Евгений Онегин

Текст
Читать фрагмент
Читайте только на ЛитРес!
Отметить прочитанной
Как читать книгу после покупки
  • Чтение только в Литрес «Читай!»
Нет времени читать книгу?
Слушать фрагмент
Евгений Онегин
Евгений Онегин
− 20%
Купите электронную и аудиокнигу со скидкой 20%
Купить комплект за 325,05  260,04 
Евгений Онегин
Евгений Онегин
Электронная книга
162 
Подробнее
Евгений Онегин
Евгений Онегин
Аудиокнига
Читает Вадим Цимбалов
199 
Подробнее
Евгений Онегин
Аудиокнига
Читает Алексей Золотницкий
253 
Подробнее
Аудио
Евгений Онегин
Аудиокнига
Читает Михаил Горевой
299 
Подробнее
Евгений Онегин
Аудиокнига
Читает Виктор Добронравов, Ольга Лерман, Полина Чернышова
299 
Подробнее
Евгений Онегин. Полный текст с поясняющими комментариями
Евгений Онегин. Полный текст с поясняющими комментариями
Электронная книга
149 
Подробнее
Евгений Онегин
Шрифт:Меньше АаБольше Аа

УЛУҒ ШОИРНИНГ ШОҲ АСАРИ

Улуғ ижодкорлар қанчалик кўп ва хўб асарлар ёзган бўлишмасин, улар орасида одатда биттаси шу қалам соҳибининг ташрифномаси бўлади. Биз Фирдавсий деганимизда «Шоҳнома» кўз олдимизга келганидек, Шекспир номини тилга олишимиз билан қаршимизда «Ҳамлет» гавдаланади. Худди шунингдек, буюк рус шоири А.С.Пушкин номи жаранглаши билан зеҳнимиз «Евгений Онегин»ни чақириб олади. Аммо бу ҳол на «Отелло» ва на «Борис Годунов»нинг, Шекспир ва Пушкиннинг олтин қаламига мансуб бошқа шоҳ асарларнинг йўқлигини мутлақо англатмайди.

Ўзбек халқи XX асрда, маълум сабабларга кўра, мумтоз ва замонавий рус адабиёти намояндалари ижоди билан кўпроқ танишди. Шулар орасида ўзбек тилига энг кўп таржима қилинган ва асарлари ҳар бир ўзбек хонадонига кириб борган ижодкор Александр Сергеевич Пушкиндир.

Ўзбек халқи Пушкиннинг ҳаёти ва ижоди билан 1899 йили шоир туғилган куннинг 100 йиллиги муносабати билан таниша бошлаган. Шу йили унинг «Шоир» ва «Шоирга» шеърларидан ташқари, «Балиқчи билан балиқ эртаги» ва «Боқчасарой фонтани» асарлари «Туркистон вилоятининг газети» орқали ўзбек китобхонлари эътиборига илк бор тақдим этилди. Лекин бевосита рус тилидан таржима қила оладиган ўзбек шоир ва таржимонлари ҳали етишиб чиқмагани учун улар А.Самойлович ва Али Асқар Калинин томонидан ўзбек тилига ўгирилган эди. Бу маърифатли кишилар ҳам шеърий таржима санъатидан узоқ бўлишган ва шу сабабли мумтоз рус шеърияти намуналарини насрий баён қилишдан ўзга йўлни топа олишмаган. Аммо орадан бор-йўғи 35–36 йил ўтиб, Пушкин ҳалок бўлган куннинг 100 йиллиги нишонланадиган бўлганида, янги ўзбек адабиёти ва янги ўзбек адабий тили шаклланиб равнақ топаётган, рус шоирининг шоҳ асарларини маҳорат билан таржима қила оладиган шоир ва таржимонлар авлоди етишиб чиққан эди. Ўзбекистон ҳукумати тарихий сана муносабати билан махсус қарор қабул қилиб, бир гуруҳ шоир ва ёзувчиларни Пушкиннинг энг сара асарларини ўзбек тилига таржима қилишга сафарбар этади. Ойбек зиммасига рус шоирининг энг муҳташам асари – «Евгений Онегин» шеърий романини таржима қилиш масъулияти юкланади.

Бу Ойбек учун ҳам, шу адабий маъракага жалб этилган бошқа ижодкорлар учун ҳам катта имтиҳон ва машаққатли иш эди. Агар Чўлпоннинг 1934 йилда Шекспир «Ҳамлет»ини ўзбек тилига зўр муваффақият билан таржима қилганини инобатга олмасак, ҳали жаҳон адабиётининг бошқа бирор дурдонасини ўзбек тилига ўгириш тажрибаси бўлмаган эди. Шунинг учун ҳам республика ҳукумати ўзбек маданияти тарихида илк бор амалга оширилаётган бу тадбирга катта аҳамият бериб, Тошкентнинг энг хушманзара манзилларидан бири – Чимён қишлоғида «пушкинчи таржимонлар» учун еттита ўтов тикиб беради ва бошқа шарт-шароитларни муҳайё этади.

Ҳали ўзга тилдаги бирор йирик асарни ўзбек наволарида янгратиб улгурмаган Ойбек чекига тушган ишга катта масъулият билан ёндашиб, устози Чўлпондан маслаҳат сўрайди. Шу йилларда сиқув ва тазйиқ остида бўлган Чўлпон «Онегин»нинг 14 сатрлик икки бандини 11 ҳижоли бармоқ вазни билан таржима қилиб, Ойбекка шу йўлдан боришни маслаҳат беради. Унинг фикрича, ҳар бир сатридан юксак бадиий тафаккур ёғдулари чақнаб турган, 7 ҳижоли ямбда ёзилган асарнинг бадиий латофатини ўзбек тилида 11 ҳижоли бармоқ вазни орқалигина ифодалаш мумкин эди. Ойбек устоз маслаҳатини миннатдорлик билан қабул қилиб, таржима учун 11 ҳижоли «бармоқ»ни танлади.

«Евгений Онегин»нинг аҳамияти рус адабиётидаги биринчи шеърий роман бўлганлиги билангина белгиланмайди. Бу асарни 1823 йил 9 майда Кишинёвда бошлаган Пушкин унга 1830 йил 25 сентябрда Болдино қишлоғида сўнгги нуқта қўйган. Шу етти йил ичида Россия ҳаётида ҳам, Пушкин ҳаётида ҳам кўплаб воқеалар содир бўлган эди. Шоир шу воқеалар таъсирида дам асар устида ҳамма нарсани унутиб ишлаган, дам уни четга суриб қўйган. Катта «ижодий» танаффуслар бўлганига қарамай, асар воқеалари ҳам, лирик чекинишлар ҳам, худди паровозга уланган вагонлардек, шоир чизиб берган издан нурли манзил сари изчил ривожланиб, юксалиб боради.

Асар қаҳрамонлари кўп эмас. Лекин шоир Онегин ва Татьяна, Ленский ва Ольга сингари қаҳрамонлар образининг тўла қонли чиқиши учун улар яшаган тарихий даврни, шу даврдаги ижтимоий-маданий ва маиший муҳитни шундай маҳорат билан тасвирлаганки, шу ҳол туфайли В.Г.Белинский бу асарни «рус ҳаётининг қомуси» деб баҳолаган эди. Шу тарихий даврнинг ўзига хос хусусиятларидан бири ва муҳими шундаки, Буюк Пётр даврида Европага «дарча очган» рус жамияти энди европалашган, аниқроғи, Сенадан эсаётган шабада билан нафас олиб, рус «нон»ига француз «сариқ мой»ини суртиб истеъмол қилаётган ва шу билан ўзини маданиятнинг арши аълосига кўтарилган, деб ўйлаётган эди. Пушкин ватандошлари ҳаётидаги шундай ўзгаришларга киноя билан қарайди. Бироқ асарда олға сурилган фикр бундан кўра залворли. Бу фикр истеъдодли шоир Ленскийнинг Францияда юз кўрсатган урф таъсирида Россияга кириб келган дуэль туфайли бекордан-бекорга ҳалок бўлиб, унутилиб кетиши, енгил ҳаёт шарбатини ичавериб, танбал бўлиб ўсган Онегиннинг эса жамиятнинг «ортиқча кишиси»га айланиши билан боғлиқ.

Асар бадииятининг ўзига хослиги ва бетакрорлиги, аввало, «Онегин банди» билан ёзилганида. 14 мисрали бу банднинг қофияланиш тизими қатъий белгиланганлиги сабабли Пушкиннинг шеърий романини бошқа тилларга таржима қилиш осон эмас. Ойбек ҳам асарни ўзбек тилининг наволарига солишда худди шу масалада қаттиқ заҳмат чеккан.

Пушкин маҳоратини белгиловчи омиллардан бири шундаки, у воқеаларни ҳикоя қилмайди, балки аксар ҳолларда у ёки бу воқеаларга ўз муносабатини билдириб, тасвирни фалсафий ўйлари ва ҳаётий кузатишлари билан бойитиб боради. Муҳаббати навқирон Онегин томонидан рад этилган Татьяна кекса генералнинг меҳр-муҳаббатига муяссар бўлади. У Ленскийдан фарқли ўлароқ, оқилона ва, айтиш мумкинки, бахтли ҳаёт кечира бошлайди. Шоир унинг шу ҳолатини кузатиб, бундай фалсафий хаёлларга боради:

 
Любви все возрасты покорны;
Но юным, девственным сердцам
Ее порывы благотворны,
Как бури вешние полям.
 

Бу ва кейинги қуйма сатрларни Ойбек бундай таржима қилган:

 
Севгига бўйсунар ҳамма – ёш-қари,
Лекин ёш ва тоза қалбларга, баҳор
Ёмғири қирларни яшнатган каби,
Ишқнинг жўшишлари гўзал, хайркор:
Севги ёмғирида бўлиб топ-тоза,
Қалблар янгиланар, етилар роса
Ва қудратли ҳаёт бағишлар кўркам.
Чиройли гуллар ҳам, ширин мева ҳам.
Ёш улғайиб, дармон кетганда лекин,
Бизнинг умримизнинг бурилишида
Ўлик эҳтироснинг изи фожиа:
Совуқ куз фаслида бўрон ва ёғин
Кўм-кўк ўтлоқлардан ботқоқ ясайди,
Яшил ўрмонларни яланғочлайди.
 

Шундай нозик ва рангин ипак билан тикилган асарга уч-тўрт ойда янги ҳаёт бағишлаш осон эмас.

