Япон зобити

Текст
Читать фрагмент
Читайте только на ЛитРес!
Отметить прочитанной
Как читать книгу после покупки
  • Чтение только в Литрес «Читай!»
Шрифт:Меньше АаБольше Аа

Биринчи қисм
ЗУЛМАТ САРИ

1

Архангельск япон отрядини хушламай кутиб олди. Баҳор қарийб яримлаб қолган бўлса-да, ҳали атрофда илиқлик ва табиат жонланиши сезилмасди. Оқ денгиздан кескин, изғирин шамол эсар, ҳатто иссиқ кийимлар ҳам аёздан қутқара олмаётганди. Шимолий Двина сувининг юзаси кўпикланар ва тўлқинлар мавж урарди. Қирғоқ бўйлаб қорайиб кетган муз қатламлари уюлиб қолган, улар бир-бирига урилиб майдаланар, секин ва истамайгина эриётган қатламларга ажраларди. Дарё суви қўрғошин рангида товланар, унга бир қарашдаёқ танага совуқ титроқ кирарди. Барча тирик мавжудотни жунжиктираётган изғирин айнан ундан таралаётгандек эди гўё. Куртаклар анча бўртиб қолган бўлса-да, дарахтларда ҳали яшиллик кўринмасди. Новдалар маъюс эгилиб турар ва кулранг осмон узра бир-бирлари билан кесишиб, ўргимчак тўри сингари турли ғаройиб шаклларни ҳосил қиларди. Ҳатто дарахтлар ҳам ҳавонинг илишига, ва ниҳоят, қуёш чиқишига ишонмаётгандек эди. У эса чиқишга шошилмасди. Узундан-узоқ давом этган қаҳратон қишдан заифлашиб қолган қуёш аста шимолга қараб сузаётган ва пастдан қорайиб кўринаётган қалин булутларни ёриб ўта олмасди. Аҳён-аҳёнда оқариб кўринаётган ғира-шира шарсимон ёруғлик эса совуқдан қақшаган одамларга қуёш ҳали мавжудлигидан, агар куч-қувват йиғолса, кунларнинг бирида ёришаётган осмон узра пайдо бўлишидан дарак берарди. Лекин ҳаммасидан ҳам тинимсиз ёмғир тинкани қуритарди. У эрталабдан кечгача тинмай, гоҳ кучайиб, гоҳ секинлашар, бироқ батамом тўхтамасди. Совуқ шамол ёмғирни ҳовучлаб юзга сепар, ерга яқин қоп-қора булут қатламида қандай ва қаердан шунча миқдордаги намлик йиғилиб қолгани тушунарсиз эди. Ёмғирдан жиққа ҳўл бўлган кийимлар елкада зил-замбилдек осилиб турар, ёғин-сочиндан ёғоч уйларнинг тўсини янада намиққан ва деярли музлаб қолган ерга кириб кетгудек турарди. Атроф на қора, на оқ рангда эди, шаҳар ва унинг теварагини чексиз ёғингарчиликнинг кулранг ҳовури қуршаб олганди. Нима учун бундай аталиши тушунарсиз Оқ денгиз суви совуқ пўлат рангида товланарди. Совуқ, маҳзун ва доимий қовоғи солиқ об-ҳаво бу жойнинг асосий белгилари эди.

“Архангельскнинг нимаси шаҳар экан?” – Поручик Ютаро Тода буни сира ақлига сиғдиролмасди. Шаҳар – уйлари тошдан қурилган, кўчалари кенг, турфа рангларга бой, кўпчилик яшайдиган, ҳамма нарса кўзни қувнатадиган ва шодлантирадиган маскан. Бу ерда эса фақат кичкина ғира-шира деразаси ва дарвозаси олдида ўриндиқ вазифасини ўтовчи қалин хода турган пастаккина ёғоч уйлар, балчиққа ботган тор, қинғир-қийшиқ кўчалар, ҳовлиларда сақланаётган чорванинг ўткир ҳиди бор. Аҳёнаҳёнда сигирнинг маъраши тинимсиз шивалаётган ёмғир товушини босиб қулоққа чалинади, ҳар замонда хўрозлар бўғиқ овозда эринибгина қичқириб қолади. Доимий ғирашираликдан улар тун билан кунни фарқламай қўйган ва азбаройи ўз хўрозлик бурчларини оқлаш учун кўпинча тусмоллаб қичқириб қўярдилар. Маҳаллий аҳолига улар тонг отганини ва ўриндан туриб, навбатдаги туганмас юмушлари билан шуғулланишлари кераклигини эслатувчи соат вазифасини ўтарди. Бироқ Архангельскка ҳарбий қисмлар келиши билан шаҳардаги чорва ва паррандаларнинг сони сезиларли камайди. Ёмғирлар ва лойгарчилик туфайли отрядларга озиқ-овқат мунтазам етказилмай қўйди ва энди оч-наҳор аскарлар ҳовлиларда изғиб, ейишга яроқли бор нарсани тортиб олишарди. Натижада маҳаллий аҳоли билан шусиз ҳам яхши бўлмаган муносабатлар янада ёмонлашди.

