат бандаси ухлар.
Яшил хиёнбонларнинг соя-салқин бағрида
Жажжи набираларин бошлаб юрар бувилар.
Шоир уларни кўриб ҳаловатлар наҳрида,
Зарра ғубори бўлса, шу заҳоти ювилар.
Қайдадир ушбу чоғда бир овлоқ гўша аро
Гулханнинг атрофида икки дўст суҳбат қурар.
Шоир учинчи бўлиб кўзида меҳригиё
Шу поклик даврасига кирмакни орзу қилар.
Нотаниш хоналарда оқшом ороми ҳоким,
Тугагандир кундузги барча кору хизматлар,
Ҳар бир хонада ахир, жалб этгувчи идрокни
Шоирга ноаён қалб, одамлару қисматлар.
Шоирдан ўз кашфини кутади доим жаҳон,
Шоир севги жунуни, ҳаваслари ўзгача.
О наздида, баайни узилмас риштаи жон —
Сирлар ипи тортилган заминдан юлдузгача.
Мен-ку битта шеърпараст, мўъжиза олдида лол,
Дейман: йўллар дунёси, чегара билмас кенгсиз!
Мен яна сайрдаман, ёримга келур малол
Бир пиёла чойини ёлғиз ичмоқлик… менга.
МЕНИНГ ТЕАТРИМ
(Шукур Бурхонга)
Шеърият гултожи – драма демак,
Менинг театрим қалбим саҳнида.
Бўш келма, бўш келма, тинмагур юрак,
Ёнгил воқеалар ўт – чақинида.
Қаҳрамон танлашда ажаб беқарор,
Фарҳод ҳам ўзимман, ўзим Ёсуман.
Юрак оламида не-не сиймо бор —
Ўзим, ўзим якка ижрочисиман.
Муштдай қалбим улуғ планетадир.
Ўзга дунёларга ахтаргувчи йўл.
Юрак томошаси давом этадир,
Умидга, кўз ёшга, гумонларга мўл.
Гоҳ ёнаман, қўрқмай ишқ оташида,
Мен лоқайд эмасман, мен оташинман.
Афсуски, юракнинг томошасида
Ўз-ўзимга танҳо томошабинман.
Риё драмаси ўйналар гоҳо,
Мен баъзан ожизман, гоҳида жимман.
Қалбдаги риёкор қолар бежазо,
Бунда ҳам бир ўзим томошабинман.
Ҳаёт савдолари ҳеч бўлмайди бас,
Бўлмагандай қадим дунёнинг тинчи.
Баъзи вақтлар менга бегона эмас
Янги юрт кашф этган Колумб севинчи.
Не сирлар гум бўлган қасри Эльсинор,
Мен гумонда Гамлетларнинг бириман.
Дунё хабарсиздир, мен-чи хабардор,
Гоҳ қалбимнинг даҳо Шекспириман.
Қоронғи бурчингда ишқ ҳамширасин
Оғир яралаган қайси безори.
Айтгил, маҳрам қалбим, гапнинг сирасин,
Кимнинг кимга етди, ахир, озори?!
Хилқатнинг таърифи дастёр қаламда,
Гоҳида ростгўй ул, гоҳида сохта.
Яшаш драмаси катта оламда
Ва муштдай юракда давом этмоқда.
ОФТОБИМИЗ
Энг кичик заррадан Юпитергача
Ўзинг мураббийсан, хабар бер, қуёш.
Ғафур Ғулом
Бу шеър сатрлари қоғозга кўчди
Қоронғу ўйлардан мутлоқ нарида.
Офтоб чиқиб, барча юлдузлар ўчди
Қуёшли юртимнинг тонготарида.
Гўё майда хира ўйлар олдида
Ғолиб келганидай теран тафаккур,
Ҳикматлар ғазнаси – оташ қалбида
Оламон чулғади муборак шу нур.
Гўё хислат тўла нуроний бир зот —
Сен ёғду дунёси сирга, номга бой:
Хуршиди жаҳонсан, меҳри коинот,
Шамси мунавварсан, офтоби чирой.
Бошлар узра рангин камалак буткул
Заминга йўл олган йўлчидир – сендан.
Порлоқ қўшиқларга чечан шўх булбул
Замин равзасига элчидир – сендан.
Мовий осмон бордир икки ўртада,
Бургутлар аҳлига парвоз майдони,
Юлдуз бўлиб қолди осмон юртида
Замондошим Юрий – қуёш ўғлони.
Вақтдан адашган одамларга нақ
Энг тўғри соатдир қуёш соати.
Ҳар саҳар чалғинмай, содиқ, муҳаққақ
Йўлдан адашмаслик унинг одати.
Не бахтки, бу қутлуғ нурдан ҳар куни,
Ҳар он, ҳар сония баҳр олмоқдамиз.
Зарга айлантирар ҳар соф ёғдуни,
Шарафимиз бизнинг – олтин пахтамиз.
Биргина шафақлар жилваси учун
Мусаввир бўлмоққа аҳд этмак мумкин.
Тириклар дунёсин атарлар бутун
Саҳоватли, одил қуёшнинг мулкин.
У бир чолғудирки, заминга туташ
Ер томон саноқсиз торлар тортилган.
Инсон зиммасига қуёшни қутлаш,
Тонглар учун кураш юки ортилган.
Булутлар, қуёшнинг тўсманг юзини,
Бор бўлсин ёруғлик тараннуми – шеър.
Бор бўл, ёғдуларга тутиб ўзини,
Қуёш теграсида эврилувчи Ер!
ТОНГ ЮЛДУЗИ
Субҳисодиқ: тонг бошланиши,
Сирли ондир нур ваъда этган.
Бир юлдузнинг порлаб ёниши,
Руҳ тубига ёғду тўкар шан.
Масъуд ўтган севги тунларин
Гувоҳими эди шу юлдуз.
Яъни, гўзал хотирот сари
Имлаб йўлга бошлагувчи из…
Балким, менинг эртадан кутган
Умидларим билан баробар,
Сен, юлдузим, кўк имлосида
Ҳикмат рамзи – бир зеру забар.
Не бўлса ҳам, дўстим, ҳар қалай,
Бошинг узра юлдузинг бўлсин.
Соғинчларинг бўлсин бир талай,
Умринг шундай ёғдуга тўлсин.
Тонг юулдузи, тепамизда бот
Порлайбергил ўйчан, аломат.
Сен – кечмишдан ёруғ хотирот,
Сен – эртадан порлоқ каромат.
УМАР ҲАЙЁМ
Қалби фунун билан банд, юлдузда эди кўзлар,
Қўшдилар уни доно мунажжимлар сонига.
Ўзи ҳам тўрт қиррали ёқди йўлчи юлдузлар,
Ҳар буржи ҳикмат тўла оқ қоғоз осмонига.
* * *
Инсон муҳаббатда ўзини излар,
Ишқдир қалб уйига муқаррар қўноқ.
Севги қўшиғини куйлашда бизлар,
Гоҳ тўти, гоҳ булбул, гоҳи қарқуноқ.
БУЛБУЛЛАР ВА ОДАМЛАР
Лоқайдликка қирон солайлик, дея
Ва шеърий баҳсларда куч синаб ҳалол,
Одамлар: биз бормиз, бўлайлик дея
Ёниб куйлайдилар булбуллар мисол.
Куйламасак гулдек сўлайлик, дея
Ва башар зотини қолдиргали лол,
Булбуллар: биз бормиз, бўлайлик, дея
Ёниб куйлайдилар одамлар мисол.
ҚЎШИҚЛАР
Қўшиқлар бор кўҳна дунёда:
Йўл йўқотган, ғариб, афтода,
Мутрибнинг бор дарди навода, —
Сатода айтилади.