1936 йилнинг эрта баҳорида «Онегин»ни Чимёнда таржима қила бошлаган Ойбек 20 августда таржимага сўнгги нуқта қўйиб, оиласи бағрига қайтади. Лекин «айрим бобларнинг таржимаси суюқ» эканлигини сезган таржимон «бундай қисмлар» устида қаттиқ ишлайди ва таржимани «қиш ўрталарига яқин» тамомлашга муваффақ бўлади. Аммо 1949 йилда Пушкин таваллуди 150 йиллигининг нишонланиши ва шоир асарлари кўп жилдлик нашрининг тайёрланиши муносабати билан таржимани яна бир бор жиддий кўриб чиқади.

Пушкиннинг ўзбек тилига илк бор таржима қилинган «Поэт» («Шоир») шеъри дастурий аҳамиятга молик бундай мисралар билан бошланган:

 
Пока не требует поэта
К священной жертве Аполлон,
В заботах суетного света
Он малодушно погружен;
Молчит его святая лира
Душа вкушает хладный сон,
И меж детей ничтожных мира
Быть может, всех ничтожней он.
 
 
Но лишь божественный глагол
До слуха чуткого коснется,
Душа поэта встрепенется,
Как пробудившийся орел…
 

Номаълум таржимон бу шеърни 1899 йилда бундай таржима қилган: «Ҳар қаю баланд даражадаги шоир шоирлик хусусида фикр ва хаёл айламаган вақтда бўлак одамлардек умр ўтказадур. Ул вақтда мазкур шоир назм айламай, индамай, уйқудагидек турадур. Ва шул вақтда шоир ўзи кўп зеҳнлик бўлса ҳам, ер юзидаги бўлак одамлардан бечора, пастроқ кўринадур. Ва лекин шоирнинг кўнглига худонинг илҳоми бўлса, ул шоирнинг жони жунбишга кириб, уйқудан уйғониб турган бургутдек осмон тарафига ўз фикрини парвоз қилдиради…»

Бу «таржима»да XIX аср сўнгги – XX аср аввалидаги ўзбек таржима мактабининг ҳам, ўзбек адабий тилининг имконият даражаси ҳам, худди кўзгудагидек, яққол кўринади. Ўтган 30–35 йил ичида ўзбек адабий тили шу қадар гўзал бир тарзда шаклланган эдики, ҳатто Шекспирнинг «Ҳамлет»и-ю Пушкиннинг «Евгений Онегин»ини ўзбек тилига юксак бадиий савияда таржима қилиш имкони туғилди. Бунда Чўлпон билан бирга Ойбекнинг ҳам ҳиссаси беназирдир.

Ҳали «Онегин» Чўлпон ва Қодирий тилида сўзламай туриб, Элбек Пушкин асари таъсирида, ўзбек адабиётида биринчи бўлиб 1934 йилда «Тозагул» шеърий романини ёзган эди. Орадан 30-йилларнинг фожиали ва 40-йилларнинг суронли воқеалари ўтгач, Мирмуҳсин 1958 йилда «Зиёд ва Адиба» шеърий романини яратди. Кейинчалик шеъриятнинг бу муаззам жанрига Ҳусниддин Шарипов билан Муҳаммад Али ҳам мурожаат этиб, «Бир савол» (1972) ва «Боқий дунё» (1981) асарларини шеърият мухлисларига ҳадя этдилар. Пушкин романининг ўзбек тилига таржима этилиб, ўзбек китобхонларига манзур бўлиши миллий адабиётимизда шеърий роман жанрининг шаклланишида муҳим омил бўлди.

«Пушкинни ўқиш, ўрганиш, – деган эди Ойбек рус шоирининг 150 йиллиги муносабати билан ўтказилган илмий анжуманда, – ва, айниқса, уни ўзбек тилига таржима этиш орқали шоирларимиз Пушкиндан маҳорат сирларини ўргандилар. Ўзбек поэзиясига кириб, ўзлашаётган қатор шеърий формалар – баллада, элегия, «бағишлов»лар – бари Пушкин поэзиясидандир. Бу кунги достонларимиз Пушкин мактабида ўқиш ва ўрганишнинг натижаси ҳамдир. Шеър тузилиши ва қофиялар системасида ҳам улуғ рус шоирининг «сабоғи»ни кўриш мумкин. Айниқса, ўрта асрларга хос эстетик нормалардан янги, реалистик, жонли, табиий образлар системасига ўтишда Пушкин бизнинг шоирларга муаллим бўлди».

 

Бу сўзлар айтилган 1949 йилдан кейин, айниқса, XX асрнинг 60-йилларидан бошлаб ўзбек адабиёти дарвозалари кенг очилиб, жаҳоннинг бошқа мумтоз ва барҳаёт ёзувчилари ҳам ўз асарлари билан кириб кела бошладилар. Улар ижоди билан танишиш, уларнинг сара асарларини она тилига таржима қилиш миллий адабиётимиз бадиий уфқларининг янада кенгайишига имкон берди.

Аммо бу ҳол Пушкин ижодининг ҳозирги кундаги қимматини асло пасайтирмайди. Ўзбек китобхонлари буюк рус шоири асарларини севиб ўқишда, шоирларимиз эса ундан сабоқ олишда давом этажаклар.

Наим КАРИМОВ,
филология фанлари доктори

Евгений Онегин

Petri de vanite il avait encore plus de cette espece d’orgueil qui fait avouer avec la meme indifference les bonnes comme les mauvaises actions, suite d’un sentiment de superiorite, peutetre imaginaire.

Tire d’une lettre particuliere 1.

 
Ниятим: киборлар эрмаги эмас,
Қадрлаб дўстликнинг илтифотини,
Истадим бағишлай меҳрингга эваз –
Муносиб куйларнинг мукофотини,
Токи гўзал руҳга бўлсин у манзур,
Муқаддас хаёллар билан лим тўлғун
Тирик шеъриятки, тоза ва сернур;
Унда юксак ўйлар, соддалик – мазмун:
Хўб энди, орзуманд қўлинг чўз жасур,
Қабул эт ранг-баранг боблар тўпламин,
Бу кулги ва қайғу аралаш, гўзал,
Ҳам ўзи халқона, ҳам соз, мукаммал
Ҳангомаларимнинг камтар мевасин,
Уйқусиз кечалар, енгил илҳомлар,
Думбул, сўлғун йиллар ижодини, ҳам
Юракнинг дардини қабул эт бу дам2.
 

БИРИНЧИ БОБ

 
Ҳам яшашга ошиқади,
ҳам ҳис этишга шошади.
 
К. Вяземский 3

I
 
       «Тақводор, қоидапараст амаким
Бўларкан касалга чинакам дучор,
Ўзин иззатлашни у кўрди лозим,
Бундан соз тадбирни топмоққа ночор.
Унинг бу қилиғи бошқага ибрат:
Лекин, Парвардигор, бу қандай заҳмат,
Бемор киши билан кундуз ҳам, тун ҳам
Ўтириш, силжимай ундан бир қадам!
Нақадар тубанлик, маккорликки бу;
Ўлимтик кишини сен овунтирсанг,
Тўшак-ёстиғини тузатиб турсанг,
Дори-дармон берсанг, гўё серқайғу
Ва ҳамда хўрсиниб ўйласанг шу он;
Қачон сенинг жонинг қабз этар шайтон!»
 
II
 
          Шундай ўйлар эди ён-ёш шумтака
Почтавойда чангда ошиб дала, қир.
Зевснинг илоҳий иродаси-ла4,
Бутун ақрабога у ворис ҳозир.
Людмила, Русланнинг5 дўсту ёрони!
Менинг романимнинг шу қаҳрамони
Билан ҳозир сизни, муқаддимасиз,
Таништириш учун рухсат этингиз:
Танти бир ошинам бўлган Онегин
Нева бўйларида туғилган эди.
Сиз ҳам у ерларда, ўқувчим, балки
Туғилган ё жилва қилгансиз ёрқин!
У ерларда мен ҳам кезгандим бурун:
Лекин зарарлидир шимол мен учун6(1)*
 
III
 
       Хизматин бажариб аъло ва асл,
Яшади отаси қарзи-қурз билан.
Уч дафъа бал7 ташкил этиб у ҳар йил
Бор-йўғин совурган эди охиран…
Тақдир Онегинни сақлаган эмиш:
Аввал уни Madame8 қилди парвариш,
Monsieur9 олди унинг ўрнини кейин.
Гўдак шўх, тийракди: суюмли лекин,
Monsieur эди юпун, ожиз бир фаранг,
Ҳеч азоб чекмасин дея ёш бола,
Ҳазил-ҳузул қўшди дарсига анча,
Ахлоқ, одоб ила қилмади гаранг,
Шўхлик қилса енгилгина силтарди
Томоша-чун ёзги боққа элтарди.
 
IV
 
    Келгач, Онегиннинг исёнчи, қизғин
Йигитчалик даври ва тилак-армон
Нозик дард чекишлар даври, камтарин
Monsieurни қувдилар бу хонадондан.
Энди Онегиним озоддир, мана;
Сочлари қирқилган сўнгги модада;
Лондоннинг dandycи10(2) каби кийинган;
Киборлар оламин кўрди охиран.
Француз тилида у ғоят тузук
Сўйлар ва ёзарди фикрини равон;
Мазурка11 рақсига тушарди осон,
Салом ва таъзимлар эркин ҳам нозик:
Ортиқ нима керак? Юксак доира
Тан берди у онгли ва дилбар дея.
 
V
 
       Ўқидик оз-оздан ҳаммамиз бир қур,
Жуда енгил-елпи ва чала-чулпа,
Тарбия бобинда, тангрига шукр,
Мақтанишлик бизда қулайдир жуда.
Онегин кўпларнинг (шартта ҳал қилган,
Қатъиятчи судлар) беришича тан,
Суҳбатда мушкилот чекмай энг бурун
Ҳар бобни енгилтак чўқиб ўткали
Ва муҳим баҳсларда билимдон каби
Олимона тур-ла сукут қилиш-чун;
Лекин ўткир ҳажвлар ёлқини билан
Кулдира биларди хонимларни шан.
 
VI
 
        Бу кун латин13 тили модадан чиқмиш:
Сизга ҳақиқатин айтсам, Онегин
Баъзи эпиграфлар маъносин ечиш,
Мактуб охирига бир vale14 сўзин
Ёзишга, Ювенал15 ҳақида бирор
Гап сотишга етар латинча билар.
Яна бир-икки шеър Энеидадан16
Чала-чаттигина ёдида қолган.
Дунёнинг саргузашт тарихин узоқ
Ўтмиш даврларнинг ботиб чангига,
Тимискилаш учун йўқ ҳавас сира:
Ва лекин Ромулдан17 бошлаб то шу чоқ
Кечган замонларнинг латифаларин
Эсидан чиқармас эди Онегин.
 