Аҳолининг ўзи кўчада камдан-кам пайдо бўлар, мўрилардан том бағирлаб сизиб чиқаётган кўкимтир тутун одамларнинг вақтини кўпроқ уйда, панада ўтказаётганидан дарак берарди. Фақат қандайдир муҳим заруратгина уларни кўримсизгина ҳовлиларидан чиқишга мажбур қиларди. Қўлда тикилган қўпол кийим, пўстин ва қулоқчин-телпакларда бу одамларнинг юзи бир хилдек туюларди, ҳар ҳолда Ютаро Тода уларни бир-биридан фарқлай олмасди. Аёллар умуман кўринмас, худди Архангельскда фақат бадқовоқ ва ёқимсиз эркаклар, кексалар яшайдигандек таассурот уйғонарди. Отряд командири, полковник Исикуранинг айтишича, ўрта яшар кишилар ва ёшлар партизанларга қўшилиб кетган экан. Эҳтимол, шундайдир ҳам, ҳар ҳолда полковник бу ерларда нималар бўлаётганини яхшироқ биларди.

Эрталаб ҳам ўша зах ва этни жунжиктирувчи совуқ ҳукмрон эди. Дарё бўйлаб қуюқ туман сузар, у ўзининг нам ҳовури билан теварак-атрофни гўё ютаётгандек шаҳар томон ўрмалаб борарди. Оёқ остида лой пилчиллар, этиклар қарийб тўпиққача ботарди. Ботқоқ ва ёпишқоқ балчиқ юришга халал берар, аскарлар оёқларини кўтарганида кўпинча этиклари лойда қолиб кетарди. Ана шунда бир оёқда сакраган ҳолда иккинчи этикни лойдан суғуриб, жойида кийиб олишга тўғри келарди.

Ҳеч қаерда милт этган чироқ кўринмасди. Архангельск аҳолиси қирилиб кетган жойга ўхшарди. Кўп уйларни эгалари ташлаб кетган бўлиб, ҳувиллаб ётарди. Дераза ромлари ва дарвозалар табақалари хоч шаклидаги тахталар билан михлаб ташланганди. Отрядни жойлаштириш муаммо бўлмади. Аскарлар тахталарни суғуриб ташлаб, эгасиз уйларда яшай бошлашди. Исиниш учун уйларнинг йўғонроқ ходаларини думалатиб, уларни ғўла қилиб арралашди ва болта билан ёриб ўтин қилишди. Шу туфайли баъзи уйлар яккам-дуккам чириган ва қорайган тўсинлари билан худди қовурғалари турли томонга қаққайиб турган беўхшов устухонга ўхшаб қолганди.

Поручик Тода Ютаро ўз бўлинмасини Архангельск чеккасига олиб борди. Бўлинманинг вазифаси шаҳарни партизанларнинг кутилмаган ҳужумларидан ҳимоя қилиш эди. Кундузи аскарлар икки-учтадан бўлиб, шаҳарнинг кўча ва тор кўчаларини қўриқлашар, ҳар бир бурчакни синчковлик билан кузатиб юришарди. Агар шубҳалироқ ниманидир сезиб қолишса, ҳовли ва уйларга кириб, у ерда яшовчиларни текширишарди. Барибир бунақа текширувлар одатда кутилган натижани бермасди. Шаҳарда партизанлар йўқ, улар ўрмонларда ва атрофдаги ҳали япон отрядлари эгалламаган қишлоқларда турар, бу ерда эса вазият тинч эди. Лекин бу нисбий тинчлик бўлиб, кечалари отишмалар эшитилиб турар, кимдир “махфий жойлар”га, қалин ёғоч тўсинлардан қурилган аскарларнинг кузатув постларига ҳужум қилиб қоларди. Қоронғида патрулларга юриш хавфли эди, улар “махфий жой”да ўтириб чиқар ҳамда ҳар қандай шарпа ва шовқинга қарата милтиқларидан таваккалига ўқ узишарди. Шаҳарни бу йўсинда муҳофаза қилишдан наф камлигини поручик яхши тушунар, афсуски, ҳозирча бундан бошқача йўл топилмаётганди. Ҳеч қандай ҳимоя бўлмаганидан кўра шу муҳофаза яхшироқ эди.

Баъзан аскарлар дайди ўқларга нишон бўларди ва шаҳар атрофида мўъжазгина япон мозори юзага келганди. Гоҳида ҳужумчиларни ҳам ўлдиришарди, лекин уларнинг кўринишидан кимлигини аниқлаш мушкул эди. Жасадларини шунчаки жарга, оч ва дайди итларга ўлжа сифатида улоқтириб қўя қолишарди.

Эрталаб бўлинма командири “махфий жой”да кечаси билан ўтириб чиққан аскарларни алмаштирди. Улар уй қуга тўймаганидан асаблари таранг, қадлари дол бўлиб қадам ташлар, елкаларидаги милтиқлари сув кирмаслиги учун оғзи пастга қаратиб осилганди. Намликдан милтиқлар юзасини занг босарди. Поручик бунга талабчанлик билан қараб, қуролларнинг ҳар куни тозаланиши ва мойланишини талаб қиларди. “Арисака” деб аталувчи япон милтиқлари жангда қулай бўлса-да, инжиқ эди ва озгина эҳтиётсизлик оқибатида затвор ейилиб кетиши ёки ўқдонда ўқ тиқилиб қолиши ҳеч гап эмасди. Ютаро Тоданинг фикрича, қуролсиз аскар аскар ҳисобланмасди.