Қўшиқлар бор: номус қиссаси,
Янгратади тоғлиқлар саси,
Жасоратдир улар шеваси, —
Тиғларда айтилади.
Қўшиқлар бор: чорлар ёрликка,
Назокату вафодорликка,
Қасидадир интизорликка, —
Кўзларда айтилади.
Табиатнинг бокира пайти,
Мужда олиб шамоллар қайтди,
Навбаҳорнинг ушбу шоҳ байти, —
Баргларда айтилади.
Қўшиқлар бор мўъжиза тўла,
Комил достон беш боби ила.
Яхшиларга сен уни тила, —
Қўлларда айтилади.
Қўшиқлар бор: тилларда нақддир,
Тўхташ билмай оқятган вақтдир,
Уни сезиб яшамоқ бахтдир, —
Сувларда айтилади.
Қўшиқлар бор: муаззам фалак —
Боши узра ёнган камалак.
Шоирликдир уни илғамак, —
Рангларда айтилади.
Қўшиқлар бор: тонгги шафақлар,
Улар учун алвон варақлар,
Ҳур маъноси кундай ярақлар, —
Нурларда айтилади.
Қўшиқлар бор: қадим оламда,
Шодон руҳда, гоҳи аламда.
Қалблар уни тилаган дамда, —
Қаламда айтилади.
ТЎРТИНЧИ САТР
О.Матжонга
Ғариб қисса эди ишқим, туганмади ҳеч,
Агарчи бўлгали олам биноси айтилади.
А.Навоий
Яна дилга ёғду тўкди муҳаббат,
Қалб ёнди бахшининг пок нафасидан.
Бу қисса баҳс этур, дўстларим, фақат
Тоза муҳаббатнинг мўъжизасидан.
Ривоят сўзидир: қай бир замонда,
Олтин тахт соҳиби қай бир ҳукмдор,
Бир гул ўтирмишди равза – бўстонда,
Яъни, моҳирўй қиз, кундек ҳусндор.
Боғнинг деворидан мўралаб бир кун
Бир йигит қаради фақир ва барно.
Ногоҳ кўргани шу – қиз васли учун
Ул ширин жонини этгудай фидо.
Севги ғунча очди қиз кўнглида ҳам,
Юрак замирида бир ўт уйғонди.
Ҳар сафар икковлон хайрлашув дам
Икки дилда соғинч олови ёнди.
Умр ришталарин уламоқ аҳди
Қарорга айланди ошиқ-маъшуққа.
О, улуғ неъматдир севмоқлик бахти
Энг гўзал мавзудир порлоқ қўшиққа.
Бу аҳду-паймондан ҳукмдор воқиф
Ёмон қасам айтди жаҳолат аро.
Қизининг заъфарон рўйига боқиб
Бошлади риёкор оғир можаро.
Разолат кўр этиб жоҳил отани,
Шафқатни, номусни, орни унутди.
Ота қалби гўё ғазаб ватани,
Ниҳоят қотиллик измини тутди.
Ишқий армонини шеърга солган қиз
Отасин юзига тик боқиб ногоҳ
Ва ўлим олдида увол ва эсиз
Энг сўнгги лаҳзада шеър сўйлади, оҳ:
“Ишқ – умрга орзу, кўнгилга – армон,
Ишққа на тўсиқ кор ва на-да фармон,
Бошим этсалар-да танимдан жудо…”
Ғазабли тутоқди жоҳил ҳукмрон…
Шеърининг энг сўнгги Тўртинчи сатри
Соҳибжамол қизнинг бўғзида қолди.
Зулфиқор қинидан суғурилди-ю,
Ота ўз қизининг бошини олди.
Атрофни тўлдирди нола ва фиғон,
Бу оҳлар осуда элни уйғотди.
Сўнг ўзига келган ота ногаҳон
Қиз жасади узра фарёдда қотди.
Ўкириб йиғлади нолон ва аччиқ,
Аламдан бошини тошларга урди.
Ақл кирган эди ва кўзи очиқ,
У нажот қидириб зир-зир югурди.
Қайғу йўл кўрсатар бундай он, ҳайҳот
Топилур ғафлатда йўқолган маъно.
Элда яшар эди битта валий зот,
Аъмоли – каромат, ҳар сўзи доно.
Ота бирла она ғам оввораси
Бордилар ул улуғ зотнинг қошига.
– Айтинг, тирилтмоқнинг борми чораси,
Вужуд кўлоб бўлди кўзлар ёшига.
Соқолин тутамлаб сўз бошлади чол,
(Ташриф буюрмишди султоннинг ўзи):
– Шундай очилғувси бу ўринда фол,
Жонга оро кирар ўшал шеър сўзи.
Ҳа, ҳа, ўша шеърнинг изҳори юрак —
Тўртинчи сатрини келтиринг бунда.
Ўша сатрдадир ҳамма гап, бешак,
Ҳамма гап шунга жо бўлган мазмунда.
Йигитни қидириб топдилар охир,
Чол сўзин айтдилар тушунтириб бот.
Айрилиқ юкидан қўзғалиб оғир,
Ошиқ сўйламади, куйлади ҳайҳот:
“Ишқ – умрга орзу, кўнгилга – армон,
Ишққа на тўсиқ кор ва на-да фармон.
Бошим этсалар-да танимдан жудо,
Бўсанг зулолидан қайта топгум жон”.
Дамини кесгувчи қилич тиғининг
Оташни севгидир жонбахш, бемалул.
Ахир, улар севган ишқ қўшиғининг
Жони ўшал эди, нақароти – шул.
Ошиқни элтдилар қизнинг қошига,
Ул жонсиз ётарди тан бошдан жудо.
Йигит яқин бориб қонли бошига,
Лабига лаб қўйди, жон топди барно…
Асрлар қаъридан келган афсона
Букун ёддир нечоғ кўҳна бўлса ҳам.
Ундан-да наридан келган афсона
Севганлар тилида айтилур кўркам.
Дарвоқе, ўшал шеър, Тўртинчи сатр —
Оддий шеърий йўлмас, сатри халоскор.
Қай шоирга азиз саналса, – қадр,
Шундай бир сатрга дилда армон бор.
Мен ҳам қалам тутиб эзгу ўй билан
Айтурман: севаман, дўстлар, севгайман.
Пок ният, ошиқ қалб, очиқ рўй билан.
Энг аввал ўзимга шундай дегайман:
“Оғир олма сира, ор қилма асло,
Сени атасалар ҳаваскор шоир.
Майли, ҳаваскор бўл, бироқ, аввало,
Халоскор шоир бўл, халоскор шоир.
Жонларни ғафлатдан этгувчи халос,
Юракларга софлик олиб киргувчи.
Имон – эътиқоди, орзусига мос,
Бош сатрига элни эргаштирувчи.
Кўнгил алдамайди, унинг матлаби:
Шеърлар қолдирсанг-да ортингдан минг-минг,
Барчаси бекордир, пуч эрмак каби
Гар бўлмаса ўша Тўртинчи сатринг.
Номинг, шаънинг сенинг, аъмолинг, қадринг.
Сен учун умрингда муқаддас не бор —
Борлиғинг мазмуни – Тўртинчи сатринг,
Сен уни қачондир айтмоғинг даркор.
Сенинг кимлигингни аён кўрсатур,
У – армон, яшашга илинж ва имон.
У сенинг шоҳ сатринг – Тўртинчи сатр,
Бир кун топишингга инонгил, инон.
Шеър, ахир, севгига, покликка мезон,
Тоза ниятларга ёруғ ифода.
Сен шоир эмассан, эмассан инсон,
Тўртинчи сатрингни айтмай дунёда.