VII
 
       Нозик садоларга умрин ҳис билан
Бағишлашга йўқди унда зўр ҳавас,
Қанча уринмайлик, Онегин зотан,
Хорейни ямбдан18 фарқ қила билмас.
Койирди Гомерни ҳам Феокритни19,
Аммо ўқир эди Адам Смитни20,
Иқтисодчи эди Онегин чуқур,
Яъни мулоҳаза у қила олур:
Давлат қандай қилиб бойийди олдин,
Сўнгра нима билан яшар ва нега
Оддий маҳсулотга у бўлса эга –
Унга керак бўлмас ҳаттоки олтин,
Буни англаёлмас эди отаси,
Гаровга қўйилди ери – даласи.
 
VIII
 
     Евгенийнинг яна бор маълумотин
Айтиб беришликка йўқ менда дармон,
Лекин қайси бобда у доҳийди чин
Ва қайси илмда у зўр билимдон?
То ёшликдан бери Онегин учун
Ҳам емак, ҳам азоб, ҳам ором, ҳар кун
Унинг қайғу-ҳасрат аралаш, хаста
Танбал ҳаётини тўлдирган нарса –
Муҳаббат, эҳтирос илмидир, бироқ,
Бу ҳисни этмишди Назон21 тараннум,
Шу юздан кўрганди у жазо, зулм;
Молдавия чўли ичида узоқ –
Қувилиб ўз юрти Италиядан,
Исёнкор ва порлоқ умрин тугатган.
 
IX
 
    . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
 
X
 
       Кўп барвақт ўрганди риё ҳунарин,
Умидни яширар, рашкни яширар,
Қайғули кўринар, кўзлари ғамгин,
Ҳам алдар, ҳам аврар, ҳам инонтирар,
Гоҳ мағрур кўринар, гоҳ итоаткор.
Ўйчан ё паришон бўлишга тайёр!
Дам қандай ошифта сукутга чўкур;
Дам қандай оташин бир нотиқ бўлур,
Ишқий мактубларда у қандай қайдсиз!
Бирига берилиб ва севиб бирин,
Қандай унутишни биларди ўзин!
Боқиши қандай тез, нозик ва тамиз,
Уятчан ва жасур, лекин баъзи чоқ
Хоҳласа кўзёшин оқизар порлоқ.
 
XI
 
          У қандай ўзгача кўриниб, ҳазил –
 Ила маъсумликни ҳайратга солар,
 Дарҳол маъюсланиб, қўрқитиб енгил,
 Ёқимли хушомад билан овутар;
 Илишга устадир ихлос лаҳзасин,
 Қизлик иффатининг мулоҳазасин –
 Ақлу эҳтирос-ла енгиб, у охир –
 Хоҳ-нохоҳ илтифот кутмоққа моҳир.
 Ёлвориш, эътироф талаб қилишни,
Қалбнинг илк садосин тинглашни зимдан,
Ёр кетидан чопиб, ногоҳ у билан
Махфий учрашувни, қўлга илишни
Биларди… сўнг, ёр-ла ёлғиз, бирпасда –
Хилватда сабоқлар бермоққа уста.
 
XII
 
       Донғи чиққан танноз хотинлар қалбин
Ўйнатишга қандай ўрганди эрта!
Истаса агар у ўз рақибларин
Бутун йўқотишни, ана шу дамда
У қандай заҳар тил билан узарди!
Қандай тузоқларни у ҳозирларди!
Бахтлиман, деб юрган эрлар, сиз лекин
Юрдингиз у билан дўст бўлишиб чин…
Айёр эр ҳам иззат қиларди уни
Фобласнинг22 қадимий талабаси-да,
Ҳаммадан ишончин ўзган кекса-да,
Ва ҳар вақт ўзидан овқат-озиғи,
Хотинидан рози бўлган улуғвор
Алданган эрлар ҳам унга лутфкор.
 
XIII, XIV
 
    . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
 
XV
 
  Ҳали у ётоқдан турмаган экан:
Унга келтиришар бир қанча мактуб,
Нима гап? Таклифми? Шу кечга чиндан
Учта хонадонга бориши матлуб;
Бир ерда бал, бирида гўдак байрами,
Қаерга югурар арзандам ҳали?
Кимдан бошлайди у? Локин барибир
Ҳаммасин уддалаш эмасдир оғир.
Ҳозир эрталабки кийимида ул.
Бошига кияркан кенг бир боливар23(3),
Онегин гердайиб боради бульвар*
Кенг майдон, у ерда кезади буткул,
То тушлик овқатга брегет-соат**
Жаранглаб дайдини қилгунча даъват.
 
XVI
 
       Тушди қоронғилик; ченага минар,
От учар шамолдай, учар қичқириқ.
Совуқ қор учқуни кумушин сепар,
Ялтирайди юмшоқ барра ёқалик.
Машҳур ресторанга Онегин чопар,
Каверин24 кутади унда, ишонар.
Мана, келиб кирди: май ҳам шишадан
Тошиб, пробкани шипга отар шан.
Сели оқиб турган roast-beef25 ана
Ёш чоғлар безаги, лазиз таомлар,
Фаранг дастурхонин гули саломлар.
Страсбургнинг иссиқ сомсаси шунда.
Турар лимбургский тоза, хуш пишлоқ,
Ҳам тотли, олтиндек ананасга боқ!
 
XVII
 
       Серёғ котлет дамин сўндириш учун
Ҳали қадаҳларга чанқоқди лаблар,
Соат жаранглайди: янги бир ўйин,
Янги бир балетдан беради хабар.
Театрнинг сипоҳ қонуншуноси,
Саҳна орқасининг фахрий аъзоси,
Ғоят жозибали актрисаларга
Шамолдай қарорсиз, топинган банда –
Онегин тез учар театр сари,
Бу ерда ҳар киши яйраган, эркин,
Балет-рақс авжларин олқишлар, кейин
Иззалаб Федрани, Клеопатрани,
Моинани26 ҳар ким қилади даъват
(Унигина ҳамма эшитсин фақат).
 
XVIII
 
       Эй, сеҳрли диёр! Ўтмиш замонда
У ерда журъатли ҳажвда устоз,
Эрк дўсти Фонвизин27 сурди дабдаба
Ва унда Княжнин28 маълум тақлидбоз;
У ерда Озеров29 халқ кўзёшларин,
Гулдурос олқишлар ва қутлашларин
Семёнова30 билан бўлишди иноқ,
Корнелнинг31 азамат даҳосин бир чоқ
У ерда Катенин32 тиргизган эди.
Дағал Шаховской33 чиқарди яна
Комедиялардан суронли гала.
Унда Дидло34 шуҳрат тожини кийди:
У ерда, театр тин кўлкасида
Меним ёш чоғларим кечди бир сира.
 
XIX
 
    Менинг париларим, билсам, қайдасиз?
Тинглангизлар меним ёниқ фарёдим:
Яна ўшамисиз? Ё бошқа кўп қиз
Сизнинг ўрнингизни босгандир балким?
Яна тинглайманми куйингиз андак?
Рус Терпсихораси35 бажарган юксак
Руҳли рақсларни кўрармиканман?
Ё ғамли нигоҳим ошинолардан
Мароқсиз саҳнада тополмас бирин?
Ёки мен бегона зумрага томон
Ўксинган лорнетни36 тутаман ҳайрон?
Ўйинга бепарво бир томошабин
Сингари бурчакда эснаб ўтирай
Ва ўтган дамларни эсгами олай?
 
XX
 
       Театр лиқ тўла; ложалар порлар;
Партерлар, курсилар – бари қайнайди.
Тепадан сабрсиз чапак чалишар,
Юксалиб юқори парда гурлайдн.
Муҳташам ва енгил, ҳавойи-майин,
Камоннинг сеҳркор ёйига толғин
Истомина37 турар гўзал, нодира,
Раққос парилар-ла чизиб доира,
Эданга тегади битта оёғи,
Иккинчи оёқ-ла аста айланар,
Нақ Эол38 лабидан учгандек бир пар,
Сўнг бирдан сакрайди, бирдан учади;
Гоҳ қаддин бурайди; гоҳо ёзади,
Латиф оёқларни тез-тез уради.
 
XXI
 
        Ҳамма чапак чалар. Онегин кирар.
Курсилар оралаб босар илгари.
Қўш лорнетни тутиб, у қия боқар
Бегона хонимлар ложаси сари.
Ҳамма ярусларга отди бир қараш,
Ҳаммани кўрди у: чеҳралар, уст-бош
Жиҳатдан унинг кўп диққати ошди.
Бош эгиб эркаклар билан сўрашди.
Сўнгра қараб турди саҳнага андак,
Унинг боқишлари энди паришон.
Орқага қайтаркан эснади бир он
Ва деди: «Ҳаммасин янгилаш керак;
Балетга шунча вақт сабр этиб тўздим,
Лекин Дидлодан ҳам, ниҳоят, бездим»(4).
 
XXII
 
       Севги тангрилари, жинлар, илонлар
Ўйнашар, сакрашар ҳали саҳнада,
Чарчаган лакейлар* ухлаб ётишар
Пўстинга ўралиб тиш остонада.
Ҳали тўхталмаган кезиш, типирлаш,
Тупуриш, йўталиш, чапак, пиқирлаш.
Ичкари, ташқари ҳали чароғон.
Фонарлар ҳар ерда нур сочар хандон.
Совуқдан отлар-да уринар ҳали,
Эгар, жабдуқлардан безган, чарчаган,
Кучерлар гулханни ўраб қуршаган,
Сўкар жанобларни кўп ишқаб бари:
Бизнинг Онегин-да чиқиб қолади,
Уйга, кийингали у йўл олади.
 
XXIII
 
       Танҳо бир бўлманинг мен тасвирини
Чиза оламанми тўғри ва чевар,
Ки бунда моданинг ўрнак шогирди
Кийинар, ечинар ва пардоз этар?
Резаворчи Лондон бўш ҳавас-орзу
Учун не молларни ишлаб сотса-ю,
Болтиқ денгизида кўпирган тўлқин
Бизга на келтирса ёғоч, мой учун…
Фойдали бир ҳунар, санъат деб билса
Парижда очкўз завқ нимани уч кун,
Энг янги сафо, ноз ва зийнат учун,
Эрмак, шўхлик учун ихтиро қилса,
Шуларнинг ҳаммаси ўн саккиз ёшли
Файласуф ўйини безарди яхши.
 