Поручик талабчан, бироқ адолатли бўлишга уринарди. Машаққатли хизматнинг барча азобларини қўл остидагилари билан теппа-тенг баҳам кўрар, арзимас тартибсизлик учун қаттиқ чора қўллар, лекин одамлари ҳақида ҳам қайғурарди. Уларга яхшироқ бошпана қидирар, иссиқ овқат вақтида етказилишини назорат қилар, ўзига ҳеч қандай имтиёз бермай, улар билан умумий қозондан овқат ерди. Тўғри, у алоҳида хонада яшар ва бор-йўқ имтиёзи шу билан тугарди.

Ҳозир ҳам аскарлар деворга яқинроқ ердан юришга ҳаракат қилишар, баъзан кўриниб қолаётган тахта тўшамалар йўлак вазифасини ўтарди. Поручикнинг ўзи эса лойни кечганча кўчанинг қоқ ўртасидан кетиб борарди. Аскарлар ёмғирдан озгина пана бўлиши учун шинелларининг устидан брезент ёпинчиқ ташлаб олишган, бўлинма командири эса шуни ҳам ўзига раво кўрмаганди. Офицер доимо ёш ва тетик кўриниши, қўл остидагиларга ибрат бўлиши керак. Агар у худди оёғини зўрға кўтариб босадиган, ивиган товуқ сингари жунжикиб юрса, бусиз ҳам ўзи хароб аҳволда юрган аскарларга қандай ибрат бўлади?

Кун сал ёриша бошлади. Осмон қорамтирдан кулрангга ўзгара борди, дарёдан шаҳарга қараб ўрмалаётган туман чегараси кўрина бошлади. Поручик “махфий жой”лардан аскарларни олди, кечаси топшириқ олмаганларга эса патруллик йўналишини белгилаб берди. Баъзан кўчада маҳаллий аҳолидан кимдир кўриниб қолар, аммо япон аскарларини кўриши билан ура-сола ҳовлисига яширинарди.

Ютаро Тода ҳали ёш бўлиб, бор-йўғи йигирма учга кирганди. Хизмат муддати бошланганига эса эндигина икки ой тўлаётганди. Нагоядаги ҳарбий билим юртини тамомлаганидан сўнг уни отряд таркибида Архангельскка юборишди. Баъзида юк ташиш кемаларида, баъзида эса музлар туфайли сувда сузиш амримаҳол бўлганида, колонна билан пиёда юриб, бир ойларда манзилга етиб боришди. Лекин Ютаро Тода тушкунликка тушмас, ҳали ёш бўлса-да, унда етилган некбинлик машаққатли йўл азобларини ювиб юборди. Унинг учун ҳамма нарса: ўзига хос мафтункор шимол манзараси ҳам, ўзини тайёргарлик кўрган моҳир командир сифатида кўрсатиш туйғуси ҳам, шунингдек, қор-ёмғир остида, баъзида эса ярим оч ҳолдаги узоқ муддатли юришларда жисмоний салоҳиятини синаб кўриш ҳам қизиқарли туюларди. Ва у кўпни кўрган аскарлардан кам эмаслиги ҳамда уларга буйруқ бериш ҳуқуқига эгалиги, ҳар доим ва ҳамма нарсада олдинги сафда экани ва бўйсунувчиларнинг ортига бекинмаслигига фахр билан ишонч ҳосил қиларди. Лекин фақат бир нарса, яъни жанг ҳаракатлари унга ёқмасди. У бўлинмаси муҳим топшириқни бажарадиган кенг қамровли жангларда иштирок этишини тасаввур қилганди. Бундай ҳаракатларда ташаббус ва абжирликни кўрсатиш мумкин бўларди. Масалан, унинг бўлинмаси маҳаллий паст-баландликлардан фойдаланиб, яхшигина бекинган душман устига биқиниб боради, қуршовга олади ва уларни асир тушишга мажбур қилади. Ёки янада яхшироғи, пулемёт ва милтиқлардан нишонга олиб, бараварига ўққа тутилган бутун бошли батальон қаршилиги бостирилади ҳамда унинг полки янада йирикроқ жанговар вазифани уддалаганича қаршиликсиз олға силжийди. Поручик Ютаро Тода эса қирғинбарот отишма остида мардларча душман аскарларига ташланади ва қўл жангида бир ўзи ўнлаб душманларни ер тишлатади. Ҳарбий билим юртида шарқ якка курашига қизиққан ва зарурат туғилса, ўзини муносиб ҳимоя қила олишни биларди. Ва ўшанда доим ташвишланиб юрадиган полковник Исикура ҳамманинг олдида жасур поручикнинг қўлини сиқади ва япон қўмондонлиги номидан унга довюраклиги ҳамда моҳирона ҳаракатлари учун ташаккур билдиради.

 

Лекин ҳозирча ҳақиқат ёш офицернинг романтик тасаввурларига унча тўғри келавермасди. Кундалик хизмат тартиби ҳам бу ердаги ҳаёт каби рангпар эди. Архангельск вилоятида тўртта япон бўлинмаси жойлашганди. Улар қўмондонлик жойлашган шаҳар муҳофазасида ва жанговар тартибда ўзаро алмашиниб турарди. Шундай қилиб, таркибида поручик Ютаро Тода бошчилигидаги взвод бўлган полкка Архангельскни ҳимоя қилиш топширилган, бунгача шаҳарда бўлган полк эса партизанлар тўплангани аниқланган Онегага кирганди. Яна бошқа икки бўлинма душманлар билан Ухта ва Мезень яқинида тўқнашди, аммо у ерда ҳам поручик Ютаро Тода орзу қилган йирик жанг бўлмади. Партизанлар душман билан қисқа тўқнашувларни афзал кўришар, ҳужум қилиб, ўққа тутгач, гўё бепоён тундра ва қалин ўрмонларга сингиб кетишар, об-ҳавонинг чўзилиб кетган ноқулайлиги ҳам буни осонлаштирарди. Уларнинг мақсади душманни саросимага солиш, бир жойда ушлаб туриш, генерал Краснов қўмондонлигидаги оқ гвардия қисмларига (улар қатъиятли ва ўжар Қизил армия полклари билан шиддатли жанг олиб бораётганди) қўшилиб, мадад беришига йўл қўймаслик эди. Ва тан олиш керакки, партизанлар ўз вазифаларини уддалаётганди – улар нафақат япон бўлинмаларини, балки Россия шимолига қўшин туширган француз ва инглиз қисмларини ҳам ушлаб туришарди.