КАЙФИЯТ
Нур, сувларда чўмилган кўклам фаришталари —
Ҳур чечаклар тонг билан чаманларга кирдилар.
Кўзлар қорачиғига жо бўлиб улар бари
Гулпараст кўнгилларни тоза севинтирдилар.
БИЗНИНГ КУНЛАР
Баайни шўх нақарот жаранглаб шўхчан унлар
Шеър айтгим келаётир кўксим ғурурга тўлиб.
Умрнинг суратини безайди ишчи кунлар
Нақшида қиёси йўқ зарҳал ҳошия бўлиб.
Ўзбекнинг алп деҳқони заҳматларнинг филини
Эртакларда куйланган зўр полвондай йиқитди.
Шу заршунос элимнинг изҳор этиб дилини:
Ҳали тонг отмай туриб шоирнинг шеъри битди.
Кунлар куйчи танлайди ўз забтига муносиб,
Мақтовда тўхтов билмас сара бахшилар керак.
Хоки муборак сари келгувчи бир-бир босиб,
Ғафур Ғулом сингари шеъри яхшилар керак.
Оддий сўзи олий лутф, ўзи танти, валломат,
Халқининг камолидан шодумон кўкрак кериб,
Шеър айтарди бетакрор у мазмунда аломат.
Назм аҳли борки, барин ўзига эргаштириб.
Кунлар сўрайди биздан ўз лойиқ таърифини,
Кунларки, Турсунойнинг лафзидай танти, ҳалол.
Эшитган бўлсангиз гар Буолма тарихини,
Ул ҳақда шеърий роман ёзса бўлур бемалол.
Кунларнинг мазмунини сендан сўрамак даркор,
Ҳар онин мўъжизага айлантирган ватандош.
Сенинг қўлингда оддий дастгоҳ бўлишга тайёр
Шу осмони азимни кезиб юргувчи қуёш.
Фахр деб билур, ахир, қуёшга жой бермоқни,
Кунларнинг қизиғида симобдай эриб осмон,
Бизнинг кунлар шунақа, оқлар доим ардоқни,
Мангулик юрти томон югурган жарчисимон.
САФАРБАР САТРЛАР
Она юрт ғазнасининг баракаси бор тайин
Олтин чаноқда ёнган ҳар гавҳар донасида.
Заршунос халқим, сени яна созга солайин
Терим тонги айтилган қўшиқ баҳонасида.
Шуурнинг чўнг қаърида баркамоллик касб этиб,
Ёруғ дунёни кўрган даҳовий фикр мисол,
Ақл, меҳнат самари – “олтиндан” яйраб кетиб,
Халқим эгатлар узра терар мисқол ба мисқол.
Шундай қутлуғ айёмлар, сафарбарлик онлари
Дилларга ғаройиб бир ойдинлик тўкилади.
Инсон руҳий оламин ноёб дурри-гавҳари,
Бундай чоғларда фақат тилга қўшиқ келади.
Ўзбек дастурхонида йўқ неъматнинг ўзи йўқ,
Дилкаш суҳбатлар кечар қаҳрабо кўк чой усти.
“Ҳорма! Бор бўл!”дан ўзга бу кез оддий сўзи йўқ,
Шу кеча-кундуз сўзнинг ўринли ва дурусти.
Эл севган таронадан на бир сатр, ҳатто сўз
Олиб ташламоқ асти бўлгани каби душвор,
Букун юртдошларимга фахр этади боқиб кўз:
Ҳар бири беистисно пахтага алоқадор.
Букун куйчи, шоирнинг даладир ташриф жойи,
Қаҳрамони билан у шундадир мулоқотда.
Бошида шуҳрат тожи – чин саодат ҳумойи
Зафар жиловин тутмиш заркорлар дулдул отда.
Шоиртаъб, нозикфаҳм, халқимсан олам оро,
Ҳушёр нигоҳинг ҳар бир “оқ олтин” чаноғида.
Номинг куйланур доим сара қўшиқлар аро,
Ўзинг бордирсан мудом яхшилар саноғида.
Она юрт ғазнасининг баракаси бор тайин
Олтин чаноқда ёнган ҳар гавҳар донасида.
Заршунос халқим, сени яна созга солайин
Терим тонги айтилган қўшиқ баҳонасида.
МЕНИНГ СОЗИМ
Давра қуриб сўзлайди созлар,
Ажиб дилхуш най, дутор саси.
Қиссавордир латиф овозлар,
Бу – чолғувлар мусоҳабаси.
Мутриб руҳин баёнидай, о,
Айри садо таратар камон.
Бу бир нолиш, ишқий илтижо,
Сўзсиз битик, оташин достон.
Очилмаган гулинг қолмасин,
О, хаёлий менинг чаманим.
Васф этмаклик севгим қиссасин
Сенга насиб, қаламим маним.
Сен – созимсан, юрак маҳрами,
Оҳанг топиб берганим бўлсин.
Истайманки, қизлар мақдами
Ва нози-ла қўшиғинг тўлсин.
Ошиқ йигит янглиғ шоиринг
Букун ишқ-ла келди бетма-бет,
Тутқун бўлиб шеъринг – тойиринг,
Шоирингдай ниятингга ет.
Сўровим шул: майли, бу онда
Довруғ солма ҳамма томонга.
Фақат… айриликда, туғёнда
Ўхшасанг бас ўша камонга.
ҚИЗИЛ ҚУШЛАР ҲАҚИДА БАЛЛАДА
Бувимлар сўзлаб берган
Сирли эртаклар қонда
Оташин туғёнини
Ҳали-ҳали қилмас бас.
Билмам қай бир замонда
Ва қайси бир томонда
Қизил қанот қушчалар
Бор экан, ўғлим, хуллас.
Менман шўхлик наҳрида
Ҳоримай қулоч отган,
Ва улғайиб қушларнинг
Йўлига қўйган тузоқ.
Букун болалигимнинг
Пок қушларин яйратган
Ҳур осмони олисдир,
Гул тўла боғи узоқ.
Алқисса, шу қушларнинг
Жозибали ҳар пати
Жононлар жиғасига
Бўлганмиш тоза зийнат.
Бу парларга ҳавасманд
Султонлар мамлакати.
Ва бу патлар саналган
Дур янглиғ азиз, қиммат.
Қуламиш не-не тахтлар,
Бошда тожи товланган
Шоҳлар ҳам олдин-кейин
Кетмишлар у оламга.
Одамларнинг бошида
Зийнат ўрнида ёнган
Қизил қушларнинг пари
Айланмиш пат қаламга
Билсам, жаҳонда неки
Гўзал ва шоирона —
Эртаклар бордир, ўғлим,
Биз севган ва биз билган —
Парранда зоти аро
Энг мумтоз ва дурдона —
Ўша қизил қушларнинг
Пати билан ёзилган.
* * *
Ишқ фарзанди – талай достон битилган,
Эҳ-ҳе, ҳали оздир, эҳ-ҳе, ҳали оз.
Ўзи шу: азалдан никоҳ этилган
Қаро кўз қаламга оқ сийна қоғоз.
ҚИЗЛАР
Ўсма қўйган қизларнинг қийғоч қошин дамодам
Таърифин Навоий ҳам чандон қаламга олиб.
Демишларки, жонона ёр сори қўймиш қадам
Қошларин қиличини яшил ғилофга солиб.
Сиз билан, ахир, қизлар, шоирнинг дили равшан,
Назокатга ташна бу оламнинг бағри бутдир.
Билсангиз, ошиқ қалби қизликнинг баланду шан
Покиза осмонида чаппар урган бургутдир.
Армонинг йўқ, десам рост, қизларнинг шивирига —
Боис бўлган сен барно, эй ўспирин укажон.