XXIV
 
       Истанбул қаҳрабо трубкалари,
Столда бронза, чинни қалашир,
Энг нозик ҳисларнинг орзу-нашъаси –
Биллур шишаларнинг ичида атир.
Тароқлар, пўлатдан кўп аррачалар,
Тўп-тўғри ва эгри ҳар хил қайчилар,
Чўткалар ўттиз хил, баъзиси тишга,
Баъзиси тирноқни тоза қилишга,
Руссо39 (мен бу гапни қистириб ўтай)
Англай олмаганди ёнида доим
Тентакча хушсуҳбат, савлатли Грим40
Тирноқ тозалашга жасорат қилгай(5)
Эрклик ва ҳуқуқнинг ҳимоячиси,
Мана шу тўғрида том ҳақсиз эди.
 
XXV
 
       Тирноқ гўзаллигин ўйламоқ мумкин,
Ишли, жиддий одам бўлсанг-да доим!
Замон-ла бекорга баҳслашмоқ нечун?
Инсонларда одат мустабид ҳоким.
Иккинчи Чаадаев41 бизнинг Онегин,
Гап-сўз бўлишликдан қўрқар эди чин.
Кийиниш бобида у эди педант,
Биз айтиб ўтгандай олифта-франт.
Лоақал уч соат ўз вақтини у,
Ойналар олдида ўтказар эди.
Пардоз бўлмасидан у чиқар эди,
Венерага42 ўхшаш енгил ва сулув:
Эркакча кийиниб гўё бир пари
Маскарадга борар ноз-карашмали.
 
XXVI
 
       Сўнгги завқ-дид учун муносиб кийим,
Пардоз-ла жалб этиб диққатингизни,
Онегин безагин ёза билардим,
Билимдонларга мен қолдирмай чизги.
Жасорат бўларди, албатта, бу ҳам,
Уни тавсифламоқ, зотан, вазифам,
Нетайин, панталон, фрак ва жилет,
Булар рус тилида йўқ, бу сўзлар чет;
Буни кўриб, айбим қиламан иқрор,
Ажнабий сўзлар-ла азалдан меним
Камбағал сўзлигим бу билан балким,
Бир қуроқ сингари товланмас бекор,
Гарчи эски вақтда анжуман дониш
Чиқарган луғат-ла бўлсам-да таниш43.
 
XXVII
 
       Бизнинг мавзуимиз ҳозир бу эмас,
Яхшиси бал сари ошиқайлик биз.
Битта каретани44 киралаб бирпас –
Базмга Онегин жўнаб кетди тез.
Қоронғи уйларнинг олдида ёнар,
Уйқули кўчани тўлдирган қатор
Кареталарнинг қўш, шод фонарлари
Майин нур сочишар суюқ зар каби.
Қорларга чизилар шуъладан ёйлар,
Атрофда юлдуздай кўп майда чироғ,
Порлайди муҳташам катта уй шул чоғ;
Яхлит ойналарда кўлкалар кезар;
Бу – хонимлар, сатанг эркаклар шакли,
Кўринар ва зумда йўқолар акси.
 
XXVIII
 
       Бизнинг қаҳрамон ҳам етиб келди, боқ,
Эшикбон ёнидан ўтди ўқ каби.
Мармар зиналардан чиқди учароқ,
Тузатди қўллари билан сочини,
Кирди ичкарига, залда халқ тўлган,
Музика ҳам энди гуруллаб бўлган,
Халқ бутун банд эди мазурка ила
Ҳамма ёқда шовқин, уйлар лиқ тўла.
Сувори зобитнинг45 шпори46 жаранг,
Сўлим хонимларнинг оёқчалари
Учади; сеҳрли изларнинг зори –
Ёлқинли қарашлар учар оташ ранг.
Танноз хотинларнинг рашк имоларин
Қоплайди созларнинг наъраси вазмин.
 
XXIX
 
       Нашъанинг, тилакнинг ўтган замони
Балларга ишқибоз, ошифта эдим.
Изҳори муҳаббат, хат топширгани
Бундан ҳам қулайроқ макон йўқ балким.
Эй сиз, эй муҳтарам эру хотинлар!
Хизматимни таклиф қилай бир қадар;
Сўзимни тинглашни сўрайман сиздан,
Нима учун сизни қиламан огоҳ?
Сиз ҳам, онажонлар, бўлинг эҳтиёт,
Ўз қизларингизни таъқиб этингиз;
Лорнетни жудаям тўғри тутингиз.
Йўқса… йўқса… тангрим сақласин, уят!
Нечун буни ёздим сарф этиб сиёҳ,
Чунки кўпдан бери қилмайман гуноҳ.
 
XXX
 
       Водариғ, ҳар турли ҳангома учун
Кўпгина умримни мен исроф этдим.
Ахлоққа зиёнли бўлмаса шу кун,
Шу дамга қадар ҳам бални севардим.
Мен жуда севардим жўшқин ёшликни,
Кўпчилик, дабдаба, шод бўлишликни,
Хонимларнинг завққа монанд безагин,
Севамен уларнинг оёғин, лекин:
Бутун Русияда топилармикин
Уч жуфт энг келишган аёл оёғи?
Оҳ, унутолмадим, қалбимда доғи,
Бир жуфт оёқчани!.. Маҳзун, совунган
Ҳали ҳам эслайман; тушимда ҳатто,
Қалбимни қилади улар безовта.
 
XXXI
 
       Сен қачон, қаерда, қай чўлда бутун
Эсдан чиқарасан уларни, тентак?
Оҳ, латиф оёқлар! Қайдасиз бу кун?
Қаерда босасиз баҳорги чечак?
Шарқнинг сафосида сиз эркаланган,
Шимолнинг қайғули қорида, лутфан,
Қолдирмай кетгансиз биронта ҳам из.
Чунки сиз у ерда жондан севдингиз
Юмшоқ гиламларнинг майин бўсасин.
Сиз учун бир маҳал, ахир, унутдим
Шуҳрат, шон орзусин, туғишган юртим,
Тутқунда яшашнинг қайғу-жафосин?
Йўқолди ёшликнинг бахти ҳам эсиз,
Бамисли майсада енгил изингиз.
 
XXXII
 
       Диананинг кўкси ва Флоранинг47
Яноқлари латиф, севикли дўстлар!
Лекин меним учун Терпсихоранинг
Оёғи, негадир, латифроқ, дилбар.
Бебаҳо мукофот ваъда этар у
Ҳамиша кўзларга, пардозли сулув
Аёл юрагимга орзу ва армон
Гирдобин чайқатар эсласам ҳар он.
Севаман оёғин, дўстим Эльвина48,
Столлар остига ташласам назар,
Қиш фасли каминда49 исинсак агар,
Заллар паркетининг ойнасида ҳам,
Денгиз қоясининг панасида ҳам…
 
XXXIII
 
       Қасирғали денгиз ёдимда ҳали:
Унинг оёғига йиқилиш учун
Кетма-кет югурган тўлқинлар capи
Боқиб хўб қизғонган эдим мен у кун!
Истардим у чоқда тўлқинлар ила
Азиз оёқларга лабларим тегса!
Йўқ, ёшлик палламда, қон қайнаганда,
Дилимни ишқ ўти банд айлаганда,
Мен ҳеч қачон шундай бир азоб билан
Жононларнинг гулдай юзин ё лабин,
Ёки меҳр тўла нафис кўкрагин
Ўпишни бу қадар истамаганман.
Йўқ, ҳислар ҳужуми ҳеч қачон мани
Бу қадар тўсиндан ўртаб эзмади.
 
XXXIV
 
       Ёдимда қолганлар бошқа бир замон:
Эзгу хаёлларга мен ўзим баъзан
Бахтли узангини ушлайман; бир он
Латиф бир оёқни қўлда сезаман.
Хаёлларим ошиб-тошади яна
У гўзал оёқнинг тегишигина
Шу сўлғин қалбимда ёқиб қўяр қон.
Яна-да муҳаббат, яна дард-ҳижрон…
Маҳмадона созинг ила, етар, бас,
Мадҳ этиб куйламоқ такаббурларни:
На севгига, дардга, на илҳомлари
Тўқиган куйларга улар арзимас,
Бу сеҳргарларнинг сўзи ва кўзи
Нақ оёқларидай алдоқчи ўзи.
 
XXXV
 
       Онегиним қалай? Мудраганича
Ётоққа у жўнаб кетади балдан;
Ҳар вақт ғовур-ғувур Петербург эса
Дўмбира товуши ила уйғонган.
Савдогар туради, ташувчи борар,
Извошчик биржаси томон югурар,
Шошади хурмали* бир сутчи хотин,
Тонгги қор ғирчиллар у юрган сайин.
Бошланди ёқимли тонгнинг сурони.
Дарчалар очилди. Қувурдан тутун
Юксалди ҳавога нақ мовий устун.
Қоғоз қалпоқ кийган немис новвойи
Худди ҳар кунгидай, кечикмай бир он,
Дўкон очиб савдо қилади чаққон.
 
XXXVI
 
       Балнинг шовқини-ла қурган тинкаси,
Онегин учун тонг ярим кечадир.
У ўйин-кулгию, зийнат гўдаги,
Тинчгина роҳатда ухлаб ётадир.
Пешинда уйғонар, тонггача локин
Бояги тартибда умр ўтар тағин.
Қандай ҳаёт дейсиз? Бир хил ва рангли,
Эртанги ҳаёти – кечанинг айни.
Бахтиёр ва хурсанд эдими лекин,
Эркин юриб умрин кўклам чоғида,
Порлоқ зафарларнинг кенг қучоғида
Ҳар кунги завқ-сафо ичра Онегин?
Зиёфатлар ичра у эҳтиётсиз,
Соғломди: бу ҳаёт қолдирмади из?
 
XXXVII
 
       Йўқ: унинг ҳислари совиди эрта,
Зериктирди кибор ҳаёт шовқини.
Фикрини гўзаллар, жононлар қисқа
Замонгина машғул этганди уни;
Хиёнатлар уни чарчатиб қўйди.
Дўстлар, дўстликлардан жуда тез тўйди.
Яна ҳар кун лазиз таомлар ейиш,
Ҳар кун шампанский қониқиб ичиш,
Боши оғриб турган паллада яна
Рангдор, ингичка сўз ёғдириш ҳар ён,–
Булардан зерикди, дили бўлди қон.
Гарчи у бўлса-да қизғин шумтака,
Кўнгли қолган эди унинг тамоман,
Ҳам жангдан, ҳам ўқдан ва ҳам қиличдан.
 