Поручик Ютаро Тода жанговар тажрибаси йўқлигидан Антанта қўшинлари юриш қилаётган жойларда ги воқеаларнинг бутун кўламини тўлиқ тасаввур этолмаётганди. Лекин ҳарбий билим юртида олган сабоқлари асқатаётганди. У вазиятни таҳлил қила билар ва тўғриси, иттифоқчи қўшинларнинг йирик қўшилмаси бир жойда туриб қолгани, қизилларнинг тезда тор-мор қилинмагани, уруш ҳаракатлари секинлашганда кутиш асосий омил бўлиб қолганини сезиб турарди. Юзага келган бу ҳолат эса рақибларга қўл келарди. Улар ўзига таниш бўлган ва одатдаги муҳитда уруш олиб борар, шунингдек, ўзиникиларни ҳар қанақасига қўллаб-қувватлаётган маҳаллий аҳолига таянарди. Қизилларнинг нафақат ҳаракатдаги қисмлари жанг олиб борар, балки кўп сонли партизан отрядлари ҳам уларни қўллар ва шу тарзда бутун халқ иштирокида фуқаролар уруши кетаётганди. Бундай шароитларда Антанта иттифоқчи қўшинларига жанг қилиш ўта қийин кечар, улар марказдан узилиб қолишганди. Уларнинг озиқ-овқат, ўқ-дори ва қуроллари ҳамда барча анжомлар таъминоти марказий омборлар измида бўлиб, агар ушбу занжир узилса, улкан ҳарбий машина бекорга ишлаб турар ёки бутунлай тўхтаб қоларди.

Поручик ортига ўгирилди. Аскарлар орқасидан ёйилиб кетган занжир сингари келишар, бўлинманинг саф тартиби бузилганди. Ҳамма бошини қуйи солганча қалин балчиқдан оёқларини зўрға суғуриб имилларди. Ютаро Тода тўхтади, ёнидаги аскарни ўтказиб юборди-да, баланд овозда буйруқ берди:

– Ростланинг! Бошингизни кўтаринг! Аскармисиз ёки ивиган товуқми?! Илдамроқ қадам ташланг!

Бўлинма тезроқ юра бошлади, яна икки қатор саф пайдо бўлди, энди бирлашган кичик ҳарбий қисм кўринишига келди. Поручик одамларни жонлантириш, бўшаштирмаслик кераклигини, акс ҳолда уларнинг жанговар кайфияти тезда тушиб кетишини биларди. Шунинг учун аскарлар дам олиб бўлгач, қолган вақтларида қуролни қисмларга ажратар ва тозалар, сафда юриш машғулотлари билан шуғулланар, қоровуллик вазифасини бажарар, ошхона ва казармаларда ишларди.

Об-ҳаво яхшиланмади. Оғир булутлар гоҳида қопқора қатламга уюлар, гоҳида эса бўлинар, худди кимдир тиришқоқлик билан улардан тўкилай деб турган намликни ушлаб туриш учун баҳайбат чўмичда аралаштираётгандек таассурот уйғотарди. Лекин ёмғир тинмас, уйларнинг томига, аскарларнинг елка ва бошларини тўсиб олган брезент ёпинчиқларига худди аввалгидек бир хил маромда шитирлаб ёғар, кўчанинг бир томонидан иккинчи томонига қуйилаётган кўлмаклар юзасидаги пуфакчаларни таъқиб этарди.

Қарғалар галаси қаттиқ қағиллаганча шаҳар узра учиб ўтиб черков гумбази ва хочига қўнди. Қушлар гала-гала бўлиб тунд об-ҳаводан зорланар ва иссиқ кунлар келишига ошиқарди.

Амаллаб бўлинма жойлашган хоналарга етиб келишди. Поручик қайси аскар дам олиши, кимларга топшириқ берилишини ойдинлаштиргач, ўз хонасига ўтдида, жиққа ҳўл бўлган кийимини, этигини ечиб, каравотига чўзилди. Кун эндигина бошланган бўлса-да, гавдаси худди қўрғошин қуйилгандек гувилларди. Ютаро Тода кечалари ёмон ухлар, баъзан ўринда суяниб ўтириб олар, бўғиқ ўқ товушларига қулоқ солар, махфий жойларда қоровуллик қилаётган одамларидан хавотирланарди. Бу кеча тинч ўтди, ҳеч қандай ташвишли воқеа юз бермади. Демак, яна озроқ чўзилиб ётиш, кейин эса ўзига ишониб топширилган ҳудуддаги вазият ҳақида навбатдаги ҳисобот билан полк штабига бориш ва янги топшириқни олиш мумкин.