Бу деган сўз моддий шу яшашнинг ғувурига
Бир мадҳия қўшилиб, интизом топди жаҳон.
Сиз супуриб пок этган остона меҳмонга шай,
Пок шу остоналарга яхшилар пойи етсин.
Мен ҳам тилакларимни самимий шеърга қўшай:
Сиз бекач бўлган уйдан риёлар нари кетсин.
Қош-қобоғингиз узра далаларнинг гарди бор,
Узун-узун эгатлар сизлар ёд олган байтдир.
Сизни тилга олганда, кимнинг ширин дарди бор,
Шўхлик билан дейсизлар: шоирга дардинг айттир.
Шу фароғат кечида кўкни мунаввар этиб
Мангулик қиссасини айтиб ёнар юлдузлар.
Сизга ўхшаб кетдилар: нури осмонга етиб
Замин фаришталари бўлиб қолган ҳур қизлар!
ҚАДАҲ
Қаламга олганим оддий ҳикоят,
Ибратли қиссадир, эмасдир эртак.
Унинг қаҳрамони вафоли ғоят
Кавказнинг гўзали ёш бир келинчак.
Не бўлиб хўжаси қайтмабди бир кеч,
Қўрқув-хавотирда қолибди жувон.
Эртаси тонг билан ўйлаб турмай ҳеч:
Тезнома йўллабди ўн икки томон.
(Ўғлоннинг дўстлари ўн икки нафар.
Қай бирига қўноқ бўлди бу сафар?)
“Ягона илтимос, илтимос сиздан,
Ёзиб юборингиз келмаса малол.
Балки хабардорсиз, сир тутманг биздан,
Сизникида тунаб қолмиш эҳтимол”.
Дарак бўлмай туриб тоғлик ўғлондан,
Интизор кутганда келин бетоқат,
Нома бориб етган ҳамма томондан
Бир вақтда келмиш шу мазмунда хат:
“Сингилжон, беҳуда хавотир нечун,
Ёрим қаерда деб, ёрим қаерда?
Дўст уйи қўналға азиз дўст учун,
Мен билан эди ул, ўзга на ерда?!”
Буёғи номаълум менга ҳар қалай,
Қай чоғ тўлди экан уйига фараҳ…
Мардона тоғликлар қўлда тутиб май,
Кўтатурлар шундай дўстликка қадах.
ТИЛЛА ҚЎНҒИЗ
О, кўкламни туққан коинот,
Сен ишқибоз юракни яйрат.
Қўшиғинг-ла кечсин шу ҳаёт,
Сендан қўшиқ, шоирдан – ҳайрат.
Асал эмган тиллақўнғизинг,
Менга митти булбул кўринар.
Ўпиб бағринг, муборак изинг,
Сенинг сўлмас кўксингга қўнар.
Унинг ўзи билмас: эҳтимол,
Борлиқ аро умри муваққат.
Бу манзара қаршисида лол,
Мен ҳайратда турибман фақат.
Сирли ҳаёт пардаларида
Тиллақўнғиз куйлай олғуси.
Гўё унинг митти бағрида
Мангуликнинг олтин чолғуси.
* * *
Қўшиқлар – чол дунёнинг
Ҳорғин, доно юзидан
Ҳасрат ажинларини
Зумда этгувчи нари
Ва гўзал кўрсатувчи
Мангулик кўзгусида
Тоза ниятли, содиқ
Ҳусн машшоталари.
ФАБРИКАНИНГ ЙЎЛИДА
Ғ.Ғулом хотирасига
Фабриканинг йўлида рўмолча топган қизлар
Бир этак набирага буви бўладур бугун.
Ул бахт нақаротига қулоқ тутаркан бизлар,
Қалблар аллақандайин завққа тўладир бугун.
Ажаб завқки, зўридан кўзга ёш қалқитувчи,
Кечмишлар дунёсига бошлагувчи азим куч.
Кўзлар рўбарўсига бир офтоб балқитувчи:
Қўққисдан, кутмаганинг бахтга келтирувчи дуч.
Тарих ибтидосида ип йигирган момолар
Ғамли дақиқаларин ҳар онини санаган.
Улар учун ер қаттиқ, олис бўлган самолар,
Чарх усти қўли эмас, дили-жони қонаган.
Битта шеър баҳонаси қадим ипак йўлининг
Ёдимга келди бу чоқ кўп турфа бекатлари.
Инсонпарвар, нонпарвар халқим олтин қўлининг
Пок-покиза шеъридир “оқ олтин” эгатлари.
Унда битилган теран ҳар сатрки достонвор,
Шарафлар минбаридан ўқилгувси оламга.
Ҳув… қадим эртакларда куйланган зар тола бор —
Қўшиб тўқилгани ҳақ сирли “учар гиламга”.
Ҳар бир гупурган юрак – бахтлар устахонаси,
Гар фабрик деган сўзга сўз керакса маънодош.
Шодлик матоси, ахир, матоларнинг онаси,
Шу матога хомашё – поклик бўлмасин одош.
Ҳар ёш чилдирмачига букун ҳам дастурамал
Уста Олимнинг одми нағмаи – усуллари.
Ёзмоқ бўлганинг шеърми, шунчаки ишқий ғазал,
Олиймақом андоза – Ғафур Ғулом йўллари.
Тенгдошларнинг сафида равон шу йўлдан бориб,
Етмоқ аниқлиги рост комиллик манзилига.
Бундан зўр толе борми янги конлар ахтариб
Сўнг армуғон этмакдек шу қуёшлар элига.
Шеър ўзи келмас, ахир, қўшиқ ҳам ўз-ўзидан
Тош бағрида туғилиб, тилда бермайди жаранг.
Мен бувилар куйлаган шеърнинг оддий сўзидан
Лол қолдим-ку, ёронлар, ночор ҳолимга қаранг.
Бу лаҳза жўровоздир кампиру – қизлар саси:
“Фабриканинг йўлидан рўмолча топиб олдим…”
Ул чевар бувиларнинг мен – йигит набираси
Хижолатда бир оддий қўшиқ тополмай қолдим.
ТОНГОТАРДАГИ УЧРАШУВ
Тундан чиққан тонгнинг суюнчисига
Бир олам ёғдулар ҳосил бўларлар.
Қаранг: Қуёш, Осмон, Замин тусига:
Улар бир-бирига восил бўларлар.
Одатдай Кун тушар ўз чўққисидан,
Ер-Осмон қутлайди ул олов кўзни,
Негадир учовлон гўё қўққисдан
Учрашиб қолгандай тутарлар ўзни.
* * *
Биз нечун яшаймиз, куйлаймиз, нега?
Айт, ненинг умиди, армони билан.
Ҳаётда не борки, маънога эга —
Кўк – қуёши билан, тан – жони билан.
Манзилга етсинлар бахт сайёҳлари,
Булбуллар ўз чаман боғин топсинлар.
Чўққининг қорлари, ер гиёҳлари —
Сари менинг қалбим бўлиб чопсинлар.
Ўзгалар тўқиган қўшиқни эмас,
Балки ўз қўшиғин куйласин ҳофиз.
Бу оддий ва доно қўшиқ бўлса бас,
Қалблар хотирида қолдирувчи из.
Қўшиқ – тирикликка пок олқишимиз,
Эзгулик жарчиси эканлигимиз.
Бу ҳаромдан холи ҳалол ишимиз,
Ўзлигимиз, бахтга эгалигимиз.
Комил бўлур бир кам дунёнинг иши
Ва мангу адолат қучгувси уни,
Ҳар битта инсоннинг шу ўз қўшиғи —
Умр топса, умр – ўз қўшиғини.