XXXVIII
 
       Онегин мубтало иллат сабабин
Қидириб топишнинг келгандир чоғи.
Инглиз зиққига ўхшайди, локин
Қисқасин айтганда: рус хафақони
Секин-секин уни эгаллаб олди.
Тангрига шукрки, уринмай қолди
У отиб ўзини ўлдириш учун.
Аммо совиганди ҳаётдан бутун.
Child-Harold50 каби ғуссали, синиқ,
Қўноқхоналарда бўлар намоён,
Киборлар ичида на ғийбат, бостон51,
На тотли бир боқиш, на бежо қилиқ,
Ҳеч бир нарса унга таъсир этмасди,
Юрарди ҳеч нарса пайқамай асти.
 
XXXIX, XL, XLI
 
    . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .
 
XLII
 
      Эй, серқилиқ кибор нозанинлари,
Сизни у тарк этди ҳаммадан бурун.
Рост айтсам, киборлар қилиғи бари
Анча бездирувчи бўлибдир бугун.
Эҳтимол баъзи бир хоним бир қадар,
Бентамни ва Сейни52 изоҳлай олар;
Лекин улар гапи-сўзи умуман
Беғубор эса-да, маҳрум маънодан.
Яна улар тағин шундай бегуноҳ
Ва шундай улуғвор, шундай донишманд.
Тақводорлик билан юраклари банд,
Шунчалар субутли, зийрак ва огоҳ,
Шундай номаҳрамдир уларга эркак,
Афтларини кўриб хун бўлар юрак(6).
 
XLIII
 
       Петербургнинг кенг, тош кўчаларидан
Кечки паллаларда учқур ва кўркам
Аравага тушиб кетувчи хурсанд,
Гўзал ёш хонимлар, ахир, сизни ҳам
Бутун ташлаб кетди бизнинг Евгений;
Жўшқин завқ-сафодан қочиб у энди
Уйига бутунлай қамалиб қолди.
Зерикиб қўлига қаламни олди,
Ёзишни истади: мушкул, зўр меҳнат
Кўнглини айнатди, эзди, қаламдан
Ҳеч нима чиқмади: у шунинг билан
Қаламкаш аҳлига бўлмади улфат.
Мен бу касб ҳақида бир сўз демайман,
Чунки унга менинг ўзим мансубман.
 
XLIV
 
       Бекорчиликка у берилди яна
Руҳида бир бўшлиқ сезди кун сайин.
Катта гўзал ишга қилди ҳафсала –
Билим орттиришга киришди қизғин.
Токчага қалади жилд-жилд китоблар
Ўқиди, ўқиди; фойдасиз, бекор:
Бирида дилгирлик, талваса, хато;
Бирида виждон йўқ, бирида маъно.
Ҳаммасида ҳар хил ирим нишони.
Қадимгилик қадри эскиган жуда
Янгилик ичида эски сафсата.
Китобларни ташлар хотинлар каби,
Чанг босган китоблар ётган токчага
Тортади қоп-қора қалин бир парда.
 
XLV
 
       Кибор ҳаётининг отиб эмгагин,
Беҳуда шовқиндан қочиб, у каби
Дўстлашган эдим мен, у замон лекин
Менга ёққан эди бор хислатлари.
Хаёллар, ўйларга эрксиз садоқат,
Тақлид қилиб бўлмас ажиб бир сифат.
Фикри, қарашлари совуқ ва кескин,
Мен ғазабли эдим, у эди ғамгин.
Ўйинин билардик ҳирснинг иккимиз:
Биз иккимизни-да бездирган ҳаёт,
Учганди қалб ўти иккимизда бот.
Яна кутар эди худди умримиз
Тонгларида бизнинг иккимизни ҳам
Инсонлар, қўр тақдир ғазаби ҳар дам.
 
XLVI
 
       Яшаб фикр қилган киши ҳар замон
Руҳида инсондан нафрат этгуси.
Ҳис этган кимсага солар ҳаяжон
Қайтиши имконсиз кунлар шарпаси:
Унга қолмас асло фусун, жозиба.
Уни хотиралар илони ила,
Яна пушаймонлар ичдан кемирар.
Буларнинг барчаси кўпинча берар
Ширин бир нафислик сўзга – матлабга,
Онегиннинг тили мени даставвал
Саросима қилди; кейинча мен сал
Кўникдим ундаги таънали гапга,
Заҳар аралашган ҳазилига ҳам
Чидадим энг ўсал ҳажвига ҳар дам.
 
XLVII
 
       Ёз фасли кўп чоқлар бирга эдик биз,
Неванинг устида кеча самоси(7)
Очилар тип-тиниқ, ёруғ ва чексиз,
Сувларнинг нашъали ўйноқ ойнаси
Тўлин ой жамолин акс этмас экан,
Ўтмиш қиссасини кечириб ёддан,
Биз жим эслар эдик кечмиш севгини,
Биз беғам, бўшаган ҳислар тизгини;
Бу сўлим кечанинг нафаси бутун –
Бизларнн айларди сархуш, жимгина
Қамоқдан кўм-кўк бир ўрмон ичига
Ухлаган пайтида элтилган тутқун
Сингари хаёлда учардик биз ҳам,
Ёш умр баҳори қайда, деб шу дам.
 
XLVIII
 
       Турарди фикрга толиб Евгений;
Руҳи тўла эди афсуслар билан,
Ўзин тавсифлаган бир шоир каби(8).
Соҳилда гранит-тошга суянган.
Ҳамма ёқ жимжит-ди; ёлғизгина тун
Посбонлари баъзан чиқарарди ун,
Извошчининг олис дукури баъзан
Эшитилар эди Мильоннаядан53,
Эшкакларни уриб ёлғиз бир қайиқ
Мудраган дарёда сузарди аста,
Бизни қилар эди мафтун, дилбаста –
Узоқдан бир наю диловар қўшиқ.
Тўн базми ичинда лекин тотлироқ
Торквато54 шеърининг куйлари ҳар чоқ!
 
XLIX
 
       Адриатик денгизи тўлқинлари, сан,–
О, Брента!55 Сизни кўрарман албат,
Илҳомларим тўлиб-тошиб янгидан,
Сеҳрли товшингиз эшитмоқ ният!
Бу товуш Аполлон набиралари
Учун муқаддасдир; уни куй каби,
Альбион созидан туйдим, таниш у.
Гоҳ сўзамол, гоҳо индамас сулув –
Венециялик ёш бир жонон билан
Сирли бир қайиқда мен сузиб, олтин
Гўзал Италия тунининг эркин
Оғушида ишқдан лаззатланардим,
Петрарка56 ва севги тилин у замон
Бағишлайди менга бу дилбар жонон.
 
L
 
       Келажакми менинг эрким замони?
Келмишдир фурсати! Қўмсайман эрким;
Денгиз қирғоғида очиқ ҳавони
Кутаман(9), имлайман кема чодирин.
Қачон бўронларнинг ридосида май
Мавжлар-ла курашиб, денгизнинг улкан
Кўксида бошлайман сафарни эркин?
Менга адоватли денгиз қирғоғин
Тарк этмакнинг энди келмиш замони.
Жануб кенгликлари кўксида яйраб
Африкамнинг57(10) тиниқ кўкига қараб.
Русияни ўйлаб оҳ чекиш чоғи,
О, мен бу ерларда қанча дард чекдим.
Бу ерларда севдим, кўмдим юрагим.
 
LI
 
       Ажнабий юртларнинг томошасига
Онегин шайланган эди мен билан.
Лекин биз тақдирнинг тақозосича,
Узоқ вақт айрилдик бир-биримиздан.
У замон отаси вафот қилганди,
Онегин қошига дув йиғилганди,
Қарз бергувчиларнинг очкўз тўдаси,
Ҳар кимнинг ўз ақли ва ўз режаси:
Даъволардан нафрат қилди Онегин
Ўз чекидан ўзи бўлганди рози,
Қарзни тўлаш учун кетди мероси.
Катта бир зиён ҳам кўрмади лекин.
Гўё билган эди у олдинданоқ
Қари амакининг ўлишин тез чоқ.
 
LII
 
       Чиндан ҳам Евгений кутмаган дамда
Иш бошқарувчидан олади бир хат.
Ўлим олдидамиш амаки; ҳамда
Видолашувни у истармиш фақат.
Қайғули номани ўқиб Евгений
Шу он суриштирмай нари-берини,
Почтавойда чопди учрашиш учун.
Ақча дарди уни эгаллар бутун.
Алдаш, йиғи-сиғи учун у ҳозир,
(Романни бошлаган эдим бу билан)
Зерикар, ҳомуза тортар олдиндан.
Мана, у қишлоққа етади ахир.
Кўрарким, тахтада ётар амаки,
Ерга жо бўлажак савғо сингари.
 
LIII
 
       Кўрди маъзаратга тўлган қўрани;
Азага келишар яқин-узоқдан
Кўмиш маросимин ҳаваскорлари,
Дўстлар, бегоналар – бари ҳар ёқдан.
Ўлик ҳам кўмилди; овқат еб-ичиб
Поплар ва меҳмонлар жўнар гердайиб,
Гўё бажардилар жиддий бир ишни.
Онегин қишлоқда яшар бир киши
Бўлиб қолди энди. Мана у ўрмон,
Ер-сув, заводларга тамом хўжайин.
Шу чоққача танти, исрофгар, олтин
Қадрини билмаган бу танбал инсон
Ҳозир жуда хурсанд: у илгариги
Йўлин алмаштирди, на бўлса майли.
 
LIV
 
       Янгидай кўринди икки кунгина
Онегинга бекас, танҳо далалар,
Қоронғи ўрмоннинг салқини, яна
Булоқлардан учган майин садолар;
Учинчи кун тепа, дала, чакалак
Уни овунтира олмади андак;
Улар сўнг келтирди унинг уйқусин;
Ва сўнгра кўп равшан кўрди Онегин;
Қишлоқда ҳам бормиш айни дилгирлик.
Гарчи на кўча бор, на сарой, на ёр,
На карта, на баллар, на мунда шеър бор.
Хафақонлик уни қўймай бир эллик,
Пойларди кетидан пояма-поя
Вафодор хотиндай ё мисли соя.
 
LV
 
       Тинчлик ҳаёт учун мен туғилганман,
Туғилганман қишлоқ сукути учун:
Соз саси пастқамда жаранглайди шан,
Ижодий хаёллар жон, қонга тўлғун.
Маъсум, тин онларга берилиб тамом
Жимжит кўл бошида ёлғиз ҳар айём
Юраман, бекорлик – менинг қонуним.
Ҳар кун тонг пайтида уйғонаман жим,
Ширин ҳузур учун, эркинлик учун:
Озгина ўқийман, кўпроқ ухлайман
Ўткинчи шуҳратга назар солмаймаи,
Ўтмиш замонларда мен нақ шу йўсин
Кечирмаганмидим кунларим бекор,
Яшамаганмидим шундай бахтиёр!
 