Унинг миясида ўй-фикрлар аралашиб кетди, улар худди намлик билан лиқ тўла ўша булутлар сингари кетма-кет ёпирилиб келарди. Ютаро Тода ўзи ҳақида ўй сурарди. Бир хил хизмат уни буткул эзиб юборган, лекин икки ойдан сўнг уларнинг полкини алмаштиришлари ва олд фронтга йўл олишлари унга таскин бағишларди. Ана ўша ердан зобитлар мактабида тайёрлашганидек чинакам иш бошланади. Ютаро Тода оиласида ҳарбийлар йўқ бўлса-да, бу касбни танлаганидан афсусланмасди. У Хоккайдо оролидаги Саппорода туғилганди. Отаси ўша ерда тиббиёт институтини тамомлаган ва узоқ йиллар хусусий шифохонада ишлаганди. Уни қўлигул жарроҳ дейишар ва бу муболаға эмасди. Ишдан қайтгач, у хотини ва болаларига куни қандай ўтгани, қанақа жарроҳлик амалиётларини бажаргани ва беморлардан қай бирини ўлим чангалидан тортиб олишгани ҳақида тўлқинланиб сўзлаб берарди. У шифохонага чақирилмаган кечалар камдан-кам бўлар, бироқ отаси ҳеч қачон нолимаган, касбига содиқлик унинг ҳаётини белгилаб берганди. У фарзандида ўз касбининг давомчисини кўргани аниқ. Гарчи Ютаро ўзида тиббиётга унчалик мойиллик сезмаса-да, эҳтимол, шундай бўларди ҳам. Модомики отаси хоҳлар экан… Бир тасодиф унинг мақсадларини ўзгартириб юборди.

Бир неча йил олдин отасини нимадир безовта қилаётганини сеза бошлашди. Саволларга қандайдир тушунарсиз жавоб қайтарар, кўзларида аввалги чақноқлик йўқ, доимги тўлқинланишлар ўрнини қайғули ўй-хаёллар эгаллаганди. Отаси қўллари билан столга суяниб, бошини уларнинг устига ташлаганча соатлаб ўтирарди. Қадди дол бўлиб қолган, кураклари ўткир ярим доира шаклида чиқиб турарди. Онаси унинг ҳамкасбларидан сўраб-суриштириб, эрида артрит ривожлана бошлаганини билди. Отасининг бармоқ бўғимлари шишиб, қота бошлаган, қўллари аввалги эгилувчанлиги ва чаққонлигини йўқотган, шунинг учун жарроҳлик амалиётларини тўхтатишга тўғри келганди. Эндиликда ота фақат ёш жарроҳларга маслаҳатлар берар, лекин ўзидан кўнгли тўлмаётганди. Ҳозирча унга аввалги маошини тўлаб туришар, лекин у вақт ўзига қарши ишлаётганини сезарди. Озгина вақт ўтиб, собиқ жарроҳга бошқа иш топишини таклиф қилишади. Бошқа касбни ўрганишга эса энди кеч, чунки у элликдан ошиб қолганди. Ўзининг ортиқча эканини сезиш уни тобора қийнай бошлади. Отаси ўз ранж-аламини фақат сакэ – гуруч ароғини кетма-кет сипқориш билан босар, бу эса касаллик ривожини тезлатарди. Фақат қизи унинг изидан бораётгани овутар, курсларни тугатган қизи у ишлаган клиникада ҳамширалик қилар ҳамда тиббиёт олийгоҳига киришга тайёрланарди.

Ютаро айни ўша дамларда ўзининг кейинги тақдири ҳақида ўйлай бошлади. Шифокор бўлди ҳам дейлик, бироқ отаси билан юз берган ҳолат унинг ҳам бошига тушмаслигига ким кафолат бера олади? Йўқ, у ҳақиқий эркакча касб топиши керак. У орқали ўзини яхшигина боқсин ва ҳаётда ўрнини топганини ҳис этсин. Узоқ ўйлашга ҳожат қолмади. Жисмоний тарбия дарсларида ўқитувчиси чаққон ва бақувват ўсмирни мақтарди. “Сендан, Ютаро, зўр зобит чиқади!” деб такрорларди кўпинча. У отаси пиёда қўшин полковниги бўлган дўсти – Кобаяши билан бирга Нагояга бориб, офицерлар билим юртига ўқишга кирди.

Тўрт йил кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Ўқиш Ютарога осон кечди, чунки у жисмонан кучли ва чидамли, мияси яхши ишлар, ҳар бир кун янги ва қизиқарли маълумотлар билан бойирди. Дўсти Кобаси ҳаммани ҳайратда қолдириб, икки йилдан сўнг офицерлик касбидан совиди ва юрист бўлишга қарор қилди. Аниқроғи, полковникнинг ўғли ҳарбий билим юртидан кетди, шифокорнинг ўғли эса қолди, боз устига, у офицерликни айнан керакли касб деб ҳисобларди.

Ютаро Тода пиёда қўшинлар ҳарбий билим юртини энг яхшилар қаторида тугатди. Унга иккита йўлни: ўша ерда қолиб курсантларга офицер-тарбиячи бўлишни ёки ҳаракатдаги армияга боришни таклиф қилишди. У иккинчисини танлади. Саргузаштларга ташналик ва ҳақиқий жанговар ҳаётга шўнғиб кетиш уни оҳанрабодек ўзига тортарди.