* * *
Эй дўст, шошмоқдасан дўст ҳузурига,
Йўқотма суюнчи гапни дилингдан.
Хайрли йўлдасан, қалб ғурурига
Қонгилу орқага қайтма йўлингдан…
Эй мутриб, чолғувнинг уммон бағридан
Сийлайди сени бир порлоқ дурдона.
Умрнинг сен майда ташвишларидан
Фориғ бўлу топгил ноёб тарона…
Эй ошиқ, ишқ кўнгил остонасида
Бошпана сўрайдир, пешвоз чиқ унга.
Ғафлат нари бўлсин, шулки қасида:
Севгида айлангил бахтли тутқунга…
Эй оҳу, сайёдга чап бериб бу гал
Сен тоғлар юртида бехавотир юр.
Шоир сени эрмак санамас тугал,
Сен унга бўла қол илҳом ва сурур…
Денгизчи, хатарли йўлга отландинг,
Суюк жужуқларинг силкиб қолди қўл.
Колумб шарафини тилаб-ла ёдинг,
Сенга шон ёр бўлсин, сенгадир оқ йўл!
Эй мусаввир ўғлон, унча-бунчага
Насиб этилмаган ҳайрат – сеники.
Мўйқаламинг қўйма, чўнг тушунчага
Ифода бўлажак сурат – сеники…
Эй шоир, ижоднинг юлдузли они
Энг залвар туйғулар пар мисол учсин.
Кўпни кўрган бизнинг кўҳна дунёни
Навқирон бир туйғу шеър бўлиб қучсин.
МУҲАББАТ
Муҳаббат чолғудир – бирмас сири, минг,
Тилга кирар ошиқ қўлида танҳо.
Умри ўтиб кетар қай бир кимсанинг
Бу саркаш чолғуни созлагунча то.
Балким, у уммондир – кўринмас таги,
Мурод дурдонасин топмаклик душвор.
Эҳтимол, номаълум ошиқ эртаги,
Эртакки, ғаройиб тилсимлари бор.
Орзу водийсида ишқ – оби ҳаёт,
Боқийликни билмас уни тотмаган.
Севгидан фориғ жон – қушдир беқанот,
Ишқсиз ғофилларнинг тонги отмаган.
Сирлар кўп оламда бизлар билмаган,
Дилда бонг урмакда муҳаббат саси.
Хилқатда олам кўп кашф этилмаган,
Биз тилаган севги – балки биттаси.
* * *
Ошиқнинг кўксида гупурар юрак,
Буни яхшиликка йўйингиз фақат.
Покиза бағирнинг тубида, демак,
Дунёга келмоқда тоза муҳаббат.
Шоир қалби тепар, асов, шиддаткор,
Гўё довул чоғи чайқалган уммон.
Демак, ул бағрида дам ўтмай бирор
Дунёга келгуси қўшиқ бегумон.
ҒАЗАЛ ЁЗИЛАДИ, ЁПИЛАДИ НОН
Жаҳон аҳли кори-бори билан банд,
Ҳамон айланади бу чархи даврон.
Офтобини суяр осмони баланд,
Ғазал ёзилади, ёпилади нон.
Қайдадир, кимнингдир ризқи яримта,
Қайдадир сотилар севги ва имон.
Замин, ёрлақаган гўшаларингда
Ғазал ёзилади, ёпилади нон.
Сонгми даҳшатлари қолдирмас лоқайд,
Хиросима доғи битмайди ҳамон.
Дунё ҳансирайди жангда, айни пайт
Ғазал ёзилади, ёпилади нон.
Дунё жанггоҳида йўқдир бетараф,
Ҳаёт-мамот жанги борар беомон.
Шаҳид қаҳрамонлар шаънига шараф —
Ғазал ёзилади, ёпилади нон.
Чучмалликдан холи ғазалнинг сатри,
У – умид, парча нон ва парча осмон.
Кимнингдир энг ёниқ армони, дарди,
Ғазал ёзилади, ёпилади нон.
Гурунгларда деҳқон ва шоир халқим,
Ўртада ноз-неъмат тўла дастурхон.
Серташвиш дунёнинг давоми, ҳақи —
Ғазал ёзилади, ёпилади нон.
СТУДЕНТЛИК ЙИЛЛАРИ
Э.Воҳидовга
Шоир дўстларимнинг севган мавзусин
Тилади менинг ҳам шеърпараст кўнглим.
Бу гал мен сизларга ҳавас қилдим чин,
Талаба укам ва толиба синглим.
Даҳр денгизида умр кемаси
Юзиб бормоқдадир манзили томон.
Бундан чорак аср аввал, чамаси,
Биз ҳам студентлик бахтин туйган он.
Бугун қалб мавжида ясади тўлқин,
Кўзларга ёш қалқиб чиқди негадир,
Бу чоғ борлиғимга ҳоким шу ёлқин
Бағримда беадад кучга эгадир.
Ёдингдами, дўстим, ўшанда дастлаб
Ёшлик дафтарини сен нақш этгансан.
Дарвоқе, сен азиз дўстларни қўмсаб,
Кейин ул дамларга шеър бахш этгансан.
Нечоғлиқ илм уйи ичра тўла нур,
Бугун ҳам хўб гавжум бўлиб турипти.
Ўйланмай, бу сафга қўшилайлик, юр,
Ёшлик хиёбони тўлиб турипти.
Не бахтки, бу лаҳза кўклам элидан
Порлоқ хотиротлар шамоли елди.
Фарғоналик қизнинг жозиб тилидан
Ўтлиғ ғазалларинг эшитгим келди.
Гуфтори шакар ул, Хива қизининг
Бир ажиб шўхлиги, нози бор эди.
Самарқандлик Зебо талаффузининг
Замири соф эди, беғубор эди.
Соғинч китобидан бир такаллум – бу,
Дўстни эслатгувчи ёруғ бир нишон.
Будир дорилфунун, байтул улум – бу.
Полопонлар учган қутлуғ ошиён.
Ватан чаманлари зоғлардан фориғ,
Парвози баландлар, сизники осмон.
Сизлар учмадингиз боғлардан фориғ,
Фақат нидо беринг: қайдасиз бу он?
Шоир дўстларимнинг севган мавзусин
Тилади менинг ҳам шеърпараст кўнглим.
Бу гал биз сизларга ҳавас қилдик чин,
Талаба укам ҳам толиба синглим.
* * *
Ёниб куйлар булбул – гул интизори,
Нечоғлик ярашиб умр боғига.
Булбул ҳам интизор инсон қатори
Ниманингдир яшнаб-очилмоғига.
Бу бизнинг қўшиқдир ўзи аслида,
Инсон юрагининг ўтли армони.
Қайтаради холос наврўз фаслида
Ҳар булбул навога кўмиб дунёни.
Рости, бу қўшиқни инсон тўқиган,
Ҳайрат қўшиғидир комил, безавол.
Булбул бу мактабда фақат ўқиган,
Устозга тақлидгўй бир шогирд мисол.
Орзуманд инсоннинг пок кўкси аро
Гулга айланажак саҳроларнинг ҳам
Жўжа булбуллари қанот қоқароқ
Аён куйламоқда шавқ ила кўркам.
Инсоннинг бағрида орзу чамани
Турфа қўшиқлардан ободдир ажаб.
Унда булбулларнинг шўх анжумани
Бу порлоқ қўшиққа дебочадай гап.
Йўқса, кашфиёт деб суюнамиз чин
Нечун биз дил-дилдан ҳайратга тўлиб,
Гоҳ ўз қўшиғимиз, ишқимиз аслин
Булбулнинг тилидан таржима қилиб?!
* * *
Бахши Қуёш яшар осмон элида,
Ёруғ қўшиқлари кўпдир дилида.