LVI
 
       Чаман, сезги, қишлоқ ва бекор юриш,
Далалар! Мен сизга содиқман руҳан,
Онегин-ла меним орамда бўлмиш
Фарқни қайд этишга ҳар вақт мен хурсанд,
Токим истеҳзоли бирон ўқувчи
Ёки моҳирона туҳмат тўқувчи,
Бирон нашриётчи менинг хислатим
Қиёс этиб яна у демасинким,
Мағрурлик куйчиси Байрон58 сингари
Ўз портретимни мен чизганман бунда,
Гап сотиб юрмасин у унда-мунда.
Ўйлашарки, биз-чун имконсиз каби
Бошқалар ҳақида яратмоқ достон,
Гўё шоир ўзин қилармиш баён.
 
LVII
 
       Айтиб ўтай яна: бутун шоирлар
Хаёлчан севгининг дўстидир, лекин
Бир замон энг гўзал лавҳалар, сирлар
Тушимга кирарди. Руҳим яширин,
Гўзал тасвирларни сақлади маҳкам,
Кейинча уларни жонлатди Музам59.
Мен шундай, қайғусиз, тараннум этдим,
Тоғларнинг қизини, менинг идеалим,
Салгир60 бўйларининг асираларин.
Эшитиб қоламен, дўстларим, ҳозир
Кўпинча сизлардан савол ёғадир:
«Ким учун бу нозинг чекади оҳин?
Қизғанчоқ қизлардан кимни хушлабсан,
Қайсига созингда куй бағишлабсан?
 
LVIII
 
       Илҳоминг мавжлатиб кимнинг нигоҳи,
Армуғон этмишдир самимий меҳр,
Сенинг бу ўйловчан куйингга, қани,
Сенинг шеъринг кимни оллоҳ деб танир?»
Дўстларим, ҳеч кимни, Худо ҳақи!.. Ман
Бошимдан кечирдим, маҳрум нашъадан,
Муҳаббатнинг телба ғалаёнини.
Ишқ-ла қофиянинг ҳаяжонини
Кимки қўша билса, у инсон хушбахт:
У шеърнинг муқаддас сирли садосин
Янгратар ва босар Петрарка изин;
Қалбнинг азобини тинчитар; шул вақт
Муяссар бўлади унга шараф-шон;
Лекин мен севганда эдим гунг, нодон.
 
LIX
 
       Ишқ кечди, кўриниш берди илҳомим,
Зулмат босган фикр нурланди секин;
Озодмен, янгидан излайман доим
Сеҳркор садолар, хаёл, ўй базмин.
Ёзаман, юрагим билмас, дард нима…
Ёзилиб битмаган шеърлар ёнига
Қалам ҳушсизланиб чизмайди расмин
Хотин болдирларин ва чеҳраларин.
Ўчган кул лов этиб ёнмас янгидан,
Яна қайғураман! Кўзимда йўқ ёш.
Мана энди бўрон излари ювош
Руҳимда жим бўлиб қолар тамоман.
У чоғда ёзарман йигирма бешта –
Қўшиқдан иборат достон, албатта.
 
LX
 
       Ўйларкан асарнинг планин секин
Ва қаҳрамонимни на деб атайман;
Романнинг ҳозирча биринчи қисмин
Битирдим; буларнинг барин қайтадан
Кўриб чиқдим қатъий бир диққат ила;
Бунда зиддиятлар ҳали кўпгина,
Лекин тузатишни мен истамайман;
Цензурага61 ўзимнинг бурчим тўлайман,
Журналистларга ҳам чайнамоқ учун
Меҳнатим мевасин берарман яна:
Эй янги туғилган асарим, жўна,
Нева бўйларини кезиб чиқ бутун;
Менга хизмат қилиб, қозон шараф-шон;
Қинғир сўз ва ур-сур, сўкиш ва сурон!
 