Кейинги воқеалар ёш поручикнинг иштиёқига имкон туғдирди. Муносабатлари Япония билан мураккаб вазиятда бўлган Россияда инқилоб юз берди. Подшо тахтдан четлатилган, Октябрь тўнтаришидан сўнг Совет республикаси ташкил топган ва мамлакатда фуқаролар уруши авж олганди. Россияда советларни қириб ташлаб, аввалги монархия бошқарувини тиклаш учун йигирмадан ортиқ мамлакат ўзаро битим тузди. Инқилобий ўзгаришларнинг учқуни бошқа давлатларга ҳам ёйилиши мумкин эди ва бунга йўл қўйиб бўлмасди. Коалицияга қўшилган ҳукуматлар қўшинлари оқ армия ва унинг генералларига ҳар томонлама ёрдам бериш мақсадида Россия ҳудудига кирди. Япония жанговар ҳаракатларни Узоқ Шарқ ва Россиянинг шимолида олиб борарди. Ютаро Тода шу тариқа Архангельскка келиб қолганди.

У каравотида қўзғалиб, кўзини очди ва яқинлаштириб соатига тикилди. Тез орада етти бўлади. Ҳар куни эрталаб соат саккизда полк штабида зобитлар кенгаши ўтказиларди. Полковник Исикура ўтган кун натижаларини умумлаштирар, офицерларни фронтдаги вазият билан таништирар ва бўлғуси кун вазифаларини белгилаб берарди.

Поручик ўрнидан турди ва тезда ўзини тартибга келтира бошлади. Полковник хизматдаги кечикишлар ва интизомсизликни жини суймас, Ютаро Тода буни яхши билар ва белгиланган тартибни бузишни асло ўзига эп кўрмасди.

* * *

Шимолий Двина ва Оқ денгиз бўйларидаги қишлоқлар аҳолиси ўзларини азалдан “Поморлар, бошқача айтганда, аждодларининг ҳаёти қадим замонлардан буён денгиз билан боғлиқ одамлар” деб атардилар. Улар балиқчилик билан шуғулланишар, денгиз мушукларини овлашар, бу жониворларни қидириб ўзлари тахтадан ясаган кемаларда Шимолий қутбгача кетиб қолар, денгиз ҳайвонлари сероб бўлган кимсасиз ороллар ва соҳилларни излашарди. Поморлар кучли ва ҳар қандай қийинчиликка кўниккан чапдаст кишилар эди. Улар энг аввало эркин ва озод яшашни афзал кўришар, лекин бунақа ҳаёт кейинги ўн йилликларда тобора камайиб бораётганди. Илгарилари улар келгинди савдогарлар билан савдо қилишар, уларга тузланган балиқ, мўйна, тери, морж суяги ва тишларини сотишарди. Лекин савдогарлар мўмай даромад илинжида қишлоқларда яшаб қолишди, савдо дўконлари очиб, поморларга узоқ-узоқ сафарлари учун нимаики зарур бўлса, ҳаммасини: озиқ-овқат, жиҳозлар, қуроллар ва ўқ-дориларни насияга берадиган бўлишди. Бундан ташқари, ўз маблағларидан кемалар қуриб, уларни балиқчи ва овчилар бригадасига қарзни ўлжа ҳисобидан қоплаш шарти билан ижарага беришганди. Ов доим ҳам омадли бўлавермас, поморлар ўзлари сезмаган ҳолда аста-секин аёвсиз “қармоқ”қа тушиб қолишди. Улар нафақат қарзларини тўлай олмади, балки янада чуқурроқ қарз ботқоғига ботиб, фирибгар савдогарларнинг тобе қулларига айландилар. Подшо гумашталари ҳам улардан бўлар-бўлмас бож ундириб, тинкасини қуритарди. Томорқа, тирик жонлар, чорва, мўридан чиққан тутун, балиқ ови ва ҳайвон овлашга рухсат олиш учун солиқ ундириларди.

Поморлар қалбида савдогарлар ва гумашталарнинг ўзбошимча қилмишларига нисбатан нафрат тўлиб-тошганди. Шу сабаб Петербургда подшонинг ағдарилгани ва большевиклар илгаригидек озод ҳаёт ва ўз-ўзини бошқаришни ваъда қилаётгани ҳақидаги хабарларни улар хурсандчилик билан кутиб олдилар. Шундан сўнг подшо генераллари оқ армияга суяниб большевиклар билан уруш бошлаганида, Шимол поморлари четда қараб турмадилар. Улар партизан отрядлари ташкил этиб, оқлар армиясига орқа томондан зарбалар беришди ва оқларни бирваракайига бир неча фронтда жанг қилишга мажбурлашди. Табиийки, улар подшо режимини тиклаш тарафдорларига кўмаклашиш учун келган Антанта аскарларини душманларча кутиб олдилар.

Савелий Парфёнов денгизчилар авлодидан эди. Гавдали, чорпаҳилдан келган, бутун юзини қуюқ соқол қоплаган, айиқники сингари ичига чуқур ботган кўзлари эса бутун Архангельск ўлкасининг денгизчиларига таниш эди. У моҳир овчи бўлиб, узоқ сафарларга бажонидил борар ва доим бой ўлжа билан қайтарди. Лекин у ҳам савдогар ака-ука Толоконниковлардан қулоғигача қарзга ботганди. Шунинг учун Россия пойтахтида большевиклар ғалаба қилгани ҳақидаги хабар архангельскликларга етиб келганида, Савелий дарҳол ўз шаҳрида поморлар кенгашини тузиб, Совет ҳукуматини эълон қилди. Одамлар Толоконниковларнинг уй ва дўконларини эгаллаб, уларнинг барча бойликларини ўзаро тақсимлаб олишди. Кейин ака-ука савдогарларни ёқасидан олиб шаҳар ташқарисига судраб бордилар ва бадарға қилдилар.