Шу кўклам субҳида битта қўшиғи
Бизга етиб келди булбул тилида.
* * *
Ишқ туғилди қалбда қай ҳайрли вақт,
Ундан қанча яхшиликлар кўрамиз.
Ишқ ватани қалбни, одамлар, не бахт
Бизлар кўксимизда олиб юрамиз.
Қалбнинг чеккасида ишқ-ла ёнма-ён
Риёга ногаҳон уя қурамиз.
Ва шу юракни ҳам минг афсус, омон
Бизлар кўксимизда олиб юрамиз.
ЎН САККИЗ ЁШЛИЛАР ҲАЁТГА КИРАР
I
Замин теппасида олтин жом ила
Офтобимиз бизга пешвоз турипти.
Ёруғ бир шодликка офтоб ҳомила,
Чўққилар учига зар югурипти.
Қуёш шаробидан тўлиқ пиёла —
Биз дунё бахтига алёр айтамиз.
Ўн саккиз ёшлилар, сизга ҳавола
Букун тўқиётган оташ байтимиз.
Кун нури етмаган гўша қолмасин,
Олам тилагида нур зарурати.
Осмон баландидан ҳеч йўқолмасин,
Суюк офтобимиз – бахтнинг сурати…
Замин тепасида олтин жом ила
Офтобимиз бизга рўбарў турар.
Қасамёдлар қилиб қуёш номи-ла
Ўн саккиз ёшлилар ҳаётга кирар.
II
Не-не сулув қизлар етади бўйга,
Бургуткўз йигитлар битар ишқий хат.
Муҳаббат илк дафъа толдирар ўйга,
Қиз қалбига кирар илк бор муҳаббат —
Кеча жимлигини янгратган “ёр-ёр”
Қайси бир юракда армондай ёнар.
Қайси бир юракда, ҳа беихтиёр
Ширин хаёл, ёруғ ҳасрат уйғонар.
Ўзига бахт тилаш худбинлик эмас,
Ахир, барча йўллар – саодат сари.
Яшамоқ тилайдир даврон ёшлари,
Шу башарнинг умум бахти билан маст.
Бошидан не савдо кечмаган дунё
Дарди йўқ ёшликдан дардин яширар.
Қалбига минг турфа орзулари жо —
Ўн саккиз ёшлилар ҳаётга кирар.
III
Бағрига қон шимган бу қадим тупроқ
Кўп кўрган авлодлар силсиласини.
Севганимиз сайин асраймиз кўпроқ
Гуллар нафасини, булбул сасини.
Она севгисидан, она пойидан
Муқаддас шу хилқат бизникидир, рост,
Қайдан қабоҳатлар, разиллик қайдан,
Ахир, онадан-ку эзгулик мерос.
Оқ ният оналар жаллод туғмайди.
Улар тилагида – толеи башар,
Севинчлари еру кўкка сиғмайди.
Кўкламги оламга иқбол тилашар.
Тонгда соқий қуёш осмон тўридан
Гуллар косасига шароб тўлдирар.
Ўн саккиз минг олам меросхўридай
Ўн саккиз ёшлилар ҳаётга кирар.
IV
Сеҳрларга буркаб инсон ҳаётин
Олтин хаёллардай юлдузлар ёнур.
Парвозлар олдидан тин олмоқда, тин
Лочинлар бешиги – дашти Байконур.
Гагарин изи бор шу олис чўлда,
Шундан бошланади ажаб афсона.
Олис сафар сари муборак йўлда
Бу бир остонадир, қутлуғ остона.
Сирга ўраб тунги осмон тусини,
Тирик шу юлдузлар титрамоқда жим.
Бу кун яна битта энг янгисини
Юлдузлар сонига қўшгил, мунажжим.
Тонг билан Ер янги фазогирини
Ўзга сайёралар сари учирар.
Бошдан ўргангали осмон сирини,
Ўн саккиз ёшлилар ҳаётга кирар.
* * *
Ташриф буюради дилга шу туйғу,
Ва гоҳ-гоҳ шу нарса бўлади такрор:
Тунлар кечса ҳамки ўйчан, беуйқу,
Шеър сирин топгунча ҳали анча бор.
Ахир, биринчи бор учрашув сари
Талпинган юракка недир ифода?
Ёр ҳусни пок шеърдан эмас-ку нари,
Шеър учун мавзулар озми дунёда?
Баланд юлдузларнинг нозли ёнишин
Ўтлиғ ғазал таъриф этмаса магар,
Ел ва япроқларнинг иноқ хонишин
Бағрига олмаса бир куй жилвагар,
Ошиқ қалб кашф этиб севмоқ бахтини,
Сўнгра ўз кашфидан бўлолмаса шод,
Бўлак бир ҳис билан куйлай деб уни,
Ўйлаб топармиди Шеърни одамзод?
Мен учун шундайдир, мен учун шундай,
Шеър айта бошлайман энди, наздимда.
О, ҳали уфқимда ёнмаган кундай,
Барча умидларим ўшал назмимда.
Қалам йўндим яхши тилаклар билан,
Қоғозга эзгулик муҳр этилсин то,
То бўлган гаплар ва эртаклар билан
Умримга шоирлик этилсин адо.
Токи кўнгил чиркдан фориғбол бўлсин,
То умр шеър билан топсин эътибор.
Ахир, юксакларда шеър бўлгулик чин
Ёруғ юлдузларнинг шуълалари бор.
НАВРЎЗ ЭРТАСИ
Мўъжиза кўп бу муҳит аро,
Мўъжизанинг онаси – Қуёш.
Тоғ ортидан одми, беоро
Ёруғ юз-ла кўтаради бош.
Оқибатин билмай, афтидан,
Қуёш билан ўйнашур шабнам.
Мангуликнинг олов кафтида
Лаҳза янглиғ эриб кетур нам.
Бинафшалар уйқудан турган,
Майсаларда ҳали излар йўқ.
Чечак излаб елиб-югурган
Паривашлар ва шўх қизлар йўқ.
Кун олдидан бир дебоча бу —
Муқаддима достон олдидан.
Менга бир шеър тиламоқ орзу
Кўклам тонгин тоза қалбидан.
Пок-покиза бағри наврўзнинг
Саслар билан аста тўлмоқда.
Ҳали шеърга кирмаган сўзнинг
Соф жаранги эшитилмоқда.
ОНАМГА АЙТГАН ШЕЪРИМ
Манзилларга турфа элтади йўллар,
Йўллар мукофоти – қутлуғ манзилгоҳ.
Яна… яна давом этади йўллар,
Йўллар қидирамиз ҳар биримиз, оҳ.
Бу кун шу тириклик менинг манзилим,
Шу ҳаёт, шу зиё менга жонажон.
Менинг бу дунёга биринчи йўлим
Сизнинг сийнангиздан ўтган, Онажон!
ОШИҚОНА
Теграмда кечади одми бир ҳаёт,
Кимнингдир йўлига кимдир нигорон.
Бу – ҳали қўшиққа кирмаган “баёт”,
Бу – урушни кўрган қўшним ногирон.
Бу – дўстимнинг бўйга етган шўх қизи,
Тилида жозиб бир сирли хиргойи.
– Энди бошланмоқда яшаш қизиғи,
Куйлаттирган бу ҳис нимадир, ойи?
Даҳо шоирга ҳам, мусаввирга ҳам
Баъзан армон бўлар битта ранг ва сўз.
Ҳайратдаман шу ҳис ва шу сирга ман:
Қалб ишққа қонмайди, гўзалликка – кўз.
Шу лаҳза мен билан қалам талашиб,
Қоғоз қоралашни машқ қилган ўғлим,
Бир кун отагинанг ғурури ошиб,
Сен битган ишқ сатрин ўқиб йиғлар жим.