1Эпиграфнинг (яъни асарнинг сарлавҳасига қўйилган ва маъно эътибори-ла у билан бошланган ифоданинг) таржимаси: «У мақтанчоқлик ила суғорилиб, бундан ташқари, алоҳида мағрурликка ҳам эга эдики, бу нарса бир турли бепарволик билан хоҳ яхши, хоҳ ёмон феъл-ҳаракатни, балки бир хаёлий равишда бўлган афзаллик туйғусининг натижасида эътироф қилишга мажбур этади. (Хусусий мактубдан)
2Бу муқаддима (кириш) шоир томонидан Плетнёвга бағишланган. Пётр Александрович Плетнёв (1792 – 1865) бир мунча вақт Петербург дорилфунунининг ректори бўлиб турган. Бу киши адиб, шоир, танқидчи бўлиб, Пушкиннинг йигирма йиллик яқин дўстидир. Пушкин сургунда юрган замонларда Плетнёв унинг адабиётга оид топширмаларини ижро қилиб турарди. Пушкин шеърларининг нашрига тегишли ишларни олиб борарди. Пушкин ўз хатларининг бирида Плетнёв менга «ҳам қариндош, ҳам дўст, ҳам ношир, ҳам кассир», дейди ва шунинг учун унга бағишланган «Кириш»да «дўстлик илтифотини» қайд этиб ўтади.
3Вяземский (1792 – 1878) – шоир, танқидчи; Пушкиннинг дўсти, Пушкиннинг бир кўп шеърлари Вяземский ила алоқадор, «Евгений Онегин»да ҳам у бир қанча мартаба хотирланади.
4Зевс иродаси билан – Аллоҳнинг иродаси билан демакдир (Зевс – қадимги юнонларнинг эътиқодича, худолар орасида энг қудратлисидир.)
5Людмила ва Руслан – Пушкиннинг «Руслан ва Людмила» номли поэмаси бор, шу ўқувчининг хотирига солинади. Поэма 1880 йилда босилган.
6Лекин зарарлидир шимол мен учун – Пушкин сиёсий шеърлари учун Петербургдан жанубга сургун қилинган эди. «Евгений Онегин»нинг биринчи боби 1823 йилда жанубда ёзилган. Бу мисрада шоир ўзининг сургун қилинганлигига ишорат қилади.
1Бессарабияда ёзилган.
*Қавссиз рақамлар билан Ойбекнинг, қавс билан эса Пушкиннинг изоҳлари берилади.
7Бал – эски вақтда юқори табақа орасида жуда расм бўлган ва умумий рақслар мусиқий, зиёфат ила ўтказиладиган ўтириш – базм.
8Madame (французча) – бу ерда француз хотин, мураббия маъносидадир.
9Monsiuer (французча) – бу ерда мураббий, муаллим маъносидадир. XVIII асрнинг охири – XIX асрнинг бошларида Русияда дворян оилалари ажнабийларни, шу жумладан, кўпинча французларни ўз болаларига мураббий, муаллим қилиб белгилар эдилар.
10Dandy (инглизча) – олифта; юксак дворян жамоатига мансуб одамларнинг бутун ахлоқ ва муомала қоидаларига мувофиқ тарбияланган одам.
2Dandy – олифта.
11Мазурка – европача рақслардан бири.
13Лотин тили – ўрта асрда, қисман янги замонда Европада адабий, фанний бир тил сифатида ҳукм сурган (қадим римликлар тили).
14Yale (лотинча) – хайр, салом, саломат бўл, демакдир.
15Ювенал (42 – 122) – машҳур Рим сатириги, ҳажв ёзувчиси; бу киши ўз даврида ақча эгаси бўлган асилзодаларнинг очкўзлиги, сотқинлиги, золим ва ахлоқсизлигини асарларда қаттиқ танқид қилган. Пушкин бу ёзувчини жуда севар эди. Унинг ҳажвий асарларини таржима қилишга ҳам бир вақт киришган эди.
16Энеида – ўн икки қўшиқдан иборат бўлган ва Румо шоири Вергилий томонидан ёзилган лотин поэмасининг номи. Энеида – Румо адабиётининг энг атоқли асарларидан бири. Бу асар мактабларда ўқитилиб ўрганилар эди.
17Ромул – Рим шаҳрини таъсис этган афсонавий шахс. Ромулнинг туғилиши ва ҳаёти афсоналарда хаёлий, мавҳум тафсилотлар ила безатилган.
18Хорей, ямб – рус поэзиясида икки асосий шеър вазни.
19Гомер – бизнинг тарихдан тахминан 1000 йил илгари яшаган ярим афсонавий қадим юнон шоири. «Одиссея» ва «Илиада» номли икки буюк шеърий асарни шу шоирга нисбат берадилар. Бу асарларда қадим замонларнинг Троя уруши ҳақидаги халқ эртаклари бадиий акс этган. Феокрит – бизнинг тарихдан III аср илгари ўтган қадим юнон шоири ва файласуфи, жуда узоқ ўтмишда чўпонларнинг бахтли ва ғамсиз турмушини тасвирлаган чўпон шеър оқимининг намояндаси.
20Адам Смит (1722 – 1790) – инглиз буржуазияси иқтисод олимларидан, сиёсий иқтисодда «классик мактаб»ни қурувчилардан бири. Смит ўзининг машҳур асари – «Халқларнинг бойлиги»да ташқи ва ички савдонинг сарбаст бўлишлигини, хўжалик фаолиятини тўсиб турган ҳар хил тўсиқларнинг йўқотилиши кераклигини илгари суради. Адам Смит таълимоти капитализм устида ишлаб чиқаришни ўстириш учун тор феодализм тарбияларига қарши кураш олиб борган ва мустаҳкамланган инглиз буржуазиясининг идеологиясини акс эттиргандир. XIX аср бошларида Русияда буржуазия муносабатлари ўca бошлагани сабабли, Адам Смит асарлари русчага таржима қилиниб, дворян доираларида кўп ўқиларди. Бу ерда Пушкин Адам Смит таълимотини кўрсатади. Унинг таълимотича, мамлакатнинг бойлиги ақчада эмас, балки меҳнатда, ишлаб чиқарилган товарлар, истеъмол буюмларниинг кўплигидадир.
21Назон – қадим Румо шоири; ишқий шеърлар, поэмалар ёзган. Ишқий шеърлари учун император Август томонидан Римдан Қора денгиз қирғоғига ҳайдалган ва шу сургунда ўлган. Пушкин бу шоирни жуда севар эди. Жанубда яшаган вақтида Назоннинг таржимаи ҳоли ва ижодини ўрганишга киришган.
22Фоблас – шу исмда бўлган романнинг қаҳрамони. Бу роман француз ёзувчиси Де-Кувре (XVIII аср) томонидан ёзилган. Фоблас – можаро, саргузашт қидирувчи бузуқи одам типи.
3Ala Bolivar – шляпанинг номи.
*Бульвар – хиёбон (муҳ.).
**Бригет-соат – ойнинг куни ва дақиқасини аниқ кўрсатадиган соат (муҳ.).
23Боливар – цилиндр формали, четлари кенг шляпанинг номи (Жанубий Америка сиёсий арбоби Боливарнинг исмига нисбатан берилган).
24Каверин – ёш Пушкиннинг дўсти, офицер. Пойтахт дворян муҳитида бу киши ўзининг бебошвоқ, жўшқин ҳаёти билан танилган.
25Roast-beef (инглизча) – гўштдан махсус равишда ковуриладиган овқат.
26Федра – француз драматурги Жан Батист Расин (1639 – 1699) пьесасининг қаҳрамони. Клеопатра – қадимги замонда Мисрда подшоҳлик қилган гўзал хотин. Бир кўп пьесаларнинг қаҳрамони. Бу ерда Пушкин машҳур француз адиби Вольтер (1694 – 1778)нинг асарини кўзда тутади. Монна – танилган ёзувчи Озеровнинг «Фингал» номли трагедиясининг қаҳрамони. Пушкин даврида бу ролни Колосова деган артистка яхши ўйнарди.
27Фонвизин Д.И. (1745 – 1792) – машҳур рус драматурги. «Бригадир» ва «Недоросль» номли машҳур комедияларни ёзган. Бу асарларда Фонвизин вилоятлардаги асилзодаларнинг жоҳиллиги, қўполлиги, ёшларни тарбия қилишдаги аҳмоқликни ва эзилган крепостной деҳқонларга йиртқичларча муносабатини масхара қилади. «Эрк дўсти» дейишнинг сабаби шундаки, Фонвизин баъзи асарларида либерал сиёсий қарашларни илгари суради.
28Княжнин (1742 – 1791) – ёзувчи, драматург; бир кўп трагедиялар ва драмалар ёзган. Ғарбий Европа драматургия намуналарига эргашиб, уларнинг сюжетига тақлид қилиб ёзгани учун Пушкин уни тақлидчи деган сифат билан айтади.
29Озеров В.А. (1770 – 1816) – драматург, бир қатор трагедиялар («Дмитрий Донской», «Фингал» ва бошқалар) ёзган. Булар шакл жиҳатидан сохта классик, мазмун жиҳатидан ватанпарвар асарлар бўлган. Унинг асарлари ўша вақтда катта муваффақият қозонган. Чунки Наполеон урушлари муносабати-ла дворянларнинг ватанпарварлик ҳисларини қўзғатар эди.
30Семёнова Е. С. (1780 – 1849) – ўшa вақтда машҳур рус артисткаси. Трагедияларда ўйнар эди. Ўз ўйини билан халққа кучли таъсир қиларди. Бир вақтларда Пушкинда шу артисткага қизиқиш бошланганди.
31Корнель (1606 – 1684) – француз классик трагедиясининг асосчиларидан бири. Корнелнинг трагедияларида воқеаларнинг ҳаракати қаҳрамонлик характерига эга. Диалоглар кескин ва оташин бўлиб, иштирок қилувчи шахсларнинг темпераменти ҳам жўшқин бўлар эди.
32Катенин П.А. (1792 – 1853) – Пушкин давридаги шоир, танқидчи ва драматург; бу киши француз драматургларидан Корнель ва Расиннинг асарларини русчага таржима қилиб шуҳрат топган.
33Шаховской А.А. (1777 – 1846) – Пушкин даврининг драматургларидан. Жуда кўп комедия ва драмалар ёзган, уларнинг кўп қисмини ажнабий ёзувчиларнинг асарларини таржима ва ўзгартма ташкил қилган. Император театрларининг репертуар бўлимига бошлиқ бўлгани учун унга шу асарларни саҳнага қўйиш осон бўлган. Шу асарларни қўйиб, айрим ёзувчилар (Карамзин, Жуковский ва бошқалар)га қарши фитна қўзғаган. Пушкиннинг «суронли гала», «дағал Шаховской» деган сўзлари шунга ишорат қилади.
34Дидло – XVIII аср охири ва XIX аср бошларида яшаган атоқли балетмейстер, эски балетни ислоҳ қилишда (қўйиш ва костюм жиҳатидан) Дидло постановкалари фавқулодда муваффақият қозонарди.
35Терпсихора – қадим юнонларнинг эътиқодича, рақснинг илоҳий ҳомийси.
36Лорнет – дастакли, очиб-ёпиладиган махсус дурбин.
37Истомина А.А. (1799 – 1846) – Пушкин даврида Петербургнинг машҳур балет артисткаси.
38Эол – қадим юнон эътиқодича, шамол худоси.
4Чайльд Гарольдга хос музлаган туйғулар. Дидлонинг балетлари жонли, хаёл, фавқулодда нафосат билан тўладир. Бизнинг романтик ёзувчиларимиздан бири уларда бутун француз адабиётидагидан кўра кўпроқ поэзия кўрган эди.
*Лакей – малай.
39Руссо Жан-Жак (1712 – 1778) – XVIII асрнинг энг буюк адиб ва мутафаккирларидан. У вақтларда инқилобий бўлган майда буржуазиянинг мафкурачиси Руссонинг таълимоти инсоннинг «табиий» ҳуқуқларини тасдиқ этишдан иборатдир. Руссо маданият ва маълумот – таҳсил орқасида бузилган ҳисларнинг эркин ўсуви кераклигини, «табиат товуши»га қулоқ солиш лозимлигини гапирди. Руссонинг фикрлари француз инқилоби замонида якобинчилар учун байроқ шиор бўлиб хизмат этди ва катта шуҳрат қозонди.
40Грим, Фридрих Мелхиар (1723 – 1807) – француз ёзувчиси ва Руссонинг дўстидир.
5Tout le monde sut qu’il mettait du blanc; et moi, qui n’en croyais rien, je commen’зai de le croire, non seulement par l’embelisse-ment de son teint et pour avoir trouvй des tasses de blanc sur sa toilette, mais sur ce qu’entrant un matin dans sa chambre, je le trouvai brossant ses ongles avec une petite vergette faite expиrs, ouvrage qu’il continua fiиrement devant moi. Je jugeai qu’un homme qui passe deux heures tous les matins a brosser ses ongles, peut bien passer quelques instants a remplir de blanc les creux de sa peau. (Confessionsde J. J. Rousseau) *. Таржимаси: Унинг оқ мой бўёқ ишлатишини ҳамма билар эди; мен дастлаб бу нарсага ишонмадим, лекин кейинча ишона бошладим. Ишончимга сабаб – унинг юзларининг ранги яхшиланганлигидан эмас, пардоз столида оқ мой бўёқ банкачалари борлигидан эмас, бир кун эрталаб мен унинг уйига киргач, уни ўз тирноқларини махсус тирноқ чўтка билан силлиқлаб-тозалаб турган ҳолда кўрдим ва менинг ҳузуримда ҳам у виқор билан ўз машғулотини давом эттирди. Мен муҳокама қилдимки, ҳар кун эрталаб тирноқларимни тозалаш учун икки соат вақт сарф этган киши, терисидаги ғадир-будурларни оқ мой бўёқ билан тўлдириш учун бир қанча минутни аямаслиги мумкин. (Жан Жак Руссо) Грим ўз асаридан олдин кетган: бутун урфонли Европада тирноқни махсус кичкина чўтка билан тозалайдилар.