 

– Толе кулиб боқса, қаергадир етиб оларсиз, агар етолмай ҳаром қотсангиз ҳам майли, оқ йўл! – Парфёнов ушбу сўзлар билан савдогарларни қўйиб юбораркан, таланган дўкондорлар енгилгина кийимда, изғирин шамолнинг ҳуштаги остида муз йўлдан тентираб кетишди.

Япон полкларининг Поморьега кириб келиши маҳаллий кенгаш раиси бўлиб сайланган Савелий Парфёновни фаол ҳаракатларга ундади. У ўз тарафдорлари билан яхши қуролланган ҳаракатдаги қисмларга қаршилик кўрсатолмас, босқинчи интервентларга1 хизмат қилишга эса тоби йўқ эди. Фақат бир йўл қолган – ўрмонга кетиш ва у ерда партизан отрядини тузиш керак бўларди.

Парфёнов қўмондонлигида юзга яқин одам тўпланди. Ҳаммалари бақувват, чидамли поморлар. У мингтагача одам йиғиши мумкин эди, лекин қурол-яроғ етишмас, шунингдек, шунча одамни озиқ-овқат билан таъминлаш ҳам муаммо бўларди. Ҳозирча эса постларга ва кам сонли япон аскарлари гуруҳларига ҳужум қилишар, уларни алмисоқдан қолган милтиқлари билан ўққа тутишар, қуролларини ўлжа сифатида қўлга киритиб, уддасидан чиқа олсалар, ўрмонга, қоронғиликка сингиб кетишарди.

Шуни ҳам айтиш керакки, бу турдаги партизан отрядлари Поморьеда анчагина эди. Уларни топиш ва тугатиш осон иш эмасди. Ёзда улар ўрмонга бекинишса, совуқ пайтларда олисдаги киши қадами етмас қишлоқлардан паноҳ топардилар.

Поморье узра анчадан бери ёмғирли булут ҳукмронлик қилса-да, баҳор яқинлашиб қолган ва уни тўлиқ жанговар тайёргарлик билан кутиб олиш керак бўларди. Бир ой бурун барча партизан отрядларининг қўмондонларига Россия Республикаси Қуролли кучлари бош қўмондони Сергей Каменев махфий чақириқ юбориб, уларни бирлашишга, йирик қўшилмалар ташкил этиб, кенг кўламда ҳаракатланишга ҳамда айни пайтда бирданига бир неча фронтда жанг қилишга мажбур бўлаётган Қизил армия қисмларига фаол кўмак беришга чақирганди.

Савелий Парфёнов партизан етакчиларини Архангельскдан йигирма чақиримча узоқроқда жойлашган Ключевая қишлоғига тўплади. Каменевнинг чақириғига амалий жавоб бериш, бунинг учун эса кўплаб муҳим масалаларни биргаликда ҳал қилиш лозим бўларди.

Иссиққина кенг кулбада, камтарингина тузалган стол атрофида Лаврентий Нефедов, Василий Новожилов, Игнат Сухоруков ва бошқалар ўтиришарди. Уларнинг бари чайирлиги, кенг елкалари, шамол ялаган юзлари, кумушрангда товланаётган қуюқ соқоллари билан бирбирига ўхшаб кетарди.

– Совет ҳукумати биздан умидвор бўлиб турибди, – дея сўз бошлади Парфёнов, – ва биз ёрдам беришимиз керак. Одамлар етарли, бутун бошли армияни тўплашимиз мумкин, лекин қурол масаласи чатоқ.

– Ўртоқ Каменевнинг ўзи қурол юбора олмас эканми? – текис соқоли узра кафтини юрғизди Лаврентий Нефедов.

Парфёнов унга танбеҳ бергандек қаради.

– Лаврентий, доим шунақасан: аввал гапирасан-да, кейин ўйлайсан… Москвадан бу ёққа олиб келишни ўзи бўладими?.. Йўл бўйи Деникин, Краснов бошчилигидаги оқлар қисмлари, Каппелнинг офицерлардан тўпланган корпуси изғиб ётибди, бу ёқда япон отрядларини айтмайсанми?! Кўрдингми, йўлда қанча тўр бор, бирорта балиқча ҳам тешиб ўтолмайди. Йўқ, оғайнилар, ўз кучимизга ишонмасак бўлмайди.

Игнат Сухоруков ҳафсаласиз қўл силтади.

– Унда маслаҳатлашиб ҳам нима қилардик? Яхши милтиқлар бўлмаса, илгари қандай жанг қилган бўлсак, шунақа давом этаверамиз. Бу аҳволда қанақа бирлашмалар тўғрисида гап юритиш мумкин?

Савелий Парфёнов муғомбирона илжайди.

– Қуролни қаердан олишни биламан.

Ҳамма унга саволомуз қаради.

– Бизга керакли қуролларни японлар беради.

Партизан етакчилари “Савелий ҳазиллашяпти” деб ўйлашди, лекин у жиддий турарди.

– Кеча оқшом қайним Михайла Сафроновдан мактубча олдим. Ҳаммангиз уни яхши биласиз…

– Ҳа, биламиз, – қизиқсиниб жавоб қайтарди Игнат Сухоруков.