О, мен инонаман, дунё айланиб,
Тўлқин қайтгандай ишқ ҳам қайтади.
Ва мен айтолмаган қўшиқни ёниб,
Энтика-энтика ўғлим айтади…
Букун у севгани жангдан қайтмаган
Беванинг арзанда неварасидир.
Яъни, менинг ўғлим, бобоси – отам,
Шеърпарвар отасини кўз қорасидир.
Уммон ўша-ўша: тўлқин ҳам ўша,
Сувнинг ҳар қатраси янгидир гарчанд.
Биз янгратган олам – жонажон гўша,
Биз айтажак қўшиқ дилни этар банд.
Ошиқ кўз ёшидай қатра туғмоқда
Марвариднинг тоза, дурдонасини.
Кўнгил тиламоқда нурли шу чоқда
Шеърнинг тозасини – ошиқонасини…
ПОКЛИК
Қиз шарақлаб кулди, қизки гулбадан,
Шу зумда чор атроф шарақлаб кетди.
Ажиб бу покликдан, бу жозибадан
Тунд ҳаво, нохуш дил ярақлаб кетди.
Қиз шарақлаб кулди, шўх қизлар аро,
Жонон кулгусидан чаман яратиб.
Ногоҳ йигитларнинг кўзин қаратиб,
(Йигитлар шивирлаб қолди ўзаро).
Бу – бир тўлқиндирки табиий ва шўх,
Бу – бир заруратдир умрга, шеърга.
Бу – бир алангага айлангувчи чўғ,
Бу – оддий хилқатни кўмгувчи сирга.
Қандай соз йўл усти қизлар кулиши,
Шунчаки ногаҳон сенга келса дуч.
Бу кулгу – шодликлар хамиртуруши,
Бу поклик – бахтларга етакловчи куч.
Қалбда ишқ, билакда бор экан кучим,
Мудом шу покликка мен интиламан.
Зеро, сен шеъримдан, азиз ўқувчим,
Шу покликни излашингни биламан.
ҚЎШИҚ
Қувонинг, ўғиллар, суюк оналар
Сизни узатдилар узоқ йўлларга.
Дуога қўл очди буюк оналар,
Сиз ўйчан боқдингиз титроқ қўлларга.
Қувонинг, оналар, ўғлонингиз шод
Соғинч қўшиғини бор бўйи айтиб,
Сиз билан фаровон, масъуд ва обод,
Она остонага келдилар қайтиб.
ЁМҒИР
Азиз бир қучоққа сингиб кетгали,
Бағрида хушхабар, тилаклари оқ,
Замин боғларини сероб этгали
Кўкдан тушиб келар дилкаш бир қўноқ.
Паришон сатрлар маъно байтига
Қовушсинлар дея ҳалакдир бу жон.
Ёмғир-ку бир жаҳон ғурурга эга —
У туғилган жойдан бошланур осмон.
Сеҳргар шу ёмғир бағри нур тўла
Менга шеър бобида омад тилайди.
Ўзи тепамдаги шу осмон ила
Пойим остидаги Ерни улайди.
МУҲАББАТ ҚЎШИҒИ
– Англатгил, муҳаббат, англатгил, ҳайҳот,
Қайдандир талотум қалб наҳри аро?
Сен билан ҳаётдир, сен билан ҳаёт
Ахир, аҳли ошиқ, аҳли шуаро.
Қўшиғингни айтиб, авжида тори
Узилган умрлар сози оз эмас.
Сен қандай қўшиқсан – кўнгил иқрори,
Дахлдорки фақат покиза нафас.
Борми бу қўшиқнинг аввал-охири,
Огоҳ эт: бу не сир, армон тўла сас?
– Бу қўшиқни кўплар ёниб бошлаган,
Ва лек ҳали ҳеч ким тугатган эмас.
ҲОЛАТ
Хаёлларнинг диёри ҳадсиз,
Сен ҳам, шоир, ўйга толурсан.
Гоҳ шунчаки енгил, мақсадсиз
Қўлларингга қалам олурсан.
Пушкин севган Музанинг ўзи
Кулиб сени йўлга бошлайди.
Қайдасан, деб ғазал юлдузи
Кўзлар кўкка нигоҳ ташлайди.
Йўқ эрса-да аниқ бир режа,
На шуурда шеърий пойдевор,
Бас, дунёда шу дилбар кеча
Ва ҳеч кимса айтмаган шеър бор.
Мўъжизанинг қанотларида
Шеърнинг ўзи учар сен томон.
Омадсизлик бу кеч нарида,
Омадлисан, шоир, бу замон.
Қудратларнинг тажассуми – шул,
Ўн саккиз минг олам тегрангда.
Ва Музанинг табассуми шул —
Сен учун зўр шеърий аланга.
Мусофирга йўл кўрсатиб, сўнг —
Севинчларга чулғанган бир жон,
Бу кеч сенинг ҳамма ишинг ўнг,
Бу кеч сендан шеър кутар жаҳон.
Бу лаҳзалар шундай бир ҳолат,
Эзгуликдан дил эриган дам,
Дилга бундан ўзга ҳаловат,
Борми ўзга мумтоз ғазал ҳам.
Аҳли дониш шундай демишки,
Таъбир этиб илҳом лаҳзасин:
Илҳом шундай бир куч эмишки,
Супургувчи риёлар хасин.
Кўнгил шундай буюк туйғуга
Олий ҳисга созлангани он,
Вужуд тўла куч ва ёғдуга —
Илҳомдир шу, илҳом бегумон.
Четлаб ўтма созимни, илҳом,
Кўз тутганман мен сенга бу кеч.
Дўст бўлайлик бир умр мудом,
Мен қўшиқда алдамасман ҳеч.
Жисмим аро жондай муқаддас,
Қўшиқ ўрни шундай умримда.
Айтгил, яна шоирчалик бас
Кашф этмоқлик бахти бор кимда?
Шу бахтларнинг шуъласи ёниб,
Тонгларимни ёруғ этади.
Умидларга умрим чулғаниб,
Шундай чоғлар порлаб кетади.
Тутиб шеърнинг бадиҳа йўлин
То тонггача юмолмасман кўз.
Қалб бир юлдуз куйлаб тун элин,
Имлайдию сўз айтолмас, сўз.
Эртак эмас, ҳаёт овози,
Яшаш шавқи этиб гунгу лол,
Мен ҳам бир кун шеърнинг мумтозин
Ажаб эмас, айтсам эҳтимол.
* * *
– Не таъриф топардинг, кўнглим, мабодо,
Нима, деб сўрсалар шу қадим дунё?
– Йўқотиб фарзанду набираларин,
Ўзи ҳар гал тирик қолгувчи б
* * *
Умр қиссалари узун, пурмаъни,
Ёзилганларини ўқиб кўр, қани.
Ўқиб тугатмассан, умрингда эҳ-ҳей,
Ёзилгандан кўпроқ ёзилмагани.
СЕВГИГА ИЛТИЖО китобидан 1982 йил
ТОНГГИ ТИЛАК
Булбул қўнган бутоқларга болта урмангиз,
Йўлга чиққан яхшиларни ортга бурмангиз,
Қуёш холли эрталардан юз ўгирмангиз,
Бунёдимиз шу хилқатда, барбодимиз ҳам,
Шунда топган шодлигимиз ва кўздаги нам.
Дилда ёнган эзгу сўзни айтмоқ орзудир,
Токи бу сўз аъмолларга соф бир кўзгудир,
Шоирларга ният бўлган шеър балки шудир,
Бу ёнишлар, бу ишлардан қолмай бетараф,
Достонларда эзгуликка ўқийлик шараф.