*Таржимаси: Унинг оқ мой бўёқ ишлатишини ҳамма билар эди; мен дастлаб бу нарсага ишонмадим, лекин кейинча ишона бошладим. Ишончимга сабаб – унинг юзларининг ранги яхшиланганлигидан эмас, пардоз столида оқ мой бўёқ банкачалари борлигидан эмас, бир кун эрталаб мен унинг уйига киргач, уни ўз тирноқларини махсус тирноқ чўтка билан силлиқлаб-тозалаб турган ҳолда кўрдим ва менинг ҳузуримда ҳам у виқор билан ўз машғулотини давом эттирди. Мен муҳокама қилдимки, ҳар кун эрталаб тирноқларимни тозалаш учун икки соат вақт сарф этган киши, терисидаги ғадир-будурларни оқ мой бўёқ билан тўлдириш учун бир қанча минутни аямаслиги мумкин. (Жан Жак Руссо) Грим ўз асаридан олдин кетган: бутун урфонли Европада тирноқни махсус кичкина чўтка билан тозалайдилар.
41Чаадаев П.Я. (1796 – 1856) – рус адиби, файласуф, Пушкиннинг яқин дўсти. Пушкин бунга бир қанча шеърларни бағишлаган эди. Чаадаев ёшликда офицер бўлиб, декабристларга мансуб эди. Декабристлар қўзғолонидан сўнг реакция даврида машҳур «Фалсафий мактуб»ни ёзади, бунда бутун рус маданиятига кескин ҳукм чиқаради. Рус давлат қурилишини танқид қилгани учун бу мактубни босган журнал подшоҳ буйруғи билан ёпилган, редактори сургун этилган ва Чаадаев жинни деб эълон қилинган. Чаадаев юксак дворян муҳитида бекам-кўст кийинатурган, зоҳирига жуда кўп диққат қилатурган киши сифатида машҳур эди.
42Венера – қадим румоликлар эътиқодича, ишқ ва гўзаллик худоси.
43Анжиман дониш – академия. 1806 – 1921 йилларда фанлар академияси томонидан рус тили луғати тузилиб, нашр этилган.
44Карета – усти берк махсус арава.
45Сувори зобит – отлиқ гвардия офицери.
46Шпор – ҳарбийлар этигининг гулчинига тақилатурган жаранглайтурган нарса.
47Диана – қадим юнон эътиқодича, ой, ўрмон ва овчилик худоси Флора – қадим румолиликларда баҳор ва гуллар илоҳаси.
48Эльвина – бу ерда шартли исм.
49Камин – махсус печка.
*Хурма – каттароқ хурмача (муҳ.)
50Чайльд Гарольд – машҳур инглиз шоири Байрон (1788 – 1824)нинг шу номли поэмаси қаҳрамони. Юқори асилзодалар муҳитида етишган, паришонҳол, бўш-бекорчи, ҳаётнинг ноз-неъматидан ортиқ тўйинган, безган, ҳар ерда қайғу чекатурган, ҳар ерда ҳар нимадан зерикатурган ёш аристократ йигит образи.
51Бостон – карта ўйини.
52Сей, Бентам – Сей – француз иқтисодчиси (1767 –1832). Бентам – инглиз файласуфи на сиёсий муҳаррирларидан (1748 – 1832), иккиси ҳам ўша даврда буржуазия идеяларини ифода қилганлар ва олға сурганлар.
6Бутун бир кинояли строфа (банд) бизнинг гўзал ватандош хоним-қизларимизга нозик мадҳдан бошқа нарса эмас. Масалан, итоб пардаси остида Буало Людовик XIV ни мақтайди. Бизнинг хонимларимиз урфонли лутфкорлик ила, ахлоқий тозаликни Сталь хонимни шу қадар мафтун этган шу Шарқ нафосати ила бирлаштирадилар.
7Гнедич идиллиясидаги Петербург кечасининг гўзал тавсифини ўқувчилар хотирлайдилар: «Мана, кеча, лекин булутларнинг олтин қатламлари сўнмайди,Узоқликлар порлайди, ой бор, на-да юлдуз,Узоқдан кўринади мовий самода сузган кабиКемаларнинг кумуш чодирлари ҳам.Кеча самоси тиниқ шуълалар билан порлар.Қуёш ботаркан, унинг шуълалари Шарқнинг олтинига қўшилар:Гўёки саҳар ўз кетидан олиб чиқади.Гулгун тонгни. Олтин бир йўл эди, кечанингҲокимлигини ёз кунлари қандай босади.Четдан келган кишиларни қандай асир қилади,Сеҳрли кўлкалар ила тотли нурлар порлаши.Ҳеч вақт кундуз самоси бундай безанган эмас;Бу тиниқлик ўхшайди шимол қизи ҳуснига,Бир қизки, кўзлари мовий, юзлари қизил,Жим товланади олтин кокиллар мавжи.У вақт Нева ҳашаматли Петрополь устидаКўрадилар кўлкасиз тунларни, тез учган кечаларни.У чоғ Филомел ярим кеча қўшиқларин битирар экан,Бош кўтарган кундузни олқишлаб куй бошлайди.Лекин вақт кечди; Нева бўйларида тоза салқинлик;Шабнам тушди…Мана, қоқ ярим кеча: оқшом минглаб эшкаклар-ла қайнаганНева тебранмайди; шаҳарли меҳмонлар тарқалди.Соҳилда на бир сас, на тўлқин, ҳамма ёқ жимжит:Ёлғиз кўприклардан гумбурлаган унСув устидан учиб ўтади.Ёлғиз чўзиқ ҳайқириқ узоқ қишлоқдан эшитилади,Унда посбонлар кечага ҳайқирар.Ҳар нарса ухлайди. . . . . . .(Шеърнинг мазмуни берилди. – Таржимон.)
8Лутфкор илоҳани чинакамКўради ҳаяжонли шоир,Гранит тошларга суяниб,Уйқусиз кечани ўтказадир.(Муравьев. Нева илоҳаси.)(Шеърнинг мазмуни берилди. – Таржимон.)
53Мильонная – Петербургда бир кўчанинг номи.
54Торквато Тассо – машҳур итальян шоири. 8 мисрадан иборат шеърлар – октавалар билан «Қутқазилган Қуддус» асарини ёзган. Бу асарни Пушкин жуда яхши кўрарди.
55Брента – Адриатик денгизига қуйилувчи Италиядаги бир наҳр.
56Петрарка – XIV аср итальян шоири. Бу шоир ишқий шеърлари билан шуҳрат топган. Унинг шеърлари шакл ва тил жиҳатидан камолга етган намуналардир.
9Одессада ёзилган.
57Пушкин сургунда юрганда азоб чекиб, бир вақт чет элларга қочмоқчи ҳам бўлган. Бу ерда шунга ишорат қилади.
10Евгений Онегиннинг биринчи нашрига қаранг*. Шоир она томонидан африкаликдир. Унинг катта бобоси (бобосининг отаси) Абрам Петрович Аннибал 8 ёшда эканида Африка соҳилларидан олиниб қочилган ва Истанбулга келтирилган. Истанбулдаги Русия элчиси уни олиб, Буюк Пётрга ҳадя қилиб юборган. Пётр Вильнода уни чўқинтириб, ўз тарбиясига олган. Унинг акаси аввало Истанбулга, сўнгра Петербургга келиб, укаси учун ҳақ тўлаб, айириб олиб кетмоқчи бўлган, лекин бу таклифни Пётр I қабул этмаган. Қаригунча Аннибал Африкани, отасининг ҳашаматли ҳаётини, 19 та акасини – улардан энг кичиги Аннибал эди – унутган эмас, уларнинг қўлларини орқасига боғлаган ҳолда отасининг олдига киришларини, ёлғиз угина сарбат бўлиб, отаси уйининг фонтанлари остида сузиб юрганлигини у эсдан чиқармаган эди; яна ўзининг севикли опаси Лаганни ҳам ёдлардики, у Аннибал тушган кема соҳилдан узоқлашаркан, кема орқасидаи узоқда сузиб қолган эди. 18 ёшга етганда, Аннибал подшоҳ томонидан Францияга юборилган эди; бу ерда у қўшинда ўз хизматини бошлаган, Франциядан у қилич теккан боши ва француз лейтенанти мансаби ила Русияга қайтган ва шундан бошлаб, у ҳеч қаёққа силжимай, император ҳузурида қолган. Аннанинг салтанати даврида Бируннинг шахсий душмани бўлган Аннибални қулай бир баҳона топиб, Сибирга юборганлар. Танҳоликдан ва иқлимнинг қаттиқлигидан зериккан Аннибал ўз ихтиёрича Петербургга қайтиб, Миних деган дўстининг олдига келган. Миних ҳайратга тушиб, тездан яширинишга маслаҳат берган Аннибал ўз ери – қишлоғига жўнаб, Анна подшоҳлиги даврида фақат шу ерда яшаган, у хизматда ва Сибирда ҳисобланган. Елизавета тахтга чиққач, Аннибалга инъомларини, марҳаматларини ёғдирган. A.П.Aннибал генерал-аншеф мансаби билан муҳим хизматлардан бўшатилиб, Екатерина подшоҳлиги даврида 92 ёшида ўлган. Тарихий васиқаларнинг етишмаганлиги орқасида энг яхши одамларнинг хотираси сақланмаган. Русияда Аннибалнинг ажойиб ҳаёти ёлғиз оилавий эртак-масаллардангина маълумдир. Унинг ўғли генерал-лейтенант И.А.Аннибал Екатерина замонининг энг кўркам сиймоларига мансубдир (1780 йилда ўлган)..
*Шоир она томонидан африкаликдир. Унинг катта бобоси (бобосининг отаси) Абрам Петрович Аннибал 8 ёшда эканида Африка соҳилларидан олиниб қочилган ва Истанбулга келтирилган. Истанбулдаги Русия элчиси уни олиб, Буюк Пётрга ҳадя қилиб юборган. Пётр Вильнода уни чўқинтириб, ўз тарбиясига олган. Унинг акаси аввало Истанбулга, сўнгра Петербургга келиб, укаси учун ҳақ тўлаб, айириб олиб кетмоқчи бўлган, лекин бу таклифни Пётр I қабул этмаган. Қаригунча Аннибал Африкани, отасининг ҳашаматли ҳаётини, 19 та акасини – улардан энг кичиги Аннибал эди – унутган эмас, уларнинг қўлларини орқасига боғлаган ҳолда отасининг олдига киришларини, ёлғиз угина сарбат бўлиб, отаси уйининг фонтанлари остида сузиб юрганлигини у эсдан чиқармаган эди; яна ўзининг севикли опаси Лаганни ҳам ёдлардики, у Аннибал тушган кема соҳилдан узоқлашаркан, кема орқасидаи узоқда сузиб қолган эди. 18 ёшга етганда, Аннибал подшоҳ томонидан Францияга юборилган эди; бу ерда у қўшинда ўз хизматини бошлаган, Франциядан у қилич теккан боши ва француз лейтенанти мансаби ила Русияга қайтган ва шундан бошлаб, у ҳеч қаёққа силжимай, император ҳузурида қолган. Аннанинг салтанати даврида Бируннинг шахсий душмани бўлган Аннибални қулай бир баҳона топиб, Сибирга юборганлар. Танҳоликдан ва иқлимнинг қаттиқлигидан зериккан Аннибал ўз ихтиёрича Петербургга қайтиб, Миних деган дўстининг олдига келган. Миних ҳайратга тушиб, тездан яширинишга маслаҳат берган Аннибал ўз ери – қишлоғига жўнаб, Анна подшоҳлиги даврида фақат шу ерда яшаган, у хизматда ва Сибирда ҳисобланган. Елизавета тахтга чиққач, Аннибалга инъомларини, марҳаматларини ёғдирган. A.П.Aннибал генерал-аншеф мансаби билан муҳим хизматлардан бўшатилиб, Екатерина подшоҳлиги даврида 92 ёшида ўлган. Тарихий васиқаларнинг етишмаганлиги орқасида энг яхши одамларнинг хотираси сақланмаган. Русияда Аннибалнинг ажойиб ҳаёти ёлғиз оилавий эртак-масаллардангина маълумдир. Унинг ўғли генерал-лейтенант И.А.Аннибал Екатерина замонининг энг кўркам сиймоларига мансубдир (1780 йилда ўлган).
58Байрон, Жорж Ноэл Гордон (1788 – 1824) – машҳур инглиз шоири, камбағаллашган аристократ оилада туғилган. Байрон асарларининг қаҳрамонлари учун характерли нарса – атрофни ўраган жамиятга нафрат қилиш, ундан норози бўлиш, жамият қонунлари, одатларидан жирканиш, турмушдан безиш, муҳитдан юқори турадирган «кучли шахсият»га топинишдир. Байрон умрининг охирида Грециянинг миллий озодлик олиш учун курашида иштирок этган чоқда унинг ижодида ҳаёт шодлиги кўрина бошлайди. Байрон бутун Европага таъсир кўрсатган катта адабий ҳаракатнинг бошловчисидир.
59Муза – поэзия, шоирнинг илҳоми («муза» юнонча сўз; санъатнинг илоҳий ҳимоячилари муза деб аталар эди).
60Салгир – Қримдаги бир наҳр.
61Цензура – матбуот устидан ҳукумат контроли. Пушкин даврида цензура жуда қаттиқ эди, ҳукуматнинг ўзбошимчалигига, зулмига қарши қаратилган ҳар қандай фикрни, ҳатто энг ожиз имони ҳам бўғар эди. Цензура дастидан Пушкин ҳам анча қийналган эди.
Бесплатный фрагмент закончился. Хотите читать дальше?
Купите 3 книги одновременно и выберите четвёртую в подарок!

Чтобы воспользоваться акцией, добавьте нужные книги в корзину. Сделать это можно на странице каждой книги, либо в общем списке:

  1. Нажмите на многоточие
    рядом с книгой
  2. Выберите пункт
    «Добавить в корзину»