– Демак, мана бундай, – давом этди Парфёнов, – Михайла ҳозир “Онега” транспорт кемасида лоцманлик қиляпти.

Михайланинг хабар қилишича, японлар Архангельскка қурол ва бир қанча ҳарбий аслаҳаларни етказиш учун унинг кемасини ёллаган. Уч-тўрт кундан кейин кема кўрфазга келаркан. Оқ денгизга кира олади, лекин портга киролмайди. Двина қуйилишига муз тиқилиб қолган. Юкни қирғоққа эшкакли катта қайиқларда ташишади (бу биздан ўттиз чақиримча узоқда), кейин араваларда Архангельскка етказишаркан. Японлар аллақачон от арава ва у ерларни яхши биладиган аравакашларни йиғишни бошлаб юборган. Биз эса уларни ана шу ерда кутиб оламиз. Айтишларича, қўриқчилар унча кўп эмас, аравакашлар эса ўзимизнинг одамлар, гаплашамиз, ёрдам беришади. Икки томондан урамиз, қарабсизки, карвонни эгаллаймиз.

Лаврентий Нефёдов серсоч энсасини қашиди.

– Башарти қўриқчилар кўп бўлса-чи? Хавфли иш, кейин японлар аҳмоқ эмас.

– Улар аҳмоқ эмас, тўғри, лекин биз ҳам анойи эмасмиз. Юз кишидан кўпмиз, йўлини қилиб уддалаймиз, аравакашлар ҳам қўллаб юборишади. Барибир ўзимизникилар-ку!

Парфёновнинг сўзлари ишончли жаранглади ва партизан етакчилари қурол-яроғ карвонига бўлажак ҳужум тафсилотларини муҳокама қила бошлашди.

– Қанча арава бўларкан? – қизиқди Сухоруков.

– Қирқтадан кам бўлмайди, – жавоб берди Савелий Парфёнов.

– Яхши, анчагина қуролланиб оларканмиз.

– Бунақа имкониятни қўлдан чиқариб бўлмайди, – деди вазминлик билан Парфёнов. – Тез орада шамол музни суради ва улар эрий бошласа, транспортчилар тўғридан-тўғри портга кираверишади. Нари борса, бирор ҳафталардан сўнг ёмон об-ҳаво ҳам тугаши мумкин. Ҳужум учун қулай жой бор. Карвон тепаликлар орасидаги ингичка жар ва шу яқиндаги сийрак ўрмондан ўтади. Яширинадиган ер ҳам бор.

Сухоруков Савелийга саволчан қаради.

– Яхши, карвонни эгалладик ҳам дейлик, кейин қурол-аслаҳаларни қаерга бекитамиз? Японлар дарҳол ваҳима кўтаради, кейин бор кучини ортимиздан ташлайди. Ғилдирак излари нам ерда яхши қолади. Ҳужумини анча вақт қайтара оламизми? Ёки ҳар бир уйга биттадан милтиқ бекитиб чиқамиз деб ўйлаяпсанми?

Сухоруков буларнинг барини яққол истеҳзо билан гапирди.

Парфёнов хотиржам турарди.

– Азизим Игнат, буниям ўйлаб қўйганман. Шундай жой борки, у ерга бунақа карвондан юзтасини олиб бориб қўйсанг ҳам, ҳеч ким тополмайди. Изидан тушадими, тушмайдими, барибир.

– Хўш, қаерда экан бунақа жой? – ишонқирамади Сухоруков.

– Сен Соломбалани эсингдан чиқардингми? – кулимсиради Парфёнов.

– Ҳа-я, тўғри, тўғри… Қойил, ақлингга балли, Савелий… Қара-я, эсимизга келмаганини… – ғовур-ғувур қилди партизан етакчилари.

– Демак, бу масалани ҳал қилдик, – Парфёнов кафти билан столга тарсиллатиб урди. – Энди бошқа масала ҳақида гаплашамиз. Қўмондон Каменев биздан партизан бирлашмалари ташкил этишни сўраяпти. “Карвонни эгалладик” деб фараз қилсак, бизда қурол бўлади. Халқни йиғиб, қуроллантирамиз. Ўшанда нафақат оқшомлари отишма қиламиз, балки кундузи ҳам оқ гвардиячиларга, шунингдек, японларга ҳужум уюштира оламиз.

– Ва инглизларни ҳам титиб ташлашимиз мумкин, – қасоскорона қўшимча қилди Игнатий Сухоруков, чунки инглизлар ундан ов қайиғини тортиб олишганди.

– Ҳа, инглизларни ҳам, – рози бўлди Парфёнов. – Хўш, нима дейсиз, бирлашамизми?

– Яхши бўларди, – рози бўлди партизан етакчилари. – Оқлар ва келгиндилар еримизни шунча топтагани етар!

1Интервенция – бир ёки бир нечта давлатнинг бошқа бир мамлакат ички ишларига куч билан ёки ҳарбий аралашувини англатувчи сўздан олинган. (Ҳаволалардаги барча изоҳлар таҳририятга тегишли.)
Купите 3 книги одновременно и выберите четвёртую в подарок!

Чтобы воспользоваться акцией, добавьте нужные книги в корзину. Сделать это можно на странице каждой книги, либо в общем списке:

  1. Нажмите на многоточие
    рядом с книгой
  2. Выберите пункт
    «Добавить в корзину»