Омонлиги муқаддасдир шу Еримизнинг,
У – тинч қўймас хаёлидир шууримизнинг,
Эрталарга умид тутган ўғлон ва қизнинг
Пок қўшиғи гимнимизга айлансин тайин,
Бошлар узра камалаклар порласин майин.
Тонгда ногоҳ қўшиқ деган садо бўлсин, ҳей,
Ёмонлар бир ширин сўзга гадо бўлсин, ҳей,
Шу бугунги норасталар бобо бўлсин, ҳей,
Бир тонготар тилагига чекаман имзо:
Сени қуёш чақиради – кўз очгил, Дунё.
ЗАФАР ҚАСИДАСИ
(Ўзбекистон пахтакорларининг меҳнат ғалабасига бағишланади)
Гўсноғора чалиниб тонгларни уйғотганда,
Юртим зафар қуёшин ёғдусига ботганда,
Танти бобо деҳқоним меҳнат болин тотганда,
Қоғозга туша бошлар ният қилган достоним,
Ўзинг сарлавҳадирсан унга, Ўзбекистоним!
Шундадир издиҳомнинг султони – бахшилар ҳам,
Ўтаға йигитлару каломи яхшилар ҳам,
Шунда – ўтлиғ нигоҳлар, соғиниб боқишлар ҳам,
Дўстлар меҳри-ла пайванд менинг жону жаҳоним,
Дўстлик машъалин тутиб фахр эт, Ўзбекистоним!
Гурунгларга ўғлонлар, барчин қизлар келадир,
Нақ кўклардан узилиб шўх юлдузлар келадир,
Соқийнинг алёрига сара сўзлар келадир,
Сен ҳам бир соҳибжамол, гулюз, қоши камоним,
Жаннатларга бергувсиз сулув Ўзбекистоним!
Бу – жасорат чўққиси, кўк баробар хирмон – шу,
Етмиш икки томирга қувват шудир, дармон – шу,
Букун ушалган орзу, кечмишдаги армон – шу,
Хушбахту комироним, чашмам – оби равоним,
Баҳри илҳомим менинг – куйчи Ўзбекистоним!
Оҳорлик саруполар яхши кунга турсин деб,
Топганларим ҳамиша тўйларга буюрсин деб,
Ёш-қари суюнчилаб юрсин деб, югурсин деб,
Муроди ҳосил бўлган ҳорма, эй қадрдоним,
Алп юртларнинг сардори – пурдил Ўзбекистоним!
Шодлигинг авжи баланд катта ашулаларда,
Пок туйғулар барқ урар дарёйи шуълаларда,
Дунёларни қучгулик шу заррин толаларда, —
Иқболи намоёним, истиқболи аёним,
Истиқбол офтобидан ёруғ Ўзбекистоним!
Сен, зафар қасидаси, бунчалар мароқлисан,
Дориломон кунларга ярашиқ – яроқлисан,
Энг мўътабар минбардан сўз айтмоққа ҳақлисан,
Хушхон, булбулигўё, шоиру сухандоним,
Завол билмас чаманим, бор бўл, Ўзбекистоним!
* * *
Парвоз кўламини билмаклик учун
Қушлар оёғига халқа соларлар.
Оламга узатиб бир хайрли кун
Уларга қўлларин силкиб қоларлар.
Олимлар қушларни таниб оёқдан,
Олдга юрар илми ва тадқиқоти.
О, ахир, англасин буни қаёқдан
Илмдан хабарсиз парранда зоти.
Қушларнинг манзили: бош оққан томон,
Парвози: қаноти етган тарафга.
Эҳтимол, илм аҳли етмоғи аён
Шу қушлар туфайли катта шарафга.
Бу ахир, шеърга ҳам ўринли ибрат,
Яхши сўздир бизлар учирган қушлар.
Шеърнинг ҳам парвоздан умри иборат,
Сен, шеърим, қушим бўл менинг енгил пар.
Белги қўймасинлар сатрингга бирор,
Қушларга-ку майли халқа солсинлар.
Шеърнинг не хислати, не нуқсони бор —
Баҳо бериш ҳукмин халққа солсинлар.
Қушлар самоларда, шеърлар қоғозда,
Мўъжизадир бошдан учгудай ҳушлар.
Парвоздадир дунё бўйлаб парвозда
Биз оқ йўл тилаган шеърлар ва қушлар.
* * *
Қара, Дунё, қара, қўйгил олқишлаб
Ўйга толиб қара, суқланиб қара:
Қари бобосининг қўлидан ушлаб
Кўча бўйлаб борар митти невара.
Гурас-гурас юрса сени тўлдириб,
Қўлни қўлга бериб гўдаклар, чоллар,
Хаёлга толаман, шуурга кириб
Чирмаб қўяр буткул мени хаёллар.
Шеърни шоиридан қўймасин асти,
Бобони – ширин тил неварасидан.
Баъзида ҳаяжон босади, рости,
Сенинг истиқболинг ўйлаганим дам.
Қулоқ тут, Дунё, сен кўнгил сасига,
Бу – эзгу тилакни жо қилган байтдир.
Бир кун шу гўдакнинг неварасига
Унинг ўз тилидан эртаклар айттир.
Кўҳна қучоғингда шу митти одам
Кетиб бормоқдадир назарга молик.
О, Дунё, мен ёниб тилайман бу дам
Сенга омонлигу унга – боболик!
* * *
Мен шаҳри азимдан тоғларга келдим,
Тиниқ чашмаларни соғиниб дилдан,
Чўққилардан туриб кўкка термилдим,
Чўққилардан эмас, балким дулдулдан.
Мен шаҳри азимдан тоғларга келдим,
Қайдасан бу макон эркаси – оҳу?
Теграмга мен сени излаб тикилдим,
Шу лаҳза мен учун сен – ёниқ орзу.
Мен шаҳри азимдан тоғларга келдим,
Тоғлардир хилқатнинг арши аълоси.
Мен шуни англадим, мен шуни билдим:
Тоғлар юксакликнинг энг ибтидоси.
Мен шаҳри азимдан тоғларга келдим,
Ошиқиб шабнамкўз гиёҳлар сари.
Ҳорғинлик йўқолиб, сафога тўлдим
Манзилини топган йўлчи сингари.
Мен шаҳри азимдан тоғларга келдим,
Азалий эгизак бу икки қудрат.
Дўстларим, мен сиз-ла жонажон бўлдим,
Кўзимга жо бўлди ризвоний суврат.
Мен шаҳри азимдан тоғларга келдим…
* * *
Бунчалар вазминсиз, доно боболар,
Болалар, бунчалар шўхсиз, тўпори;
Бунчалар тубансиз, ҳиссиз гадолар,
Юлдузлар, сиз бунча пок ва юқори:
Ҳасадли юраклар қоронғу бунча,
Сиз бунча ёруғсиз, севгувчи диллар:
Бунча бесабрсан, эй тонгги ғунча,
Бунча сабрлисиз, нолон булбуллар!
Бунчалар сокинсан, осмондаги ой,
Сойлар, сиз бунчалар шошқин, шарқироқ,
Қуёш, сен бунчалар шуълаларга бой,
Намунча сўниксан, сен эй шамчироқ.
Бунчалар резасан, киприкдаги ёш,
Бунча жаҳонийсан сен эса, уммон.
Сен нега ўрнингдан қўзғолмайсан, тош,
Сен эса бир жойда турмайсан, инсон.
Сиз бунча қаттиқсиз, синмас қоялар,
Гиёҳлар, сиз бунча майин ва ширин.
Бунча абадийсиз, ишқий ғоялар,
Сен бунча навқирон, янгисан, шеърим!
Бесплатный фрагмент закончился.
224,70 ₽
